Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

37-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Шимшўн каби Яҳовага таянинг

Шимшўн каби Яҳовага таянинг

Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, ўтинаман, мени ёдга ол,... менга куч ато эт. (ҲАК. 16:28)

30-ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим

БУ МАҚОЛАДА a

1, 2. Нега Шимшўн ҳақидаги баёнот бизни қизиқтириши лозим?

 ШИМШЎН ҳақида эшитганингизда, хаёлингизга нима келади? Эҳтимол, хаёлингизда ниҳоятда кучли инсон гавдаланар. Ҳа, Шимшўн жуда кучли бўлган. Лекин чиқарган нотўғри қарори учун у анчагина азоб чеккан. Шундай бўлса-да, Яҳова унинг садоқатли ишларига диққат қаратган ва бизнинг фойдамиз учун уларни Каломида тилга олган.

2 Яҳова танлаган халқига ёрдам бериш учун ажойиб ишларни амалга оширишда Шимшўндан фойдаланган. Унинг ўлимидан юзлаб йиллар ўтиб, Яҳова ҳаворий Павлусни илҳомлантириб, исмини имонли кишиларники билан бирга ёзишга ундаган. (Иброн. 11:32–34) Шимшўннинг мисоли бизга далда бериши мумкин. У ҳатто қийин вазиятларда ҳам Яҳовага таянган. Келинг, унинг ўрнагидан қандай сабоқлар ва далда олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

ШИМШЎН ЯҲОВАГА ТАЯНГАН

3. Шимшўнга қандай вазифа топширилган эди?

3 Шимшўн туғилганида филистимликлар Исроил халқини бошқаришган ва уларга жабр-зулм ўтказишган. (Ҳак. 13:1) Уларнинг шафқатсиз бошқаруви дастидан исроилликлар кўп азоб чеккан. Яҳова Шимшўнни танлаб, унга «Исроил халқини филистимликлар» қўлидан қутқаришни топширган. (Ҳак. 13:5) Лекин бу осон вазифа бўлмаган ва уни бажариш учун Шимшўн Яҳовага таяниши керак эди.

Шимшўн Яҳовага таянган ва мослашувчан бўлган. У қўлида бор нарсадан фойдаланиб Яҳованинг иродасини бажарган (4-, 5-хатбошиларига қаранг.)

4. Яҳова Шимшўнга филистимликлардан қутулишга қандай кўмаклашган? (Ҳакамлар 15:14–16)

4 Келинг, Шимшўн Яҳовага қанчалик таянганини ва Яҳова уни қандай қўллаб-қувватлаганини кўриб чиқайлик. Бир сафар филистимлик аскарлар Шимшўнни қўлга олиш мақсадида, ҳойнаҳой, Яҳудодаги Лехига келишди. У ердаги кишилар қўрқувдан Шимшўнни душман қўлига беришга қарор қилишди. Шимшўннинг одамлари уни иккита янги арқон билан яхшилаб боғлаб, филистимликларнинг олдига олиб келишди. (Ҳак. 15:9–13) Шунда унинг устига «Яҳованинг руҳи тушди» ва у арқонларни ечиб ташлади. Сўнг у «яқинда ўлган ҳанги эшакнинг жағ суягини» топиб, у билан 1000та филистимликни ўлдирди. (Ҳакамлар 15:14–16 ни ўқинг.)

5. Қай йўсин Шимшўн эшакнинг жағ суягидан фойдаланиб Яҳовага таянганини кўрсатган?

5 Нега Шимшўн эшакнинг жағ суягидан фойдаланди? Ахир, бу ноодатий қурол-аслаҳа-ку! Шимшўн муваффақияти у фойдаланган қурол-аслаҳага эмас, балки Яҳовага боғлиқ эканини билгани шубҳасиз. Ҳа, бу садоқатли киши Яҳованинг иродасини бажаришда қўлида бор бўлган нарсадан фойдаланди. Шимшўн Яҳовага таянгани учун кўп баракаларга эга бўлди.

6. Вазифаларимизни бажарганда Шимшўндан қандай ўрнак олишимиз мумкин?

6 Бажариш қийиндай туюлган ишни қила олишимиз учун Яҳова бизга ҳам куч бериши мумкин. Худо буни сизни ҳайратда қолдирадиган тарзда қила олади. Шимшўнни кучли қилган Яҳовага таянсангиз, У сизга иродасини бажаришга кўмаклашади. (Ҳик. 16:3)

7. Қайси мисол Яҳовадан йўл-йўриқ излаш муҳимлигини кўрсатяпти?

7 Ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида қатнашаётган кўп биродару опа-сингилларимиз Яҳовага таяниб келяпти. Ўтмишда биродарлар аксар ҳолларда янги Йиғилиш залларини ва бошқа биноларни харид қилиб, қуришарди. Вақт ўтгач, Яҳова ташкилотининг эҳтиёжлари ўсиб ўзгаришлар қилишга тўғри келди. Масъулиятли биродарлар Яҳованинг йўл-йўриғини излаб ибодат қилишди ва биноларни сотиб олиш ҳамда уларни таъмирлаш каби усуллардан фойдаланишди. Охирги йиллар мобайнида бутун дунё бўйлаб анчагина қурилиш лойиҳаларида қатнашаётган Роберт биродаримиз шундай деди: «Аввалига бу янги усул бўйича ишлаш осон бўлмади. Чунки бу йиллар мобайнида амал қилиб келаётган усулдан кескин фарқ қиларди. Аммо биродарлар мослашишга тайёр бўлган ва Яҳова бу ўзгаришларга барака бергани яққол кўринган». Бу Яҳова иродасини амалга оширишда қай йўсин халқини етаклаётганининг биргина мисоли. Шундай экан, вақти-вақти билан барчамиз ўзимизга шундай савол берсак яхши бўларди: «Яҳованинг йўл-йўриғини излаб, вазифамни бажаришда унга мослашишга интиляпманми?»

ШИМШЎН ЯҲОВА ТАҚДИМ ЭТГАН НАРСАЛАРДАН ФОЙДА ОЛГАН

8. Бир сафар Шимшўн жуда чанқаганида нима қилди?

8 Эҳтимол, Шимшўннинг қилган бошқа ҳайратли ишлари ҳақида ўқигандирсиз. У шерни бир ўзи тилка-пора қилди. Вақт ўтиб, филистимликларнинг шаҳри Ашқалонда 30 кишини ўлдирди. (Ҳак. 14:5, 6, 19) Шимшўн Яҳованинг ёрдамисиз буларни ҳеч қачон қила олмаслигини биларди. У 1000та филистимликни ўлдирганидан кейин жуда чанқаганида бу яққол намоён бўлди. Қизиқ, у нима қилди? У чанқоғини қондириш учун ўзига таяниб сув излашнинг ўрнига, Яҳовага мурожаат қилди. (Ҳак. 15:18)

9. Яҳова Шимшўннинг ёрдам сўраб қилган илтижосига қандай жавоб берган? (Ҳакамлар 15:19)

9 Яҳова Шимшўннинг илтижосига жавоб бериб, мўъжизавий тарзда бўшлиқни ёрди ва у ердан сув оқиб чиқди. Шимшўн ундан ичгач, «кучга тўлиб, жонланди». (Ҳакамлар 15:19 ни ўқинг.) Ҳойнаҳой, кейинчалик Шомуил пайғамбар Ҳакамлар китобини ёзишга илҳомлантирилганида ҳам ўша булоқ бор эди. Оқиб чиқаётган сувни кўрган исроилликлар Яҳованинг садоқатли хизматчилари муҳтож бўлганида Унга таяниб, ёрдам олиши мумкинлигини эслагандир.

Шимшўн Яҳова тақдим этган сувни ичиб кучга тўлган. Яҳова биз маънан мустаҳкам бўлишимиз учун тақдим этган нарсалардан фойдалансак яхши бўлади (10-хатбошига қаранг.)

10. Яҳованинг ёрдамини излаш нимани ўз ичига олади? (Расмга ҳам қаранг.)

10 Қандай қобилият ва истеъдодга эга бўлмайлик ёки хизматда қандай ютуқларга эришган бўлмайлик, биз ҳам Яҳовадан ёрдам излашимиз керак. Фақатгина Яҳовага таяниб, ҳақиқий муваффақиятга эриша олишимизни камтарлик ила тан олишимиз муҳим. Шимшўн Яҳова тақдим этган сувни ичиб кучга тўлгани каби биз ҳам У тақдим этаётган барча нарсадан фойдаланиб маънан мустаҳкамланамиз. (Мат. 11:28)

11. Қандай қилиб Яҳованинг ёрдамидан тўлиқ фойда олишимиз мумкин? Мисол келтиринг.

11 Россияда кучли таъқибларга дуч келаётган биродарларимиздан бири Алексейнинг мисолига диққат қаратайлик. Бундай қийин пайтда кучли бўлишга унга нима ёрдам беряпти? У ва хотини маънавий ишлар билан банд бўлишда давом этишяпти. Алексей қуйидагича деди: «Мен доим шахсий тадқиқ қилишга ва ҳар куни Муқаддас Китобни ўқишга ҳаракат қиляпман. Эрталаб хотиним билан бирга кунлик оятни муҳокама қиламиз ва Яҳовага ибодат қиламиз». Унинг мисолидан қандай ўрнак оляпмиз? Ўзимизга таянишнинг ўрнига Яҳовага таянишимиз муҳим. Қандай қилиб? Буни имонимизни мустаҳкамлайдиган ишлар билан мунтазам банд бўлиш, масалан, ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиш, ибодат қилиш, йиғилишларда ҳамда ваъзгўйликда иштирок этиш орқали қила оламиз. Яҳова эса Унинг хизматида қилган ҳаракатларимиз учун бизга мўл-кўл барака ёғдиради. У Шимшўнни мустаҳкамлаган экан, бизни ҳам албатта мустаҳкамлай олади.

ШИМШЎН ТАСЛИМ БЎЛМАГАН

12. Шимшўн қандай ёмон қарор чиқарган ва бу унинг олдинги вазиятидан нимаси билан фарқ қилган?

12 Шимшўн биз каби номукаммал инсон эди. Шу сабабли у баъзида нотўғри қарорлар чиқарганди. Бир сафар у фожиали оқибатлар келтирган қарор чиқарди. Шимшўн муайян вақт давомида ҳакам бўлиб хизмат қилганидан кейин «Сўрах водийсида яшайдиган Далила исмли аёлни севиб қолди». (Ҳак. 16:4) Бундан олдин Шимшўн филистимлик қизга уйланмоқчи эди ва бу «филистимликларга қарши жанг қилишга фурсат излаётган» «Яҳованинг бошчилигида» бўлганди. Кейин Шимшўн филистимликларнинг Ғазо шаҳридаги фоҳиша аёлнинг уйида қолди. Ўшанда Худо унга куч берди ва у шаҳар дарвозасини суғуриб олиб, шаҳарни ҳимоясиз қолдирди. (Ҳак. 14:1–4; 16:1–3) Лекин Далилага келадиган бўлсак, ҳойнаҳой, у исроиллик бўлгани учун вазият умуман бошқача бўлган ва Шимшўн ўзбошимча йўл тутган.

13. Далила Шимшўндан нимани истаган?

13 Далила Шимшўнга сотқинлик қилиш эвазига филистимликлардан катта миқдорда пул олди. У Далилани қаттиқ севиб қолганидан унга ишониб, асл ниятини пайқамагандир. Нима бўлишидан қатъи назар Далила Шимшўнга тинмай босим ўтказиб, кучининг сири нимада эканини билмоқчи эди ва охири у таслим бўлиб, барини айтиб берди. Афсуски, Шимшўн хатоси дастидан муайян вақт кучидан ва Яҳованинг марҳаматидан маҳрум бўлди. (Ҳак. 16:16–20)

14. Шимшўн Далилага ишонгани қандай оқибатларга олиб келган?

14 Шимшўн Яҳовага эмас, Далилага ишонгани аянчли асоратларга олиб келди. Филистимликлар уни ушлаб, кўзларини ўйиб олишган. Уни у қачонлардир аҳолисини шарманда қилган Ғазо шаҳридаги қамоқхонага ташлашган ва у қул сифатида тегирмон тошини айлантирган. Кейин филистимликлар уюштирган байрамда уни шарманда қилишган. Улар сохта худоси Дўғонга анчагина қурбонликлар келтиришган. Чунки улар унинг ёрдамида Шимшўнни ушлаб олганига ишонишган. Филистимликлар Шимшўннинг устидан кулиб, «томоша кўрсатсин дея» уни базмга олиб келишган. (Ҳак. 16:21–25)

Яҳова филистимликларга қарши чиқарган ҳукмни амалга ошириш учун Шимшўнга куч берган (15-хатбошига қаранг.)

15. Шимшўн Яҳовага яна таянганини қай йўсин намоён этган? (Ҳакамлар 16:28–30) (Муқовадаги расмга қаранг.)

15 Шимшўн жиддий хатога йўл қўйганига қарамай таслим бўлмаган. У филистимликларга қарши курашиш борасидаги Яҳованинг вазифасини бажариш учун фурсат излаган. (Ҳакамлар 16:28–30 ни ўқинг.) Шимшўн Яҳовага илтижо қилиб: «Филистимликлардан ўч олайин»,— деган. Ҳақ Таоло ибодатига жавоб бериб, мўъжизавий тарзда унга яна куч ато этган. Натижада Шимшўн ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ филистимликларни ўлдиришга муваффақ бўлган.

16. Шимшўннинг қилган хатосидан нимани ўрганишимиз мумкин?

16 Шимшўн хатосининг оғриқли оқибатларидан қийналган, лекин Яҳованинг иродасини бажаришдан тўхтамаган. Биз ҳам хатога йўл қўйсак ва бизни тузатишса ёки вазифамиздан маҳрум бўлсак, таслим бўлмаслигимиз лозим. Унутмангки, Яҳова бизни кечиришга тайёр. (Заб. 103:8–10) Шимшўннинг вазиятида бўлганидек, Худо хатоларимизга қарамай Унинг иродасини бажаришимиз учун бизга куч бера олади.

Шимшўн хатоси дастидан жуда эзилган бўлса керак, лекин у таслим бўлмаган. Биз ҳам таслим бўлмаслигимиз керак (17-, 18-хатбошиларига қаранг.)

17, 18. Нега Майклнинг мисоли сизга далда берди? (Расмга ҳам қаранг.)

17 Келинг, Майкл исмли ёш биродаримизнинг мисолини кўриб чиқайлик. У Шоҳлик иши билан банд бўлиб, жамоат хизматкори ва доимий кашшоф эди. Афсуски, бир хатоси дастидан у жамоатдаги шарафли вазифаларидан маҳрум бўлди. У шундай деди: «Ўша кунгача Яҳовага бўлган хизматим бир маромда кетаётганди. Сўнг бирдан олдимда девор пайдо бўлиб, ўзимни тўхтаб қолгандай ҳис қилдим. Яҳова мени ташлаб кетади деган фикр ҳеч қачон келмаган. Лекин Яҳова билан муносабатларим олдингидай бўладими ёки жамоатда яна аввалгидай хизмат қила оламанми, деб хавотирланардим».

18 Яхшиямки, Майкл таслим бўлмади. У шундай деб бўлишди: «Мен Яҳовага доим қалбимдагиларни айтиб, тадқиқ ўтказиб ва мулоҳаза юритиб, бутун диққатимни У билан бўлган муносабатларимни тиклашга қаратдим». Вақт ўтгач, Майкл жамоатда яна вазифаларга эга бўлди. У ҳозир оқсоқол ва доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти. У қуйидагича деди: «Менга кўрсатилган ёрдам ва берилган далда, айниқса, оқсоқоллар томонидан Яҳова ҳалиям мени яхши кўришини тушунишимга кўмаклашди. Ҳозир жамоатда яна пок виждон билан хизмат қиляпман. Бу воқеадан Яҳова чин дилдан тавба қилган ҳар бир инсонни кечиришини билиб олдим». Биз ҳам хатоларга йўл қўйганимизда, У биздан фойдаланишидан ва барака беришидан шубҳаланмасак бўлади. Бунинг учун қўлимиздан келганча хатти-ҳаракатларимизни тўғрилаб, Яҳовага таянишда давом этишимиз лозим. (Заб. 86:5; Ҳик. 28:13)

19. Шимшўннинг ўрнаги сизни қай йўсин мустаҳкамлади?

19 Ушбу мақолада Шимшўннинг ҳаётидаги ҳайратомуз воқеаларнинг бир нечтасини кўриб чиқдик. У номукаммал бўлган. Лекин Далила билан қилган хатосига қарамай Шимшўн Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этган. Яҳова ҳам ундан воз кечмаган. У Шимшўндан фойдаланиб, қудратли ишларини яна амалга оширган. Яҳова уни кучли имонга эга деб билгани учун Ибронийларга йўлланган мактубнинг 11-бобидаги садоқатли кишилар қаторига қўшган. Айниқса, заиф бўлганимизда бизни қўллаб-қувватлашга шай турган меҳрибон самовий Отамизга хизмат қилаётганимизни билиш далдали. Шундай экан, келинг, Шимшўн каби Яҳовага: «Ўтинаман, мени ёдга ол,... менга куч ато эт»,— деб илтижо қилайлик. (Ҳак. 16:28)

3-ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг

a Шимшўн Муқаддас Китобда тилга олинган ва уни кўплар, ҳатто Каломни унча яхши билмайдиган кишилар ҳам билади. Драматург, бастакор ва кинематографчилар унинг ҳаётини асарларида гавдалантиришган. Лекин унинг ҳаётидаги воқеалар шунчаки эртак эмас. Бундай кучли имон эгасидан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин.