Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Уруш ва тинчлик пайтида Яҳова бизга куч берди

Уруш ва тинчлик пайтида Яҳова бизга куч берди

Паул: Бошимиз кўкка етганди! 1985 йил ноябрь ойида биз Ғарбий Африкадаги Либерияга отлангандик. Бу тўла вақтли хизматимиздаги илк манзилимиз эди. Самолётимиз Сенегалда қўнди. Энни шундай деди: «Бир соатдан сал ошиқроқ вақтдан кейин Либерияда бўламиз». Шунда эълон эшитдик. «Либерияга кетаётган йўловчилар самолётдан тушишларини сўраймиз. Баъзи одамлар ҳукуматни ағдаришга урингани учун у ерга уча олмаймиз». Кейинги 10 кун давомида Сенегалдаги тўла вақтли махсус ваъзгўйлар билан қолдик. У ерда Либерияда кўпдан-кўп одамлар ўлдирилгани ва комендантлик соатига амал қилмаётганлар шу заҳоти отиб ташланаётгани тўғрисида янгиликларни эшитдик.

Энни: Ўзи саргузаштларни излаб юрмаймиз. Аслида кичкиналигимда мени «ваҳимачи Энни» деб билишарди. Ҳатто йўлдан ўтиш мен учун қўрқинчли. Лекин хавфли бўлса ҳам Либерияга бориш қароримиз қатъий эди.

Паул: Энни ва мен Англиянинг ғарбидаги битта ҳудудда катта бўлганмиз. Иккаламиз ҳам мактабни тугатгач, кашшофлик хизматини бошлаганмиз. Бунда ота-онам ва Эннининг онаси биз учун катта туртки бўлган. Улар ҳаётимизни тўла вақтли хизматда ўтказиш истагимизни бутунлайин қўллаб-қувватлаган. 19 ёшимда Байтилда хизмат қилиш шарафига эга бўлдим. Энни эса 1982 йили турмуш қурганимиздан кейин бу хизмат турида менга қўшилди.

Гилад мактабининг битируви, 1985 йил 8 сентябрь

Энни: Байтил хизмати жону дилимиз эди. Лекин доим эҳтиёж каттароқ бўлган жойда хизмат қилишни истардик. Олдин тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлганлар билан бирга Байтилда ҳамкорлик қилиш бу истагимизни кучайтирди. Бу ҳақда 3 йил давомида ҳар тунда ибодат қилдик. Шунинг учун 1985 йили Гилад мактабининг 79-синфига таклиф қилишганида, қувончимиз ичимизга сиғмади. Бизни Ғарбий Африкадаги Либерияга тайинлашди.

БИРОДАРУ ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗНИНГ СЕВГИСИ БИЗГА КУЧ БЕРДИ

Паул: Либерияга учишга рухсат берилган биринчи самолётга ўтирдик. Мамлакатда вазият таранг эди ва комендантлик соати ҳали амал қилаётганди. Одамлар шунчалик қўрқувга берилганидан машина тўсатдан шовқин чиқарса, ҳамма бақирганча қочишга тушарди. Тинчланиш учун ҳар оқшом Забур саноларидан парчаларни ўқирдик. Бундай тарангликка қарамай, вазифамизни севардик. Энни тўла вақтли махсус ваъзгўй эди. Мен эса Жон Чарук a биродаримиз билан Байтилда ҳамкорлик қилардим. Унинг тажрибаси ва биродару опа-сингилларимизнинг вазиятини яхши тушуниши кўп нарсани ўрганишимга ёрдам берди.

Энни: Нега Либериядаги хизматимизни шунчалик тез севиб қолдик? Бунга биродару опа-сингилларимиз сабаб бўлди. Улар бизга жуда кўп севги кўрсатди ва садоқатли эди. Биз уларни яхши кўриб қолдик ва у ердаги имондошлар янги оиламизга айланди. Биродару опа-сингиллар бизга кўп яхши маслаҳатлар ва далда берарди. Хизмат ажойиб ўтарди. Агар тез кетиб қолсангиз, уй эгалари хафа бўларди. Одамлар кўчаларда Муқаддас Китобга асосланган саволларни муҳокама қиларди. Шунчаки кетаётиб уларнинг суҳбатига қўшилишингиз мумкин эди. Муқаддас Китоб тадқиқларимиз кўплигидан уларнинг барини ўтказишга қийналардик. Бу ширин муаммо эди!

ҚЎРҚУВГА ҚАРАМАЙ КУЧЛИ БЎЛДИК

Либериядаги Байтилда қочоқларга ғамхўрлик қилиш, 1990 йил

Паул: 4 йил нисбатан давом этган тинчликдан кейин 1989 йили даҳшатли ўзгариш бўлди — фуқаролар уруши бошланди. 1990 йили 2 июлда ҳукуматга қарши бўлган исёнчилар Байтил яқинидаги ҳудудларни қўлга киритди. 3 ой давомида дунёдан узилиб қолдик. Шу қаторда оила аъзоларимиз ва Бош идора билан алоқага чиқа олмадик. Ҳамма жойда тартибсизлик, озиқ-овқат етишмовчилиги ҳукм сурарди ва кўп аёлларни зўрлашарди. Бу 14 йил давом этди ва бутун мамлакатга таъсир қилди.

Энни: Баъзи қабила аъзолари ўзаро курашиб бир-бирини ўлдирарди. Ғалати кийиниб олган ва қуролланган жангарилар кўчада изғиб юрарди. Улар ҳар бир уйга кириб истаганини оларди. Уларнинг баъзилари учун одам ўлдириш товуқ сўйишдай гап эди. Жангарилар одамларни назорат қилиш учун йўлларни ёпиб қўйишди ва кўпинча у ердан ўтишни истаганларни ўлдиришарди. Кейин эса мурдаларни бир-бирининг устига ташлашарди. Бу ҳатто Байтил яқинида ҳам юз берди. Садоқатли имондошларимиз, жумладан, биз учун қадрли бўлган иккита тўла вақтли махсус ваъзгўй ўлдирилди.

Шоҳидлар ҳаётини хавф остига қўйиб бошқа қабилага тегишли имондошларини яширарди. Чунки уларни топишса, ўлдиришарди. Тўла вақтли махсус ваъзгўйлар ва байтилчилар ҳам худди шундай йўл тутди. Уй жойини йўқотган баъзилар Байтилнинг биринчи қаватидаги коридор ва офисларда ухларди. Бошқалар эса иккинчи қаватдаги хоналарда биз билан яшарди. Биз хонамизда етти кишидан иборат оила билан яшаганмиз.

Паул: Ҳар куни жангарилар келиб одамларни яширяпмизми-йўқми текширарди. Биз хавфсизлик чорасини кўриб қўйдик. Икки киши ойнадан, яна иккитаси эса ташқаридаги дарвозадан кузатиб турарди. Агар дарвоза олдидагилар қўлларини олдинга қилса, бу ҳаммаси яхши эканини англатарди. Аммо улар қўлларини орқага қилса, жангарилар ғазабда эканини билдирарди. Шунда ойнадан кузатиб турганлар дўстларимизни яшириш учун югуриб кетарди.

Энни: Бир неча ҳафта ўтгач қуролланган ва ғазабланган бир гуруҳ жангарилар кириб келди. Мен ва битта опамиз ваннахонага кириб эшикни қулфладик. У ердаги шкафда яшириниш учун кичкинагина жой бор эди. Опамиз ўша ерга кирди. Қуролланган жангарилар иккинчи қаватга чиқди. Кейин улар дарғазаб бўлиб эшигимизни гурсиллатиб урди. Паул: «Рафиқам ваннахонадан фойдаланяпти»,— деди. Опамиз яширинган жойни ёпганимда бироз шовқин бўлди. Полкага яна ҳамма нарсани қайта қўйиб чиқишимга тўғри келди ва бу бироз вақт олди. Жангарилар шунча пайт нима қилганим билан қизиқишига амин эдим. Шунчалик қўрқиб кетганимдан бутун танам титрарди. Уларга эшикни очишдан аввал бироз тинчланишим керак эди. Ичимда ибодат қилиб, Яҳовадан ёрдам беришини сўрадим. Кейин эса эшикни очиб хотиржамлик билан уларга салом бердим. Улардан бири мени итариб, тўғри ваннахонага кириб келди ва полкадаги нарсаларни улоқтира бошлади. У ерда ҳеч нарса топа олмаганидан ҳайрон қолди. У ва у билан бўлганлар бошқа хоналарни ва болохоналарни ҳам текширди. Лекин улар ҳеч нарса топа олмади.

ҲАҚИҚАТ ПОРЛАШДА ДАВОМ ЭТДИ

Паул: Ойлар давомида деярли озиқ-овқатимиз бўлмади. Лекин маънавий озуқа ҳаётимизни сақлаб қолди. Кўпинча эрталаблари нонуштага ҳеч нарса бўлмасди. Лекин Байтилдаги эрталабки топинишлар нонуштадай эди. Барчамиз шуни билардики, Муқаддас Китобни ўқиш ва тадқиқ қилиш ҳар куни сабр-бардош қилишимизга куч берарди.

Том маънодаги озиқ-овқатимиз ва сувимиз тугаб, филиалдан чиқишимизга тўғри келса, яширинаётган имондошларни ҳимоялай олмасдик ва улар ўлдирилиши мумкин эди. Кўпинча Яҳова вақтида эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қиларди ва бу худди мўъжизадай эди. У бизга керакли бўлган нарсаларни тақдим этди ва қўрқувларимизни бошқаришга ёрдам берди.

Дунё тобора қоронғилашиб борар экан, ҳақиқат нури ёрқинроқ порларди. Кўпгина биродару опа-сингилларимиз ҳаётини сақлаб қолиш учун қайта-қайта қочишга мажбур бўлган. Лекин улар имонда мустаҳкам туриб қийинчиликларга қарамай, хотиржам бўлиб қолган. Уларнинг баъзилари урушда бўлаётган ҳодисалар «буюк мусибатга тайёрланиш» эканини айтган. Жасоратли оқсоқоллар ва ёш биродарлар имондошларга ёрдам бериш учун қўлидан келганини қилган. Бошқа ҳудудларга қочиб кетган биродару опа-сингиллар бир-бирига ёрдам берган ва улар борган жойларида ваъз қила бошлаган. Улар ўрмонда нимани топган бўлса, ўшалардан фойдаланиб оддийгина Йиғилиш залини қурган ва учрашувларни ўтказган. Бундай даҳшатли пайтларда йиғилишлару ваъзгўйлик биродару опа-сингилларимизга умид ҳамда далда бахш этган. Кийим-кечак ва бошқа нарсаларни тарқатганимизда, кўп биродарларимиз кийимларнинг ўрнига ваъз қилиш учун сумкалар сўрарди. Буни кўриб жуда таъсирланганмиз. Ғамга ботган ва ҳиссий жароҳат олганлар хушхабарни тингларди. Улар Яҳованинг шоҳидлари қанчалик бахтиёр ва ижобий эканини кўриб ҳайрон қоларди. Имондошларимиз зимистон дунёдаги ёрқин нурга ўхшарди. (Мат. 5:14–16) Биродарларимизнинг ғайрати туфайли баъзи зўравон жангарилар имондошларимизга айланди.

ҚАЛБИМИЗ ТИЛКА-ПОРА БЎЛГАНИДА КУЧГА ТЎЛДИК

Паул: Баъзида мамлакатдан кетишимизга тўғри келган. Уч марта қисқа вақтга, икки марта эса бир йилга кетганмиз. Тўла вақтли махсус ваъзгўй опамиз ҳис-туйғуларимизни шундай ифодалади: «Гиладда “вазифангизни чин юракдан қилинг” деб ўргатишганди. Биз шундай қилдик. Шу боис биродару опа-сингилларимизни бундай вазиятларда ташлаб кетиш юрагимизни тилка-пора қилганди». Яхшиямки, Либериядаги биродару опа-сингилларимизга яқин атрофдаги мамлакатлардан туриб ёрдам бера олдик.

Хурсанд бўлиб Либерияга қайтяпмиз, 1997 йил

Энни: 1996 йили майда тўрт киши бўлиб филиалимизнинг машинасида кетаётгандик. Ёнимизда жуда муҳим ҳужжатлар бор эди. Биз 16 километр узоқликда жойлашган шаҳарнинг хавфсизроқ жойига бормоқчи эдик. Аммо исён кўтарилган жойга тушиб қолдик. Ғазабга минган жангарилар ҳавога ўқ отиб бизни тўхтатди. Улар учтамизни машинадан тушишга мажбур қилди. Паул ҳали машинанинг ичида эди. Улар эса уни ҳайдаб кетди. Биз эсанкираб қолдик. Бирданига Паул биз тараф келаётганини кўрдик. Унинг бошидан қон оқарди. Аввалига «Унга ўқ узишган» деб ўйладик. Лекин шуни тушундикки, агар шундай бўлганида, у юра олмасди. Жангарилардан бири уни машинадан чиқараётганда урган экан. Яхшиямки, бу кичик жароҳат бўлган.

Яқин атрофда ҳарбийларнинг грузовиги бор эди. Унинг ичи қўрққан одамлар билан тўла бўлиб, улар йўлга тушиш арафасида эди. Биз ҳам улар билан кетишга қарор қилдик. Бироқ ичида жой бўлмагани учун ташқарисидан илиниб олишга тўғри келди. Ушлашга деярли ҳеч нарса йўқ эди. Ҳайдовчи шунчалик тез ҳайдаганидан йиқилиб тушай дердик. Ундан ёлвориб тўхташини сўрадик. Лекин у жудаям қўрқаётганди. Бир амаллаб етиб келдик. Келганимизда эса кучимиз умуман қолмаганди ва қўрқувдан дир-дир титрардик.

Паул: Кир ва йиртилиб кетган кийимларимизга қараб омон қолганимизга ишонгимиз келмасди. Ёнимизда ўқлардан илма-тешик бўлган вертолёт турганди ва у тўкилиб кетадиганга ўхшарди. Эртаси куни у бизни Сьерра-Леонега олиб бориши керак эди. Шундай қилиб ўша ерда бир тунни ўтказдик. Тирик қолганимиз учун жудаям миннатдор эдик. Лекин биродару опа-сингилларимиздан хавотирда эдик.

ЯНГИ ВА КУТИЛМАГАН ҚИЙИНЧИЛИКДА КУЧЛИ БЎЛА ОЛДИК

Энни: Фритаундаги (Сьерра-Леоне) Байтилга келганимизда хавфсизликда эдик ва бизга яхши ғамхўрлик қилишарди. Аммо мен кутмаган бир нарса юз берди. Либерияда биз билан бўлган даҳшатли воқеалар хаёлимда гавдаланадиган бўлди. Ҳар куни бирон ёмон нарса юз беришидан қўрқардим ва аниқ фикр юрита олмасдим. Атрофимда юз бераётган нарсалар худди тушга ўхшарди. Тунда эса муздек терда уйғонардим ва даҳшатли бирон нарса юз беришидан қўрқиб титрардим, нафас олиш қийин эди. Паул мени қучоқларди ва мен билан бирга ибодат қиларди. Титроғим босилмагунча ҳамду саноларни куйлардик. Ўшанда «Ақлдан озяпман ва энди тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида хизмат қила олмайман» деб ўйлардим.

Кейин нима юз берганини ҳечам унутмайман. Ўша ҳафтадаёқ иккита журнал олдик. Бири «Уйғонинг!» журналининг 1996 йил 8 июнь сони. У ерда «Хавотирлар билан қай йўсин кураша оласиз?» деган мақола келтирилганди. Ўшанда мен билан нималар юз бераётганини тушундим. Иккинчиси эса «Қўриқчи минораси»нинг 1996 йил 15 май сони эди. Унда «Улар қаердан куч олади?» номли мақола бор эди. Қўриқчи минорасида жароҳатланган капалакнинг расми келтирилганди. Мақолада эса капалак қанотлари қаттиқ жароҳатланганига қарамай, озиқланишда ва учишда давом этиши мумкинлиги тушунтирилганди. Шунга ўхшаб биз ҳатто ҳиссан жароҳатланган бўлсак ҳам Яҳованинг муқаддас руҳи билан бошқаларга ёрдам беришда давом эта оламиз. Бу маънавий озуқа орқали Яҳова ўз вақтида менга куч берди. (Мат. 24:45) Шунга ўхшаш мавзудаги мақолаларни излаш ва уларни йиғиш менга ёрдам берди. Вақт ўтиб ёмон хотиралар менга олдингидай азоб бермайдиган бўлди.

ЯНГИ ВАЗИФАМИЗДА КУЧЛИ БЎЛА ОЛДИК

Паул: Ҳар сафар Либерияга қайтиш имкони бўлганида қувонардик. 2004 йилнинг охирига келиб тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлганимизга деярли 20 йил бўлганди. Уруш тугаганди. Филиалда қурилиш режалаштирилаётганди. Лекин бирданига бизга янги вазифани таклиф қилишди.

Бу катта синов бўлди. У ердаги маънавий оиламизга боғланиб қолгандик ва уларни ташлаб кетишни истамасдик. Лекин бундан олдин Гиладда ўқиш учун оилаларимизни қолдириб кетганимизда, Яҳова бизга барака ёғдирганини кўргандик. Шунинг учун янги вазифани қабул қилдик ва бизни Ганага тайинлашди.

Энни: Либериядан кетаётганимизда роса йиғладик. Френк исмли доно ва ёши кекса биродар айтганларидан ҳайрон қолдик. У бизга: «Энди бизни унутинглар»,— деб айтди. Кейин эса тушунтириб: «Биламиз, бизни ҳеч қачон унутмайсиз. Лекин янги вазифангизни чин юракдан бажаришингиз керак. Бу Яҳовадан, шунинг учун диққатингизни биродару опа-сингилларингизга қаратинг»,— деди. Ўша биродар айтган гаплар танишларимиз жуда кам ва биз учун ҳамма нарса янги бўлган мамлакатда тайёрлик ила дўстлар орттиришимизга ёрдам берди.

Паул: Ганадаги янги маънавий оиламизни ҳам тезда яхши кўриб қолдик. У ерда Яҳованинг Шоҳидлари жуда кўп. Садоқатли ва кучли имонга эга бўлган янги дўстларимиздан кўп нарсаларни ўргандик. Ганада 13 йил хизмат қилганимиздан сўнг яна бир кутилмаган ўзгариш бўлди. Биздан шарқий Африкадаги Кения филиалида хизмат қилишни сўрашди. Олдинги вазифамиздаги дўстларимизни қаттиқ соғинсак-да, Кениядаги имондошларга ҳам шу заҳоти боғланиб қолдик. Қолаверса, ҳалиям эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қиляпмиз.

Шарқий Африка филиали ҳудудида янги дўстларимиз билан, 2023 йил

ОРТГА ҚАРАБ

Энни: Йиллар давомида жуда қийин ва баъзида қўрқинчли вазиятларни бошдан кечирдим. Хавфли ёки стрессли вазиятлар ҳам жисмонан, ҳам ҳиссан таъсир қилиши мумкин. Уларнинг таъсиридан мўъжизавий тарзда ҳимояланмаганмиз. Ҳозир ҳам ўқ овозини эшитганимда ошқозоним оғрийди ва қўлларимни ҳис қилмайман. Лекин Яҳова бизни кучли қилиш учун тақдим этадиган барча нарсага, жумладан, биродару опа-сингилларимизнинг кўмагига таянишни ўргандим. Яна шуни тушундимки, шахсий тадқиқ ўтказишда, ибодат қилишда йиғилишларга боришда ҳамда ваъзгўйликда иштирок этишда давом этсак, Яҳова вазифамизда қолишимизга ёрдам беради.

Паул: Баъзилар: «Вазифангизни яхши кўрасизми? — деб сўрар. Балки мамлакатлар чиройлидир, аммо улар ўзгарувчан ва хавфли бўлиб қолиши мумкин. Биз қадрли биродару опа-сингилларимизни — оиламизни ҳар қандай жойдан кўра кўпроқ яхши кўриб қолдик. Келиб чиқишимиз турлича бўлса-да, Яҳова ҳақидаги ўй-фикрларимиз ва туйғуларимиз бир хил. Биз «Уларга далда бериш учун юборилганмиз» деб ўйлардик. Аслида эса улар бизга куч берди.

Ҳар сафар кўчганимизда замонавий мўъжизани, яъни биродарлигимизни кўрамиз. Жамоатнинг бир қисми эканмиз, оиламиз ва уйимиз бор. Шунга аминмизки, Яҳовага таянишда давом этсак, нима юз беришидан қатъи назар, У бизга куч беради. (Филип. 4:13)

a Жон Чарук биродаримизнинг таржимаи ҳоли «Қўриқчи минораси»нинг 1973 йил 15 март (ингл.) сонида «Худо ва Масиҳдан миннатдорман» мақоласи остида келтирилган.