33-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
130-ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик
Жамоатдагилар гуноҳкорларга нисбатан Яҳованинг нуқтаи назарини қандай акс эттира олади?
Мабодо кимдир гуноҳга қўл урса, Отамиз ёнида одил ёрдамчимиз... бор. (1 ЮҲАН. 2:1)
АСОСИЙ ФИКР
Биринчи асрда Коринфдаги жамоатда жиддий гуноҳга қўл урилган вазият қай йўсин ҳал қилинганидан нималарни ўрганяпмиз?
1. Яҳова барча одамлар нимага эришишини истайди?
ЯҲОВА одамларни ирода эркинлиги билан яратган. Қарор чиқарганингизда бу ҳадядан мунтазам равишда фойдаланасиз. Ҳар қандай инсон чиқариши мумкин бўлган энг яхши қарор ўзини Яҳовага бағишлаб, Унинг топинувчиларидан иборат оиланинг бир қисми бўлишдир. Худо барча шундай қилишини хоҳлайди. Нега деганда, У одамларни севади ва улар учун энг яхшисини истайди. Қолаверса, Худо одамлар У билан дўстликдан ҳамда абадий ҳаётдан завқ олишини хоҳлайди. (Қонун. 30:19, 20; Галат. 6:7, 8)
2. Яҳова тавба қилмаганлар нима қилишини истайди? (1 Юҳанно 2:1)
2 Бироқ Яҳова ҳеч кимни Унга хизмат қилишга мажбурламайди. У ҳар бир киши ўзи қарор чиқаришига йўл қўяди. Сувга чўмган масиҳий жиддий гуноҳ қилиб, Худонинг қонунини бузса-чи? Агар у тавба қилмаса, жамоатдан чиқарилиши керак бўлади. (1 Кор. 5:13) Бироқ ҳатто шунда ҳам Тангри гуноҳга қўл урган киши Унга қайтишини чин дилдан истайди. Бу Яҳова нега тўлов қурбонлигини тақдим этганининг муҳим сабабларидан бири. У тавба қилган кишиларни кечиришни истайди. (1 Юҳанно 2:1 ни ўқинг.) Севувчи Худойимиз гуноҳ қилганларга меҳр ила мурожаат қилиб уларни тавба қилишга ундаяпти. (Закр. 1:3; Рим. 2:4; Ёқб. 4:8)
3. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
3 Яҳова гуноҳга ва гуноҳкорларга нисбатан У каби нуқтаи назарга эга бўлишимизни истайди. Ушбу мақолада буни қандай қилишни кўриб чиқамиз. Мақолани ўқир экансиз, 1) биринчи асрда Коринфдаги жамоатда жиддий гуноҳга қўл урилган вазият қай йўсин ҳал қилинганига, 2) жиддий гуноҳга қўл урган инсон тавба қилганда ҳаворий Павлус қандай йўл-йўриқ берганига ва 3) гуноҳ қилган масиҳийга нисбатан Яҳованинг нуқтаи назари борасида мазкур баёнотдан нималарни билиб олаётганимизга эътибор беринг.
БИРИНЧИ АСРДА ЖИДДИЙ ГУНОҲГА ҚЎЛ УРГАН КИШИНИНГ МАСАЛАСИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНГАН?
4. Биринчи асрда Коринфдаги жамоатда қандай вазият юзага келган? (1 Коринфликларга 5:1, 2)
4 1 Коринфликларга 5:1, 2 ни ўқинг. Павлус учинчи ваъзгўйлик сафарида Коринфда ташкил топган янги жамоат борасида даҳшатли бир хабар эшитади. Жамоатдаги битта биродар ўгай онаси билан жинсий ахлоқсизлик қилаётган бўлади. Бу ақлга сиғмайдиган ва «ҳатто ўзга халқлар орасида бўлмаган» иш эди. Жамоат бунга нафақат кўз юмган, балки, эҳтимол, бундан фахрланган. Баъзилар «Бу Худо номукаммал одамларга раҳм-шафқатли эканини ва уларни тушунишини кўрсатади» деб ўйлагандир. Бироқ Яҳова хизматчилари бундай ишларни қилишини маъқулламайди. Ўша биродар бу каби гуноҳга қўл уриб, шубҳасизки, жамоатнинг обрўйига путур етказаётганди. Шунингдек, бу киши у билан мулоқот қилаётганларга ёмон таъсир ўтказаётган бўлиши мумкин эди. Хўш, Павлус жамоатдагиларга қандай йўл-йўриқ берди?
5. Павлус жамоатга нима қилишни айтган ва у нимани назарда тутган? (1 Коринфликларга 5:13) (Расмга ҳам қаранг.)
5 1 Коринфликларга 5:13 ни ўқинг. Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида мактуб ёзиб, тавба қилмаган гуноҳкорни жамоатдан чиқаришни айтган. Хўш, садоқатли масиҳийлар у билан қандай муомала қилиши керак эди? Павлус: «У билан мулоқот қилманглар»,— деб ёзган. У нимани назарда тутган? Ҳаворий Павлус бу «у билан бирга ҳатто [овқатланмасликни]» ўз ичига олишини тушунтирган. (1 Кор. 5:11) Киши билан бирга овқатланиш ўз-ўзидан у билан суҳбатлашишга йўл очади. Шуниси аниқки, Павлус жамоатдагилар тавба қилмаган гуноҳкорлар билан мулоқот қилишини истамаган. Бу жамоатни унинг ёмон таъсиридан ҳимояларди. (1 Кор. 5:5–7) Бундан ташқари, у билан яқиндан мулоқот қилишмагани туфайли ўша инсон Яҳованинг йўлларидан қанчалик узоқлашиб кетганини тушуниши ва бу уни уялиб, тавба қилишга ундаши мумкин эди.
6. Павлуснинг мактуби жамоатга ва гуноҳ қилган кишига қандай таъсир қилган?
6 Павлус Коринфдаги масиҳийларга мактуб йўллагач, у жамоатдагилар бунга қандай муносабат кўрсатиши ҳақида ўйлаган. Ниҳоят Титус уни хурсанд қиладиган хабар келтирган. Жамоат Павлуснинг мактубини ижобий қабул қилган. (2 Кор. 7:6, 7) Улар унинг йўл-йўриқларига қулоқ солган. Бундан ташқари, Павлус мактуб жўнатгандан кейин ўтган ойлар давомида гуноҳкор тавба қилган. У хулқ-атворини ва нуқтаи назарини ўзгартириб, Яҳованинг адолатли меъёрлари бўйича яшай бошлаган. (2 Кор. 7:8–11) Хўш, энди Павлус жамоатдагиларга қандай йўл-йўриқ беради?
ЖАМОАТДАГИЛАР ТАВБА ҚИЛГАН КИШИГА ҚАНДАЙ МУОМАЛА ҚИЛИШИ КЕРАК ЭДИ?
7. Гуноҳкорни жамоатдан чиқариш қандай ижобий натижа келтирган? (2 Коринфликларга 2:5–8)
7 2 Коринфликларга 2:5–8 ни ўқинг. Павлус «бундай киши учун кўпчилик томонидан берилган танбеҳнинг ўзи етарли» эканини айтган. Чунки тарбиядан кўзланган мақсадга эришилганди. Хўш, қайси мақсадга? Тарбия уни тавба қилишга олиб келганди. (Иброн. 12:11)
8. Павлус жамоатга нима қилишни айтган?
8 Шунга Павлус жамоатга қуйидагича йўл-йўриқ берди: «Хато қилган биродарни чин дилдан кечириб, тасалли беринглар ва уни ўз севгингизга ишонтиринглар». Эътибор берган бўлсангиз, Павлус жамоатдагилар ўша инсонни Яҳованинг халқи орасига яна қабул қилишдан кўпроғини бажаришини истаган. У улар тавба қилган кишини сўзлари, ўзини тутиши ва хатти-ҳаракатлари билан уни чиндан ҳам кечирганига ва севишига ишонтиришини хоҳлаган. Бу билан улар у жамоатга қайтганидан чиндан ҳам хурсанд эканини кўрсатишарди.
9. Нега баъзилар тавба қилган кишини кечиришга иккиланган бўлиши мумкин?
9 Қизиқ, баъзи биродару опа-сингиллар қилмишидан тавба қилиб жамоатга қайтган кишини қабул қилишга иккиланганми? Баёнотда бу ҳақда айтилмаган бўлса-да, шундай бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Ахир унинг хатти-ҳаракати жамоатга ташвиш келтирганди ва бу кимнингдир обрўйига путур етказгани турган гап. Эҳтимол, баъзилар «Уни яна биродар сифатида қабул қилиш адолатдан эмас, ахир биз ахлоқан пок қолиш учун зўр бериб ҳаракат қиляпмиз» деб ўйлагандир. (Луқо 15:28–30 ни солиштиринг.) Бунга қарамай, тавба қилган биродарга самимий севгини кўрсатиш нега шунчалик муҳим бўлган?
10, 11. Оқсоқоллар тавба қилган киши жамоатга қайтишига йўл қўймаганида, нима юз бериши мумкин?
10 Тасаввур қилинг, агар оқсоқоллар тавба қилган киши жамоатга қайтишига йўл қўймаганида ёки қайтганда ҳам жамоат ундан севгисини дариғ тутганида, нима бўларди? У қаттиқ тушкунликка тушган бўларди. У «Энди Яҳовага бошқа хизмат қила олмайман» деган фикрга бориши ҳеч гап эмасди. Ҳатто тавба қилган киши Яҳова билан бўлган муносабатини қайта тиклаш учун ҳаракат қилмай қўйиши мумкин эди.
11 Бундан ҳам ёмони тавба қилган кишини кечиришдан бош тортган биродару опа-сингиллар Яҳова билан бўлган муносабатларини хавф остига қўйган бўларди. Нега дейсизми? Боиси улар кечиримли Худойимиз Яҳованинг тавба қилган кишига нисбатан нуқтаи назарини эмас, қаттиққўл ва бешафқат Шайтоннинг нуқтаи назарини акс эттирган бўларди. Бошқача қилиб айтганда, Иблис кишини Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатишда улардан фойдаланишларига йўл қўйган бўлишарди. (2 Кор. 2:10, 11; Эфес. 4:27)
12. Қай йўсин жамоат Яҳовага тақлид қила оларди?
12 Хўш, унда Коринфдаги жамоат Шайтонга эмас, Яҳовага қай йўсин тақлид қила оларди? Яҳова тавба қилганларни кечиришига тақлид қилиб бунга эришишарди. Муқаддас Китобнинг баъзи ёзувчилари У тўғрисида нима деганига эътибор беринг. Довуд: «Эй Яҳова, меҳрибон ва кечиришга тайёрсан»,— деб айтган. (Заб. 86:5) Михо эса шундай ёзган: «Гуноҳини кечирувчи, қилмишини афв этувчи Сенга ўхшаш Худо борми?!» (Михо 7:18) Ишаё: «Ёвуз киши ўз йўлидан, ёмон киши ўз фикридан қайтсин. Унга раҳм-шафқат кўрсатадиган Яҳовага юз бурсин. Аллоҳимизга қайтсин, зеро уни сидқидилдан кечиради»,— деб ёзган. (Ишаё 55:7)
13. Тавба қилган гуноҳкорни жамоатда тиклаш нега ўринли бўлган? (« Коринфдаги киши қачон тикланган?» номли рамкага қаранг.)
13 Коринфдаги жамоат Яҳованинг ўрнагига эргашиш учун тавба қилган кишини кечириб, уни ўз севгисига ишонтириши лозим эди. Павлуснинг тавба қилган кишини кечириш борасидаги йўл-йўриғига қулоқ солиш орқали жамоат «ҳар нарсада итоатли» эканини кўрсатган бўларди. (2 Кор. 2:9) Тўғри, киши жамоатдан чиқарилганига атиги бир неча ой бўлгандир, аммо берилган тарбия туфайли у тавба қилганди. Шундай экан уни жамоатда тиклашни кейинга қолдиришга асос йўқ эди.
ЯҲОВАНИНГ АДОЛАТИ ВА РАҲМ-ШАФҚАТИНИ АКС ЭТТИРИНГ
14, 15. Қадимги Коринфда юз берган вазиятдан қандай сабоқлар оляпмиз? (2 Бутрус 3:9) (Расмга ҳам қаранг.)
14 Қадимдаги Коринфда ҳал қилинган масала «насиҳат олишимиз учун» бизгача етиб келган. (Рим. 15:4) Баёнотдан кўрдикки, Яҳова жиддий гуноҳга қўл урган кишилар Унинг хизматчилари орасида бўлишига йўл қўймайди. Баъзилар «Яҳова раҳм-шафқатли бўлгани учун одам тавба қилмаса ҳам у жамоатда қолишига йўл қўяди» деб ўйлаши мумкин. Бироқ бу янглиш фикр. Яҳова раҳм-шафқатли, лекин гуноҳга кўз юммайди ва меъёрларининг аҳамиятини пасайтирмайди. (Яҳд. 4) Агар Яҳова тавба қилмаган кишиларга жамоатда қолишига йўл қўйганда, бу раҳм-шафқатдан бўлмасди. Сабаби бу жамоатга салбий таъсир кўрсатарди. (Ҳик. 13:20; 1 Кор. 15:33)
15 Шунга қарамай, Яҳова ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамаслигини билиб олдик. У имкон борича барча одамлар омон қолишини хоҳлайди. Худо қалб ҳолатини ўзгартирган ва У билан муносабатларини тиклашни истаган одамларга раҳм-шафқат кўрсатади. (Ҳиз. 33:11; 2 Бутрус 3:9 ни ўқинг.) Шундай қилиб Коринфдаги киши тавба қилиб гуноҳли ишларидан воз кечганида, Яҳова Павлус орқали жамоатдагиларга ўша кишини кечириш ва қабул қилиш кераклигини тушунтирган.
16. Коринфда юз берган вазият қай йўсин ҳал қилинганидан нималарни ҳис қиляпсиз?
16 Коринфдаги масала қандай ҳал қилинганини муҳокама қилиш Яҳованинг амалдаги севгиси, одиллиги ва адолатини кўришимизга ёрдам берди. (Заб. 33:5) Яҳованинг ажойиб фазилатлари учун Унга мадҳ айтамиз. Ахир барчамиз — ҳар биримиз — гуноҳкормиз ва Унинг кечиримига муҳтожмиз. Яҳовадан миннатдор бўлиш учун ҳар биримизда сабаб бор. Чунки У бизга тўлов қурбонлигини берди ва бу туфайли гуноҳларимиз кечирилиши мумкин. Яҳова халқини чин кўнгилдан севиши ва улар учун энг яхшисини исташини билиш нақадар далдали!
17. Навбатдаги мақолаларда нималарни муҳокама қиламиз?
17 Бугунги кунда жиддий гуноҳ содир этилган вазиятлар қай йўсин кўриб чиқилади? Қандай қилиб жамоат оқсоқоллари Яҳованинг нуқтаи назарига тақлид қилиб гуноҳкорга тавба қилишга кўмаклаша олади? Оқсоқоллар кишини жамоатдан чиқариш ёки жамоатда тиклаш борасида қарор чиқарса, биродару опа-сингиллар бунга қандай муносабат билдириши керак? Бу саволларни келаси мақолада муҳокама қиламиз.
109-ҚЎШИҚ Самимий севги