Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

51-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

3-ҚЎШИҚ Қудратим, Умидим, Таянчим Ўзинг

Кўз ёшларингиз Яҳова учун қадрлидир

Кўз ёшларингиз Яҳова учун қадрлидир

Кўз ёшларимни мешингга йиғиб қўй. Ахир Сен уларни битта қолдирмай китобингга ёзиб қўйгансан-ку! (ЗАБ. 56:8)

АСОСИЙ ФИКР

Яҳова ҳиссий оғриқларимизни тўлиқ тушунади ва биз муҳтож бўлган далдани беради.

1, 2. Қайси вазиятлар туфайли кўз ёш тўкишимиз мумкин?

 ВАҚТИ-ВАҚТИ билан барчамиз кўз ёш тўкамиз. Баъзида бу қувонч кўз ёшлари бўлади. Эҳтимол, сиз билан ўзгача ёки муҳим бир воқеа юз берганида, айтайлик, фарзандли бўлганингизда, ширин хотираларни эслаганингизда ёки анчадан бери кўрмаган дўстингиз билан учрашганингизда, кўзларингизга ёш келган бўлса керак.

2 Лекин кўпинча қалбимиздаги оғриқ туфайли кўз ёш тўкамиз. Мисол учун, кимдир кўнглимизни қолдирганида, йиғлашимиз мумкин. Бедаво касалликка чалинганимизда ёки яқинимиз ҳаётдан кўз юмганида ҳам қаттиқ оғриқ туфайли кўз ёш тўкамиз. Шунда Қуддус бобилликлар томонидан вайрон қилинганида, Еремиё ҳис қилган туйғулар бизга таниш бўлиши мумкин. У шундай деган: «Кўз ёшларим дарё бўлиб оқди. Тўхтамасдан, тинимсиз йиғлаяпман». (Марсия 3:48, 49)

3. Яҳова хизматчилари азоб чекаётганини кўриб нималарни ҳис қилади? (Ишаё 63:9)

3 Яҳова қийин вазиятлар дастидан тўккан барча кўз ёшларимиздан хабардор. Муқаддас Китоб Тангри Унинг хизматчилари дуч келаётган ҳар қандай оғриқли вазиятни билишига ва Ундан ёрдам сўраб илтижо қилганимизда, бизни эшитишига ишонтиряпти. (Заб. 34:15) Лекин Яҳова бизни кўришдан ва эшитишдан кўпроғини қилади. Севувчи ота-она каби У йиғлаётган фарзандларини кўриб, таъсирланади ва бизга ёрдам беришга ошиқади. (Ишаё 63:9 ни ўқинг.)

4. Муқаддас Китобдаги айрим мисоллардан Яҳованинг фикрлаш тарзи тўғрисида нималарни билиб оляпмиз?

4 Яҳова хизматчилари кўз ёш тўкканида, қандай муносабат кўрсатгани Каломида ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган. Буни Ханна, Довуд ва шоҳ Ҳизқиёнинг мисолларидан кўришимиз мумкин. Улар нега йиғлаган? Улар кўз ёш тўкиб ёрдам сўраганида, Яҳова қандай жавоб берган? Кейин эса қайғуга ботганимизда, хиёнатга дуч келганимизда ёки умидсизликка тушганимизда, Яҳова қай йўсин тасалли беришини кўриб чиқамиз.

ҚАЙҒУ КЎЗ ЁШЛАРИ

5. Ханна вазияти туфайли нималарни ҳис қилган?

5 Ханна қайғу кўз ёшларини тўкишига сабаб бўлган бир нечта муаммони бошдан ўтказган. Эрининг Панинна исмли яна бир хотини бор эди ва у Ханнани ёқтирмасди. Буниси етмагандек, Ханна фарзандсиз эди. Паниннада эса бир нечта бола бор эди. (1 Шоҳ. 1:1, 2) Панинна Ханнани бепуштлиги учун мазах қиларди. Бундай вазиятда бўлганингизда нималарни ҳис қилардингиз? Ханна «йиғлаб, туз ҳам тотмади» ва қаттиқ қайғурди. (1 Шоҳ. 1:6, 7, 10)

6. Тасалли топиш учун Ханна нима қилди?

6 Ханна қай йўсин тасалли топган? Унга ёрдам берган нарсалардан бири у пок топинишнинг марказига — муқаддас чодирга боргани бўлди. Эҳтимол, Ханна муқаддас чодир ҳовлисининг кираверишига яқин жойда «Яҳовага ибодат қилиб, ўзини йиғидан тия олмади». У Яҳовага илтижо қилиб: «Чўрингнинг қайғусига эътибор қаратиб, мени ёдга... [ол]»,— деб айтди. (1 Шоҳ. 1:10б, 11) Ханна Яҳовага ичидагиларни тўкиб солди. Суюкли қизининг кўз ёшларини кўриб, Яҳова қанчалик таъсирланганини тасаввур қилсак бўлади.

7. Ханна қалбидагиларни Яҳовага тўкиб солиб қандай тасалли топди?

7 Ханна ичидагиларни Яҳовага тўкиб солгач, олий руҳоний Элах уни Тангри ибодатига жавоб беришига ишонтирган. Хўш, бундан кейин Ханна ўзини қандай ҳис қилган? Баёнотда: «Сўнг у ердан кетиб овқат еди, энди унинг чеҳраси очиқ эди»,— деган сўзларни ўқиймиз. (1 Шоҳ. 1:17, 18) Гарчи Ханнага азоб берган вазият ҳали ўнгланмаган бўлса-да, у енгилликни ҳис қилган. Ханна ҳиссий юкининг оғирлигини Яҳовага ташлаган. Худо унинг қийинчилигини кўрган, илтижосини эшитган ва кейинчалик фарзандлар билан мукофотлаган. (1 Шоҳ. 1:19, 20; 2:21)

8, 9. Ибронийларга 10:24, 25 га кўра, нега жамоат учрашувларига бориш учун қўлимиздан келганини қилишимиз лозим? (Расмга ҳам қаранг.)

8 Нималарни ўрганяпмиз? Қайғу кўз ёшларига сабаб бўлаётган қийин вазиятни бошдан кечиряпсизми? Эҳтимол, оила аъзоингиз ёки дўстингизни йўқотганингиздан қайғу чекаётгандирсиз. Бундай пайтларда ёлғиз қолишни исташингиз табиий. Бироқ Ханна муқаддас чодирга бориб далда ва тасалли топганидай, сиз ҳам ўзингизни ҳатто яхши ҳис қилмасангиз ҳам, жамоат учрашувларига бориб, тасалли топишингиз мумкин. (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.) Учрашувларда Муқаддас Китобдаги далдали оятларни тинглаганимизда, Яҳова салбий фикрлардан қутулиб, ижобий фикрлашимизга ёрдам беради. Бу вазиятимиз тезда ўнгланмаса ҳам, ҳис-туйғуларимизни назорат қилишимизга ёрдам беради.

9 Бундан ташқари, йиғилишларимизда бизга ижобий таъсир қиладиган ҳамдард имондошларимиз билан суҳбатлашамиз. Уларнинг меҳрга ва севгига тўла гаплари руҳимизни кўтариши мумкин. (1 Салон. 5:11, 14) Махсус кашшоф биродаримизнинг мисолига диққат қаратайлик. Унинг рафиқаси вафот этган. Биродаримиз шундай деб бўлишди: «Мен ҳалиям кўз ёш тўкаман. Гоҳида бир бурчакка ўтириб йиғлайман. Йиғилишлар мен учун чинакам далда манбаи бўлиб келмоқда. Имондошларимизнинг меҳрга тўла гаплари бизга таскин бахш этади. Йиғилишга боришдан аввал қанчалик ташвишлансам ёки хавотирлансам ҳам, у ерда доим ўзимни яхшироқ ҳис қиламан». Жамоат учрашувларига борганимизда, Яҳова бизга ёрдам бериш учун биродару опа-сингилларимиздан фойдаланиши мумкин.

Имондошларимиздан тасалли олишимиз мумкин (8-, 9-хатбошиларига қаранг.)


10. Ҳиссан азоб чекканимизда қандай қилиб Ханнанинг мисолига эргашсак бўлади?

10 Қолаверса, Ханна ичидаги ҳис-туйғуларини Яҳовага тўкиб солиб, тасалли топган. Сиз ҳам «барча ғам ташвишларингизни... [Яҳовага]» ташлаб, У сизни эшитишига ишонишингиз мумкин. (1 Бутр. 5:7) Бир опамизнинг эри қуролланганлар томонидан ўлдирилган. У шундай эслайди: «Юрагим парча-парча бўлиб ҳеч қачон тузалмайдигандай эди. Ҳар сафар меҳрибон самовий Отамга ибодат қилганимда, севгисини ҳис қилиб, дилим таскин топарди. Баъзида ҳис-туйғуларимни айтиш учун сўз топа олмасдим. Лекин У мени тушунарди. Ҳиссан эзилганимда, тинчлик сўраб ибодат қилардим. Қалбим ва онгимни тинчлик эгалларди, шунда таслим бўлмай ҳаракатланишда давом этардим». Ташвишларингизни Яҳовага тўкиб солганингизда, қайғу кўз ёшларингизни кўриб, Унинг ҳам дили оғрийди ва у нималарни ҳис қилаётганингизни тушунади. Ҳатто ташвишларингиз бартараф этилмаса ҳам, Яҳова ғулғулага тўла қалбингизга ором беради ва хотиржамликни ҳис қилишингизга кўмаклашади. (Заб. 94:19; Филип. 4:6, 7) У садоқат ила қилаётган сабр-бардошингизни мукофотлайди. (Иброн. 11:6)

ХИЁНАТ КЎЗ ЁШЛАРИ

11. Довуд адолатсизликка дуч келганида, нималарни ҳис қилган?

11 Ҳаёти давомида Довуд кўз ёшлар тўкишига сабаб бўлган бир нечта хавотирли вазиятни бошдан ўтказган. Кўплар ундан нафратланган ва ҳатто у ишонган кишилар унга хиёнат қилган. (1 Шоҳ. 19:10, 11; 2 Шоҳ. 15:10–14, 30) Бир сафар Довуд шундай ёзган: «Оҳ-нола қилавериб ғоят чарчадим, туни билан кўз ёш тўкканимдан тўшагим нам бўлди, йиғлайверганимдан ётоғим шалаббо бўлди». Хўш, нега Довуд ўзини бундай ҳис қилган? «Тинка-мадоримни қуритганлар дастидан»,— деб тушунтирган у. (Заб. 6:6, 7) Ҳа, бошқаларнинг ёмон хатти-ҳаракатлари Довудга оғриқ келтирган ва кўп марта кўз ёш тўкишига сабаб бўлган.

12. Забур 56:8 да айтилганидек, Довуд нимага амин эди?

12 Довуд бошдан кечирган фалокатларга қарамай, Яҳова уни севишига амин эди. У шундай ёзган: «Яҳова фарёдимни эшитади». (Заб. 6:8) Бошқа вазиятда эса у Забур 56:8 да қизиқарли бир фикр айтган. (Ўқинг.) Бу сўзлар Яҳованинг меҳрга тўла ғамхўрлигини яхши тасвирлайди. Довуд гўёки Яҳова унинг кўз ёшларини мешга йиғаётганини ёки китобига ёзаётганини ҳис қилган. У Худо унинг оғриғини кўрганига ва эсдан чиқармаганига амин бўлган. Довуд меҳрибон самовий Отаси у нафақат нималарни бошдан кечираётганини, балки бу унга қандай таъсир қилаётганини билишидан шубҳаланмаган.

13. Бошқалар кўнглимизни қолдирганида, нимани эсда тутишимиз керак? (Расмга ҳам қаранг.)

13 Нималарни ўрганяпмиз? Сиз ишонган инсон умидларингизни пучга чиқаргани ёки хиёнат қилгани туфайли ҳиссий оғриқни бошдан кечиряпсизми? Балки тўсатдан учрашишни тўхтатганингиз ёки никоҳингиз барбод бўлгани ё бўлмасам яқинингиз Яҳовага хизмат қилишни тўхтатганидан қалбингиз тилка-пора бўлгандир. Бир биродаримизнинг рафиқаси унга хиёнат қилиб, уни ташлаб кетган. Биродаримиз шундай бўлишди: «Мен эсанкираб қолгандим ва бўлиб ўтганларга ишонгим келмасди. Ўзимни фойдасиз, ғамгин ҳис қилардим, жаҳлим чиқарди». Сизга ҳам хиёнат қилган бўлишса ёки умидларингиз пучга чиққан бўлса, Яҳова сизни асло ташлаб кетмаслигини билишдан далда олинг. Ўша биродаримиз қуйидагича деди: «Шуни тушундимки, одамлар билан бўлган муносабатларимиз ўз ниҳоясига етиши мумкин, лекин Яҳова бизнинг Қоямиздир. Нима бўлишидан қатъи назар, У доим ёнимизда бўлади. Яҳова садоқатли хизматчиларини ҳечам тарк этмайди». (Заб. 37:28) Унутмангки, Яҳованинг севгиси ҳар қандай одамнинг севгисидан анча устундир. Бизга хиёнат қилишганида оғриқли бўлиши мумкин. Лекин бу Яҳованинг сизга бўлган ҳис-туйғуларини ўзгартирмайди. Сиз У учун азизсиз! (Рим. 8:38, 39) Хулоса шуки, одамлар сизга қандай муносабатда бўлишидан қатъи назар, самовий Отангиз сизни севади.

Забур санолари Яҳова қалби ўксинганларга яқин эканига ишонтиряпти (13-хатбошига қаранг.)


14. Забур 34:18 бизни нимага ишонтиряпти?

14 Хиёнатни бошдан ўтказаётган бўлсангиз, Довуднинг Забур 34:18 да ёзилган сўзлари сизга тасалли бериши мумкин. (Ўқинг.) Бир манбада айтилишича, «эзилган руҳ» ибораси «келажакка ҳеч қандай умиди йўқ кишиларга» нисбатан қўлланилиши мумкин. Умидлари пучга чиққанлиги туфайли ўзини шундай ҳис қиладиганларга нисбатан Яҳова қандай қарайди? Меҳрибон ота ё она фарзанди қийинчиликни бошдан ўтказганида, унинг қўлидан ушлаб тасалли беради. Шунга ўхшаб Яҳова бизга хиёнат қилишганда ёки яқинимизни йўқотганда, У доим ёнимизда. Тангри раҳм-шафқатли ва ёрдам беришга тайёр. У яраланган қалбимизга ва ҳиссий оғриғимизга шифо бериб, бизга тасалли беришни истайди. Яҳова бизга ажойиб ваъдалар беряпти, уларни интиқиб кутиш ҳозирги қийинчиликларда сабр-бардошли бўлишимизга кўмаклашади. (Ишаё 65:17)

УМИДСИЗЛИК КЎЗ ЁШЛАРИ

15. Шоҳ Ҳизқиё қайси вазият туфайли кўз ёш тўккан?

15 Яҳудо шоҳи Ҳизқиё 39 ёшда бўлганида, бедаво касалликка чалинганини билган. Ишаё пайғамбар Яҳованинг хабарини етказиб, Ҳизқиё ўша касалликдан вафот этишини айтган. (4 Шоҳ. 20:1) Гўёки Ҳизқиё учун умид йўқдай эди. Бу янгиликдан қалби тилка-пора бўлган Ҳизқиё аччиқ-аччиқ йиғлаган. У Яҳовага ёлвориб илтижо қилган. (4 Шоҳ. 20:2, 3)

16. Яҳова Ҳизқиёнинг илтижосига қандай жавоб берди?

16 Тангри Яҳова Ҳизқиёнинг кўз ёшлар билан қилган илтижосидан таъсирланган ва меҳр ила унга шундан деган: «Сенинг ибодатингни эшитдим. Кўз ёшларингни кўрдим. Сенга шифо бераман». Ишаё пайғамбар орқали Яҳова раҳм-шафқат қилиб, унинг ҳаётини узайтиришни ва Қуддусни Оссурияликларнинг қўлидан халос этишни ваъда берган. (4 Шоҳ. 20:4–6)

17. Жиддий соғлиқ муаммоларига дуч келганимизда Яҳова қай йўсин бизни қўллаб-қувватлайди? (Забур 41:3) (Расмга ҳам қаранг.)

17 Нималарни ўрганяпмиз? Бедаво касалликни бошдан ўтказяпсизми? Унда кўз ёшлар билан бўлса-да, Яҳовага ибодат қилинг. Муқаддас Китоб бизни шунга ишонтиряптики, «раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳ» бизга қийинчиликлар пайтида тасалли беради. (2 Кор. 1:3, 4) Бугунги кунда Яҳова бизни барча муаммоларимиздан халос қилишини кутмаймиз. Бироқ У бизга ёрдам беришига ишонамиз. (Забур 41:3 ни ўқинг.) У муқаддас руҳи орқали бизга куч, донолик ва ички хотиржамлик беради. (Ҳик. 18:14; Филип. 4:13) Бундан ташқари, У Муқаддас Китобга асосланган ҳар турли касалликлар йўқ бўлиб кетиши тўғрисидаги умидни бериб, бизни кучли қилади. (Ишаё 33:24)

Яҳова бизга куч, донолик ва ички хотиржамлик бериш орқали ибодатларимизга жавоб беради (17-хатбошига қаранг.)


18. Жуда оғир вазият билан курашганингизда қайси оятни далдали деб топдингиз? (« Кўз ёшларингизни артадиган оятлар» номли рамкага ҳам қаранг.)

18 Яҳованинг сўзлари Ҳизқиёга таскин бахш этган. Биз ҳам Худонинг Каломидан шунга ўхшаш тасаллини топа оламиз. Яҳова қийин вазиятларни бошдан кечирганимизда, руҳимизни кўтарадиган далдали сўзлар Каломида ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган. (Рим. 15:4) Ғарбий Африкадаги опамизга саратон ташхиси қўйилганди ва у тез-тез кўз ёш тўкарди. У шундай деди: «Менга айниқса далда берадиган оят Ишаё 26:3. Камдан-кам вазиятда қийинчиликларимизни назорат қила оламиз. Лекин ўша оят мени шунга ишонтиряптики, Яҳова қийинчиликларга бўлган муносабатимни назорат қилишимга кўмаклашадиган ички хотиржамликни бера олади». Жуда оғирдай ёки ҳатто умидсиздай кўринган вазиятга дуч келганингизда, сизга таскин бахш этадиган севимли оятингиз борми?

19. Бизни қандай келажак кутяпти?

19 Ҳозир охирги замоннинг сўнгги кунларида яшаяпмиз ва кўз ёш тўкишимиз учун сабаблар кўпайиши тайин. Аммо Ханна, Довуд ва шоҳ Ҳизқиёнинг мисолларидан кўрганимиздай, Яҳова кўз ёш тўкаётганимизни билади ва бу Унга қаттиқ таъсир қилади. Кўз ёшларимиз Худо учун қадрлидир. Шундай экан, оғир вазиятларни бошдан кечирганимизда, ичимиздагиларни Яҳовага тўкиб солишни хоҳлаймиз. Бизни севадиган биродару опа-сингилларимиздан ҳечам узоқлашмайлик. Бундан ташқари, Муқаддас Китобда ёзилган далдали сўзлардан таскин топишдан тўхтамайлик. Шунга амин бўлишимиз мумкинки, садоқат ила сабр-бардош қилишда давом этсак, Яҳова бизни мукофотлайди. Бу вақти келиб, Худойимиз қайғу алам, хиёнат ва умидсизлик кўз ёшларини артиб қўйиши тўғрисидаги ажойиб ваъдасини ҳам ўз ичига олади. (Ваҳ. 21:4) Ўшанда фақатгина қувонч кўз ёшлари бўлади!

4-ҚЎШИҚ «Яҳова менинг Чўпонимдир»