Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

«Ҳечам ёлғиз бўлмаганман»

«Ҳечам ёлғиз бўлмаганман»

ҲАЁТДАГИ кўпгина вазиятлар, масалан, яқинимизни йўқотиш, нотаниш муҳитга тушиш ва якка қолиш ўзимизни ёлғиз ҳис қилишимизга сабаб бўлиши мумкин. Мен буларнинг барчасини бошимдан ўтказганман. Аммо ортга қараб шуни англаб етдимки, мен аслида ҳеч қачон ёлғиз бўлмаган эканман. Келинг, нега бундай хулосага келганимни сизга айтиб бераман.

ОТА-ОНАМНИНГ ЎРНАГИ

Ота-онам диндор католик бўлишган. Бироқ улар Муқаддас Китобдан Худонинг исми Яҳова эканини билгач, ғайратли Яҳованинг Шоҳидлари бўлишди. Дадам Исонинг ўйма тасвирларини ясашни тўхтатди. Бунинг ўрнига у дурадгорлик маҳоратидан Сан-Хуан-дель-Монтедаги (Филиппин, Манила) уйимизнинг пастки қаватини Йиғилиш залига айлантиришда фойдаланди.

Ота-онам ва оила аъзоларим билан

1952 йили туғилганимдан сўнг ота-онам тўртта акам ва учта опамга қўшиб менга ҳам маънавий таълим беришган. Улғаяр эканман, отам мени ҳар куни Муқаддас Китобдан бир бобни ўқишга ундарди ва мен билан кўплаб адабиётларимизни тадқиқ қиларди. Баъзида ота-онам кўчма нозирларни ва Байтилда хизмат қиладиган биродарларни уйимизда қолишга таклиф қилишарди. Улар айтиб берган воқеалар оиламизга қувонч ва далда бахш этарди. Бу бизни хизматни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишга ундаган.

Яҳовага садоқат ила хизмат қилган ота-онам мен учун аъло ўрнак бўлишган. Меҳрибон ойижоним касаллик дастидан вафот этгач, 1971 йили дадам билан биргаликда кашшофликни бошладик. Лекин 1973 йили 20 ёшимда дадам вафот этди. Ота-онамни йўқотгач бўшлиқни ва ёлғизликни ҳис қилардим. Бироқ Муқаддас Китобдаги «ишончли ва мустаҳкам» умид лангар каби туришга ҳамда ижобий бўлиб, Яҳова билан яқин муносабатларни сақлашга ёрдам берди. (Иброн. 6:19) Дадамнинг ўлимидан кўп ўтмай Палаван провинциясидаги Корон оролида махсус кашшоф бўлиб хизмат қилиш таклифини қабул қилдим.

МАШАҚҚАТЛИ ВАЗИФАЛАР ПАЙТИДАГИ ЁЛҒИЗЛИК

21 ёшда бўлганимда Коронга етиб келдим. Шаҳарда катта бўлганим учун бу оролда электр қуввати, водопровод суви ва машиналар танқислигини кўриб ҳайрон қолгандим. У ерда бир нечта биродар бор бўлса ҳам, бир ўзим кашшофлик қилардим ва баъзан ёлғиз хизмат қилишимга тўғри келарди. Хизматимнинг илк ойида оиламни ва дўстларимни жуда қаттиқ соғинардим. Тунда юлдузли осмонга қараб кўз ёш тўкардим. Тўла вақтли хизматни қолдириб, уйга қайтгим келарди.

Бундай пайтларда қалбимни Яҳовага тўкиб солардим. Муқаддас Китобдаги ҳамда адабиётларимиздаги далдали фикрларни эслашга ҳаракат қилардим. Забур 19:14 даги сўзлар устида тез-тез фикр юритардим. Агар Яҳовани мамнун қиладиган нарсалар, масалан, Унинг қилган ишлари ва фазилатлари тўғрисида мулоҳаза юритсам, У «менинг Қоям ва Халоскорим» бўлишини тушундим. «Қўриқчи минораси»даги «Сиз ёлғиз эмассиз» a номли мақола менга катта ёрдам берди. Уни қайта-қайта ўқирдим. Ёлғиз бўлганимда аслида Яҳова билан эканимни ва бу ўзгача вақтда ибодат ва тадқиқ қилишим ҳамда мулоҳаза юритишим мумкинлигини тушундим.

Коронга етиб келганимдан кўп ўтмай оқсоқол этиб тайинландим. Мендан бошқа оқсоқол бўлмагани учун ҳар ҳафта Воизлик мактабини, Хизмат учрашувини, жамоат китоб тадқиқини ва «Қўриқчи минораси» тадқиқини ўтказардим. Шунингдек, ҳар ҳафта оммавий нутқ сўзлардим. Энди бир нарса аниқ эди — ўзимни ёлғиз ҳис қилишга вақтим қолмаганди!

Коронда хизматим самарали бўлгани учун хурсанд эдим. Мен тадқиқ ўтказганларнинг баъзилари охири сувга чўмди. Бироқ қийинчиликлар ҳам йўқ эмасди. Баъзида қаерда тунашимни билмасам ҳам, ярим кун йўл босиб ваъз қилинадиган ҳудудга борардим. Шунингдек, жамоат ҳудуди кўплаб кичикроқ оролларни ўз ичига оларди. У ерларга бориш учун ҳатто сузишни билмасам ҳам, моторли қайиқда бўронли денгиздан кечиб ўтардим. Яҳова бу барча қийинчиликларда мени ҳимоялаб, қўллаб-қувватлади. Кейинроқ шуни тушундимки, Яҳова мени келгуси вазифаларимдаги каттароқ қийинчиликларга тайёрлаган экан.

ПАПУА-ЯНГИ ГВИНЕЯ

1978 йили мени Австралиянинг шимолидаги Папуа-Янги Гвинеяга тайинлашди. У ер тоғли мамлакат бўлиб, катталиги бўйича деярли Испанияга тенг. У ердаги тахминан 3 миллион аҳоли 800 дан ошиқ тилда гаплашишини эшитиб қойил қолдим. Яхшиямки, аксарият одамлар ток писин деб аталадиган меланез пижин тилида сўзлашар экан.

Мени пойтахт Порт-Морсбида жойлашган инглиз тилидаги жамоатга вақтинчалик тайинлашди. Аммо кейин ток писин тилидаги жамоатга ўтдим ва бу тилни ўрганиш учун курсга қатнадим. Унда ўрганганларимни ваъзгўйликда қўллардим. Бу менга тилни тезроқ ўрганишга ёрдам берди. Кўп ўтмай ток писин тилида оммавий нутқ сўзлай олдим. Папуа-Янги Гвинеяга келганимга бир йил бўлмасиданоқ мени йирик провинциялардаги ток писин тилидаги жамоатларга туман нозири этиб тайинлашганида, қанчалик ҳайратланганимни бир тасаввур қилинг!

Жамоатлар бир-биридан олисда жойлашгани туфайли кўплаб туман анжуманларини ташкиллаштиришим ва тез-тез йўлга чиқишим керак эди. Аввалига нотаниш муҳит — мамлакат, тил ва маданият янги бўлгани учун ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилардим. Жамоатлар орасидаги йўллар тоғли ва нотекис бўлгани сабабли уларга қуруқлик орқали бора олмасдим. Шунинг учун деярли ҳар ҳафта самолётда учардим. Баъзида эски бир моторли самолётда якка ўзим кетардим. Қайиқда бўлганидек, бундай саёҳатларда ҳам қаттиқ хавотирланардим!

Саноқли инсонда телефон бўлгани учун жамоатлар билан хатлар орқали мулоқот қилардим. Кўпинча жамоатларга хатларимдан олдин етиб борардим ва маҳаллий одамлардан сўраб имондошларни излардим. Ҳар гал биродарларни топганимда, улар мени илиқ қарши олишарди ва бу ҳаракатларим бесамар эмаслигини эслатиб турарди. Яҳова мени кўп йўллар орқали қўллаб-қувватлади ва У билан бўлган муносабатларим янада мустаҳкам бўлди.

Бугенвиль деб номланган оролда илк бор жамоат учрашувига борганимда, бир жуфтлик юзида табассум билан ёнимга келиб: «Бизни эслайсизми?» — деб сўради. Порт-Морсбига энди келганимда бу жуфтликка ваъз қилганимни эсладим. Улар билан тадқиқ бошлаб, кейин маҳаллий биродарга топширгандим. Вақт ўтиб иккаласи ҳам сувга чўмибди! Бу Папуа-Янги Гвинеядаги уч йиллик хизматим давомида олган баракаларимдан бири эди.

ХИЗМАТ БИЛАН БАНД КИЧИК ОИЛА

Адель билан

1978 йили Коронни тарк этишимдан аввал Адель исмли гўзал ва фидойи синглимиз билан танишгандим. У Сэмюэл ва Ширли исмли иккита фарзандини катта қилиш билан бирга, доимий кашшофлик ҳам қиларди. Шунингдек, у кекса онасига ҳам қарарди. 1981 йили май ойида Аделга уйланиш учун Филиппинга қайтдим. Оила қурганимиздан кейин доимий кашшофлик қилиш билан бирга, оиламизга ҳам ғамхўрлик қилардик.

Палавандаги хизматимиз. Адель ҳамда фарзандларимиз Сэмюэл ва Ширли билан

Оилам бўлишига қарамасдан мени 1983 йилда яна махсус кашшоф этиб тайинлашди. Бу сафар Палаван провинциясининг Линапакан оролига эди. Оиламиз билан бирорта ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган бу олис ерга кўчиб ўтдик. Бир йил ўтар-ўтмас Аделнинг онаси вафот этди. Бироқ хизматда банд бўлиш бу қайғуга бардошли бўлишимизга ёрдам берган. Линапакан тилида кўпгина самарали тадқиқлар бошладик ва бундан кўп ўтмай кичик Йиғилиш залига эҳтиёж туғилди. Шунинг учун уни ўзимиз қурдик. Келганимиздан уч йил ўтиб Қутлуғ Кечлик маросимига 110 киши келганини кўриб хурсанд бўлгандик. Уларнинг аксарияти биз кетганимиздан кейин сувга чўмибди.

1986 йилда мени моховга чалинган кўп одамлар бор Кулион оролига тайинлашди. Бундан сўнг Адель ҳам махсус кашшоф этиб тайинланди. Аввалига моховга чалинган одамларга ваъз қилишдан хавотирландик. Аммо маҳаллий имондошлар бу касалликка чалинган одамлар даволанганини ва уни юқтириб олиш хавфи камлигини айтишди. Ўша одамлардан баъзилари опамизнинг уйида ўтказиладиган йиғилишга қатнашарди. Кўп ўтмай уларга бемалол ваъз қила оладиган бўлдик. Ўзини Худога ва одамларга кераксиз ҳис қиладиган инсонлар билан Муқаддас Китобдаги умидбахш хабарни бўлишишдан мамнун эдик. Жиддий касал бўлган одамлар бир кун келиб мукаммал соғликка эришишини билганида қувончга тўлганди. Буни кўришдан бахтиёр эдик. (Луқо 5:12, 13)

Энди фарзандларимиз Кулиондаги ҳаётга қандай мослашгани ҳақида айтиб берсам. Адель иккимиз фарзандларимизда яхши дўстлар бўлиши учун Корондан бўлган иккита ёш синглимизни бизга қўшилишга таклиф қилардик. Сэмюэл, Ширли ва иккита синглимиз кўпгина болалар билан тадқиқ ўтказиб, самарали хизматдан завқ оларди. Бу пайтда Адель иккимиз ўша болаларнинг ота-оналари билан тадқиқ ўтардик. Мисол учун, 11 та оила билан тадқиқ ўтган пайтларимиз бўлган. Қисқа вақт ичида самарали тадқиқларимиз сони кўпайганидан янги жамоат ташкиллаштира олдик!

Бошида у ҳудудда мендан бошқа оқсоқол йўқ эди. Шунинг учун филиал ҳар ҳафта ўтадиган учрашувларни Кулиондаги саккизта ваъзгўй ва кейин эса Мариле қишлоғидаги тўққизта ваъзгўй учун ўтказишни сўраганди. Бу қишлоққа бориш учун қайиқда уч соат сузиш керак эди. Учрашувлардан кейин Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш учун оиламиз билан бирга тоғли ҳудуд бўйлаб бир неча соат юриб Ҳелси қишлоғига борардик.

Ниҳоят Мариле ва Ҳелсида кўплар ҳақиқатга келди. Шунга иккала ҳудудда ҳам Йиғилиш залини қурдик. Линапаканда бўлганидек, биродарлар ва қизиқувчилар хомашёнинг кўп қисмини олиб беришди ва қурилишда асосан ўзлари иштирок этишди. Мариледаги залга 200 киши сиғарди ва у янада кенгаярди. Шу сабабдан у ерда туман анжуманларини ўтказа олардик.

ҚАЙҒУ, ЁЛҒИЗЛИК ВА ҚУВОНЧ

1993 йили фарзандларимиз улғайгач, Адель ва мен Филиппинда туман нозирлик хизматини бошладик. Сўнг 2000 йилда Хизмат малакасини ошириш мактабида инструктор бўлиш мақсадида унда таълим олдим. Бу вазифа учун ўзимни нолойиқ ҳис қилардим. Лекин Адель менга доим далда берарди. У бу вазифани бажара олишим учун Яҳова менга куч беришини эслатарди. (Филип. 4:13) Адель ўз тажрибасидан келиб чиқиб гапирарди. Сабаби у соғлик муаммоси билан курашар экан, хизматини ҳам адо этарди.

2006 йили инструкторлик қилаётганимда Аделга Паркинсон касаллиги ташхиси қўйилди. Бундан шокка тушгандик! Унга ғамхўрлик қилиш учун хизматимизни якунлашни айтганимда, Адель менга: «Илтимос, менга ёрдам берадиган шифокор топинг. Яҳова хизматни давом эттиришимизга ёрдам беришига аминман»,— деб жавоб берганди. Кейинги олти йил мобайнида Адель нолимай хизматини давом эттирди. У юролмай қолганида, ногиронлар аравачасида ўтириб хизмат қиларди. Бора-бора гапиришга қийналганида эса йиғилишларда бир-иккита сўз билан шарҳ берарди. Адель 2013 йили вафот этди. Ўлимига қадар биродару опа-сингиллар уни сабр-бардош борасида кўрсатган ажойиб ўрнаги учун мақтаб, хатлар юборишарди. Садоқатли ва меҳрибон рафиқам Адель билан 30 йилдан ошиқ яшадик. Шунинг учун у ўлим уйқусига кетганида, яна қайғу ва ёлғизлик исканжасида қолдим.

Адель вазифамни давом эттиришимни хоҳлаганди ва мен шундай қилдим. Доим банд бўлиш ёлғизлик билан курашишимга ёрдам берди. 2014 йилдан 2017 йилгача фаолиятимиз тақиқланган мамлакатлардаги тагал тилидаги жамоатларга тайинландим. Бундан сўнг Тайвань, Қўшма Штатлар ва Канададаги тагал жамоатларига ташриф буюрдим. 2019 йили Ҳиндистон ва Таиландда Шоҳлик хабарчилари мактабининг инглиз тилидаги синфларига таълим бердим. Ушбу вазифаларимнинг барчасидан улкан қувонч топганман. Яҳованинг хизматида бутунлайин банд бўлганимда, ўзимни ҳар қачонгидан ҳам бахтли ҳис қиламан.

ЁРДАМСИЗ ҚОЛМАЙМИЗ

Ҳар сафар янги вазифа олганимда танишган имондошларим билан яқин бўлиб қоламан. Шунга улар билан хайрлашиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Бундай пайтларда Яҳовага бутун қалбим билан таянишни ўргандим. Яҳованинг қўлини доим кўрганман ва бу менга ҳар қандай ўзгаришни тайёрлик ила қабул қилишга ёрдам берган. Ҳозир Филиппинда махсус кашшоф бўлиб хизмат қиляпман. Янги жамоатга тезда кўникиб кетдим ва у ердаги ваъзгўйлар мени қўллаб-қувватлайдиган ғамхўр оиламга айланди. Шунингдек, Сэмюэл ва Ширли онасининг садоқатига тақлид қилаётганини кўриб, фахрланаман. (3 Юҳан. 4)

Жамоат менинг ғамхўр оиламга айланган

Ҳа, ҳаётим мобайнида кўпгина синовларга дуч келганман. Севикли рафиқам оғир касаллик дастидан азоб чекаётганини кўриш ҳам мен учун қийин бўлган. Бундан ташқари бир қанча ўзгарган вазиятларга мослашишимга тўғри келган. Бироқ Яҳова «ҳар биримизга яқин» эканининг гувоҳи бўлдим. (Ҳавор. 17:27) Яҳова барча хизматчиларини, ҳатто олис ҳудудларда яшайдиганларни ҳам қўллаб-қувватлаб, мустаҳкамлай олади. Унинг «қўли қисқа эмас». (Ишаё 59:1) Яҳова менинг Қоям. У ҳаётим давомида мен билан бўлгани учун Ундан жуда миннатдорман. Ҳечам ёлғиз бўлмаганман.

a «Қўриқчи минораси»нинг 1972 йил 1 сентябрь (ингл.) сонидаги 521–527-саҳифаларига қаранг.