Ўқувчиларнинг саволлари
1 Тимўтийга 5:21 да тилга олинган «танланган фаришталар» кимларни билдиради?
Ҳаворий Павлус у каби оқсоқол бўлган Тимўтийга қуйидаги сўзларни ёзган: «Аллоҳ, Исо Масиҳ ва танланган фаришталар олдида сенга жиддийлик билан буюраман: қарор чиқаришдан аввал, барча нарсага холисона ва тарафкашлик қилмай ёндашиб, ушбу кўрсатмаларга амал қил». (1 Тим. 5:21)
Бу фаришталар ким эканини билиш учун аввалига мазкур фаришталар гуруҳига кимлар кира олмаслигини кўриб чиқамиз. Аниқки, улар 144 000 та мойланган орасидан эмас. Чунки Павлус Тимўтийга ёзган пайтда мойланганларнинг тирилиши ҳали бошланмаган эди. Ҳаворий Павлус ва бошқа мойланганлар ҳали руҳий шахсларга айланмаганди. Демак, «танланган фаришталар» уларга ишора қилмайди. (1 Кор. 15:50–54; 1 Салон. 4:13–17; 1 Юҳан. 3:2)
Қолаверса, улар Тўфондан олдин итоатсизлик қилган фаришталар ҳам бўла олмасди. Улар Шайтоннинг тарафини эгаллаб, жинларга айланган ва Исонинг душмани бўлган. (Ибт. 6:2; Луқо 8:30, 31; 2 Бутр. 2:4) Келажакда улар 1 000 йилга тубсизликка ташланади ва кейин Иблис билан бирга йўқ қилинади. (Яҳд. 6; Ваҳ. 20:1–3, 10)
Павлус «танланган фаришталар» деб, ўша оятда бирга тилга олинган Аллоҳ ва Исони қўллаб-қувватлаган фаришталарни назарда тутганга ўхшайди.
Минглаб садоқатли фаришталар бор. (Иброн. 12:22, 23) «Уларнинг ҳаммаси бир вақтда бир хил вазифани бажаради» деб ўйламаслигимиз керак. (Ваҳ. 14:17, 18) Эсингизда бўлса, биргина фариштага 185 000 та қуролланган оссурияликни йўқ қилиш вазифаси топширилган эди. (4 Шоҳ. 19:35) Исонинг «Шоҳлигидан бошқаларни гуноҳга етаклайдиган барча нарсани ва қонунбузарларни» тўплаш учун бир нечта фаришта тайинланган бўлиши мумкин. (Мат. 13:39–41) Бошқалари эса, эҳтимол, «Аллоҳ танлаган кишиларни [осмонга] йиғишади». (Мат. 24:31) Яна айримлари бизни барча йўлларимизда «қўриқлайди». (Заб. 91:11; Мат. 18:10; 4:11; Луқо 22:43)
1 Тимўтийга 5:21 да тилга олинган «танланган фаришталар»га жамоатларга ғамхўрлик қилиш топширилган бўлиши мумкин. Матн таркибига кўра, Павлус жамоатда ҳурматга лойиқ оқсоқолларга донолик ила маслаҳат берган. Оқсоқоллар вазифаларига «холисона ва тарафкашлик қилмай ёндашиб», қарор ёки ҳукм чиқарганда, шошмаслиги керак. Улар Павлуснинг маслаҳатига амал қилиши кераклигининг жиддий сабаби оқсоқоллар имондошларига «Аллоҳ, Исо Масиҳ ва танланган фаришталар олдида» хизмат қилади. Шундай экан, баъзи фаришталар жамоатларга ғамхўрлик қилиш, масалан, уни ҳимоялаш, ваъзгўйлик фаолиятини назорат қилиш ва Яҳовага ҳисобот бериш учун тайинланганининг ажабланарли жойи йўқ. (Мат. 18:10; Ваҳ. 14:6)