Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

48-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

97-ҚЎШИҚ Раб сўзи ила ҳар лаҳза яшаймиз

Исонинг нон билан боғлиқ мўъжизасидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

Исонинг нон билан боғлиқ мўъжизасидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келаётган ҳеч қачон оч бўлмайди. (ЮҲАН. 6:35)

АСОСИЙ ФИКР

Исо халойиқни тўйдириш учун нон ва балиқни кўпайтирган. Бу мақолада Юҳанно 6-бобдаги баёнотни кўриб чиқамиз ва ундан қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1. Қадимда нон қандай аҳамиятга эга бўлган?

 ҚАДИМДА нон кўплар учун асосий озиқ-овқат манбаи бўлган. (Ибт. 14:18; Луқо 4:4) У шунчалик муҳим бўлганидан озиқ-овқатга ишора қилиш учун Муқаддас Китобда баъзида «нон» сўзи ишлатилган. (Ҳиз. 5:16; Мат. 6:11, изоҳ;) Бундан ташқари, Исонинг ҳаммамизга таниш иккита мўъжизасида нон муҳим ўрин эгаллаган. (Мат. 16:9, 10) Бу баёнотларнинг бири тўғрисида Юҳанно 6-бобда ўқиймиз. Мазкур баёнотни кўриб чиқар эканмиз, бугунги кунда қўллашимиз мумкин бўлган сабоқларга диққат қаратамиз.

2. Қайси вазиятда одамларнинг егуликка бўлган эҳтиёжи кўпайди?

2 Исонинг ҳаворийлари ваъзгўйлик сафаридан сўнг жуда чарчаганди. Шунга дам олишлари учун Исо уларни олиб, қайиқда Жалила денгизи бўйлаб сузиб кетди. (Марк 6:7, 30–32; Луқо 9:10) Улар Байтсайда яқинидаги хилват жойга келди. Аммо кейинроқ минглаб одамлар келиб у ерга тўпланди. Исо уларни эътиборсиз қолдирмади. У уларга Худонинг Шоҳлиги ҳақида таълим беришга ва касалларни соғайтиришга бажонидил вақт ажратди. Кеч кирар экан, шогирдлар «Бу одамларнинг барчаси нима ер экан?» деб ўйлаб қолди. Эҳтимол, уларнинг баъзилари ўзи билан овқат олганди. Аммо аксарияти қишлоқларга бориб, егулик харид қилиши керак эди. (Мат. 14:15; Юҳан. 6:4, 5) Исо нима қилди?

ИСО МЎЪЖИЗАВИЙ ТАРЗДА НОН БИЛАН ТЎЙДИРДИ

3. Исо халойиқнинг эҳтиёжига қандай муносабат билдирди? (Муқовадаги ҳам қаранг.)

3 Исо шогирдларига: «Уларнинг кетишига ҳожат йўқ. Уларга егуликни сизлар беринглар»,— деди. (Мат. 14:16) Лекин бу имконсиздай кўринганди. Чунки у ерда тахминан 5 000 та эркак бор эди. Аёллар ва болаларни ҳисоблаганда эса, эҳтимол, 15 000 кишини тўйдириш керак бўлган. (Мат. 14:21) Шунда Идрис қуйидагича деди: «Ана, бир болада бешта арпа нон ва иккита кичкина балиқ бор. Лекин кўпчиликка бу нима ҳам бўлар эди?» (Юҳан. 6:9) Арпа нонини асосан камбағаллар ва бошқалар истеъмол қилган. Кичкина балиқларни эса тузлаб қуритишган, лекин шунда ҳам ўша болакайдаги егулик шунча кўп одамни тўйдириш учун етарли эмасди.

Исо ҳаворийларининг маънавий ва жисмоний эҳтиёжларига ғамхўрлик қилган (3-хатбошига қаранг.)


4. Юҳанно 6:11–13 даги сўзлардан қандай сабоқ олсак бўлади? (Расмларга ҳам қаранг.)

4 Исо халойиққа меҳмондўстлик кўрсатишни истаб, уларга ўтларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб ёнбошлашни буюрди. (Марк 6:39, 40; Юҳанно 6:11–13 ни ўқинг.) Кейин Исо нон ва балиқ учун Отасига шукрона дуосини айтди. Бундай қилиб у ризқ-рўзни берадиган шахс Худо эканини ва егулик учун Ундан миннатдорлигини кўрсатди. Бу бизга Исога тақлид қилиб — ёлғиз бўламизми ёки бошқалар олдидами — овқатдан олдин ибодат қилиш муҳимлигини эслатяпти. Кейин Исо егуликни тарқатди ва одамлар еб тўйди. Егулик шунчалик кўп бўлганидан халойиқ уларнинг ҳаммасини ея олмади. Исо ортиб қолгани исроф бўлишини истамади. Шу боис, эҳтимол, кейинроқ фойдаланиш учун қолган егуликни йиғиб чиқишни буюрди. Исо исрофгарчилик қилмай бу борада бизга ажойиб ўрнак кўрсатди. Агар ота-она бўлсангиз, бу баёнотни фарзандларингиз билан кўриб чиқинг ҳамда ибодат, меҳмондўстлик ва сахийлик борасида қандай сабоқ олишингиз мумкинлигини муҳокама қилинг.

Ўзингиздан шундай сўранг: «Овқатланишдан аввал ибодат қилиш борасида Исонинг ўрнагига эргашяпманми?» (4-хатбошига қаранг.)


5. Одамлар Исонинг мўъжизасини кўргач, нима қилишни истади-ю, лекин қандай йўл тутди?

5 Исонинг таълим бериш тарзи ва яратган мўъжизалари одамларга қаттиқ таъсир қилди. Улар Мусонинг ваъдасига кўра, Худо ўзгача пайғамбарни юборишини биларди ва, балки, «Ўша пайғамбар Исо» деб ўйлагандир. (Қонун. 18:15–18) Агар шундай бўлса, одамлар «Исо зўр бошқарувчи бўлади ва ҳатто бутун халқни тўйдира олади» деган фикрга боргандир. Натижада одамлар Исони «шоҳ қилиш ниятида тутиб олишмоқчи» бўлди. (Юҳан. 6:14, 15) Агар Исо бунга йўл қўйганида, Римнинг бошқаруви остидаги яҳудийларнинг сиёсатига аралашган бўларди. Хўш, у шундай йўл тутдими? Йўқ. Исо қатъийлик ила «тоққа чиқиб кетди» деган сўзларни ўқиймиз. Бошқаларнинг босимига қарамай, Исо сиёсатга аралашмади. Бундан муҳим сабоқ оляпмиз.

6. Исонинг ўрнагига эргашмоқчи эканимизни қай йўсин кўрсата оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

6 Шубҳасизки, бошқалар биздан нонни кўпайтиришни ёки касалларни мўъжизавий равишда соғайтиришни сўрамайди. Ё бўлмасам бизни шоҳ ёки бошқарувчи қилишга уринмайди. Аммо одамлар бизни уларнинг назарида яхши бошқарувчи бўла оладиган кишига овоз бериш ёки уни қўллаб-қувватлаш орқали сиёсатга аралашишга ундаши мумкин. Шундай бўлса-да, Исо нима қилгани аниқ. У сиёсий масалаларга аралашишни рад этган. Ҳатто кейинроқ шундай деган: «Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас». (Юҳан. 17:14; 18:36) Масиҳий сифатида Исо каби фикрлашимиз ва унинг ўрнагига эргашишимиз зарур. Исога ўхшаб Худонинг Шоҳлигига садоқатли қоламиз, бошқаларга у ҳақда айтамиз ва у келишини сўраб ибодат қиламиз. (Мат. 6:10) Келинг, Исо нон билан тўйдиргани ҳақидаги баёнотга қайтиб, ундан яна нимани ўрганишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик.

Исо сиёсатга аралашмаган, биз ҳам унинг ўрнагига эргашишимиз керак (6-хатбошига қаранг.)


НОНЛАРНИНГ МАЪНОСИ

7. Исо ва ҳаворийлар нима қилди? (Юҳанно 6:16–20)

7 Исо халойиқни тўйдиргач, ҳаворийларига у ердаги ҳудуддан кетиб, қайиқда Кафарнаҳумга боришни айтди. Ўзи эса тоққа чиқиб кетди. Шу йўсин у одамлар уни шоҳ қилишига йўл қўймади. (Юҳанно 6:16–20 ни ўқинг.) Ҳаворийлар қайиқда борганида бўрон кўтарилди ва кучли шамол дастидан денгиз тўлқинланиб кетди. Ўшанда Исо уларнинг олдига сув устида юриб келди. Кейин у ҳаворий Бутрусга ҳам сув устида юришни таклиф қилди. (Мат. 14:22–31) Исо қайиққа ўтирганида шамол тинчланди, шунда шогирдлар: «Чиндан ҳам сиз Худонинг Ўғли экансиз»,— дейишди a. (Мат. 14:33) Улар бу мўъжиза ва сал олдин халойиқ билан нима юз бергани ўртасидаги боғлиқликни кўрмади. Марк қуйидаги тафсилотни ёзиб қолдирган: «Шогирдлар ҳайрон бўлиб қотиб қолишди. Чунки улар ҳалигача нонлар билан нима юз берганини англашмасди ва қалблари фаҳмлай олмасди». (Марк 6:50–52) Ҳа, улар Яҳова Исога нонни кўпайтиришдан ҳам кўпроғини қилиш қудратини ато этганини тушунмаганди. Лекин кўп ўтмай, Исо нон билан боғлиқ мўъжиза ҳақида яна гапирди ва бундан муҳим нарсани ўрганяпмиз.

8, 9. Нега халойиқ Исонинг ортидан эргашди? (Юҳанно 6:26, 27)

8 Исо тўйдирган халойиқнинг диққати жисмоний эҳтиёжларини ва хоҳиш-истакларини қондиришга қаратилган эди. Қанақасига? Келаси куни улар Исо ва унинг ҳаворийлари кетганини кўрган. Тивериядан қайиқлар келгани учун халойиқ уларнинг баъзиларига чиқиб, Исони топиш ниятида Кафарнаҳумга жўнади. (Юҳан. 6:22–24) Улар Худонинг Шоҳлиги ҳақида кўпроқ эшитишни истагани учун шундай қилганми? Йўқ! Улар шунчаки қорнини тўйдиришни истаган. Буни қаердан биламиз?

9 Ўша халойиқ Кафарнаҳум яқинида Исони топганида нима юз берганига диққат қаратинг. У уларнинг асосий нияти вақтинчалик жисмоний эҳтиёжларини қондириш эканини очиқчасига айтган. Гарчи улар нон еб тўйган бўлса-да, Исо бу «ўткинчи егулик» эканини таъкидлаган ва уларни «абадий ҳаётга элтадиган егулик учун меҳнат» қилишга ундаган. (Юҳанно 6:26, 27 ни ўқинг.) У Отаси бундай озуқани тақдим этишини айтган. Егулик абадий ҳаётга етаклаши тўғрисидаги фикрдан улар ҳайрон қолган бўлса керак. Қизиқ, қандай озуқа туфайли бунга эришса бўлади? Қай йўсин Исонинг тингловчилари унга эга бўла оларди?

10. Одамлар «мангу ҳаётга» эга бўлиш учун нима қилиши керак эди?

10 Афтидан, ўша яҳудийлар бундай озуқага эга бўлиш учун нима қилиш кераклигини билишни истаган. Улар «Мусонинг Қонунида талаб қилинган ишларни қилиш керак» деб ўйлагандир. Лекин Исо уларга: «Бундай маъқул иш Худо юборган зотга ишонишдир»,— деб айтган. (Юҳан. 6:28, 29) Улар «мангу ҳаётга» эга бўлиш учун Худонинг вакилларига ишониши керак эди. Исо бу ҳақда олдин ҳам айтганди. (Юҳан. 3:16–18, 36) Кейинроқ у қай йўсин абадий ҳаётга эришишимиз мумкинлиги тўғрисида батафсилроқ тушунтирган. (Юҳан. 17:3)

11. Одамлар фақат қорнини тўйдиришни истаганини Исо қай йўсин кўрсатди? (Забур 78:24, 25)

11 Ўша яҳудийлар Исога ишонишни истамаган. Улар унга: «Сизга ишонишимиз учун қандай мўъжиза кўрсатасиз?» — деб савол берган. (Юҳан. 6:30) Улар Мусонинг даврида аждодлари осмондан тушган маннани олганини айтган. Бу уларнинг кундалик озуқаси бўлган. (Нахим. 9:15; Забур 78:24, 25 ни ўқинг.) Шуниси аниқки, уларнинг диққати том маънодаги озуқага эга бўлишга қаратилганди. Улар ҳатто Исонинг «осмондан ҳақиқий нон» бераётган деган сўзларини аниқроқ тушунтириб беришини сўрамаган. Ахир бу осмондан ҳаётбахш манна тушишига ўхшарди. (Юҳан. 6:32) Ўша Яҳудийларнинг диққати жисмоний эҳтиёжларига қаратилганидан улар Исо бўлишаётган маънавий ҳақиқатларни назарига илмаган. Бу баёнотдан нимани ўргансак бўлади?

БИЗ УЧУН НИМА МУҲИМРОҚ БЎЛИШИ КЕРАК?

12. Нима энг муҳими эканини Исо қандай кўрсатди?

12 Юҳанно 6-бобдан муҳим сабоқ оляпмиз. Биз учун Яҳовага содиқ қолиш ва У билан яхши муносабатга эга бўлиш энг муҳими бўлиши керак. Шайтон Исони васваса қилган. Ўшанда Исо Худога итоатли бўлиш жисмоний озуқадан муҳимроқ эканини кўрсатган. (Мат. 4:3, 4) У тоғдаги ваъзида маънавий нарсаларга чанқоқ бўлишнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтган. (Мат. 5:3) Шунинг учун ўзимизга қуйидагича савол берсак бўлади: «Ҳаёт тарзим жисмоний хоҳиш-истакларимдан кўра маънавий эҳтиёжларимга кўпроқ эътибор қаратаётганимни кўрсатяптими?»

13. а) Егуликдан завқ олишнинг нега ёмон жойи йўқ? б) Қайси огоҳлантирувга қулоқ солишимиз керак? (1 Коринфликларга 10:6, 7, 11)

13 Жисмоний эҳтиёжларимиз тўғрисида ибодат қилиш ва уларни қондиришдан қувонч топиш ўринлидир. (Луқо 11:3) Зеро оғир меҳнат туфайли еб-ичамиз ва бу бизга қувонч келтиради. Қолаверса, у «Аллоҳнинг инъоми»дир. (Воиз 2:24; 8:15; Ёқб. 1:17) Лекин шунга қарамай, моддий нарсаларнинг ўз ўрни борлигини унутмаслигимиз лозим. Ҳаворий Павлус масиҳийларга ёзган сўзларидан бу ҳақда билиб оляпмиз. У Синай тоғи яқинида Исроил халқи ёмон ўрнак қолдирганини, жумладан, қандай ишлар қилганини таъкидлаган. Ҳаворий Павлус масиҳийларни «уларга ўхшаб ёмонликни» исташдан огоҳлантирган. (1 Коринфликларга 10:6, 7, 11 ни ўқинг.) Яҳова уларга мўъжизавий тарзда егулик тақдим этган. Лекин Исроил халқи очкўзлик қилган ва егулик улар учун ёмон нарсага айланган. (Саҳ. 11:4–6, 31–34) Исроил халқи учун Яҳовага итоат қилишдан кўра олтин бузоққа сажда қилиш, еб-ичиш ва вақтичоғлик қилиш муҳимроқ бўлган. (Чиқ. 32:4–6) Бундан ташқари, ҳаворий Павлус мил. 70 йили Қуддус ва ундаги маъбад вайрон бўлишига яқин даврда яшаган масиҳийларга уларнинг мисолини огоҳлантириш сифатида ёзган. Биз ушбу замонанинг охири яқинлашиб қолган пайтда яшаяпмиз. Шундай экан, Павлуснинг маслаҳатига жиддий ёндашишимиз керак.

14. Озиқ-овқат масаласида янги дунёда нимани кутишимиз мумкин?

14 Исо «бугунги ризқ-рўзимизни бер» деб ибодат қилганимизда, «осмонда бўлгани каби, ер юзида ҳам... [Худонинг] иродаси бажо» бўлиши ҳақида сўрашимиз кераклигини айтган. (Мат. 6:9–11) Хўш, ўшанда ер юзи қандай бўлади? Муқаддас Китобга кўра, Худонинг ер юзига нисбатан иродаси яхши озиқ-овқат бўлишини ҳам ўз ичига олади. Ишаё 25:6–8 да ёзилган башоратга кўра, Яҳованинг Шоҳлиги бошқарганида озиқ-овқат мўл-кўл бўлади. Забур 72:16 да: «Ер юзида ғалла мўл бўлади, тоғлар тепасида дон сероб бўлади»,— деган башорат ёзилган. Ўша донларнинг баъзилари ёрдамида ўзингиз севган турдаги нонни пиширишни ёки янги рецептлар ёрдамида янги таом тайёрлашни интиқиб кутяпсизми? Қолаверса, узумзорингизнинг ҳосилидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. (Ишаё 65:21, 22) Ҳа, ер юзидаги барча одамлар бундай ажойиб нарсалардан баҳраманд бўлади.

15. Тирилганлар нималарни ўрганади? (Юҳанно 6:35)

15 Юҳанно 6:35 ни ўқинг. Исо мўъжизавий тарзда яратган нон ва балиқдан еган одамларни нима кутяпти? Келажакда юз берадиган тирилишда уларнинг баъзилари билан танишишингиз мумкин. Ҳатто ўтмишда улар Исога ишонмаган бўлса ҳам, тирилишлари мумкин. (Юҳан. 5:28, 29) Ўшанда улар Исонинг: «Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келаётган ҳеч қачон оч бўлмайди»,— деган сўзларининг маъносини тушунади. Улар Исонинг тўлов қурбонлигига, яъни у улар учун ўз ҳаётини қурбон қилганига ишонишлари керак. Ўша пайтда тирилганлар ва янги дунёда туғилганлар учун маънавий таълим дастури бўлади. Бу таълим дастурида қатнашиш қанчалик қувонч келтиришини бир тасаввур қилинг. Ҳа, Яҳова билан дўстлашишга ёрдам бериш том маънодаги нонни ейишдан ҳам кўпроқ қувонч келтиради.

16. Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

16 Биз Юҳанно 6-бобдаги баёнотни қисман кўриб чиқдик. Аммо Исо «абадий ҳаёт» тўғрисида янаям кўпроқ айтиб берган. Ўшанда яҳудийлар унинг сўзларини диққат ила тинглашлари керак эди. Биз ҳам худди шундай қилишимиз лозим. Кейинги мақолада ҳам Юҳанно 6-бобнинг давомини муҳокама қиламиз.

20-ҚЎШИҚ Азиз Ўғлинг бердинг

a Бу қизиқарли баёнот тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун «Исо — йўл, ҳақиқат ва ҳаёт» китобининг 131-саҳифасига ва турли тилларда чиққан «Имонларига эргашинглар» номли адабиётнинг 185-саҳифасига қаранг.