Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

45-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

138-ҚЎШИҚ Оқарган сочлар — гўзаллик тожидир

Охирги сўзларидан нима ўрганишимиз мумкин?

Охирги сўзларидан нима ўрганишимиз мумкин?

Ҳикмат ёши улуғларда, ақл-идрок эса узоқ умр кечирганларда эмасми? (АЮБ 12:12)

АСОСИЙ ФИКР

Яҳовага итоат қилиш ҳозир баракаларга, келажакда эса абадий ҳаётга етаклайди.

1. Нима учун ёши катталардан ўргансак бўлади?

 МУҲИМ қарорлар чиқараётганимизда барчамиз йўл-йўриққа муҳтож бўламиз. Бундай йўл-йўриқни оқсоқоллардан ёки етук масиҳийлардан олишимиз мумкин. Агар улар биздан анча катта бўлса, «Уларнинг маслаҳатлари замондан ортда қолган» деб ўйламаслигимиз керак. Яҳова ёши улуғ инсонлардан сабоқ олишимизни истайди. Тажрибага, ақл-идрокка ва доноликка эга бўлиш учун бизга қараганда уларда кўпроқ вақт бўлган. (Аюб 12:12)

2. Мазкур мақолада нимани кўриб чиқамиз?

2 Қадимда Яҳова халқига далда бериш ва уни йўналтириш учун ёши улуғ садоқатли кишилардан фойдаланган. Буларга Мусо, Довуд ва ҳаворий Юҳанно мисол бўла олади. Улар турли вақтда яшаган ва вазияти ҳам бир-бириникидан кескин фарқ қилган. Бу кишиларнинг ҳаёти охирлаб қолганида, улар ёшларга донолик ила маслаҳат берган. Уларнинг ҳар бири Худога итоатли бўлиш муҳим эканини таъкидлаган. Яҳова уларнинг сўзлари бизнинг давримизгача етиб келишига ғамхўрлик қилган. Ёшимиз нечада бўлишидан қатъи назар, уларнинг маслаҳатларини кўриб чиқишдан фойда оламиз. (Рим. 15:4; 2 Тим. 3:16) Мазкур мақолада бу учта ёши улуғ кишининг охирги сўзларини кўриб чиқамиз ва улардан нималарни ўрганишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

«УЗОҚ ВАҚТ ЯШАЙ ОЛАСИЗЛАР»

3. Мусо қандай вазифаларни бажарган?

3 Мусо ҳаётини бутунлайин Яҳовага бағишлаган эди. У пайғамбар, ҳакам, йўлбошчи ва тарихчи бўлган. Мусо катта ҳаётий тажрибага эга эди. У Исроил халқини Миср қуллигидан олиб чиққан ва Яҳованинг кўпгина мўъжизаларига шахсан гувоҳ бўлган. Яҳова Муқаддас Китобнинг илк бешта китоби, Забур 90- ва, эҳтимол, 91-санони ёзишда Мусодан фойдаланган. Шунингдек, у Аюб китобини ёзганга ўхшайди.

4. Мусо кимларга далда берган ва нега?

4 Мусо ўлимидан сал олдин — 120 ёшда бўлганида — бутун Исроил халқини йиғиб, Яҳова улар учун нималар қилганлари ва бошларидан ўтказганлари тўғрисида эслатган. Исроилликларнинг баъзилари ёшлигида Яҳованинг кўпгина аломатларию мўъжизаларининг гувоҳи бўлган ва У Миср халқига чиқарган ҳукмларини амалга оширганини кўрган. (Чиқ. 7:3, 4) Бундан ташқари, Яҳова Қизил денгиз сувларини иккига бўлганида, Исроил халқи ундан ўтган ва Миср қўшинининг ҳалок бўлганини кўрган. (Чиқ. 14:29–31) Саҳрода эса улар Яҳованинг ҳимоясию ғамхўрлигини ҳис қилган. (Қонун. 8:3, 4) Энди эса халқ ваъда қилинган юртга кириш арафасида турганди. Мусо ўлишидан аввал уларга далда беришни истаган a.

5. Қонунлар 30:19, 20 даги Мусонинг охирги сўзлари исроилликларга қандай ишонч бахш этган?

5 Мусо нима деган? (Қонунлар 30:19, 20 ни ўқинг.) Исроил халқини ажойиб келажак кутаётганди. Яҳованинг баракаси билан улар ваъда қилинган юртда узоқ вақт яшай оларди. Ўша юрт чиройли ва ҳосилдор эди. Мусо уни шундай тасвирлаган: «Сизлар қурмаган катта ва кўркам шаҳарларга, сизлар ишлаб топмаган ҳар турли яхши нарсаларга тўла уйлари, сизлар ковламаган сардобалари, сизлар ўтқазмаган узумзорлари билан зайтун дарахтлари бор... [юрт]». (Қонун. 6:10, 11)

6. Нега Худо ўзга халқлар исроилликларни мағлуб қилишига йўл қўйган?

6 Шунингдек, Мусо исроилликларга огоҳлантириш ҳам берган. Серҳосил юртда яшашда давом этиш учун улар Яҳованинг амрларига бўйсуниши зарур эди. Мусо уларни Яҳовага итоат қилиш ва Унга «содиқ» қолиш орқали «ҳаётни» танлашга ундаган. Шунга қарамай, Исроилликлар Яҳовага қулоқ солмади. Шунинг учун Худо оссурияликлар ва кейинчалик бобилликлар уларни мағлуб қилиб, асирликка олиб кетишига йўл қўйган. (4 Шоҳ. 17:6–8, 13, 14; 2 Сол. 36:15–17, 20)

7. Мусонинг сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

7 Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Итоаткорлик ҳаётга етаклайди. Исроил халқи ваъда қилинган юртга кириш остонасида бўлганидек, биз ҳам Худо ваъда қилган янги дунёга кириш арафасидамиз. У ерда ер юзи жаннатга айланганини кўрамиз. (Ишаё 35:1; Луқо 23:43) Иблис ва унинг жинлари бўлмайди. (Ваҳ. 20:2, 3) Шунингдек, одамларни Яҳовадан узоқлаштирадиган сохта дин ҳам бўлмайди. (Ваҳ. 17:16) Фуқароларига азоб берадиган инсоний ҳукуматларга чек қўйилади. (Ваҳ. 19:19, 20) Жаннатда исёнкорларга ўрин бўлмайди. (Заб. 37:10, 11) Ҳар ердаги одамлар Яҳованинг адолатли қонунларига итоат қилади. Бу эса бирлик ва тинчликка ҳисса қўшади. Шу йўсин улар бир-бирини севиб, бир-бирига ишонади. (Ишаё 11:9) Бу вақт келишини интизорлик ила кутяпмиз. Бундан ташқари, Яҳовага итоат қилсак, ер юзидаги жаннатда нафақат бир неча юз йил, балки абадият давомида яшашимиз мумкин. (Заб. 37:29; Юҳан. 3:16)

Яҳовага қулоқ солсак, жаннатда нафақат юзлаб йиллар давомида, балки абадий яшашимиз мумкин (7-хатбошига қаранг.)


8. Тўла вақтли махсус ваъзгўйга абадий ҳаёт тўғрисидаги ваъда қандай ёрдам берган? (Яҳудо 20, 21)

8 Худонинг абадий ҳаёт борасидаги ваъдасини доим ёдда сақласак, қандай қийинчиликларни бошдан ўтказмайлик, Унга садоқатли қолишни истаймиз. (Яҳудо 20, 21 ни ўқинг.) Қолаверса, бу ваъда заифликларимиз билан курашишимиз учун бизга куч беради. Африкада анча вақтдан бери тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилаётган бир биродар Яҳовани ранжитадиган иш қилиш васвасасига тез-тез дуч келган. У шундай деб бўлишди: «Ўшанда агар Яҳовага қулоқ солмасам, жаннатда абадий яшай олмаслигимни тушундим. Бу менга муаммойим билан курашишда давом этишга ва Яҳовага кўпроқ бу ҳақда ибодат қилишга ёрдам берди. Унинг кўмаги билан ўша одатимдан қутулдим».

«МУВАФФАҚИЯТГА ЭРИШАСАН»

9. Довуд қандай қийинчиликларни бошдан ўтказган?

9 Довуд буюк шоҳ бўлган. У, шунингдек, мусиқачи, шоир, жангчи ва пайғамбар бўлган. У кўп синовларни бошдан ўтказган. Бир неча йил давомида Довуд уни ўлдирмоқчи бўлган шоҳ Шоулдан яшириниб юрган. Шоҳ бўлганидан кейин эса ўғли Абсалом унинг тахтини қўлга киритишга уринганида, у яна яширинишга мажбур бўлган. Қийинчиликлари ва жиддий хатоларига қарамай, Довуд ҳаётининг охиригача Яҳовага садоқатли эканини исботлаган. Яҳова унга «кўнглимга ёқадиган одам» деб таъриф берган. Довуднинг доно маслаҳатига амал қилсак арзийди. (Ҳавор. 13:22; 3 Шоҳ. 15:5)

10. Нега Довуд ўғли Сулаймонга у шоҳ бўлишидан олдин маслаҳат берган?

10 Масалан, Довуд ўғли ва меросхўри Сулаймонга қандай маслаҳат берганини кўриб чиқайлик. Яҳова уни ҳақ топинишни олға суришда давом этиш ва уни улуғловчи маъбадни қуриш учун танлаганди. (1 Сол. 22:5) Олдинда Сулаймонни қийинчиликлар кутаётганди. Хўш, Довуд унга нима деган? Келинг, билиб оламиз.

11. 3 Шоҳлар 2:2, 3 га кўра, Довуд Сулаймонга қандай маслаҳат берган ва қай йўсин унинг сўзлари тўғри бўлиб чиққан? (Расмга ҳам қаранг.)

11 Довуд нима деган? (3 Шоҳлар 2:2, 3 ни ўқинг.) Довуд ўғлига агар у Яҳовага қулоқ солса, муваффақиятга эришишини айтган. Анча йиллар давомида Яҳова Сулаймонга кўпгина яхшиликлар қилган ва турли йўллар орқали унга кўмаклашган. (1 Сол. 29:23–25) Сулаймон маҳобатли маъбад қурдирган, Муқаддас Ёзувларга кирган бир нечта китобни ёзган ва ундаги бошқа китобларда унинг сўзлари иқтибос сифатида келтирилган. У донолигию бойлиги билан машҳур бўлган. (3 Шоҳ. 4:34) Довуд айтганидек, Сулаймон Тангри Яҳовага қулоқ солгандагина муваффақиятли бўларди. Афсуски, вақт ўтиб у бошқа худоларга сажда қиладиган бўлди. Бу Яҳовага ёқмади ва У Сулаймонга халқни меҳр ва адолат ила бошқариши учун донолик бермай қўйди. (3 Шоҳ. 11:9, 10; 12:4)

Довуд ўғли Сулаймонга айтган охирги сўзлардан Яҳовага садоқатли қолсак, тўғри қарорлар чиқаришимиз учун У бизга донолик беришини кўряпмиз (11-, 12-хатбошиларига қаранг.) b


12. Довуднинг сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

12 Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Итоаткорлик муваффақиятга етаклайди. (Заб. 1:1–3) Албатта, Яҳова бизга Сулаймонникига ўхшаш бойлик ва шон-шуҳрат беришни ваъда қилмаган. Лекин Худойимизга итоатли бўлсак, У бизга донолик беради. Бу туфайли эса тўғри қарорлар чиқара оламиз. (Ҳик. 2:6, 7; Ёқб. 1:5) Худонинг принциплари иш, таълим, ўйин-кулги ва пул каби амалий масалаларда биз учун йўл-йўриқ бўла олади. Илоҳий доноликни амалда қўллаш бизни зарардан ҳимоялайди. (Ҳик. 2:10, 11) Қолаверса, яхши дўстларни топа оламиз ва оиламиз бахтли бўлади.

13. Карменга ҳаётини яхшилашга нима ёрдам берди?

13 Мозамбикда яшовчи синглимиз Кармен «Олий таълим муваффақият калити» деб ўйлаган. У университетга кирган ва архитектура йўналишида таълим олган. Кармен қуйидагича бўлишди: «Ўқишни севардим, лекин бу кўп вақтимни ва кучимни оларди. 7:30 дан 18:00 гача ўқишда бўлардим. Йиғилишларга қатнаш қийин бўларди ва бу маънавийлигимга салбий таъсир қилди. Ич-ичимдан икки хўжайинга қуллик қилаётганимни тушунардим». (Мат. 6:24) У вазияти ҳақида ибодат қилди ва адабиётларимиздан изланиш ўтказди. У шундай деб қўшиб қўйди: «Маънан етук биродарлардан ва онамдан маслаҳат олгач, Яҳовага тўла вақт хизмат қила олиш учун университетдан кетишга қарор қилдим. Бу менга ҳаётимда тўғри танловлар қилишга ёрдам берди ва бундан афсусланмайман».

14. Мусо ва Довуд нима демоқчи эди?

14 Мусо ва Довуд Яҳовани яхши кўрган. Улар Худога қулоқ солиш жуда муҳим эканини тушунган. Бу садоқатли хизматчилар охирги сўзлари билан тингловчиларини уларнинг ўрнагига эргашиб, Худоси Яҳовага садоқатли қолишга ундаган. Шунингдек, уларнинг иккови ҳам тингловчиларига агар улар Яҳовани тарк этса, Унинг марҳаматидан ҳамда ваъда қилинган баракалардан маҳрум бўлишини айтиб огоҳлантирган. Уларнинг маслаҳати биз учун ҳам амалий. Асрлар ўтиб Яҳованинг бошқа бир хизматчиси ҳам Унга садоқатли қолиш қанчалик муҳим эканини кўрсатган.

«КАТТА БАХТ»

15. Ҳаворий Юҳанно нимани бошдан кечирди?

15 Юҳанно Исо Масиҳнинг севимли ҳаворийси бўлган. (Мат. 10:2; Юҳан. 19:26) Исонинг хизмати давомида у унга ҳамроҳ бўлган, мўъжизаларини кўрган ва қийин пайтларда ёнида қолган. Бундан ташқари, у Исо қатл қилинганини ва тирилганини кўрган. Қолаверса, Юҳанно масиҳийлар жамоати ўсганининг гувоҳи бўлган. У узоқ яшаган ва хушхабар «фалак остида бор жонзотга ваъз» қилинганининг гувоҳи бўлган. (Колос. 1:23)

16. Юҳаннонинг мактубларидан кимлар фойда олиб келмоқда?

16 Юҳанно кекса ёшда бўлганида ҳайратомуз Ваҳий китобини ёзган. (Ваҳ. 1:1) У Инжил баёнотларидан бирини, шунингдек, учта илҳомлантирилган мактубни ёзган. У учинчи мактубини Гай исмли садоқатли масиҳийга ёзган. Юҳанно уни маънавий фарзанди деб билган. (3 Юҳан. 1) Ўша пайтга келиб у кўпларни маънавий фарзандларидек кўргани шубҳасиз. Бу садоқатли ёши улуғ киши ёзган сўзлар ҳозиргача Исонинг кўпгина издошларига далда бериб келяпти.

17. 3 Юҳанно 4 га кўра, нима бахт келтиради?

17 Юҳанно нима ёзган? (3 Юҳанно 4 ни ўқинг.) Юҳанно учинчи мактубида биродару опа-сингиллари Худога бўйсунаётганини кўриш унга қувонч келтиришини ёзган. У учинчи мактубини ёзганда баъзилар сохта таълимотларни тарқатаётганди ва бўлинишларга сабаб бўлаётганди. Бироқ бошқалар «ҳақиқат йўлида» юришда давом этган. Улар Яҳовага қулоқ солган ва «Унинг амрларига биноан» умр кечирган. Бу билан улар нафақат Юҳаннони, балки Яҳовани ҳам хурсанд қилган. (Ҳик. 27:11)

18. Юҳаннонинг сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

18 Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Садоқат қувончга етаклайди. (1 Юҳан. 5:3) Масалан, Яҳовани хурсанд қилганимизни билишдан қувонч топамиз. Тангри бу дунёнинг васвасаларини рад этиб, ҳақиқатни қабул қилганимизни кўрганида хурсанд бўлади. (Ҳик. 23:15) Бундан ташқари, осмондаги бошқалар ҳам қувончга тўлади. (Луқо 15:10) Биз ҳам биродару опа-сингилларимиз, айниқса, синовлару васвасалар пайтида садоқатли қолганини кўриб севинамиз. (2 Салон. 1:4) Шайтоннинг дунёси йўқ бўлиб кетганида Яҳовага садоқатли қолганимиздан қувончга тўламиз.

19. Рейчел бошқаларга ҳақиқатни ўргатиш борасида нима деган? (Расмга ҳам қаранг.)

19 Айниқса, ҳақиқатни бошқалар билан бўлишганимизда қувончга тўламиз. Доминикана Республикасида яшовчи Рейчел исмли опамиз бирор кимга Худойимиз ҳақида ўргатиш сўз билан таърифлаб бўлмас шараф эканини ҳис қилди. Маънавий фарзандлари ҳақида ўйлар экан, у шундай деб бўлишди: «Мен таълим бераётган инсонларнинг Яҳовага нисбатан севгиси кучайганини, Унга тўлиқ таянишни ўрганганини ва Уни мамнун қилиш учун ҳаётига ўзгаришлар киритганини кўрганимда, қувончим ичимга сиғмайди. Буни сўз билан ифодалаш қийин. Бу қувонч уларга таълим бериш учун қилган ҳар қандай ҳаракатга ва қурбонликка арзийди».

Бошқаларга Яҳовани севишни ва Унга қулоқ солишни ўргатишдан қувонч топамиз (19-хатбошига қаранг.)


САДОҚАТЛИ КИШИЛАРНИНГ ОХИРГИ СЎЗЛАРИДАН ФОЙДА ОЛИНГ

20. Мусо, Довуд ва Юҳанно билан қандай ўхшаш томонларимиз бор?

20 Мусо, Довуд ва Юҳаннонинг яшаган вақтию вазияти бизникидан фарқ қилган. Аммо улар билан ўртамизда кўп ўхшашликлар бор. Масалан, улар ҳақ Худога хизмат қилган ва биз ҳам шу йўлдамиз. Уларга ўхшаб Яҳовага ибодат қиламиз, Унга таянамиз ва Ундан йўл-йўриқ оламиз. Бу кекса садоқатли кишилар каби биз ҳам Яҳова Унга қулоқ солганларга мўл-кўл барака беришига аминмиз.

21. Мусо, Довуд, Юҳанно каби кекса ва садоқатли кишиларнинг маслаҳатига қулоқ солганларни олдинда қандай баракалар кутяпти?

21 Келинг, Яҳованинг амрларига итоатли бўлиш орқали бу кекса кишиларнинг охирги сўзларига қулоқ солайлик. Ўшанда барча ишимизда чинакам муваффақиятга эришамиз, ҳаётга эга бўламиз ва «узоқ вақт» — абадият давомида яшаймиз! (Қонун. 30:20) Бундан ташқари, севувчи самовий Отамизни мамнун қилаётганимиздан қувонч топамиз. У берган барча ваъдаларини биз кутгандан ёки ҳатто тасаввур қилгандан ортиқроқ қилиб бажаради. (Эфес. 3:20)

129-ҚЎШИҚ Чидам билан чопайлик

a Қизил денгизда Яҳованинг мўъжизаларини кўрган исроилликларнинг аксарияти ваъда қилинган юртни кўрмай ҳаётдан кўз юмган. (Саҳ. 14:22, 23) Яҳова рўйхатдан ўтган 20 ва ундан юқори ёшдагилар саҳрода ўлишини айтган. (Саҳ. 14:29) Бироқ Ёшуа, Холиб ва кўпгина ёш авлод ҳамда Леви қабиласидан бўлганлар тирик қолган. Исроил халқи Иордан дарёсини кечиб ўтганида ва Канъон юртига кирганида, Яҳованинг ваъдаси амалга ошганини кўрган. (Қонун. 1:24–40)

b РАСМГА ШАРҲ. Чапда: Довуд ўғли Сулаймонга охирги маслаҳатни беряпти. Ўнгда: ўқувчилар Доимий кашшофлар мактабида берилаётган таълимдан фойда оляпти.