Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

39-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Мулойимлик кучли томонингизга айлансин

Мулойимлик кучли томонингизга айлансин

Раббимизнинг қули эса жанжалкаш бўлмасин. Аксинча, ҳамма билан мулойим... бўлсин. (2 ТИМ. 2:24)

120-ҚЎШИҚ Исонинг мулойимлигига тақлид қилинг

БУ МАҚОЛАДА a

1. Ишхонада ёки мактабда бизга қандай савол берилиши мумкин?

 ҲАМКАСБИНГИЗ ёки синфдошингиз эътиқодингиз тўғрисида савол берганида, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Ҳаяжонланасизми? Кўпларимиз ҳаяжонланамиз. Лекин бу каби савол унинг фикрини ёки эътиқодини тушунишга ва унга хушхабарни айтишга имкон берар. Гоҳида эса кимдир биз билан баҳслашиш ниятида савол бериши мумкин. Бу бизни ҳайрон қолдирмаслиги муҳим. Негаки, айримлар эътиқодимиз ҳақида нотўғри маълумотга эга. (Ҳавор. 28:22) Бундан ташқари, биз «охирзамонда» яшаяпмиз, кўпчилик «муросасиз» ва ҳатто «шафқатсиз». (2 Тим. 3:1, 3)

2. Нега мулойимлик фазилатини намоён этишни истаймиз?

2 Эҳтимол, шундай ўйларсиз: «Кимдир эътиқодим ҳақида мен билан баҳслашмоқчи бўлса, қанақасига юмшоқ бўлиб, хушмуомала жавоб бера оламан?» Бунда сизга нима ёрдам беради? Бир сўз билан айтганда, бу мулойимлик. Мулойим киши унга иғволи саволлар беришганида ёки у саволга қандай жавоб беришни билмаганида, ўзини назорат қилиб, хотиржам бўлиб қолади. (Ҳик. 16:32) Албатта, мулойим бўлиш доим ҳам осон эмас. Бу фазилатни қандай ривожлантира оласиз? Кимдир эътиқодингиз борасида сиз билан баҳслашса, қай йўсин мулойим жавоб бера оласиз? Агар ота-она бўлсангиз, қандай қилиб фарзандингизга эътиқодини мулойимлик ила ҳимоя қилишга кўмаклаша оласиз? Келинг, буларни кўриб чиқайлик.

ҚАЙ ЙЎСИН МУЛОЙИМЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МУМКИН?

3. Нега мулойим инсонни заиф эмас, кучли деса бўлади? (2 Тимўтийга 2:24, 25)

3 Мулойим инсонни заиф эмас, кучли деса бўлади. Сабаби, қийин вазиятларда ички хотиржамликни сақлаш учун куч керак. Шунингдек, мулойимлик «муқаддас руҳ самараси»нинг бир қирраси. (Галат. 5:22, 23) Юнончадан таржима қилинган «мулойимлик» сўзи баъзида қўлга ўргатилган ёввойи отни тасвирлаш учун ишлатилган. Ёввойи от ювош бўлиб қолганини тасаввур қилинг. У ювош шу билан бирга кучли. Қай йўсин инсонлар ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам мулойим, ҳам кучли бўла олишади? Буни ўз кучимиз билан қила олмаймиз. Бунинг учун ушбу гўзал фазилатни ривожлантиришга ёрдам беришини сўраб, Яҳовага ибодат қилишимиз керак. Кўплар бу фазилатни ривожлантира олди. Мисол учун, анчагина имондошимиз улар билан баҳслашмоқчи бўлган инсонларга мулойимлик кўрсатган. Бу туфайли бошқалар Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида яхши фикрда қолган. (2 Тимўтийга 2:24, 25 ни ўқинг.) Қай йўсин мулойимликни кучли томонларингизнинг бирига айлантира оласиз?

4. Исҳоқдан мулойимлик борасида нимани ўрганишимиз мумкин?

4 Муқаддас Китобда мулойимлик бебаҳо фазилат эканини таъкидлайдиган кўп баёнотлар ёзилган. Келинг, Исҳоқнинг мисолига эътибор қаратайлик. У филистимликларнинг Гарор ҳудудида яшаган. Унинг ҳасадгўй қўшнилари отасининг хизматкорлари қазиган қудуқларни кўмиб ташлашган. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, жанжал қилишнинг ўрнига Исҳоқ узоқроққа кўчиб, бошқа қудуқларни қазиган. (Ибт. 26:12–18) Лекин филистимликлар у ердаги сув ҳам бизники, деб туриб олишган. Бунга қарамай Исҳоқ тинчлик сақлаб йўл тутган. (Ибт. 26:19–25) Хўш, бошқалар ҳатто иғво қилганида ҳам унга мулойим бўлиб қолишга нима ёрдам берган? Албатта, бу ота-онасининг ўрнаги. Исҳоқ отаси Иброҳим масалаларни тинчликда ҳал қилганини ҳамда онаси Сора «сокин ва мулойим» руҳни намоён этганини кузатган. (1 Бутр. 3:4–6; Ибт. 21:22–34)

5. Масиҳий ота-она боласини мулойим бўлишга ўргатиши мумкинлигини қайси мисолдан кўряпмиз?

5 Масиҳий ота-оналар, сиз ҳам фарзандларингизга мулойимлик фазилатини пайванд қила оласиз. 17 ёшли Максенснинг мисолини кўриб чиқайлик. У мактабда ва хизматда жаҳлдор кишиларга дуч келган. Максенснинг ота-онаси эса сабр-тоқат ила унга мулойимлик фазилатини ривожлантиришга кўмаклашган. Улар шундай бўлишди: «Максенс иғволи вазиятда жаҳл ёки қўполлик билан жавоб қайтармаслик учун унга кўпроқ куч керак бўлишини тушунди». Қувончлиси шундаки, мулойимлик Максенснинг кучли томонига айланди.

6. Ибодат мулойимлик фазилатини яхшилашимизга қай йўсин ёрдам бериши мумкин?

6 Масалан, кимдир Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларнинг устидан кулса ёки Худойимизнинг исмини қораласа қандай йўл тута оламиз? Бундай пайтда Яҳовадан муқаддас руҳини ҳамда мулойимлик ила йўл тута олишимиз учун донолигини сўрашимиз керак. Мабодо, кейинчалик етарлича мулойим бўла олмаганимизни тушунсак нима қилишимиз муҳим? Бу ҳақда Яҳовага яна ибодат қилиб, кейинги сафар яхшироқ йўл тута олишимиз учун нималар қилишимиз мумкинлигини ўйласак бўлади. Агар бундай йўл тутсак, Яҳова бизга муқаддас руҳ беради ва биз жаҳлимизни тийиб, мулойимлик кўрсата оламиз.

7. Қандай қилиб муайян оятларни ёдлаш нутқимизни назорат қилишга ва тўғри муносабат билдиришга ёрдам беради? (Ҳикматлар 15:1, 18)

7 Муқаддас Китобдаги баъзи оятлар қийин вазиятларга дуч келганимизда нутқимизни назорат қилишга кўмаклашиши мумкин. Худо руҳи орқали уларни ёдимизда сақлашга кўмаклаша олади. (Юҳан. 14:26) Масалан, Ҳикматлар китобидаги принциплар мулойим бўлишимизга ёрдам бериши мумкин. (Ҳикматлар 15:1, 18 ни ўқинг.) Шунингдек, бу китобдан таранг вазиятларда хотиржам бўлиб қолиш фойдали эканини билиб оляпмиз. (Ҳик. 10:19; 17:27; 21:23; 25:15)

ФАҲМ-ФАРОСАТ МУЛОЙИМ БЎЛИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ

8. Нега бирон киши эътиқодимиз борасида савол бераётганининг сабабини тушунишимиз лозим?

8 Фаҳм-фаросат бизга ёрдам бериши мумкин. (Ҳик. 19:11) Фаҳм-фаросатли киши эътиқоди борасида баҳслашмоқчи бўлишганида ўзини тута билади. Баъзи саволлар ёки кўтарилган масалалар катта қисми сув тагида қолган айсбергларга ўхшайди. Масалан, яширин ният ё қандайдир хавотир кишини саволлар беришга ундаши мумкин. Жавоб беришдан олдин инсонни савол беришга нима ундаганини билмаслигимиз мумкинлигини тушунсак яхши бўларди. (Ҳик. 16:23)

9. Гидўн эфрайимликлар билан гаплашганда фаҳм-фаросатли ва мулойим эканини қандай кўрсатган?

9 Гидўн Эфрайим эркакларига қандай муносабат кўрсатганига эътибор қаратайлик. У исроилликларнинг душманлари билан бўлган жангга эфрайимликларни чақирмагани учун уларнинг жаҳли чиққан. Аслида уларнинг жаҳли нимага чиққан? Эҳтимол, бу уларнинг ғурурига теккан. Нима бўлганда ҳам Гидўн донолик ила уларнинг туйғуларига ҳурмат кўрсатган ва мулойимлик ила жавоб берган. Бунинг натижаси қандай бўлган? Муқаддас Китобда ёзилганидек, Гидўн бу сўзларни айтгач, «улар тинчланиб қолиш»ган. (Ҳак. 8:1–3)

10. Эътиқодимиз борасида савол берган кишига қандай жавоб беришни билишимизга нима кўмаклашади? (1 Бутрус 3:15)

10 Эҳтимол, ҳамкасбимиз ёки синфдошимиз муайян ахлоқий меъёрлар бўйича савол берар. Албатта, эътиқодимизни ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келган энг яхшисини қиламиз ва шу билан бирга суҳбатдошимизнинг нуқтаи назарини ҳурмат қиламиз. (1 Бутрус 3:15 ни ўқинг.) У уришмоқчи ёки баҳслашмоқчи деб хулоса чиқаришнинг ўрнига, саволи уни аслида нима қизиқтираётганини билиб олишга қандай ёрдам бериши ҳақида ўйланг. Кимдир бирон масалани кўтарганининг сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, юмшоқ бўлиб, меҳрибонликни намоён этсак тўғри йўл тутган бўламиз. Шунда жавобимиз уни нуқтаи назарини кўриб чиқишга ундаши мумкин. У қўпол ёки мазах қилиб гапираётгандай туюлса ҳам мақсадимиз меҳрибонлик намоён этиш бўлиши лозим. (Рим. 12:17)

Кимдир туғилган кунга боришингизни сўраганда, аввал бунинг сабаблари ҳақида ўйласангиз, яхшироқ жавоб бера оласиз (11-, 12-хатбошиларига қаранг.)

11, 12. а) Мураккаб саволга жавоб беришдан олдин нима тўғрисида ўйлаб кўрсак бўлади? (Расмга ҳам қаранг.) б) Савол бериш суҳбат қуришга замин яратиши мумкинлиги борасида мисол келтиринг.

11 Айтайлик, ҳамкасбимиз туғилган кунларни нега нишонламаслигимизни сўради. Қуйидагилар борасида ўйлаб кўрайлик: «У биз ҳам ўйин-кулги қиламизми ёки йўқми шуни билмоқчими? Ёки у туғилган кун нишонламаслигимиз ҳамкасблар орасидаги дўстона муҳитга салбий таъсир қилишидан хавотирдами?» Уни ҳамкасблар ҳақида ўйлагани учун мақтаб, биз ҳам бу дўстона муҳитга ҳисса қўшмоқчи эканимизга уни ишонтирсак, эҳтимол, хавотирларини камайтирармиз. Шунда Муқаддас Китобда туғилган кун ҳақида нима деб айтилгани борасида бемалол суҳбатлашишга имкон пайдо бўлиши мумкин.

12 Бошқа мавзуда мураккаб саволлар беришганда ҳам худди шундай йўл тутишимиз мумкин. Дейлик, мактабдошингиз Яҳованинг Шоҳидлари гомосексуалистларга бўлган нуқтаи назарини ўзгартириши керак, деб ҳисоблар. Бунга у Шоҳидларнинг гомосексуалистларга бўлган нуқтаи назарини охиригача тушунмагани сабаб бўлдими? Ёки унинг қайсидир дўсти ё қариндоши гомосексуалистми? У бизни бундай ҳаёт тарзини кечирадиган инсонлардан нафратланишади, деб ўйлайдими? Бундай пайтда уни ҳамма инсонларни яхши кўришимизга ва ҳар бир инсоннинг танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилишимизга ишонтирсак бўлади. (1 Бутр. 2:17) b Кейин эса Муқаддас Китобдан ахлоқ борасидаги фойдали меъёрларни бўлиша олармиз.

13. Худога ишонганингиз учун сизни масхара қилаётган кишига қандай ёрдам бера оласиз?

13 Агар кимдир фикримизга қўшилмай ўзиникида туриб олса, у нималарга ишониши борасида дарров хулоса чиқармаслигимиз лозим. (Титус. 3:2) Масалан, мактабдошингиз Худога ишониш кулгили, деб айтар. Бу вазиятда у эволюцияга ишонади ва бу мавзу бўйича кўп билимга эга, деб ўйламаслигингиз керак. Аслида, у шунчаки бошқалардан эшитган маълумотни такрорлаётгандир. Илм-фан борасида баҳслашишнинг ўрнига у кейинчалик фикр юритишига замин яратиш учун бошқа усулдан фойдаланарсиз. Эҳтимол, унга jw.org сайтидан бирон ижод ҳақидаги маълумотни кўрсатарсиз. Кейинчалик у сайтда топиб олган бирон мақолани ёки видеони муҳокама қилиш истагини билдирар. Дарҳақиқат, ҳурмат намоён этиш уни нуқтаи назарини қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин.

14. Қандай қилиб Нейл сайтимиздан фойдаланиб синфдошига биз ҳақимиздаги нотўғри маълумотни бартараф этишга ёрдам бера олди?

14 Нейл исмли ўсмир Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисидаги нотўғри маълумотларни бартараф қилиш мақсадида веб-сайтимиздан фойдаланган. У шундай деди: «Бир синфдошим илм-фанга ишонмаслигимнинг сабаби фактларга эмас, ўйлаб топилган китобга ишонганимда эканини тез-тез айтарди». Унинг синфдоши Нейл эътиқодини тушунтиришига имкон бермаганида у jw.org сайтидаги «Илм-фан ва Муқаддас Китоб» туркумини кўрсатди. Кейинчалик Нейл синфдоши у ердаги маълумотни ўқиганини ва ҳаёт қандай пайдо бўлгани борасида гаплашишга мойилроқ бўлиб қолганини пайқади. Эҳтимол, сиз ҳам бундай натижага эришгандирсиз.

ОИЛАНГИЗ БИЛАН ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИНГ

15. Ота-она боласининг мактабдошлари у билан эътиқоди туфайли баҳслашмоқчи бўлганда, унга мулойим жавоб беришга қандай кўмаклашиши мумкин?

15 Ота-оналар фарзандларига кимдир уларнинг эътиқоди борасида баҳслашмоқчи бўлганида мулойимлик ила гапиришни ўргатиши мумкин. (Ёқб. 3:13) Баъзи ота-оналар оилавий топинишда амалий машқлар уюштиради. Улар фарзандлари мактабда дуч келиши мумкин бўлган мавзуни танлашади, муҳокама қилишади ва қандай жавоб бериш мумкинлигини саҳналаштиришади ҳамда уларга мулойим ва ёқимли тарзда гапиришни ўргатишади. (« Оилангизга ёрдам бериши мумкин бўлган амалий машқлар» номли рамкага қаранг.)

16, 17. Амалий машқлар ёшларга қандай ёрдам бериши мумкин?

16 Бундай суҳбатлар ёрдамида масиҳийлар ишончли далилларни келтиришлари ва у ёки бу нарсага нега эътиқод қилаётганига ўзларини ҳам ишонтиришлари мумкин. jw.org сайтидаги «Ёшларнинг саволлари» туркумида кўп тилларда ўсмирлар учун схемалар бор. Улар ёшларнинг имонини мустаҳкамлайдиган тарзда тузилган ва уларга ўз сўзлари билан жавоб беришга кўмаклашиш учун тайёрланган. Уларни оила билан бирга тадқиқ қилиш орқали барчамиз имонимизни мулойим ва ёқимли тарзда ҳимоя қилишга ўрганамиз.

17 Мэтью исмли укамиз бундай амалий машқлар унга қандай ёрдам берганини айтиб берди. Мэтью ва унинг ота-онаси синфда муҳокама қилиниши мумкин бўлган мавзулар бўйича тез-тез изланиш олиб боришади. У шундай деди: «Биз синфда қандай саволлар пайдо бўлиши мумкинлигини тахмин қиламиз ва излаб топган маълумотимизга асосланиб, уларга қандай жавоб беришни машқ қилиб кўрамиз. Эътиқод қилаётган нарсамнинг сабабини тушунсам, ўзимни дадилроқ ҳис қиламан ва бошқалар билан муомала қилганда мулойим бўлиш осонроқ эканини ҳис қиламан».

18. Колосаликларга 4:6 га кўра, нима муҳим аҳамиятга эга?

18 Албатта, тушунарли қилиб гапирсак ҳам бу баъзилар биз айтаётган нарсаларни қабул қилиши учун етарли бўлмаслиги мумкин. Бироқ хушмуомала ва мулойим бўлиб гапириш бунда ёрдам бера олади. (Колосаликларга 4:6 ни ўқинг.) Эътиқодимиз билан бўлишиш худди коптокни улоқтиришга ўхшайди. Коптокни аста ёки зарб билан отишимиз мумкин. Аста отганимизда бошқа ўйинчилар уни бемалол ушлаб олиб, ўйинни давом эттира олишади. Худди шу каби агар фикрларимизни хушмуомалалик ва мулойимлик билан етказсак, инсонлар бизни тинглашга ва суҳбатни давом эттиришга мойилроқ бўлишади. Баҳсда ғолиб чиқишни ёки эътиқодимизни масхара қилишни хоҳлаган инсон билан суҳбатни давом эттиришга мажбур эмасмиз. (Ҳик. 26:4) Бироқ бундай инсонлар кўп эмас, аксарияти бизни тинглашга тайёр.

19. Эътиқодимизни ҳимоя қилганимизда мулойимлик бизни нима қилишга ундаши керак?

19 Шуниси аниқки, мулойимлик фазилатини ривожлантиришни мақсадга айлантириш фойдали. Баҳсли саволлар ёки ноҳақ танқидга дуч келганингизда мулойим бўлиб қолиш учун Яҳовадан куч сўранг. Унутмангки, мулойим хулқингиз турли хил фикрлар, баҳс-мунозараларга айланиб кетишининг олдини олиши мумкин. Қолаверса, мулойимлик ва ҳурмат ила жавоб берганингиз баъзи тингловчиларни биз ҳақимиздаги ва Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар борасидаги нуқтаи назарини ўзгартиришга ундаши мумкин. Эътиқодингиз ҳақида «сўраган ҳар бир кишига жавоб беришга доимо тайёр бўлинглар. Фақат буни мулойимлик ва камоли эҳтиром билан қилинглар». (1 Бутр. 3:15) Илойим, мулойимлик кучли томонингизга айлансин!

88-ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

a Бу мақолада бошқалар иғво қилганида ёки баҳслашмоқчи бўлганида эътиқодимизни қай йўсин ҳимоя қилишимиз мумкинлиги борасида тавсиялар келтирилган.

b Амалий тавсияларни билиш учун «Уйғонинг!» журналининг 2016 йил № 4 (рус) сонидаги «Муқаддас Китобда гомосексуализм ҳақида нима дейилган?» номли мақолага қаранг.

c Фойдали маслаҳатларни jw.org сайтидаги «Ёшларнинг саволлари» ва «Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида кўпчиликни қизиқтирадиган саволлар» номли мақолалар туркумларида топа оласиз.