6-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
18-ҚЎШИҚ Тўлов учун миннатдормиз
Яҳова бизни кечираётгани учун нега миннатдормиз?
Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. (ЮҲАН. 3:16)
АСОСИЙ ФИКР
Яҳова бизни кечираётгани учун миннатдорчилигимизни оширишни истаймиз. Бунинг учун У гуноҳларимизни кечириш ниятида нималар қилганини билиб оламиз.
1, 2. Қай йўсин инсониятнинг вазияти 1-хатбошида гап кетган йигитникига ўхшайди?
ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, бир йигит бой оилада катта бўлади. Бир куни унинг бошига мусибат тушади — ота-онаси ҳаётдан кўз юмади. Бу унинг қалбини тилка-пора қилади. Буниси етмагандай, у яна бир даҳшатли хабар эшитади. Йигит ота-онаси қарзга ботганини ва энди уни у тўлаши кераклигини билиб қолади. Унга бойлик эмас, қарз мерос бўлиб ўтади. Қарз берганлар пулларини талаб қилади. Лекин уларни қайтаришга йигитнинг қурби етмайди.
2 Қайсидир жиҳатдан бизнинг вазиятимиз бу йигитникига ўхшайди. Илк ота-онамиз Одамато ва Момоҳаво мукаммал бўлиб, гўзал жаннатда яшаган. (Ибт. 1:27; 2:7–9) Улар бахтли ва абадий ҳаёт кечириш умидига эга эди. Аммо барчаси ўзгарди. Улар жаннатни ва шу билан бирга абадий яшаш истиқболини йўқотди. Улар фарзандларига нимани мерос қила олди? Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Битта одам [Одамато] дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди, демак уларнинг барчаси гуноҳ қилган». (Рим. 5:12) Бизга Одаматодан ўлимга етакловчи гуноҳ мерос бўлиб ўтди. Бу гуноҳ катта қарзга ўхшайди ва ҳеч биримиз уни тўлай олмаймиз. (Заб. 49:8)
3. Нега гуноҳларни қарзга ўхшатса бўлади?
3 Муқаддас Китобда гуноҳ қарзга ўхшатилган. (Мат. 18:32–35) Гуноҳ қилганимизда, Яҳованинг олдида қарздор бўламиз. Гуноҳимиз учун У тўлов талаб қилиши мумкин эди. Шунда қарзимизни тўламаганимизда, фақат ҳаётдан кўз юмганимизда у бекор қилинган бўларди. (Рим. 6:7, 23)
4. a) Ёрдам қўли чўзилмаганида барча гуноҳкорлар билан нима юз берарди? (Забур 49:7–9) б) Муқаддас Китобда «гуноҳ» сўзи қандай маънога эга? (« Гуноҳ» номли рамкага қаранг.)
4 Одамато ва Момоҳаво йўқотган барча нарсага эга бўлишнинг имкони борми? Бу бизнинг қўлимиздан келмайди. (Забур 49:7–9 ни ўқинг.) Ёрдам қўли чўзилмаганида, абадий яшаш ё тирилиш умидига эга бўлмасдик. Дарҳақиқат, биз ҳаётдан кўз юмиб, ҳайвонлар каби бошқа яшаш имконига эга бўлмасдик. (Воиз 3:19; 2 Бутр. 2:12)
5. Севувчи Отамиз мерос бўлиб ўтган қарзни тўлашимизга қандай ёрдам берган? (Расмга қаранг.)
5 Мақоланинг бошида келтирилган йигитни эсга олайлик. Бирорта бой киши барча қарзларини тўлашни таклиф қилганида, у нималарни ҳис қилган бўларди? Шубҳасизки, ўша йигит унинг сахийлик ила қилган таклифи учун жуда миннатдор бўларди. Шунга ўхшаб, севувчи Отамиз Яҳова Одаматодан мерос бўлиб ўтган гуноҳ учун қарзни тўлаш ниятида бизга ҳадя берди. Исо қуйидагича деган: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳан. 3:16) Қолаверса, бу ҳадя Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлишимизга йўл очяпти.
6. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз ва нега?
6 Қандай қилиб бу ажойиб ҳадя туфайли гуноҳларимиз кечирилиши мумкин? Мазкур саволга жавоб топиш учун ярашиш, гуноҳларни ювиш, тўлов, халос этилиш ва одил деб эълон қилиниш каби иборалар Муқаддас Китобда қандай қўлланилганини кўриб чиқайлик. Ушбу мақолада бу ибораларнинг ҳар бирини муҳокама қиламиз. Уларнинг маъноси устида мулоҳаза юритар эканмиз, бу Яҳова бизни кечираётганига бўлган миннатдорчилигимизни оширади.
ЯРАШИШ
7. a) Одамато ва Момоҳаво яна нимани йўқотди? б) Илк жуфтликнинг авлодлари сифатида нимага муҳтожмиз? (Римликларга 5:10, 11)
7 Одамато ва Момоҳаво абадий яшаш умидини йўқотишдан ташқари, Отаси Яҳова билан ҳам қадрли муносабатларидан маҳрум бўлган. Аслида, бу жуфтлик Худо оиласининг бир қисми бўлган. (Луқо 3:38) Аммо улар Яҳовага итоатсизлик қилганида Унинг оиласидан ҳайдалган. Ўшанда улар ҳали фарзанд кўрмаган эди. (Ибт. 3:23, 24; 4:1) Шу боис уларнинг авлоди сифатида Яҳова билан ярашишимиз керак. (Римликларга 5:10, 11 ни ўқинг.) Бошқача қилиб айтганда, У билан яқин муносабатларни ривожлантиришимиз лозим. Бир манбага кўра, бу ерда «ярашмоқ» деб ўгирилган юнонча сўз «душманни дўстга айлантирмоқ» деган маънони англатиши мумкин. Қувонарлиси шундаки, бундай имкон пайдо бўлиши учун Яҳованинг Ўзи ташаббус кўрсатди. Хўш, қанақасига?
ГУНОҲНИ ЮВИШ
8. Яҳова қандай тадбир жорий этган?
8 Яҳова гуноҳкор одамлар билан ўзаро яхши муносабатларни тиклаш учун гуноҳни ювиш тадбирини жорий этган. Бу бирон нарсани унинг қийматига тенг бошқа нарсага алмашишни ўз ичига олади. Шу йўсин йўқотилган ё вайрон бўлган нарса тикланиши ёки қайта ўрнига қўйилиши мумкин. Юнонча ёзувларда ҳам бу Худо инсонлар билан дўстона муносабатларни тиклаш учун чора кўрганига ишора қилади. (Рим. 3:25)
9. Исроилликларнинг гуноҳлари кечирилиши учун Яҳова нима қилган?
9 Яҳова исроилликлар билан яқин муносабатларга эга бўлиш учун йўл очиш ниятида уларнинг гуноҳларини кечиришга ёрдам берадиган вақтинчалик тадбир уюштирган. Ҳар йили Исроилда бу маросим ўтказиларди. У Гуноҳни ювиш куни деб аталарди. Ўша куни олий руҳоний одамлар учун ҳайвонларни қурбонлик сифатида келтирарди. Албатта, ҳайвонлар одамларга тенг кела олмайди. Шунинг учун улар бирон кимнинг гуноҳини бутунлайин қоплай олмасди. Лекин тавба қилган исроилликлар Яҳова талаб қилганидай қурбонликлар келтиришда давом этар экан, У уларни кечиришга тайёр бўлган. (Иброн. 10:1–4) Бундан ташқари, исроилликлар Гуноҳни ювиш куни ва бошқа пайтлар қурбонликлар келтиргани уларга гуноҳкорлигини ҳамда гуноҳларини тўлиқ қоплаш учун кўпроғига муҳтож эканини тушунишига ёрдам берган.
10. Ҳамма одамларнинг гуноҳлари кечирилиши учун Худо нима қилган?
10 Яҳова одамларнинг гуноҳлари кечирилиши учун нима қилди? У чора кўрди — суюкли Ўғли «кўпларнинг гуноҳларини олиб кетиш учун ўзини бир марта қурбонликка келтирди». (Иброн. 9:28) Исо «кўплар учун жонини тўлов сифатида» берди. (Мат. 20:28) Қизиқ, тўлов ўзи нима?
ТЎЛОВ
11. a) Муқаддас Китобга биноан, тўлов бу нима? б) Тўловни фақат ким тўлай оларди?
11 Муқаддас Китобга кўра, тўлов покланиш ёки ярашиш учун тўланадиган баҳо ҳисобланади a. Яҳованинг нуқтаи назарига биноан, тўлов йўқотилган нарсани тиклаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Эсингизда бўлса, Одамато ва Момоҳаво мукаммал ҳаёт билан бирга абадий яшаш умидини қўлдан бой берган. Шундай экан, тўлов йўқотилган бу қийматга тенг бўлиши кутиларди. (1 Тим. 2:6) Буни фақатгина 1) мукаммал, 2) ер юзида абадий яшай оладиган ва 3) биз учун ҳаётини беришга ёки қурбон қилишга тайёр вояга етган эркак киши қила оларди. Унинг ҳаёти йўқотилган нарсанинг эвазига тўлов бўла оларди.
12. Нега Исо керакли тўлов баҳосини тақдим эта олган?
12 Келинг, нега Исо бу тўловнинг баҳосини тақдим эта олганининг учта сабабига диққат қаратайлик. 1) У мукаммал бўлган — «ҳеч қандай гуноҳ қилмаган». (1 Бутр. 2:22) 2) Бу туфайли Исо ер юзида абадий яшай оларди. 3) У биз учун ўлишга ва ҳаётини беришга тайёр бўлган. (Иброн. 10:9, 10) Илк инсон, яъни Одамато гуноҳ қилишидан аввал мукаммал бўлган, Исо ҳам мукаммал эди. (1 Кор. 15:45) Шунинг учун Исо ўлими орқали Одаматонинг гуноҳини поклади, яъни у йўқотган нарсани тиклади. (Рим. 5:19) Шу йўсин у «охирги Одамато» бўлди. Энди Одамато йўқотган нарсанинг баҳосини тўлаш учун бошқа мукаммал инсон келишига ҳожат йўқ. Исо «битта абадий қурбонлик» келтирди. (Иброн. 7:27; 10:12)
13. Гуноҳни ювиш тадбири ва тўлов ўртасида қандай фарқ бор?
13 Хўш, гуноҳни ювиш тадбири ва тўлов ўртасида қандай фарқ бор? Гуноҳни ювиш тадбири Худо одамлар билан яқин муносабатларни тиклаш учун қилган ҳаракатдир. Тўлов эса гуноҳкор инсонларнинг гуноҳлари ювилиши учун тўланган баҳо. Бу баҳо Исонинг биз учун тўкилган қимматли қонини англатади. (Эфес. 1:7; Иброн. 9:14)
ХАЛОС ЭТИЛИШ ВА ОДИЛ ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИНИШ
14. Нималарни муҳокама қиламиз ва нега?
14 Яҳова биз учун қилган бу яхшиликдан қандай фойда оламиз? Ушбу саволга жавоб топиш учун Муқаддас Китобда қўлланилган иккита иборанинг маъносини муҳокама қилайлик. Улар Яҳова бизни кечираётганидан қандай фойда олишимиз мумкинлигини тушунишимизга ёрдам беради.
15, 16. a) Каломга биноан, халос бўлиш нимани англатади? б) Гуноҳ ва ўлимдан халос бўлишимизни билиш бизга қандай таъсир қиляпти?
15 Муқаддас Китобда халос этилиш ибораси тўлов эвазига озод қилиниш ёки оқланишни билдиради. Ҳаворий Бутрус буни қуйидагича ифодалаган: «Ўзларингиз биласизлар-ку, ота-боболарингиздан қолган мазмунсиз ҳаёт тарзидан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига халос этилмагансизлар. Аммо бенуқсон, беғубор қўзи сингари бўлган Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига халос этилгансизлар». (1 Бутр. 1:18, 19)
16 Тўлов қурбонлиги туфайли кўпгина азоб-уқубатларга сабаб бўлаётган гуноҳ ва ўлим исканжасидан озод бўла оламиз. (Рим. 5:21) Шубҳасизки, Яҳова ҳамда Исодан жудаям миннатдормиз. Чунки Исо қимматбаҳо қонини тўкиб бизни озод қилди. (1 Кор. 15:22)
17, 18. a) Одил инсон деб тан олиниш нима дегани? б) Яҳова бизни одил деб тан олаётганидан қандай фойда оляпмиз?
17 Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳованинг хизматчилари одил деб эълон қилинган. Бу дегани У гуноҳларимиз учун тўлов талаб қилмайди. Шундай бўлса-да, Худо адолат борасидаги меъёрларига амал қилишимизни истайди. Сабаби У биз лойиқ бўлганимиз ёки гуноҳларимизга кўз юмгани учун бундай қилмаяпти. Аксинча, тўлов берилгани ва гуноҳни ювиш тадбирига ишонганимиз учун Яҳова бизни кечиряпти. (Рим. 3:24; Галат. 2:16)
18 Хўш, бу ҳар биримиз учун нимани англатади? Исо билан самода бошқариш учун танланганлар Аллоҳнинг болалари сифатида одил деб эълон қилинган. (Титус. 3:7; 1 Юҳан. 3:1) Уларнинг гуноҳлари кечирилган. Гўёки улар умуман гуноҳ қилмаган ва бу туфайли улар Самовий Шоҳликда бўлишга лаёқатли деб топилган. (Рим. 8:1, 2, 30) Ер юзида яшаш умидига эга бўлганлар ҳам Худонинг дўстлари сифатида одил деб эълон қилинган ва уларнинг гуноҳлари кечирилган. (Ёқб. 2:21–23) Армагеддонда омон қоладиган улкан оломон ҳеч қачон ўлмай яшаш умидига эга. (Юҳан. 11:26) Ўлим уйқусида бўлган «адолатли» ва «адолатсиз» кишилар тирилади. (Ҳавор. 24:15; Юҳан. 5:28, 29) Охири ер юзидаги барча итоатли одамлар «Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлади». (Рим. 8:21) Отамиз Яҳова билан бундай муносабатларга эга бўладиган пайтни интиқиб кутяпмиз!
19. Вазиятимиз қай йўсин яхшиланди? (« Бу биз учун нимани англатади?» номли рамкага ҳам қаранг.)
19 Дарҳақиқат, қачондир вазиятимиз мақоланинг бошидаги бор-будидан маҳрум бўлиб, тўлаш имконсиз бўлган улкан қарзни мерос қилиб олган йигитнинг вазиятига ўхшарди. Аммо Яҳова бизга ёрдам берди. Гуноҳни ювиш тадбири ва тўлов берилгани учун вазиятимиз ўзгарди. Исога бўлган ишончимиз туфайли гуноҳ ва ўлимдан озод бўлиш имконига эга бўлдик. Яҳова гуноҳларимизни кечирганида, улар гўё содир этилмагандай бўлади. Энг асосийси, ҳозирнинг ўзидаёқ севувчи самовий Отамиз Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўла оламиз.
20. Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?
20 Яҳова ҳамда Исо биз учун нималар қилгани устида мулоҳаза юритганимиз сайин қалбимиз миннатдорчиликка тўлиб-тошади. (2 Кор. 5:15) Уларнинг ёрдамисиз ҳеч қачон умидга эга бўла олмасдик. Хўш, Яҳова кечиримли экани аслида ҳар биримиз учун нимани англатади? Келаси мақолада буни билиб оламиз.
10-ҚЎШИҚ Аллоҳимиз Яҳовани улуғланг!
a Айрим тилларда «тўлов» ибораси том маънода «ҳаёт баҳоси» ёки «тўланган ҳақ» ни англатади.