Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

46-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

49-ҚЎШИҚ Яҳованинг қалбини қувонтирайлик.

Биродарлар, жамоат хизматкори бўлишга интиляпсизми?

Биродарлар, жамоат хизматкори бўлишга интиляпсизми?

Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта. (ҲАВОР. 20:35)

АСОСИЙ ФИКР

Сувга чўмган биродарларни жамоат хизматкори бўлишга интилишга ва бу учун талабларга мос келишга ундаш.

1. Ҳаворий Павлус жамоат хизматкорларига нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлган?

 ЖАМОАТ хизматкорлари жамоатда муҳим вазифаларни бажаради. Шубҳасизки, ҳаворий Павлус бу садоқатли кишилар учун миннатдор бўлган. Масалан, у Филиппидаги масиҳийларга ёзганида оқсоқоллар билан бирга жамоат хизматкорларига ҳам алоҳида эътибор қаратган. (Филип. 1:1)

2. Луис исмли биродар вазифаси ҳақида қандай фикрда?

2 Ёш ё кекса бўладими, кўплаб сувга чўмган биродарлар жамоат хизматкори бўлишдан улкан қувонч топади. Мисол учун, Девен 18 ёшида, Луис исмли биродар эса 50 ёшдан ошганида бу вазифага тайинланган. Биродаримиз Луиснинг қуйидаги сўзлари жамоат хизматкорларининг кўпига таниш бўлса керак: «Айниқса жамоатдагиларнинг менга кўрсатган севгиси тўғрисида ўйлаганимда, жамоат хизматкори вазифасини бажаришни шараф деб биламан».

3. Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 Сувга чўмган биродарсиз-у, лекин ҳали жамоат хизматкори эмассиз. Хўш, буни ўзингиз учун мақсад қила оласизми? Бунга сизни нима ундаши керак? Жамоат хизматкори бўлишингиз учун Муқаддас Китобда қандай талаблар бор? Мазкур мақолада ушбу саволларнинг жавобларини кўриб чиқамиз. Аввалига, келинг, жамоат хизматкорининг вазифаси нимадан иборат эканини билиб олайлик.

ЖАМОАТ ХИЗМАТКОРЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИГА НИМАЛАР КИРАДИ?

4. Жамоат хизматкорининг вазифаси нимадан иборат? (Расмга ҳам қаранг.)

4 Сувга чўмган биродар муқаддас руҳ томонидан жамоат хизматкори этиб тайинланади. Улар оқсоқолларга жамоатда амалий вазифаларни бажаришда ёрдам беради. Баъзи жамоат хизматкорлари ваъзгўйларда хизмат учун ҳудуд ва етарлича адабиёт бўлишига ғамхўрлик қилади. Бошқалари эса Йиғилиш залларини тозалашда ва таъмирлашда кўмаклашади. Бундан ташқари, улар жамоат учрашувларида ёрдамчилар сифатида хизмат қилади ҳамда аудио-видео учун жавобгар бўлади. Буларнинг бари амалий ёрдамдир. Аммо биринчи навбатда улар маънан етук биродарлардир. Улар Яҳовани севади ва Унинг адолатли меъёрлари бўйича яшайди. Қолаверса, бу биродарлар имондошларини қаттиқ яхши кўради. (Мат. 22:37–39) Хўш, қай йўсин сувга чўмган биродар жамоат хизматкори бўлишга интила олади?

Жамоат хизматкорлари бошқаларнинг эҳтиёжларига тайёрлик ила ғамхўрлик қилиб Исога тақлид қилади (4-хатбошига қаранг.)


5. Биродар жамоат хизматкори бўлиш учун нима қилиши керак?

5 Муқаддас Китобда биродар жамоат хизматкори этиб тайинланиши учун қайси талабларга мос келиши кераклиги ёзилган. (1 Тим. 3:8–10, 12, 13) Агар жамоат хизматкори сифатида бошқаларга ёрдам беришни истасангиз, бу талабларни имкон борича пухта ўрганиб чиқинг ва уларни ривожлантиришга қаттиқ бел боғланг. Аммо аввалига бу вазифага қайси ниятда эришмоқчи эканингизга диққат қаратишингиз керак.

НЕГА ЖАМОАТ ХИЗМАТКОРИ БЎЛМОҚЧИСИЗ?

6. Имондошларингизга хизмат қилишга сизни нима ундаши керак? (Матто 20:28; расмга ҳам қаранг.)

6 Биз учун энг аъло ўрнак бўлган Исонинг мисолига диққат қаратайлик. У нимаики қилмасин, Отаси ҳамда одамларни севгани учун қилган. Бу севги уни қаттиқ меҳнат қилишга ҳамда бошқалар ўзига эп кўрмаган ишларни қилишга ундаган. (Матто 20:28 ни ўқинг; Юҳан. 13:5, 14, 15) Сизни ҳам севги ундаётган бўлса, Яҳова сизга барака беради ва жамоат хизматкори бўлиш учун талабларга мос келишингизга кўмаклашади. (1 Кор. 16:14; 1 Бутр. 5:5)

Исо ўз ўрнаги билан ҳаворийларига муҳим ўринга эга бўлишни эмас, балки камтаринлик ила бошқаларга хизмат қилиш кераклигини ўргатган. (6-хатбошига қаранг.)


7. Нега биродар худбин ниятдан йироқ бўлиши керак?

7 Дунёда ўзини кўз-кўз қиладиганларни кўпинча яхши кўришади. Аммо Яҳованинг ташкилотида бундай эмас. Агар биродар Исо каби одамларни севса, бошқаларнинг устидан ҳокимлик қилишни ёки ўзини муҳим инсондай кўрсатишни истамайди. Борди-ю, шуҳратпараст инсон жамоатда бирон вазифага тайинланса, у Яҳованинг азиз қўйларига ғамхўрлик қилиш учун бошқаларнинг назарида аҳамиятсиздай бўлган ишларни қилишдан бош тортиши мумкин. Эҳтимол, у бу каби вазифаларни бажаришдан ор қилар. (Юҳан. 10:12) Мағрур ёки худбин одамнинг ҳаракатларига Яҳова барака бермайди. (1 Кор. 10:24, 33; 13:4, 5)

8. Исо ҳаворийларига қандай маслаҳат берган?

8 Ҳатто баъзан Исонинг яқин дўстлари ҳам муайян вазифани олишни истаган, аммо уларнинг нияти нотўғри бўлган. Ёқуб ва Юҳанно нима қилгани ҳақида ўйлаб кўринг. Улар Исодан унинг Шоҳлигида ўзгача ўринга эга бўлишни сўраган. Исо уларни бу мақсади учун мақтамаган. Аксинча, 12 та ҳаворийсига шундай деб тушунтирган: «Орангизда ким буюк бўлишни истаса, сизларга хизматкор бўлсин. Орангизда ким биринчи бўлишни хоҳласа, сизларга қул бўлсин». (Марк 10:35–37, 43, 44) Тўғри ниятда, яъни бошқаларга хизмат қилиш мақсадида бу вазифага интилган биродарлар жамоат учун барака бўлади. (1 Салон. 2:8)

ЖАМОАТ ХИЗМАТКОРИ БЎЛИШ ИСТАГИНГИЗНИ НИМА КУЧАЙТИРА ОЛАДИ?

9. Жамоат хизматкори бўлиш истагингизни нима кучайтира олади?

9 Шубҳасизки, Яҳовани севасиз ва бошқаларга хизмат қилишни истайсиз. Шундай бўлса-да, жамоат хизматкори бажарадиган қўшимча ишлар туфайли бу вазифага тайинланишни унча хоҳламассиз. Хўш, жамоат хизматкори бўлиш истагингизни нима кучайтира олади? Масалан, биродару опа-сингилларингизга хизмат қилиш туфайли ҳис этадиган қувонч ҳақида ўйлаб кўрарсиз. Исо: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деб айтган. (Ҳавор. 20:35) Унинг ўзи мана шу принцип асосида яшаган. У бошқаларга хизмат қилиб чинакам қувончни топган. Сиз ҳам буни ҳис қила оласиз.

10. Исо бошқаларга хизмат қилишдан бахтиёр эканини қандай кўрсатган? (Марк 6:31–34)

10 Исо бошқаларга хизмат қилишдан хурсанд бўлганини кўрсатувчи мисолга эътибор беринг. (Марк 6:31–34 ни ўқинг.) Бир сафар Исо ва унинг ҳаворийлари чарчаган эди. Улар бироз дам олиш учун хилват жойга кетаётганди. Аммо халойиқ Исодан таълим олиш умидида ўша ерга улардан аввал етиб борганди. Исо уларга «Йўқ» дейиши мумкин эди. Ахир Исо ва ҳаворийларнинг «овқатланишга ҳам вақти» бўлмаганди. Ёки Исо бир-иккита ҳақиқат билан бўлишиб уларни жўнатиб юбориши мумкин эди. Аммо уни севги ундагани туфайли Исо «уларга кўп нарсаларни ўргата бошлади». (Марк 6:35) Исо буларни мажбурлигидан эмас, балки уларга ачингани учун қилган. У одамларни севгани туфайли уларга таълим беришни истаган. Бошқаларга хизмат қилиш Исога улкан қувонч бахш этган.

11. Исо одамларга қай йўсин амалий ёрдам берган? (Расмга ҳам қаранг.)

11 Исо халойиққа хизмат қилганида уларга таълим беришдан кўпроғини бажарган. У, шунингдек, уларнинг жисмоний эҳтиёжларига ғамхўрлик қилган. Исо мўъжизавий тарзда егуликни кўпайтирган ва шогирдларидан уларни тарқатиб чиқишни сўраган. (Марк 6:41) Шу йўсин у шогирдларига бошқаларга хизмат қилишни ўргатган. Бундан ташқари, Исо жамоат хизматкорлари бажариши мумкин бўлган амалий хизматлар муҳим эканини кўрсатган. Исо «ҳамма еб тўй»гунча егулик тақдим этиб мўъжиза яратганида, ҳаворийлар у билан ҳамкорлик қилишдан қанчалик қувонганини бир тасаввур қилинг. (Марк 6:42) Албатта, бу Исо бошқаларнинг манфаатини ўзиникидан устун қўйган ягона вазият эмас. У ер юзидаги бутун ҳаёти давомида бошқаларга хизмат қилган. (Мат. 4:23; 8:16) Исо одамларга таълим бериш ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун аҳамиятсиздай туюлган ишларни бажаришдан қувонч ва мамнуният ҳис этган. Сиз ҳам бошқаларга хизмат қилишга тайёр бўлсангиз, кўп қувонч топасиз.

Яҳовага бўлган севги ва бошқаларга хизмат қилиш истаги сизни жамоатда ҳар қандай вазифани бажаришга ундайди (11-хатбошига қаранг.) a


12. Нега «Жамоатдагиларга фойда келтирадиган қобилиятларим йўқ» деб ўйламаслигингиз керак?

12 Агар «Ўзгача қобилиятга эга эмасман» деб ўйлаётган бўлсангиз, тушкунликка тушманг. Жамоатга фойда келтирадиган фазилатларга эга эканингиз шубҳасиз. 1 Коринфликларга 12:12–30 да Павлус нима деганига эътибор қаратинг. Кейин ибодатда Яҳовадан бу сизга қандай тегишли эканини кўришингизга ёрдам беришини сўранг. Павлуснинг сўзларидан кўриняптики, сиз ҳам Яҳованинг бошқа хизматчилари сингари жамоатда керакли ва қадрли ўрнингиз бор. Агар айни пайтда жамоат хизматкори бўлиш учун талабларга мос келмаётган бўлсангиз, таслим бўлманг. Аксинча, Яҳовага хизмат қилиш ва биродарларингизга ёрдам бериш учун қўлингиздан келганини қилинг. Оқсоқоллар сизга вазифа топшираётганда қобилиятларингизни инобатга олишига ишончингиз комил бўлсин. (Рим. 12:4–8)

13. Биродарлар мос келиши керак бўлган талабларнинг аксарияти яна кимларга тегишли?

13 Жамоат хизматкори бўлиш талабларига мос келишингиз кераклигининг яна бир сабабига диққат қаратинг. Аслида, кўпгина талаблар барча масиҳийларга тегишли. Масалан, Яҳованинг барча хизматчилари Унга яқинлашиши, бериш бахтиёрлигини ҳис қилиши ва масиҳий сифатида тўғри ҳаёт кечириши лозим. Хўш, биродар бу мақсадга эришиш учун айнан нима қилиши керак?

ҚАЙ ЙЎСИН ТАЛАБЛАРГА МОС КЕЛА ОЛАСИЗ?

14. «Жиддий» бўлиш нимани англатади? (1 Тимўтийга 3:8–10, 12)

14 Келинг, 1 Тимўтийга 3:8–10, 12 да келтирилган талабларнинг айримларини кўриб чиқайлик. (Ўқинг.) Жамоат хизматкори «жиддий» бўлиши керак. Бу ибора «ҳурматга лойиқ» ёки «қадри баланд» деб ҳам ўгирилиши мумкин. Албатта, бу ҳеч қачон кулишингиз ёки ҳазил қилишингиз мумкин эмаслигини англатмайди. (Воиз 3:1, 4) Лекин барча масъулиятларингизга жиддий ёндашишингиз лозим. Агар ишончли ва панд бермайдиган инсон сифатида ном орттирсангиз, жамоатнинг ҳурматини қозонасиз.

15. «Иккиюзламачи эмас» ва «ҳаром йўл билан фойда кўришга интилмайдиган» дегани нимани англатади?

15 «Иккиюзламачи эмас» дегани самимий, ростгўй, ҳалол ва ишончли бўлишни билдиради. (Ҳик. 3:32) «Ҳаром йўл билан фойда кўришга интилмайдиган» дегани иш ва пул билан боғлиқ масалаларда ҳалол бўлишни англатади. Бундай одам пул топиш мақсадида жамоатдаги имондошлари билан бўлган яқин муносабатларидан фойдаланмайди.

16. a) «Шаробга ружу қўймайдиган» деганда, нима назарда тутилади? б) «Тоза виждон»га эга бўлиш нимани англатади?

16 «Шаробга ружу қўймайдиган» дегани спиртли ичимликларни суиистеъмол қилмасликни ёки кўп ичадиган инсон деган номга эга бўлмасликни билдиради. «Тоза виждонга» эга бўлиш эса Яҳованинг меъёрлари бўйича яшашни англатади. Мукаммал бўлмасангизда Яҳова билан яхши муносабатларга эга бўлганингиз туфайли ички хотиржамликни ҳис қиласиз.

17. Биродарнинг «яроқлилиги» синалганида, у ишончли эканини қай йўсин кўрсата олади? (1 Тимўтийга 3:10; расмга ҳам қаранг.)

17 «Яроқлилиги синалсин» деган ибора сизга бирон вазифани ишониб топшириш мумкинлигини кўрсатганингизни англатади. Шундай экан, оқсоқоллар бирон вазифа беришганида уларнинг ва ташкилотнинг йўл-йўриқларига диққат ила амал қилинг. Вазифангизга нима киришини ва уни қачонгача тугатишингиз кераклигини тушунганингизга ишонч ҳосил қилинг. Ҳар бир вазифани сидқидилдан бажарар экансиз, жамоатдагилар буни сезади ва масъулиятни ҳис қилаётганингизни кўради. Оқсоқоллар, сувга чўмган биродарларга таълим беринг. (1 Тимўтийга 3:10 ни ўқинг.) Жамоатингизда ўсмир ёки ёш биродарлар борми? Улар шахсий тадқиқ ўтказишда яхши ўрнакми? Йиғилишларда мунтазам шарҳ берадими? Ваъзгўйлик хизматида қатнашадими? Агар шундай бўлса, уларнинг ёшига ҳамда вазиятига мос келадиган топшириқлар беринг. Шу йўсин бу ёш биродарларнинг «яроқлилиги» синалади. Уларнинг ёши 20 га яқинлашганида, эҳтимол, жамоат хизматкори бўлиш учун талабларга мос келади.

Сувга чўмган биродарларга вазифалар бериш орқали оқсоқоллар уларнинг «яроқлилиги»ни синай олади (17-хатбошига қаранг.)


18. «Беайб» бўлиш нимани англатади?

18 «Беайб» бўлиш ҳеч кимда сизни нотўғри иш қилганликда айблашга асос йўқлигини билдиради. Албатта, масиҳийлар ноҳақ айбланиши мумкин. Исо билан ҳам шундай бўлган ва у унинг издошлариям бунга дуч келишини башорат қилган. (Юҳан. 15:20) Лекин Исо каби йўл тутишда давом этсангиз, жамоатда яхши номга эга бўласиз. (Мат. 11:19)

19. «Бир хотинли» бўлиш нимани ўз ичига олади?

19 «Бир хотинли». Яҳова илк никоҳга асос солганида, бу битта эркак ва битта аёл ўртасида бўлишини айтган. Масиҳийлар бунга амал қилиши керак. (Мат. 19:3–9) Масиҳий эркак ҳеч қачон жинсий ахлоқсизлик қилмаслиги даркор. (Иброн. 13:4) Аммо бу кўпроқ нарсани англатади. Рафиқангизга садоқатли бўлишингиз ва бошқа аёлларга ҳеч қачон ноўрин эътибор қаратмаслигингиз лозим. (Аюб 31:1)

20. Қандай қилиб эркак киши уйидагиларини «яхши бошқара... [олади]»?

20 «Болаларини ва уйдагиларини яхши бошқара оладиган бўлсин». Оила боши бўлсангиз, масъулиятларингизга жиддий ёндашинг. Оилавий топинишни мунтазам ўтказинг. Ҳар бир оила аъзойингиз билан имкон борича тез-тез ҳамкорлик қилинг. Фарзандларингизга Яҳова билан шахсий муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашинг. (Эфес. 6:4) Оиласига яхши ғамхўрлик қиладиган эркак жамоатга ғамхўрлик қила олишини кўрсатади. (1 Тимўтийга 3:5 ни солиштиринг.)

21. Ҳали жамоат хизматкори бўлмасангиз, нима қилишингиз мумкин?

21 Биродарлар, ҳали жамоат хизматкори бўлмасангиз, илтимос, бу мақоладаги фикрлар устида ибодат ила мулоҳаза юритинг. Жамоат хизматкорлари учун қандай талаблар борлигини ўрганиб чиқинг ва уларга мос келиш учун жон-жаҳдингиз билан ҳаракат қилинг. Яҳовани ва биродару опа-сингилларингизни қанчалик яхши кўришингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Уларга хизмат қилиш истагингизни кучайтиринг. (1 Бутр. 4:8, 10) Маънавий оилангизга хизмат қилишдан келадиган қувончни ҳис қилинг. Жамоат хизматкори бўлиш учун ҳаракатларингизга Яҳова кўпдан-кўп барака берсин! (Филип. 2:13)

17-ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»

a РАСМЛАРГА ШАРҲ. Чапда Исо камтарлик ила шогирдларига хизмат қиляпти; ўнгда жамоат хизматкори йиғилишда кекса биродарга кўмаклашяпти.