Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

47-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

103-ҚЎШИҚ Чўпонлар — Аллоҳ берган ҳадялар

Биродарлар, жамоат оқсоқоли бўлишга интиляпсизми?

Биродарлар, жамоат оқсоқоли бўлишга интиляпсизми?

Кимки нозир бўлишга интилса, у яхши ишни орзу қилган бўлади. (1 ТИМ. 3:1)

АСОСИЙ ФИКР

Бу мақолада биродар жамоат оқсоқоли сифатида хизмат қилиш учун Муқаддас Китобдаги қайси талабларга мос келиши кераклигини муҳокама қиламиз.

1, 2. Оқсоқол бажарадиган «яхши иш» нимани ўз ичига олади?

 АГАР муайян вақтдан бери жамоат хизматкори бўлиб ёрдам бераётган бўлсангиз, оқсоқол бўлиш ниятида талабларга мос келиш учун жон куйдираётгандирсиз. Бу «яхши иш»га интила оласизми? (1 Тим. 3:1)

2 Оқсоқол қайси вазифаларни бажаради? У ваъзгўйлик ишида бошчиликни ўз зиммасига олади. Чўпонлик ва таълим бериш ишида зўр бериб меҳнат қилади ҳамда сўзлари ва ишлари билан жамоатни мустаҳкамлайди. Муқаддас Китобда жонкуяр оқсоқоллар тўғрисида «ҳадя» деб бекорга айтилмаган. (Эфес. 4:8)

3. Қандай қилиб биродар оқсоқол бўлиш учун талабларга мос кела олади? (1 Тимўтийга 3:1–7; Титусга 1:5–9)

3 Оқсоқол бўлиш учун талабларга қай йўсин мос кела оласиз? Бу дунёвий ишга кириш учун талабларга мос келишдан фарқ қилади. Кўпинча иш берувчининг талабларига мос кела олсангиз, ишга кира оласиз. Бундан фарқли равишда, оқсоқол бўлишни истасангиз, сиздан ваъз қилиш ва таълим беришда маҳоратли бўлишдан кўпроғи кутилади. Сиз 1 Тимўтийга 3:1–7 гача ва Титусга 1:5–9 оятларда айтиб ўтилган талабларга мос келишингиз керак. (Ўқинг.) Бу мақолада қуйидаги учта соҳада оқсоқоллардан нима талаб қилинишини кўриб чиқамиз: жамоат ичида ва атрофдаги одамлар олдида яхши номга эга бўлиш, оила боши сифатида ўрнак кўрсатиш ва жамоатга тайёрлик ила хизмат қилиш.

ЯХШИ НОМГА ЭГА БЎЛИШ

4. «Беайб» бўлиш нимани англатади?

4 Оқсоқол сифатида талабларга мос келиш учун «беайб» бўлишингиз керак. Бу ўрнакли хулқ-атворингиз туфайли жамоатда яхши обрўга эга бўлишни англатади. Бундан ташқари, «атрофдаги одамлар олдида яхши номга» эга бўлишингиз лозим. Яҳовага хизмат қилмайдиганлар эътиқодингизни танқид қилар, аммо уларда ҳалоллигингизни ёки хулқ-атворингизни шубҳа остига қўйиш учун асос бўлмаслиги керак. (Дон. 6:4, 5) Ўзингизга: «Жамоатда ва атрофдаги одамлар олдида яхши номга эгаманми?» — деб савол беринг.

5. Қай йўсин «яхшиликни севадиган» бўла оласиз?

5 «Яхшиликни севадиган» бўлсангиз, бошқаларнинг ижобий томонларига диққат қаратасиз ва уларни яхши хислатлари учун мақтайсиз. Шунингдек, бошқаларга яхшилик қилишдан қувонч топасиз ва ҳатто кутилгандан ҳам ортиғини қилишга ҳаракат қиласиз. (1 Салон. 2:8) Нега бу фазилат оқсоқоллар учун шунчалик муҳим? Сабаби улар кўп қимматли вақтини жамоатга чўпонлик қилиш ва вазифаларини бажариш учун сарфлайди. (1 Бутр. 5:1–3) Лекин улар бу туфайли топадиган қувонч ҳар қандай фидойиликка арзийди. (Ҳавор. 20:35)

6. «Меҳмондўст» бўлишнинг айрим йўллари қандай? (Ибронийларга 13:2, 16; расмга ҳам қаранг.)

6 Бошқаларга, жумладан, унча яқин бўлмаган инсонларга ҳам яхшилик қилганингизда, «меҳмондўст» эканингизни кўрсатасиз. (1 Бутр. 4:9) Бир манбада меҳмондўст одам шундай тасвирланган: «Унинг уйи ва қалбининг эшиги бегоналар учун очиқ бўлиши керак». Ўзингиздан: «Жамоатга ташриф буюрганларни кутиб олишда қандай обрўга эгаман?» — деб сўранг. (Ибронийларга 13:2, 16 ни ўқинг.) Меҳмондўст одам ҳар қандай инсонга — шароити оғирларга, ташриф буюрган маърузачилар ва туман нозирлари каби имондошларга, далда бериш учун жон куйдираётган бошқаларга — меҳрибонлик кўрсатади. (Ибт. 18:2–8; Ҳик. 3:27; Луқо 14:13, 14; Ҳавор. 16:15; Рим. 12:13)

Меҳмондўст жуфтлик туман нозири ва унинг рафиқасини кутиб оляпти (6-хатбошига қаранг.)


7. Қай йўсин оқсоқол «пулпараст» эмаслигини кўрсата олади?

7 «Пулпараст эмас». Бу моддий нарсалар ҳаётингизда муҳим ўрин эгалламаслиги кераклигини англатади. Боймисиз ёки шароитингиз оғирми, Шоҳлик манфаатлари ҳаётингизда биринчи ўринда туриши лозим. (Мат. 6:33) Вақтингиз, кучингиз ва бошқа нарсаларингиздан Яҳовага топиниш, оилангизга ғамхўрлик қилиш ҳамда жамоатга хизмат қилишда фойдаланишингиз зарур. (Мат. 6:24; 1 Юҳан. 2:15–17) Ўзингиздан қуйидагиларни сўранг: «Пулга муносабатим қандай? Асосий нарсаларим билан қаноат қиламанми? Ёки диққатимни кўпроқ пул топишга ва моддий нарсаларга эга бўлишга қаратаманми?» (1 Тим. 6:6, 17–19)

8. «Ҳар нарсада меъёрини» билишнинг ва «ўзини тута биладиган» бўлишнинг айрим йўллари қандай?

8 Агар сиз «ҳар нарсада меъёрини биладиган» ва «ўзини тута биладиган» бўлсангиз, ҳаётнинг барча соҳасида мувозанатлисиз. Бу ҳаддан ташқари кўп овқатланиш, ичкилик ичиш, кийиниш, пардоз-андоз қилиш ва ўйин-кулги қилишдан қочишни ўз ичига олади. Сиз Яҳовага хизмат қилмайдиган инсонларнинг ноўрин ҳаёт тарзига тақлид қилмайсиз. (Луқо 21:34; Ёқб. 4:4) Кимдир жиғингизга тегса ҳам хотиржам қоласиз. Сиз «ичкиликбозлик... [қилмайсиз]» ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қиладиган киши сифатида ном чиқармайсиз. Ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Ҳаёт тарзим ҳар нарсада меъёрини биладиган ва ўзини тута биладиган инсон эканимни кўрсатяптими?»

9. «Мулоҳазакор» ва «тартибли» бўлиш нимани ўз ичига олади?

9 «Ақли расо» бўлсангиз, вазиятларни Муқаддас Китобдаги принциплар асосида диққат ила баҳолайсиз. Бу принциплар устида чуқур фикр юритганингиз туфайли мулоҳазакорлик ва фаҳм-фаросатга эга бўлгансиз. Хулоса чиқаришга шошилманг. Бунинг ўрнига барча далилларга эга эканингизга ишонч ҳосил қилинг. (Ҳик. 18:13) Бу туфайли мувозанат ила Яҳованинг фикрлаш тарзини акс эттирувчи қарорлар чиқара оласиз. «Тартибли» бўлсангиз, барча ишларингиз ташкиллаштирилган бўлади ва уларни вақтида бажарасиз. Ишончли йўл-йўриққа амал қиладиган инсон сифатида таниласиз. Бундай фазилатлар яхши номга эга бўлишингизга кўмаклашади. Энди эса, келинг, яхши оила боши бўлишда Муқаддас Китобдаги талабларга қай йўсин мос келишни кўриб чиқамиз.

ОИЛА БОШИ СИФАТИДА ЯХШИ ЎРНАК КЎРСАТИНГ

10. Қай йўсин эркак киши «уйидагиларини яхши бошқара» олади?

10 Агар эр бўлсангиз ва оқсоқоллар учун талабларга мос келишни истасангиз, оилангиз ҳам яхши номга эга бўлиши керак. Демак, сиз уйдагиларни «яхши бошқара оладиган» бўлишингиз лозим. Бу меҳрибон ва масъулиятли оила боши бўлишни англатади. Оилавий топиниш ўтказасиз, оилангиз жамоат йиғилишларига қатнашига ғамхўрлик қиласиз ва қўлдан келганча хизмат қилишига ёрдам берасиз. Ҳаворий Павлус: «Ахир одам уйдагиларини бошқаришни билмаса, унда Худонинг жамоатига қандай ғамхўрлик қила олади?» — деб айтган. (1 Тим. 3:5)

11, 12. Биродарнинг оила аъзолари қандай номга эга экани у талабларга мос келиш-келмаслигига таъсир қиладими? (Расмга ҳам қаранг.)

11 Ота бўлсангиз, фарзандларингиз «бўйсунувчан ва яхши тарбия кўрган» бўлиши лозим. Уларга севги ила таълим-тарбия беришингиз керак. Албатта, барча болалар сингари улар ўйнаб-кулади, аммо яхши тарбиянгиз туфайли улар итоатли, бошқаларни ҳурмат қиладиган ва яхши хулқ-атворли бўлади. Қолаверса, фарзандларингизга Яҳова билан дўст бўлишга, Муқаддас Китоб принциплари бўйича яшашга ва сувга чўмиш мақсадига эришишга ёрдам бериш учун жон куйдиришингиз керак.

12 Болалари эса «имонли бўлиб, ахлоқсизлик ва итоатсизлик гуноҳидан холи бўлсин». Агар масиҳий бўлган бола жиддий гуноҳга қўл урса, бу отасига қандай таъсир қилади? Агар ота ўргатишда ва таълим-тарбия беришда бепарволик қилган бўлса, эҳтимол, у оқсоқол сифатида хизмат қилиш учун талабларга мос келмас. («Қўриқчи минораси»нинг 1996 йил 15 октябрь (рус) сонининг 21-саҳифасидаги 6-, 7-хатбошиларига қаранг.)

Оила бошилари фарзандлари билан бирга турли йўллар орқали муқаддас хизматда қатнашиб уларга таълим-тарбия беряпти (11-хатбошига қаранг.)


ЖАМОАТГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ

13. «Мулоҳазали бўлиб, уришқоқ» эмаслигингизни қай йўсин кўрсата оласиз?

13 Масиҳийларга хос гўзал фазилатларни намоён этадиган биродарлар жамоат учун улкан ёрдамдир. «Мулоҳазакор» одам тинчлик пайида бўлади. Мулоҳазакор инсон сифатида танилишни истасангиз, бошқаларни тингланг ва уларнинг фикрларини тушунишга ҳаракат қилинг. Йиғилишда агар Муқаддас Китобдаги қонун ёки принцип бузилмаётган бўлса, аксарият одамнинг қарорини қўллаб-қувватлашга тайёрмисиз? «Ўзбошимча» бўлмаслик ўзингизнинг фикрингизда туриб олмасликни билдиради. Аксинча, бошқаларнинг фикрини тинглаш муҳим эканини тушунасиз. (Ибт. 13:8, 9; Ҳик. 15:22) Сиз «уришқоқ» ёки «жаҳли тез» эмассиз. Қаттиққўл ёки муросасиз эмас, балки меҳрибон ва мулойимсиз. Тинчликсевар инсон сифатида ҳатто таранг вазиятларда ҳам тинчлик ўрнатиш учун ташаббус кўрсатасиз. (Ёқб. 3:17, 18) Меҳрга тўла сўзларингиз вазиятни, жумладан, қаршилик қилаётган одамларнинг муносабатини юмшатади. (Ҳак. 8:1–3; Ҳик. 20:3; 25:15; Мат. 5:23, 24)

14. «Яқинда имонга кирган бўлмасин» ва Аллоҳга «садоқатли» бўлсин дегани нимани англатади?

14 Оқсоқол сифатида хизмат қилиш учун талабларга мос келадиган биродар «яқинда имонга кирган» бўлмаслиги керак. Шу билан бирга анча йиллар олдин сувга чўмган бўлишингиз шарт эмас. Асосийси, етук масиҳий бўлиш учун вақт керак. Оқсоқол этиб тайинланишингиздан аввал қандайдир вазифани олишда Исо каби камтарин бўлиб, Яҳовани бажонидил кутишингиз керак. (Мат. 20:23; Филип. 2:5–8) Аллоҳга «садоқатли» эканингизни Унинг адолатли меъёрлари бўйича яшаш ва ташкилоти орқали бераётган йўл-йўриқларига амал қилиш орқали кўрсата оласиз. (1 Тим. 4:15)

15. Оқсоқол зўр нотиқ бўлиши керакми? Тушунтиринг.

15 Муқаддас Ёзувларда нозирлар «таълим беришга қобилиятли» бўлиши кераклиги айтилган. Хўш, бу зўр маърузачи бўлишингиз кераклигини билдирадими? Йўқ. Ҳамма оқсоқоллар ҳам зўр маърузачи эмас, аммо улар ваъзгўйликда ва далдали ташрифларда биродару опа-сингилларига Муқаддас Китоб асосида таълим ва далда бера олиши керак. Шунга қарамай, таълим бера олиш маҳорати устида доим ишлашингиз лозим. Қай йўсин бу соҳада яхшилана оласиз?

16. Қандай қилиб самарали таълим бера оласиз? (Расмга ҳам қаранг.)

16 «Ҳақиқат каломига қаттиқ риоя қиладиган». Таълим бериш ишида самаралироқ бўлишни истасангиз, ўргатаётганларингиз ва бераётган маслаҳатларингиз Худонинг Каломига мувофиқ бўлиши лозим. Бунинг учун Муқаддас Китобни ва адабиётларимизни яхшилаб тадқиқ қилишингиз керак. (Ҳик. 15:28; 16:23; Титус. 1:9) Тадқиқ қилар экансиз, Муқаддас Ёзувлар қандай тушунтирилганига эътибор беринг. Бундай қилиб уларни тўғри қўллай оласиз. Таълим бераётганда сизни тинглаётганларнинг қалбларини забт этишга жон куйдиринг. Тажрибали оқсоқоллардан маслаҳат сўраб, уларга амал қилсангиз, таълим бериш қобилиятингизни яхшилай оласиз. (1 Тим. 5:17) Оқсоқоллар биродару опа-сингилларга «далда бера» олишлари керак. Аммо улар баъзида маслаҳат, ҳатто «танбеҳ бера» олишлари лозим. Иккала вазиятда ҳам буни меҳр ила қилишлари зарур. Агар меҳрибон ва севгига бой бўлсангиз ҳамда Худонинг Каломи асосида таълим берсангиз, самарали бўласиз. Чунки бу билан буюк устозимиз Исога тақлид қиласиз. (Мат. 11:28–30; 2 Тим. 2:24)

Жамоат хизматкори тажрибали оқсоқол билан бўлганида, фурсатдан фойдаланиб, Муқаддас Китобдан қандай таълим бериш кераклигини ўрганяпти. Шунингдек, ўша хизматкор кўзгу олдида нутқини машқ қиляпти (16-хатбошига қаранг.)


ИНТИЛИШДАН ТЎХТАМАНГ

17. а) Жамоат хизматкорларига интилишда давом этишга нима кўмаклашади? б) Оқсоқоллар биродарни оқсоқол сифатида хизмат қилишга тавсия этишдан олдин нимани унутмаслиги керак? (« Бошқаларни баҳолаганингизда мулоҳазакор бўлинг» номли рамкага қаранг.)

17 Оқсоқол сифатида хизмат қилиш учун талабларни кўриб чиққач, баъзи жамоат хизматкорлари «Мен ҳеч қачон бу талабларга мос кела олмайман» деб ўйлар. Лекин унутманг, на Яҳова, на Унинг ташкилоти сиз бу фазилатларни мукаммал даражада намоён этишингизни кутади. (1 Бутр. 2:21) Қолаверса, Яҳованинг қудратли руҳи ёрдамида мазкур фазилатларни ривожлантира оласиз. (Филип. 2:13) Хўш, қайсидир фазилат устида ишламоқчимисиз? Бу ҳақда Яҳовага ибодат қилинг. Изланиш ўтказинг ва қай йўсин яхшиланиш борасида бирон оқсоқолдан маслаҳат сўранг.

18. Барча жамоат хизматкорлари нима қилишга интилиши керак?

18 Барчамиз, жумладан, анчадан бери оқсоқол бўлиб хизмат қилаётганлар бу мақолада муҳокама қилинган фазилатларни ривожлантиришда давом этайлик. (Филип. 3:16) Сиз жамоат хизматкоримисиз? Унда имондошларингизга кўпроқ ёрдам бера олиш учун мақсад қўйинг. Яҳовадан Унга кўпроқ хизмат қилиш ва жамоатга кўпроқ фойдангиз тегиши учун сизга таълим беришини ва шакллантиришини сўранг. (Ишаё 64:8) Оқсоқол сифатида хизмат қилиш учун қилаётган ҳаракатларингизга Яҳова барака ёғдирсин!

101-ҚЎШИҚ Баҳамжиҳат хизмат қилайлик