Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

31-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

12-ҚЎШИҚ Буюк Аллоҳ Яҳова

Яҳова инсонларни гуноҳдан қутқариш учун нима қилди?

Яҳова инсонларни гуноҳдан қутқариш учун нима қилди?

Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. (ЮҲАН. 3:16)

АСОСИЙ ФИКР

Яҳова гуноҳга қарши курашишимизга ёрдам бериш учун қай йўсин ташаббус кўрсатди? Қандай қилиб У бизга гуноҳдан холи абадий ҳаётдан завқ олишимиз учун имкон яратди?

1, 2. а) Гуноҳ нима ва унга қарши курашда қай йўсин ғалаба қозонишимиз мумкин? («Ибора маъноси»га ҳам қаранг.) б) Бу мақолада ва «Қўриқчи минораси»нинг ушбу сонидаги бошқа мақолаларда нимани муҳокама қиламиз? (32-саҳифадаги «Азиз ўқувчи» номли рамкага ҳам қаранг. Ушбу сондаги «Ўқувчилар диққатига» номли рамкага қаранг.)

 ТАНГРИ ЯҲОВА сизни қанчалик севишини билишни истармидингиз? Бунинг жавобини билишнинг яхши йўли У сизни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун нима қилганини ўрганиб чиқиш. Гуноҳ a шафқатсиз душман бўлиб уни ўз кучимиз билан енга олмаймиз. Биз ҳар куни гуноҳ қиламиз ва шу сабабдан ўламиз. (Рим. 5:12) Аммо умидсиз эмасмиз. Яҳованинг ёрдами билан гуноҳни енга оламиз. Яҳова ғалаба қозонишимизга кафолат беряпти.

2 Тангри Яҳова одамларга тахминан 6 000 йилдан бери гуноҳга қарши курашишга кўмаклашиб келяпти. Нега деганда, У бизни севади. Яҳова инсонларни бошиданоқ яхши кўрган. У одамларни севгани туфайли гуноҳ билан курашишларига кўмаклашиш учун кўп яхшиликлар қилган. Худо гуноҳ ўлимга етаклашини билади ва ўлишимизни асло истамайди, аксинча, абадий яшашимизни хоҳлайди. (Рим. 6:23) Унинг бизга нисбатан нияти шудир. Бу мақолада қуйидаги учта саволни кўриб чиқамиз: 1) Яҳова гуноҳкор инсонларга қандай умид берган? 2) Қадимда номукаммал инсонлар Яҳовани қандай мамнун қилган? 3) Исо гуноҳкор инсонларни қутқариш учун нима қилган?

ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВА ГУНОҲКОР ИНСОНЛАРГА УМИД БЕРДИ?

3. Қандай қилиб илк ота-онамиз гуноҳкор бўлиб қолди?

3 Яҳова илк эркак ва аёлни яратганида улар бахтли бўлишини истаган. У уларга гўзал уйни, никоҳ туҳфасини ва қизиқарли вазифани топширган. Илк жуфтлик фарзандлари билан ер юзини тўлдириб, бутун сайёрани Адан боғи каби жаннатга айлантириши керак эди. Худо уларга оддийгина бир нарсани ман қилган. Яҳова уларни огоҳлантириб, агар улар ўша амрга қулоқ солмай Унга қарши атайин исён кўтарса, бу гуноҳ уларни ўлимга етаклашини айтган. Кейин нима бўлганини биламиз. Худо ва одамларни севмаган ёвуз фаришта илк жуфтликни Яҳовага итоатсизлик қилишга ундаган. Одамато ва Момоҳаво ёмон таъсирга берилган. Улар севувчи Отасига ишонмай гуноҳга қўл урган. Биламизки, Яҳова ҳақ бўлиб чиқди. Ўша кундан бошлаб улар гуноҳнинг оқибатларини кўра бошлади. Улар кексайиб, охир-оқибат ўлди. (Ибт. 1:28, 29; 2:8, 9, 16–18; 3:1–6, 17–19, 24; 5:5)

4. Нега Яҳова гуноҳдан нафратланади ва у билан курашишимизга ёрдам беради? (Римликларга 8:20, 21)

4 Яҳова бу баёнот бизга фойда келтириши учун у Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган. Бу туфайли Тангри гуноҳдан нега шунчалик нафратланишини тушуна оляпмиз. Гуноҳ бизни Отамиз Яҳовадан узоқлаштиради ва ўлимга етаклайди. (Ишаё 59:2) Шайтон Яҳовадан ва инсонлардан нафратланади. Шунинг учун у Одаматони ва Момоҳавони васвасага солган ва ҳозиргача инсонларни гуноҳ қилишга ундаяпти. Шайтон «Адан боғида ғалабага эришдим» деб ўйлаган бўлиши мумкин. Аммо у Яҳова севгига қанчалик бой эканини тушунмаган. Худо Одамато ва Момоҳавонинг авлодларига нисбатан ниятларини ҳечам ўзгартирмаган. У инсонларни яхши кўради. Шунинг учун уларга дарҳол умид бахш этди. (Римликларга 8:20, 21 ни ўқинг.) Яҳова баъзи одамлар Уни севишни танлашини ва гуноҳ билан курашишда Ундан ёрдам излашини билган. У Ота ва Яратувчи сифатида бундай одамларга гуноҳдан озод бўлиб, Унга яқинлашишлари учун йўл очган. Қизиқ, Яҳова буларнинг барини қандай қилган?

5. Яҳова гуноҳкор инсонларга илк бор қачон умид тақдим этди? Тушунтиринг. (Ибтидо 3:15)

5 Ибтидо 3:15 ни ўқинг. Яҳова Шайтонни йўқ қилишини шу заҳотиёқ айтиб барча инсонларга умид берган. У инсонларни қутқарадиган «зурриёт» келишини башорат қилган. Бу зурриёт Шайтонни йўқ қилиб, у Адан боғида келтириб чиқарган барча муаммоларни бартараф этарди. (1 Юҳан. 3:8) Бироқ унинг ўзи бу жараёнда азоб чекарди. Шайтон зурриётга ҳужум қилиб у ўлдирилишига муваффақ бўларди. Бу Яҳовага қаттиқ оғриқ келтирарди. Лекин бу шунга арзирди, сабаби сон-саноқсиз одамлар бу туфайли гуноҳ ва ўлимдан халос бўларди.

ҚАДИМДА ГУНОҲКОР ОДАМЛАР ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВАНИНГ МАРҲАМАТИГА ЭРИШГАН?

6. Ҳобил ва Нуҳ сингари имонли кишилар Яҳовага яқинлашиш учун нима қилган?

6 Асрлар давомида Яҳова гуноҳкор одамлар қандай қилиб Унга яқинлашиши мумкинлигини аста-секин кўрсатган. Одамато ва Момоҳавонинг иккинчи ўғли Ҳобил Адан боғида юз берган аянчли воқеадан кейин Яҳовага ишонган илк инсон эди. У Худони севгани ва Уни мамнун қилишни ҳамда Унга яқинлашишни истагани учун қурбонликлар келтирган. Ҳобил чўпон эди, шу боис қўзичоқларидан бир нечтасини сўйди ва Яҳовага назр қилди. Хўш, Яҳова бунга қандай муносабат билдирди? «Ҳобил ва унинг назри Яҳовага маъқул келди». (Ибт. 4:4) Худо Уни севган ва Унга ишонган одамларнинг шунга ўхшаш қурбонликларини маъқуллаганини айтган. Нуҳ бунинг мисолидир. (Ибт. 8:20, 21) Бу каби қурбонликларни қабул қилиш орқали Яҳова гуноҳкор одамлар Уни мамнун қилиши ва Унга яқинлашиши мумкинлигини кўрсатган b.

7. Иброҳим ўз ўғлини қурбон қилишга тайёр бўлганидан нимани ўрганишимиз мумкин?

7 Иброҳим кучли имон соҳиби бўлган. Яҳова ундан қийин бир ишни қилишни, яъни ўғли Исҳоқни қурбонлик сифатида тақдим этишни сўраган. Бу Иброҳим учун жуда оғриқли бўлгани аниқ. Шунга қарамай, у Яҳовага итоат қилган. Иброҳим эндигина ўғлини қурбон қилмоқчи бўлганида, Худо уни тўхтатган. Чунки Исҳоқ ўлса, Иброҳим қаттиқ азоб чекишини Яҳова билган. Бу мисол барча имонли инсонларга муҳим ҳақиқатни очиб беряпти. Яҳова севикли Ўғлини қурбонлик сифатида беришга тайёр эди. У инсонларни қаттиқ севади. (Ибт. 22:1–18)

8. Тавротдаги кўплаб қурбонликлар нимага ишора қилган? (Левилар 4:27–29; 17:11)

8 Асрлар ўтгач, Яҳова исроилликларга Тавротни берганида, гуноҳлари кечирилиши учун ҳайвонларни қурбонликка келтиришни айтган. (Левилар 4:27–29; 17:11 ни ўқинг.) Бундай қурбонликлар инсониятни гуноҳдан бутунлай қутқарадиган янада катта қурбонликка ишора қилган. Худо пайғамбарларини ваъда қилинган зурриёт азоб чекиши ва ўлдирилиши тўғрисида ёзишга илҳомлантирган. Бу зурриёт Унинг Ўғли бўлиб чиқди. У қўй сингари қурбонликка келтирилиши керак эди. (Ишаё 53:1–12) Тасаввур қилинг, Яҳова инсониятни, жумладан, сизни ҳам гуноҳ ва ўлимдан халос этиш учун ягона Ўғлини қурбонлик сифатида келтирган.

ИСО ХАЛОС ЭТИШ УЧУН НИМА ҚИЛДИ?

9. Яҳё пайғамбар Исо ҳақида нима деган? (Ибронийларга 9:22; 10:1–4, 12)

9 Мил. биринчи асрда Худонинг хизматчиси Яҳё Исога ишора қилиб шундай деган: «Мана, дунёнинг гуноҳини бартараф этадиган Худонинг Қўзиси!» (Юҳан. 1:29) Илоҳий илҳом остида айтилган бу сўзлар Исо анча олдин башорат қилинган зурриёт эканини кўрсатган. У ваъда қилинган қурбонликни келтириши керак эди. Энди номукаммал одамлар гуноҳнинг устидан бутунлайин ғалаба қозонишига бўлган умид ҳар қачонгига қараганда мустаҳкам эди. (Ибронийларга 9:22; 10:1–4, 12 ни ўқинг.)

10. Исо «гуноҳкорларни даъват этгани» келганини қандай кўрсатган?

10 Исо гуноҳ дастидан руҳи тушганларга алоҳида эътибор қаратган ва уларни издошлари бўлишга таклиф қилган. У инсонлар азоб чекаётганининг асл сабаби гуноҳ эканини билган. Шу боис Исо айниқса гуноҳкор сифатида танилган эркагу аёлларга ёрдам берган. У мисол келтириб қуйидагича тушунтирган: «Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож». Исо яна шундай деб қўшиб қўйган: «Ахир мен одил кишиларни эмас, гуноҳкорларни даъват этгани келганман». (Мат. 9:12, 13) У айнан шундай қилган. Бир аёл кўз ёшлари билан унинг оёқларини ювганида, Исо унга мулойимлик ила гапирган ва унинг гуноҳларини кечирган. (Луқо 7:37–50) У қудуқ олдидаги самариялик аёл ахлоқсиз ҳаёт тарзини кечирганини билса-да, унга муҳим ҳақиқатларни ўргатган. (Юҳан. 4:7, 17–19, 25, 26) Худо Исога ҳатто гуноҳнинг оқибати бўлмиш ўлимга чек қўйиш учун куч берган. Қандай қилиб? Исо Масиҳ эркагу аёлларни, болалар ва катталарни тирилтирган. (Мат. 11:5)

11. Нега гуноҳкор одамлар Исо билан вақт ўтказишни ёқтирган?

11 Ҳатто жиддий гуноҳ қилиб юрган инсонлар ҳам Исо билан бирга вақт ўтказишни ёқтирганидан ҳайрон қолмаймиз. Сабаби у уларга меҳр-шафқат ва ҳамдардликни намоён этган. Улар Исо билан гаплашишдан қўрқмаган. (Луқо 15:1, 2) Исо унга ишонган бундай инсонларни мақтаган ва мукофотлаган. (Луқо 19:1–10) У Отасининг раҳм-шафқатига мукаммал даражада тақлид қилган. (Юҳан. 14:9) Исо одамлар билан қандай муомала қилганидан Яҳова раҳм-шафқатли эканини, У номукаммал одамларни севишини ҳамда уларга ёрдам беришни исташини билиб оляпмиз. Исо гуноҳкор одамларга ёмон йўлидан қайтиш учун истакка эга бўлишларига ва унга эргашишларига кўмаклашган. (Луқо 5:27, 28)

12. Исо ўзининг ўлими ҳақида нимани ўргатган?

12 Исо уни нималар кутаётганини билган. У издошларига унга хиёнат қилишларини ва устунда ўлдирилишини бир неча бор айтган. (Мат. 17:22; 20:18, 19) Яҳё эълон этганидай ва пайғамбарлар башорат қилганидай, Исо унинг қурбонлиги дунёнинг гуноҳини бартараф қилишини билган. Бундан ташқари, Исо ҳаётини қурбон қилгач, ҳар турли инсонларни ўзига «жалб» этишини айтган. (Юҳан. 12:32) Гуноҳкор одамлар Исони Ҳазрати сифатида тан олиш ҳамда унинг изидан оғмай юриш орқали Яҳовани мамнун қила олади. Улар бундай йўл тутса, охири «гуноҳдан озод» бўлади. (Рим. 6:14, 18, 22; Юҳан. 8:32) Шу боис Исо бизни қутқариш ниятида жасорат ила оғриқли ўлимни бошдан кечиришга тайёр бўлган. (Юҳан. 10:17, 18)

13. Исо қандай ўлган ва унинг ўлимидан Тангри Яҳова тўғрисида нимани билиб оляпмиз? (Расмга ҳам қаранг.)

13 Исога хиёнат қилишган, ҳибсга олишган, ҳақоратлашган, туҳмат қилишган, айблашган ва ҳатто қийнашган. Кейин эса аскарлар уни қатл этиладиган жойга олиб бориб, устунга михлашган. У барча азобларга имон ила бардош қилар экан, бир шахс ундан-да кўпроқ оғриқни ҳис қилган. Бу Тангри Яҳова эди. Ўғли чекаётган азобларни тўхтатиш учун Яҳованинг кучи етса-да, У бундай қилмаган. Нега? Севувчи Ота бундай йўл тутишига нима туртки бўлган? Бир сўз билан айтганда — севги. Исо шундай айтган: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳан. 3:16)

Яҳова Ўғли ўлдирилишига йўл қўйиб, бизни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун тасаввур қилиб бўлмас оғриқни бошдан кечирган (13-хатбошига қаранг.)


14. Исонинг қурбонлигидан нимани билиб оляпмиз?

14 Исонинг қурбонлиги Яҳова Одамато ва Момоҳавонинг авлодларини қанчалик яхши кўришининг яққол исботидир. Бу Яҳова сизни жуда севишини кўрсатяпти. У севикли Ўғлини қурбон қилди ва сизни гуноҳ ва ўлимдан халос этиш учун қаттиқ оғриққа бардош берди. (1 Юҳан. 4:9, 10) Дарҳақиқат, Худо ҳар биримизга гуноҳ билан курашиб, ғалаба қозонишимизга кўмаклашишни истайди.

15. Худонинг тўлов ҳадясидан фойда олиш учун нима қилишимиз керак?

15 Худонинг ҳадяси, яъни ягона Ўғлининг тўлов қурбонлиги туфайли гуноҳларимиз кечирилиши мумкин. Лекин Худо бизни кечириши учун бир нарса қилишимиз керак. Хўш, бу нима экан? Яҳё пайғамбар ва Исо Масиҳ мазкур саволга қуйидагича жавоб берган: «Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди». (Мат. 3:1, 2; 4:17) Шундай экан, гуноҳга қарши курашиб севувчи Отамизга яқинлашишни истасак, тавба қилиш муҳимдир. Бу нимани ўз ичига олади? Қай йўсин тавба қилиш гуноҳ билан курашишимизга ёрдам беради? Кейинги мақолада бу саволларга жавоб топамиз.

18-ҚЎШИҚ Тўлов учун миннатдормиз

a ИБОРА МАЪНОСИ. Муқаддас Китобга кўра, «гуноҳ» нотўғри иш қилишни, Яҳованинг ахлоқий меъёрлари асосида ҳаёт кечирмасликни билдириши мумкин. Аммо «гуноҳ» сўзи, шунингдек, бизга Одаматодан мерос бўлиб ўтган номукаммалликни ва гуноҳ қилиш мойиллигини англатади. Мерос бўлиб ўтган гуноҳ ўлимнинг сабабидир.

b Яҳова садоқатли кишиларнинг қурбонликларини қабул қилган. Сабаби У келажакда Исо Масиҳ ҳаётини қурбон қилишини ва бутун инсониятни қутқаришини билган. (Рим. 3:25)