Яхши самара келтирадиган оддий савол
Мери ва унинг эри Жон a яшайдиган жойда Филиппиндан келган кўплаб ишчилар билан хушхабарни бўлишиш имкони бор. COVID-19 пандемияси давомида Мери нафақат ўзи яшайдиган жойдаги, балки бошқа мамлакатлардаги инсонлар билан ҳам тадқиқ бошлаган. У буни қандай қилган?
Мери Каломни тадқиқ қилаётган қизиқувчилардан: «Муқаддас Китобни ўрганишни истайдиган яна бирор кимни биласизми?» — деб сўраган. Агар улар: «Ҳа»,— деб жавоб беришса, Мери: «Уларни мен билан таништира оласизми?» — деб айтган. Бундай оддий саволни бериш кўп ҳолларда яхши натижалар келтиради. Нега? Чунки Худонинг Каломини қадрлайдиган инсонлар одатда оила аъзолари ва дўстларига ўрганаётган нарсаларини айтиб беришни хоҳлашади. Хўш, Мерининг саволи қандай натижа келтирди?
Каломни ўрганаётган Жасмин Мерини ҳақиқатга қизиқиш билдирган тўрт киши билан таништиради. Улардан бири Кристин Каломни ўрганишдан шунчалик завқланадики, Меридан ҳафтасига икки марта тадқиқ ўтишни сўрайди. Мери Кристиндан Каломни ўрганишни истайдиган танишлари бор-йўқлигини сўраганида, у: «Ҳа, бор. Сизни баъзи дўстларим билан таништираман»,— дейди. Кристин бир неча ҳафта ичида тўртта дўсти ва кейинроқ яна бошқа дўстлари билан таништиради. Унинг дўстлари ҳам тадқиқ ўтишни истайдиган бошқа танишлари борлигини айтади.
Кристин Филиппинда яшайдиган оила аъзолари ҳам Каломни ўрганишларини истайди. Шунга қизи Андреа билан бу ҳақда гаплашади. Авваллари у «Яҳованинг Шоҳидлари қандайдир мазҳаб. Улар Исога ишонмайди, фақат Эски Аҳддан фойдаланади» деб ўйларди. Аммо илк тадқиқдан сўнг унинг фикрлари тубдан ўзгарди. У ҳар сафар Муқаддас Китобдан нимадир ўрганганида: «Муқаддас Китобда шундай ёзилган бўлса, демак бу тўғри!» — деб айтарди.
Андреа Мерини кейинчалик тадқиқ ўтишни бошлаган иккита дугонаси ва бир ҳамкасби билан таништирди. Шунингдек, Андреанинг Анжела исмли кўзи ожиз аммаси Мери ва Андреанинг суҳбатларини тингларди. Мерининг эса бундан хабари йўқ эди. Бир куни Анжела жиянига Мери билан танишмоқчи эканини ва у ҳам тадқиқ ўтишни исташини айтади. Анжелага ўрганаётганлари ёқарди. У бир ой ичида кўпгина оятларни ёдлаб олди ва ҳафтасига тўрт марта тадқиқ ўтмоқчи эканини айтди. Анжела жияни Андреанинг ёрдами билан видеоконференция орқали йиғилишларда мунтазам қатнашишни бошлади.
Мери ва Кристин тадқиқ қилишаётганда, Жошуа хотини Кристиннинг орқасида ўтирарди. Буни пайқаган Мери унга тадқиққа қўшилишни таклиф қилади. Жошуа эса: «Сизларни эшитиб ўтиришим мумкин, фақат менга саволлар бера кўрманг. Акс ҳолда ўрнимдан туриб кетаман»,— дейди. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, У Кристиндан ҳам кўпроқ саволлар бериб, тадқиқ ўтишни бошлайди.
Мери биргина савол туфайли кўплаб Муқаддас Китоб тадқиқларини бошлади. Мери уларнинг аксарияти билан тадқиқ ўтишлари учун имондошларидан ёрдам сўради. У ҳаммаси бўлиб тўртта мамлакатда 28 та Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади.
Тадқиқ қилишни биринчи бошлаган Жасмин 2021 йил апрелда сувга чўмди. Кристин эса 2022 йил майда сувга чўмди ва Филиппинга оиласининг олдига қайтди. Кристин Мери билан таништирган икки киши ҳам сувга чўмди. Кристин сувга чўмганидан бир неча ой ўтиб, Анжела ҳам сувга чўмди ва ҳозир у доимий кашшоф бўлиб хизмат қиляпти. Кристиннинг эри Жошуа ва уларнинг қизи Андреа ҳамда Каломни ўрганаётган бир неча киши маънан ўсишда давом этишяпти.
Биринчи асрда кўп одамлар оила аъзолари ва дўстларига Исо тўғрисида билиб олганларини айтиб беришган. (Юҳан. 1:41, 42а; Ҳавор. 10:24, 27, 48; 16:25–33) Сиз билан Каломни ўрганаётганлардан ва тадқиқ ўтишга қизиқиш билдираётганлардан шундай деб сўранг: «Муқаддас Китобни ўрганишни истайдиган яна бирор кимни биласизми?» Сиз ҳам шу оддийгина саволни бериш орқали, эҳтимол, Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашни истайдиган кўпроқ одамларни топарсиз.
a Исмлар ўзгартирилган