Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

50-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

135-ҚЎШИҚ Яҳова меҳр ила чорлар: «Ўғлим, доно бўл»

Ота-оналар, фарзандингизга имонини мустаҳкамлашга кўмаклашинг

Ота-оналар, фарзандингизга имонини мустаҳкамлашга кўмаклашинг

Тангрининг... мақбул, комил иродаси нимада эканини [аниқланглар]. (РИМ. 12:2)

АСОСИЙ ФИКР

Қай йўсин ота-оналар фарзанди билан яхши мулоқот қилиши ва уларга Худога ҳамда Муқаддас Китобга бўлган ишончини мустаҳкамлашда кўмаклашиши тўғрисида амалий маслаҳатлар.

1, 2. Бола Муқаддас Китоб борасидаги эътиқодимизга оид саволлар берса, ота-она қандай муносабат билдириши керак?

 КЎПЛАР ота-она бўлиш анчагина меҳнат талаб қилишига қўшилса керак. Агар болангиз ҳали кичкина бўлса, унга кучли имонни ривожлантиришга жон куйдираётганингиз учун сизни мақтамоқчимиз. (Қонун. 6:6, 7) Фарзандингиз улғаяр экан, эътиқодимиз, жумладан, Каломдаги ахлоқий меъёрлар тўғрисида жиддий саволлар беришни бошлаши мумкин.

2 Фарзандингиз сизга бу каби саволларни берганида, «У Худога ва Муқаддас Китобга унча ишонмаяпти» деб ўйлашингиз мумкин. Бироқ бола улғаяр экан, имони мустаҳкам бўлиши учун саволлар бериши керак. (1 Кор. 13:11) Шунинг учун қўрқмасангиз ҳам бўлади. Фарзандингиз эътиқодимиз ҳақида саволлар берганида, буни унинг фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш имконияти деб билинг.

3. Бу мақолада қайси фикрларни кўриб чиқамиз?

3 Ушбу мақолада қай йўсин ота-оналар фарзандларига Худога ва Муқаддас Китобга нисбатан 1) кучли имонни ривожлантиришга, 2) Каломдаги ахлоқий меъёрларни қадрлашга ва 3) эътиқодини ҳимоялашга ёрдам бера олишини муҳокама қиламиз. Шунингдек, саволлар бериш нега болалар учун фойдали экани ҳамда қандай қилиб фарзандингиз билан эътиқодингиз борасида суҳбатлашиш мумкинлиги билан боғлиқ айрим тавсияларни кўриб чиқамиз.

ФАРЗАНДИНГИЗГА ХУДОГА ВА МУҚАДДАС КИТОБГА БЎЛГАН ИШОНЧИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА КЎМАКЛАШИНГ

4. Болада қандай савол туғилиши мумкин ва нега?

4 Масиҳий ота-оналар Худога бўлган ишонч болага мерос бўлиб ўтмаслигини тушунади. Ўзингиз ҳам Яҳовага бўлган имон билан туғилмагансиз. Фарзандингиз билан ҳам худди шундай. Вақт ўтиб, фарзандингиз қуйидагига ўхшаш саволларни бериши мумкин. «Худо борлигини қаердан биламан? Муқаддас Китобда ёзилганларга ишонсам бўладими?» Дарҳақиқат, Муқаддас Китоб ақлимизни «ишга солиб» «ҳар нарсани текшириб» кўришга ундаяпти. (Рим. 12:1; 1 Салон. 5:21) Хўш, фарзандингизга имонини мустаҳкамлашга қай йўсин ёрдам бера оласиз?

5. Қандай қилиб ота-она фарзандига Муқаддас Китобга ишонишга ёрдам бера олади? (Римликларга 12:2)

5 Фарзандингизни Муқаддас Китобда ёзилганлар ҳақ эканини исботловчи далиллар топишга унданг. (Римликларга 12:2 ни ўқинг.) Болангиз саволлар берганида, бу имкониятдан фойдаланиб турли тилларда чиққан «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ва «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма» каби асбоблар ёрдамида саволларига қандай жавоб топишни кўрсатинг. Масалан, «Изланиш олиб бориш учун қўлланма»да «Муқаддас Китоб» мавзуси остида «Худо томонидан илҳомлантирилган» номли сарлавҳа келтирилган. У ердан болангиз Муқаддас Китоб шунчаки одамлар томонидан ёзилган яхши китоб эмас, балки Аллоҳ Каломи эканини тасдиқловчи далилларни топади. (1 Салон. 2:13) Болангиз қадимги Оссуриянинг Ниневия шаҳри тўғрисида изланиш олиб бориши мумкин. Олдинлари Муқаддас Китобнинг айрим танқидчилари Ниневия шаҳри ҳеч қачон бўлмаган, деб таъкидлаган. Аммо 1850 йилларга келиб, мутахассислар ер остидан қадимги Ниневия шаҳрини топди ва бу Муқаддас Китобдаги баёнот ҳақ эканини исботлади. (Заф. 2:13–15) Ниневия шаҳрининг вайрон бўлиши орқали қандай қилиб Муқаддас Китобдаги башорат амалга ошгани тўғрисида маълумот олиш учун, эҳтимол, фарзандингиз «Қўриқчи минораси»нинг 2021 йил ноябрь сонидаги «Биласизми?» мақоласини ўқиши мумкин. У адабиётларимиздан билиб олаётганларини энциклопедия ва бошқа ҳурматга сазовор манбалардан билиб олаётганлари билан солиштириб, Муқаддас Китобда ёзилганларга бўлган ишончини мустаҳкамлай олади.

6. Қай йўсин ота-она боласига фикрлаш қобилиятини шакллантиришга кўмаклаша олади? (Расмга ҳам қаранг.)

6 Фарзандингизнинг фикрлаш қобилиятини шакллантиринг. Ота-оналарда фарзандлари билан Муқаддас Китоб ёки Худога бўлган ишонч борасида суҳбат қуриш учун турли имкониятлар бор. Музей, ботаника боғи ёки Яҳова Шоҳидларининг филиалидаги кўргазмага борган пайтда бундай имконият туғилиши мумкин. Мисол учун, музейга жонли ёки онлайн ташриф буюрганингизда, фарзандингизнинг диққатини Муқаддас Китоб аниқ эканига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун тарихий воқеаларга ёки артифактларга қаратишингиз мумкин. Фарзандингиз 3 000 йиллик тарихга эга Мўаб ёдгорлик тошида Худонинг исми ёзилганини биладими? Бу тошнинг асл нусхаси Париждаги Лувр музейида сақланади. Шунингдек, Уорвикдаги (Нью-Йорк) Яҳова Шоҳидларининг халқаро бош идорасида ўтказилаётган «Муқаддас Китоб ва илоҳий исм» номли кўргазмада Мўаб ёдгорлик тошининг нусхаси бор. Бу тошда ёзилишича, Мўаб шоҳи Меша Исроилликларга қарши чиққан. Бу Муқаддас Китобда ёзилганлар билан ҳамоҳангдир. (4 Шоҳ. 3:4, 5) Фарзандингиз Муқаддас Китобда тўғри ва аниқ маълумотлар келтирилганини ўз кўзлари билан кўрса, унинг имони янада мустаҳкам бўлади. (2 Солномалар 9:6 ни солиштиринг.)

Музейдаги нарсаларга диққат қаратиш орқали болангизнинг фикрлаш қобилиятини шакллантира оласизми? (6-хатбошига қаранг.)


7, 8. а) Табиатдаги ижодлар қандай яратилганидан ва уларнинг гўзаллигидан нималарни ўрганамиз? Мисол келтиринг. (Расмга ҳам қаранг.) б) Қайси саволлар ёрдамида фарзандингиз Яратувчига бўлган ишончини мустаҳкамлай олади?

7 Фарзандингизни табиат олами тўғрисида ўйлашга унданг. Табиат қўйнида ёки боғда сайр қилганингизда болангизнинг диққатини табиатдаги ижодларга қаратинг. Унга жуда ақлли Шахс уларни яратганини тушунишга ёрдам беринг. Масалан, табиатда кўп нарса спираль шаклда учрайди. Олимлар ўша спиралларни анчадан бери тадқиқ қилиб келмоқда. Биофизик Никола Фамелининг тушунтиришича, табиатдаги бирон нарсада учрайдиган спиралларнинг сонини санасангиз, муайян сонлар йиғиндисини кўрасиз. Бу Фибоначчи сони деб аталади. Спиралларни жуда кўп нарсаларда, масалан, айрим галактикаларнинг тузилишида, чиғаноқда, ўсимлик баргларида ва кунгабоқарнинг гулида кўриш мумкин a.

8 Мактабда фарзандингиз табиатда учрайдиган бошқа шакллар ҳақида ўрганиши мумкин. Мисол учун, ҳар бир қор парчаси бир хил такрорланган шаклдан иборат. Бу фрактал турдаги шакллар деб аталади. Фрактал шакллар табиатдаги бошқа нарсаларда ҳам учрайди. Бироқ бундай чиройли шаклларни ким яратган? Фарзандингиз бу каби саволлар устида қанча кўп мулоҳаза юритса, Худо барча нарсани яратгани борасидаги ишончи шунча мустаҳкамланиши мумкин. (Иброн. 3:4) Вақти келганда ундан шундай деб сўрашингиз мумкин: «Худо бизни яратган бўлса, сенингча, бахтли бўлишимиз учун нима қилишимиз кераклигини у ҳаммадан кўра яхшироқ билмайдими?» Кейин унга қай йўсин бахтли бўлишимиз мумкинлигини кўрсатиш учун У бизга Муқаддас Китобни берганини тушунтиринг.

NASA, ESA, and the Hubble Heritage (STScl/AURA)-ESA/Hubble Collaboration

Табиатдаги гўзал ижодлар ортида ким турибди? (7-, 8-хатбошиларига қаранг.)


БОЛАНГИЗГА КАЛОМДАГИ АХЛОҚИЙ МЕЪЁРЛАРНИ ҚАДРЛАШГА КЎМАКЛАШИНГ

9. Нима туфайли бола Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрлар борасида саволлар бериши мумкин?

9 Борди-ю, фарзандингиз Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрларнинг аҳамияти борасида саволлар берса, у нега бундай сўраётганини тушунишга ҳаракат қилинг. Болангиз чиндан ҳам Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрларга қўшилмаяптими? Ёки у шунчаки бошқалар билан гаплашганда, масиҳийларга хос қадриятларни қандай тушунтиришни билмаяптими? Сабаби қандай бўлмасин, «Ҳаётдан тоабад завқланинг» китобини тадқиқ қилиш орқали болангизга Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрларни қадрлашга ёрдам беринг b.

10. Қандай қилиб фарзандингизга Яҳова билан шахсий муносабатлари тўғрисида ўйлашга кўмаклаша оласиз?

10 Фарзандингизни Яҳова билан шахсий муносабатини қадрлашга унданг. Фарзандингиз билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилар экансиз, унинг фикрини билиш учун «Ҳаётдан тоабад завқланинг» китобидаги нуқтаи назарни билишга кўмаклашадиган саволлардан ҳамда расмлардан фойдаланинг. (Ҳик. 20:5) Мисол учун, 8-дарсда Яҳова ғамхўр дўст билан солиштирилган. Чунки Унинг эслатмалари бизни ҳимоялайди ва манфаатимиз учун хизмат қилади. 1 Юҳанно 5:3 ни муҳокама қилгач, болангиздан шундай сўрарсиз: «Яҳова яхши дўст экан, У бизга айтаётганларига қандай қарашимиз керак?» Бу оддий саволдек туюлар, лекин бу фарзандингизга Худонинг қонунлари ортидаги севгини кўришга ёрдам бериши мумкин. (Ишаё 48:17, 18)

11. Қай йўсин болангизга Муқаддас Китоб принципларини қадрлашга ёрдам бера оласиз? (Ҳикматлар 2:10, 11)

11 Муқаддас Китобдаги принципларни амалда қўллаш қандай фойда келтиришини муҳокама қилинг. Фарзандингиз билан Муқаддас Китоб ёки кунлик оятни бирга ўқиганингизда у ердаги принциплар оилангизга қандай фойда келтираётгани тўғрисида суҳбатлашинг. Мисол учун, болангиз тиришқоқ ва ҳалол бўлишнинг фойдасини кўряптими? (Иброн. 13:18) Қолаверса, Муқаддас Китобдаги принципларни амалда қўллаш бизни ҳам жисмонан, ҳам ҳиссан ҳимоялашига урғу беринг. (Ҳик. 14:29, 30) Бу каби принципларни муҳокама қилиш фарзандингизга, эҳтимол, илоҳий маслаҳатларни янада кўпроқ қадрлашга кўмаклашади. (Ҳикматлар 2:10, 11 ни ўқинг.)

12. Қандай қилиб бир ота ўғлига Муқаддас Китоб принципларини қадрлашга кўмаклашди?

12 Франциядаги Стив исмли ота хотини билан бирга ўсмир ўғли Итэнга Яҳованинг қонунлари ортидаги севгини кўришга қай йўсин ёрдам беришини айтиб шундай деди: «Биз ундан қуйидагига ўхшаш саволларни сўраймиз: “Яҳова нега бу маслаҳатга амал қилишимизни хоҳлайди? Бу принцип у бизни яхши кўришини қай йўсин кўрсатяпти? Агар бунга амал қилмасак нима бўлади?”» Шунга ўхшаш суҳбатлар Итэнга Яҳованинг ахлоқий меъёрлари бўйича яшашга ёрдам берди. Стив яна шундай деди: «Мақсадимиз ўғлимизга Муқаддас Китобдаги донолик инсоний доноликдан анча устун эканини тушунишга ёрдам беришдир».

13. Қай йўсин ота-она боласига Муқаддас Китоб принципларини қўллашга ёрдам бера олади? Мисол келтиринг.

13 Фарзандингизга Муқаддас Китобдаги принципларни амалда қўллашни ўргатинг. Болангизга мактабда бирон китобни ўқиш топшириғи берилганида, бунга имкон туғилади. Эҳтимол, ўша китобда ахлоқсизлик қиладиган ёки ғазабга бериладиган қаҳрамонлар тақлид қилишга арзигулик қилиб кўрсатилади. Балки болангизни ўша қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларини Муқаддас Китоб принциплари асосида таҳлил қилишга ундарсиз. (Ҳик. 22:24, 25; 1 Кор. 15:33; Филип. 4:8) Бу туфайли у ўша дарс муҳокама қилинганида устози ва синфдошларига яхши шоҳидлик беришга тайёрлана олади.

ФАРЗАНДИНГИЗНИ ЭЪТИҚОДИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ

14. Қайси мавзулар ёш масиҳийлар учун қийин бўлиши мумкин ва нега?

14 Ёш масиҳийларга эътиқодини ҳимоялаш учун баъзида қатъийлик етишмайди. Улар эволюция назарияси билан боғлиқ дарсга дуч келганда, қўрқувга берилиши ҳеч гап эмас. Нега деганда, уларнинг ўқитувчилари: «Эволюция бу ҳақиқат»,— деб ўргатиши мумкин. Агар ота ё она бўлсангиз, фарзандингизга эътиқодида маҳкам туришга қай йўсин ёрдам бера оласиз?

15. Ёш масиҳийга эътиқодида қатъийроқ туришга нима ёрдам беради?

15 Болангизга ишончини янада мустаҳкамлашга ёрдам беринг. Фарзандингиз Яратувчи борлигига ишонгани учун уялиши керак эмас. (2 Тим. 1:8) Сабаби кўпгина олимлар ҳам ҳаёт бирданига ёки ўз-ўзидан пайдо бўлмаганини тушунади. Улар бундай мураккаб тирик мавжудотларни яратиш учун онгли шахс керак бўлганининг яққол исботини кўрмоқда. Натижада улар дунё бўйлаб мактабларда кенг тарқалган эволюция назариясини қабул қилмайди. Бундан ташқари, болангиз бошқа биродару опа-сингилларимизни ҳаёт яратилганига нима ишонтиргани тўғрисида билиб олиш орқали ўз эътиқодини мустаҳкамлаб, жасоратли бўла олади c.

16. Қай йўсин ота-она фарзандига Яратувчига бўлган ишончини ҳимоялашга ёрдам бера олади? (1 Бутрус 3:15) (Расмга ҳам қаранг.)

16 Фарзандингизни Яратувчига бўлган ишончини ҳимоялашга тайёрланг. (1 Бутрус 3:15 ни ўқинг.) Масалан, jw.org сайтидаги яратилиш ва эволюция билан боғлиқ мақолаларни кўриб чиқсангиз бўлади. Кейин фарзандингиз бошқаларга Яратувчи борлигини тушунтиришга ёрдам берадиган бирон фикрни танлаши мумкин. Уни қандай айтишни фарзандингиз билан бирга машқ қилинг. Болангизга синфдошлари билан баҳслашмаслиги кераклигини эслатинг. Агар кимдир бу мавзу ҳақида суҳбатлашиш истаги борлигини билдирса, фарзандингизни буни оддий ва мантиқий тартибда тушунтиришга унданг. Мисол учун, синфдоши шундай дейиши мумкин: «Мен фақат кўрганларимга ишонаман, Худони эса ҳеч ҳам кўрмаганман». Ёш масиҳий эса қуйидагича жавоб берар: «Тасаввур қил, сен одам қадами етмаган ўрмон оралаб кетяпсан ва олдингдан тошдан ясалган қудуқ чиқди. Сен нима деб ўйлайсан: бу қудуқнинг борлиги уни кимдир ясаганидан далолат берса, бутун коинотнинг мавжудлиги ҳақида нима деса бўлади?»

Мактабдошингиз билан гаплашганда, мантиқни ва фикрлаш қобилиятини ишга солинг (16-, 17-хатбошиларига қаранг.) d


17. Қандай қилиб ота-она боласини Каломдаги ҳақиқатларни бўлишиш имконини излашга ундай олади? Мисол келтиринг.

17 Фарзандингизни Каломдаги ҳақиқатларни бошқалар билан бўлишиш имконини излашга унданг. (Рим. 10:10) Болангиз эътиқоди тўғрисида бошқалар билан гаплашишини мусиқа асбобини ўрганиш билан солиштириш мумкин. Аввалига ўқувчи оддийгина мусиқаларни ўйнайди. Вақт ўтиб, мусиқа асбобида ўйнаш осонроқ бўлади. Шунга ўхшаб ёш масиҳий аввалига оддий йўллар орқали суҳбат бошлаши мумкин. Масалан, у мактабдошига шундай саволлар берар: «Инженерлар кўпинча табиатда бор нарсалардан нусха кўчиришини билармидинг? Сенга битта зўр видео кўрсатайми?» «Тасодифми ёки ижод маҳсулими?» туркумидаги видеони кўрсатгач, у шундай дер: «Агар табиатда бор нарсалардан нусха кўчирган тадқиқотчилар шарафга лойиқ бўлса, асл нусхани яратган Шахс ҳақида нима деса бўлади?» Бу каби оддийгина йўл орқали суҳбат бошлаш кишининг қизиқишини уйғотиши ва уни кўпроқ билиб олишга ундаши мумкин.

ФАРЗАНДИНГИЗГА ИМОНИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ЁРДАМ БЕРИШДАН ТЎХТАМАНГ

18. Қай йўсин ота-она боласига Худога бўлган ишончини мустаҳкамлашда давом этишга кўмаклаша олади?

18 Биз аксарият одамлар Яҳовага ишонмайдиган дунёда яшаяпмиз. (2 Бутр. 3:3) Шундай экан, азиз ота-оналар, фарзандингиз билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилар экансиз, уни Худонинг Каломига ва ундаги ахлоқий меъёрларга бўлган ҳурматини оширадиган мавзуларни ўрганишга унданг. Яҳова ижодларининг ажойиб қирраларига диққат қаратиб, фикрлаш қобилиятини ривожлантиринг. Бундан ташқари, фарзандингизга Каломдаги амалга ошган ҳайратланарли башоратларни тушунишга кўмаклашинг. Асосийси болангиз билан ва болангиз учун ибодат қилинг. Бундай йўл тутганингизда, шунга амин бўлингки, Яҳова фарзандингизнинг имонини мустаҳкамлаш йўлида қилган ҳаракатларингизни мукофотлайди. (2 Сол. 15:7)

133-ҚЎШИҚ Яҳовага ёшликдан хизмат қилинг

a Кўпроқ маълумот олиш учун jw.org сайтида турли тилларда чиққан «Худонинг ижодлари Унинг улуғворлигини аён қилар» номли видеони томоша қилинг.

b Агар болангиз билан «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобини тадқиқ қилишни тугатган бўлсангиз, балки 3- ва 4-бўлимлардаги баъзи дарсларни такрорларсиз. У ерда Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрлар муҳокама қилинган.

c «Уйғонинг!» журналининг 2006 йил сентябрь (рус) сонидаги «Нега Яратувчига ишонамиз?» номли мақолани ва «Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» (рус) рисоласини ўқинг. Қўшимча мисоллар учун jw.org сайтидаги «Ҳаётнинг келиб чиқиши борасидаги фикрлар» туркумидаги видеоларни томоша қилинг.

d РАСМГА ШАРҲ. Ёш масиҳий дронлар билан қизиқадиган мактабдошига «Тасодифми ёки ижод маҳсулими?» туркумидаги видеони кўрсатяпти.