Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

32-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

44-ҚЎШИҚ Шикаста қалб ноласи

Яҳова барча тавба қилишини истайди

Яҳова барча тавба қилишини истайди

Яҳова ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди. (2 БУТР. 3:9)

АСОСИЙ ФИКР

Тавба қилиш нима эканини, нега у муҳимлигини ҳамда қай йўсин Яҳова ҳар турли одамларга тавба қилишга ёрдам беришини кўриб чиқамиз.

1. Тавба қилиш нимани ўз ичига олади?

 БИРОН нотўғри иш қилганимизда, тавба қилиш муҳим. Муқаддас Китобга кўра, тавба қилган инсон фикрлаш тарзини ва хулқ-атворини ўзгартиради, нотўғри йўл тутишни тўхтатади ҳамда хатосини қайтармаслик қарори қатъий бўлади. (Луғатдаги «Тавба» сўзига қаранг.)

2. Нега барчамиз тавба қилиш тўғрисида билиб олишимиз керак? (Нахимиё 8:9–11)

2 Ҳар бир инсон тавба қилишни ўрганиши керак. Нега? Сабаби барчамиз ҳар куни гуноҳ қиламиз. Одамато ва Момоҳавонинг авлодлари сифатида ҳар биримиз гуноҳ ва ўлимни мерос қилиб олганмиз. (Рим. 3:23; 5:12) Ҳеч биримиз бундан мустасно эмасмиз. Ҳатто кучли имонга эга кишилар, масалан, ҳаворий Павлус гуноҳли истаклар билан курашган. (Рим. 7:21–24) Бу гуноҳларимиз дастидан доим тушкун аҳволда юришимиз кераклигини англатадими? Йўқ. Яҳова раҳм-шафқатлидир. У бахтли бўлишимизни истайди. Келинг, Нахимиёнинг давридаги яҳудийларнинг мисолига диққат қаратайлик. (Нахимиё 8:9–11 ни ўқинг.) Худо яҳудийлар ўтмишдаги гуноҳи дастидан тушкун аҳволда бўлишини эмас, балки қувонч ила топинишини истаган. У шуни билганки, тавба қилиш хурсандчиликни ҳис қилишимизга ёрдам беради. Шунга буни бизга ўргатяпти. Агар гуноҳларимиздан тавба қилсак, раҳмдил Отамиз бизни кечиришига амин бўлишимиз мумкин.

3. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

3 Келинг, тавба қилиш ҳақида кўпроқ билиб олайлик. Бу мақолада учта нарсани муҳокама қиламиз. Аввал Яҳова Исроил халқига тавба қилиш ҳақида нимани ўргатганини, кейин эса гуноҳ қилганларга бу борада қандай ёрдам берганини, охирида Исонинг издошлари тавба қилиш борасида нимани билиб олганини кўриб чиқамиз.

ТАВБА ҚИЛИШ БОРАСИДА ЯҲОВА ИСРОИЛ ХАЛҚИГА НИМАНИ ЎРГАТГАН?

4. Яҳова Исроил халқига тавба қилиш масаласида нимани ўргатган?

4 Тангри Яҳова исроилликларни бир халқ сифатида ташкиллаштирганида, улар билан аҳд, яъни расмий келишув тузган. Агар улар Унинг қонунларига амал қилса, Яҳова уларга баракалар ёғдириб ҳимоя қиларди. Ўша қонунлар борасида Худо шундай деган: «Мен бугун сизларга буюраётган амр ўта оғир ҳамда эришиб бўлмайдиган эмас». (Қонун. 30:11, 16) Борди-ю, Исроил халқи Худога қарши исён кўтарса, масалан, бошқа худоларга сажда қилишни танласа, Яҳованинг баракаларидан маҳрум бўларди ва азоб-уқубатларга йўлиқарди. Лекин шунда ҳам улар яна Худонинг марҳаматига сазовор бўлиши мумкин эди. Улар «Яҳовага қайтиб», Унга қулоқ сола оларди. (Қонун. 30:1–3, 17–20) Бошқача қилиб айтганда, Исроил халқи тавба қилиши мумкин эди. Агар улар бундай йўл тутса, Яҳова уларга яқинлашиб яна баракалар ёғдирарди.

5. Қай йўсин Яҳова халқидан умидини узмади? (4 Шоҳлар 17:13, 14)

5 Яҳованинг танланган халқи Унга қарши яна ва яна исён кўтарди. Бундан ташқари, улар бутпарастлик билан шуғулланди ва бошқа жирканч ишларга қўл урди. Натижада улар бундан азият чекди. Бироқ Яҳова улардан умидини узмади. У пайғамбарларини уларнинг олдига қайта-қайта жўнатиб тавба қилишга ва Унга қайтишга ундади. (4 Шоҳлар 17:13, 14 ни ўқинг.)

6. Қандай қилиб Яҳова пайғамбарлари орқали хизматчиларига тавба қилиш муҳим эканини ўргатган? (Расмга ҳам қаранг.)

6 Яҳова халқини огоҳлантириш ва тузатиш учун тез-тез пайғамбарларидан фойдаланган. Масалан, У Еремиё орқали шундай деган: «Эй хоин Исроил, орқага қайт. Сенга жаҳл билан қарамайман, чунки Мен садоқатлиман... Мен абадий хафа бўлиб юрмайман. Фақатгина айбингни тан ол, чунки сен Тангринг Яҳовага қарши исён кўтардинг». (Ерм. 3:12, 13) Йўэл орқали эса қуйидагича айтган: «Бутун қалбингиз билан менга қайтинглар» (Йўэл 2:12, 13) Ишаёни: «Ўзингизни покланг. Ёвуз ишларингизни кўз ўнгимдан йўқотинг»,— деб ёзишга ундаган. (Ишаё 1:16–19) Шунингдек, Яҳова Ҳизқиёга қуйидаги сўзларни ёзишни буюрган: «Мен ёвуз одамнинг ўлимидан завқ топармидим?!... У ўз йўлидан қайтиб яшаши Мен учун афзалроқ эмасми?! [...] Мен ҳеч кимнинг ўлимидан завқ топмайман... Шундай экан, йўлингиздан қайтинг ва яшанг». (Ҳиз. 18:23, 32) Инсонлар гуноҳларидан тавба қилганида Яҳова жуда хурсанд бўлади чунки У улар абадий яшашини истайди. Яҳова гуноҳкор инсонлар ўзгариш учун қадам қўйганидан кейингина уларга ёрдам таклиф қилмайди. Келинг, бунинг баъзи мисолларини кўриб чиқайлик.

Кўпинча Яҳова пайғамбарларидан фойдаланиб исёнкор халқини тавба қилишга ундаган (6-, 7-хатбошиларига қаранг.)


7. Яҳова Ҳўшея пайғамбар ва унинг хотини мисоли ёрдамида халқига нимани ўргатган?

7 Яҳова Ҳўшея пайғамбарнинг хотини Гўмеранинг ҳаётий мисоли орқали халқига нимани ўргатганига эътибор қаратинг. Зино қилганидан кейин у Ҳўшеяни қолдириб, бошқа эркакнинг олдига боради. Хўш, Яҳова нима қилади? Қалбларни ўқийдиган Худо Ҳўшеяга шундай дейди: «Исроил халқи бошқа худоларга юз [бурса ҳам]... Яҳова уларни севганидай, сен ҳам қайтадан бориб, бошқа эркак севган ва зино қилиб юрган ўша аёлга кўнгил қўй». (Ҳўш. 3:1; Ҳик. 16:2) Эътибор берган бўлсангиз, Ҳўшеянинг хотини ҳали ҳам жиддий гуноҳ қилиб юрганди. Бироқ Яҳова Ҳўшеяга уни кечиришни ва қайтадан ярашиб олишни айтади a. Шунга ўхшаб Тангри қайсар халқидан умидини узмаган. Улар даҳшатли ишлар қилган бўлса-да, У халқини севишдан ва тавба қилиб ўзгаришларига кўмаклашишдан тўхтамаган. Бу мисолдан шуни кўришимиз мумкинки, Яҳова инсоннинг юрагидаги барча нарсани билади ва У гуноҳ қилишда давом этаётган кишига тавба қилиши учун ёрдам беришга интилади. (Ҳик. 17:3) Келинг, бу ҳақда кўпроқ билиб олайлик.

ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВА ТАВБА ҚИЛИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ?

8. Яҳова Қобилни тавбага етаклаш учун қай йўсин ҳаракат қилди? (Ибтидо 4:3–7) (Расмга ҳам қаранг.)

8 Қобил Одамато ва Момоҳавонинг тўнғич ўғли эди. У ота-онасидан гуноҳ қилиш мойиллигини мерос қилиб олганди. Бунинг устига, Муқаддас Китобда: «Унинг ишлари қабиҳ... эди»,— деб ёзилган. (1 Юҳан. 3:12) Эҳтимол, шунинг учун ҳам унинг назри Яҳовага маъқул келмади. Хулқ-атворини ўзгартиришнинг ўрнига, «Қобилнинг қаттиқ жаҳли чиқиб, авзойи бузилди». Хўш, Яҳова нима қилди? У Қобил билан гаплашди. (Ибтидо 4:3–7 ни ўқинг.) Эътибор беринг, Яҳова Қобил билан меҳр ила суҳбатлашди, унга умид берди ва гуноҳ қилиш хавфидан огоҳлантирди. Афсуски, у қулоқ солишни истамади. Қобил Яҳова унга тавба қилишга ёрдам беришига йўл қўймади. Бундай салбий муносабатдан кейин Яҳова бошқаларга тавба қилишга кўмаклашишдан тўхтадими? Ҳечам!

Яҳова Қобил билан меҳр ила музокара қилган, унга умид берган ва гуноҳнинг хавфи тўғрисида огоҳлантирган (8-хатбошига қаранг.)


9. Қай йўсин Яҳова Довудни тавба қилишга олиб келган?

9 Яҳова шоҳ Довудни қаттиқ яхши кўрган. У ҳатто уни «кўнглимга ёқадиган одам» деб атаган. (Ҳавор. 13:22) Аммо Довуд оғир гуноҳларга, жумладан, зинога ва қотилликка қўл урган. Мусонинг Қонунига кўра, у ўлимга лойиқ эди. (Лев. 20:10; Саҳ. 35:31) Шундай бўлса-да, Яҳова унга тавба қилишга ёрдам беришни истаган b. Гарчи Довуд ҳали тавба қилмаган бўлса-да, Яҳова унинг ёнига Натан пайғамбарни юборган. Натан унга жиддий гуноҳларга қўл урганини тушунишига ёрдам бериш учун мисол келтирган. Довуд Яҳовани қанчалик ранжитганини тушунган ва тавба қилган. (2 Шоҳ. 12:1–14) У тавба қилганини кўрсатадиган таъсирли санони ёзган. (Заб. 51, сўзбоши) Ўша сано сон-саноқсиз гуноҳкорларга тасалли берган ва уларни тавба қилишга ундаган. Яҳова севикли хизматчиси Довудга тавба қилишга ёрдам берганидан жуда миннатдормиз.

10. Яҳова гуноҳкор одамлар билан муомала қилганда сабрли ва кечиримли эканидан нималарни ҳис қиляпсиз?

10 Яҳова гуноҳдан нафратланади. У бунинг ҳеч қандай турига тоқат қила олмайди. (Заб. 5:4, 5) Бироқ У барчамиз номукаммал эканимизни билади ва бизни севгани туфайли гуноҳга қарши курашишимизга ёрдам беришни истайди. Худо ўта оғир гуноҳга қўл урган кишиларга ҳам тавба қилишга ва Унга яқинлашишга доим кўмаклашиш пайида бўлади. Буни билиш нақадар далдали! Унинг сабр-бардоши ва кечиримлилиги борасида мулоҳаза юритсак, Унга садоқатли қолиш ва гуноҳ қилганимизда тезда тавба қилиш қароримиз қатъий бўлади. Келинг, Исо шогирдларига тавба қилиш борасида нимани ўргатганини билиб олайлик.

ИСО ТАВБА ҚИЛИШ БОРАСИДА ИЗДОШЛАРИГА НИМАНИ ЎРГАТГАН?

11, 12. Исо Отаси кечиримли экани борасида уни тинглаганларга нимани ўргатган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

11 Мил. биринчи асрда Масиҳ келиши керак эди. Олдинги мақолада айтилганидай, Яҳё ҳамда Исо Масиҳ орқали Яҳова одамларга тавба қилиш қанчалик муҳим эканини ўргатган. (Мат. 3:1, 2; 4:17)

12 Хизмати давомида Исо тингловчиларига Отаси кечиришга тайёр эканини ўргатган. Исо буни тушунтириш учун дарбадар ўғил ҳақидаги таъсирли масални келтирган. Ўша йигит маълум вақт давомида гуноҳ ишлар қилиб юрган. Аммо у эс-ҳушини йиғиб, уйга қайтиб келган. Отаси уни қандай кутиб олган? Исо: «У ҳали узоқда келаётганида отаси уни кўриб роса раҳми келибди. У ўғлининг ёнига югуриб бориб, бағрига босганча уни ўпибди»,— деб айтган. Ўғил отасининг уйида хизматкор бўлишни сўрамоқчи бўлган. Лекин отаси уни «ўғлим» деб атаб, оиласига яна қабул қилган ва: «У йўқолган эди, топилди»,— деб айтган. (Луқо 15:11–32) Исо ер юзига келишидан аввал самода яшаганида, Отаси сон-саноқсиз тавба қилган гуноҳкорларга мана шундай меҳр кўрсатганининг гувоҳи бўлгани шубҳасиз. Исонинг бу масали бизга далда бериб, Отамиз Яҳова қанчалик меҳр-шафқатли эканини кўрсатяпти.

Исонинг масалидаги ота дарбадар ўғли уйга қайтиб келганида уни қучоқлашга ошиқяпти (11-, 12-хатбошиларига қаранг.)


13, 14. Ҳаворий Бутрус тавба қилиш борасида қандай сабоқ олган ва бошқаларга бу борада нимани ўргатган? (Расмга ҳам қаранг.)

13 Тавба қилиш ва кечиримли бўлиш борасида ҳаворий Бутрус Исодан кўп нарсани ўрганган. У тез-тез хато қилган ва Исо уни кечиришга тайёр бўлган. Масалан, Бутрус устозини билишдан уч марта тонганида, қилган айби дастидан қаттиқ тушкунликка тушган. (Мат. 26:34, 35, 69–75) Аммо Исо тирилганидан кейин, эҳтимол, Бутрус ёлғиз бўлганида, унга кўринган. (Луқо 24:33, 34; 1 Кор. 15:3–5) Шубҳасизки, ўшанда тавба қилган ҳаворийсини Исо севги ила кечирган ва унга далда берган. (Марк 16:7)

14 Бутрус тавба қилиш ва кечирилиш нима эканини яхши тушунган. Шунинг учун у бошқаларга бу ҳақда ўргата олган. Ҳосил байрамидан бироз вақт ўтгач, Бутрус Исога ишонмаган бир гуруҳ яҳудийларга улар Исони ўлимга маҳкум этганини тушунтирган. У меҳр ила қуйидагича ундаган: «Шундай экан, гуноҳларингиз ювилиши учун тавба қилиб, Худога қайтинглар. Токи Яҳованинг Ўзи тетиклик бахш этадиган вақтни келтирсин». (Ҳавор. 3:14, 15, 17, 19) Шу йўсин Бутрус тавба қилиш бутунлайин ўзгаришни, яъни нотўғри фикрлаш тарзидан ва ишлардан воз кечиб, Худога маъқул келадиган ишлар пайида бўлиш эканини ўргатган. Шунингдек, ҳаворий Бутрус Яҳова гуноҳларни бутунлайин кечиришини тушунтирган. Бу Худо гуноҳларни тўлиқ ўчириб ташлашини билдиради. Йиллар ўтиб Бутрус масиҳийларни шундай деб ишонтирган: «Яҳова... сизларга сабрини намоён этяпти. Сабаби, У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутр. 3:9) Қилмишларимиздан, ҳатто жиддий гуноҳларимиздан тавба қилсак, Яҳова бизни бутунлайин кечиришини билиш нақадар далдали!

Исо тавба қилган ҳаворийсини севги ила кечириб, унга далда берган (13-, 14-хатбошиларига қаранг.)


15, 16. а) Кечириш борасида ҳаворий Павлус қай йўсин сабоқ олган? (1 Тимўтийга 1:12–15) б) Навбатдаги мақолада нимани билиб оламиз?

15 Тарслик Шоул жуда кўп ёмон ишлар қилган. У Масиҳнинг суюкли издошларини шафқатсизларча таъқиб қилган. Аксарият масиҳийлар, эҳтимол, «У ҳеч қачон ўзгармайди» деб ўйлаган. Лекин Исо Шоул ўзгариши ва тавба қилиши мумкинлигини билган. У ва Яҳова Шоулнинг ижобий фазилатларини кўрган. Исо: «Бу кишини танлаганман»,— деб айтган. (Ҳавор. 9:15) Шоулга тавба қилишга ёрдам бериш учун Исо ҳатто мўъжиза кўрсатган. (Ҳавор. 7:58–8:3; 9:1–9, 17–20) Кейинчалик ҳаворий Павлус деб танилган Шоул масиҳий бўлганидан кейин унга кўрсатилган меҳр-шафқат учун миннатдор эканини тез-тез айтган. (1 Тимўтийга 1:12–15 ни ўқинг.) У: «Аллоҳнинг меҳрибонлиги сени тавба қилишга олиб... [келади]»,— деб айтган. (Рим. 2:4)

16 Павлус Коринфдаги масиҳийлар жамоатида даҳшатли ахлоқсизлик юз бергани ҳақида эшитганида қандай йўл тутган? Унинг айтганларидан Яҳова хизматчиларига тарбия берганида қандай қилиб севгини намоён этишини ва улар тавба қилганида меҳр шафқат кўрсатишини билиб оламиз. Шунингдек, бу борада Худога қандай тақлид қила олишимизни кўриб чиқамиз. Навбатдаги мақолада Коринфдаги жамоатда нима юз берганини муҳокама қиламиз.

33-ҚЎШИҚ Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла

a Бу алоҳида вазият эди. Бугунги кунда Яҳова зинонинг беайб қурбони бўлганлардан зино қилган киши билан никоҳини сақлаб қолишни талаб қилмайди. Аксинча, Яҳова Ўғли орқали зинонинг қурбонлари агар истаса, ажрашиши мумкинлигини айтган. (Матто 5:32; 19:9)

b «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 15 ноябрь сонидаги «Яҳова кечиримли экани сиз учун нимани англатади?» номли мақоланинг 21–23-саҳифаларидаги 3–10-хатбошиларига қаранг.