Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

18-ҚЎШИҚ Тўлов учун миннатдормиз

Тўлов берилганидан нималарни ўрганяпмиз?

Тўлов берилганидан нималарни ўрганяпмиз?

Тангрининг муҳаббати бизга шунда ошкор... [бўлди]. (1 ЮҲАН. 4:9)

АСОСИЙ ФИКР

Тўлов Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳнинг гўзал фазилатлари борасида нималарни очиб беряпти?

1. Ҳар йили Масиҳнинг ўлимини хотирлаш маросимига боришдан қандай фойда оламиз?

 ШУБҲАСИЗКИ, тўлов бебаҳо ҳадя эканига қўшиласиз. (2 Кор. 9:15) Исо инсоний ҳаётини қурбон қилгани туфайли сиз Худованд Яҳова билан яқин дўст бўлишингиз мумкин. Бундан ташқари, абадий яшаш умидига эгасиз. Яҳова бизни севгани туфайли бундай қурбонликни тақдим этгани учун миннатдорчилигимизни кўрсатишимиз табиий. (Рим. 5:8) Доим миннатдор бўлиб қолишимиз ва тўловни оддий ҳолдай қабул қилмаслигимиз учун Исо бизни Қутлуғ Кечлик маросимини ҳар йили ўтказишга ундаган. (Луқо 22:19, 20)

2. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Бу йил Қутлуғ Кечлик маросими 2025 йил 12 апрель, якшанба куни ўтказилади. Шубҳасизки, барчамиз унда иштирок этишни режалаштиряпмиз. Агар Қутлуғ Кечлик мавсуми пайтида Яҳова ва Унинг Ўғли биз учун нималар қилгани ҳақида мулоҳаза a юритсак, ундан кўп фойда оламиз. Мазкур мақолада тўлов Яҳова ҳамда Унинг Ўғли тўғрисида бизга нималарни очиб бераётганини муҳокама қиламиз. Навбатдаги мақоладан эса тўловдан қай йўсин фойда олишимиз ва миннатдорчилигимизни қандай кўрсатишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

ТЎЛОВДАН ЯҲОВА ТЎҒРИСИДА НИМАНИ БИЛИБ ОЛЯПМИЗ?

3. Қай йўсин бир кишининг ўлими туфайли миллионлаб одамлар озод бўла оляпти? (Расмга ҳам қаранг.)

3 Тўлов берилганидан Яҳованинг адолати тўғрисида билиб оляпмиз. (Қонун. 32:4) Қанақасига? Бир ўйлаб кўринг, Одамато итоатсизлик қилгани оқибатида ўлимга етакловчи гуноҳ бизга мерос бўлиб ўтди. (Рим. 5:12) Яҳова бизни гуноҳ ва ўлимдан озод қилиш ниятида Исони тўлов сифатида юборди. Хўш, қандай қилиб битта мукаммал одамнинг қурбонлиги миллионлаб одамларни озод қила оларди? Ҳаворий Павлус қуйидагича тушунтирган: «Битта одамнинг [Одаматонинг] итоатсизлиги кўпчиликни гуноҳкор қилиб қўйгани сингари, битта инсоннинг [Исонинг] итоаткорлиги кўпларни одил қилади». (Рим. 5:19; 1 Тим. 2:6) Бошқача қилиб айтганда, битта мукаммал инсон итоатсизлик қилгани туфайли биз гуноҳ ва ўлимнинг қулларига айландик. Шундай экан, битта мукаммал одам итоатли бўлгани бизни озод қилади.

Битта одам туфайли гуноҳ ва ўлимнинг қулларига айландик. Шунга ўхшаб, битта одам — Исо бизни озод қилади (3-хатбошига қаранг.)


4. Нима учун Яҳова Одаматонинг фарзандлари абадий яшашига шунчаки йўл қўймади?

4 Нажотга эришишимиз учун Исо чиндан ҳам ўлиши керакмиди? Яҳова Унга қулоқ солган Одаматонинг авлодлари абадий яшашига шунчаки йўл қўйса бўлмасмиди? Биз «Бу муаммони ҳал қилишнинг яхши йўли эди» деб ўйлашимиз мумкин. Лекин Яҳова учун бундай эмас. Агар шундай бўлганида Одамато ҳеч қачон жиддий гуноҳ қилмагандай ва унинг фарзандлари номукаммал эмасдай бўларди. Бу эса ҳақиқатга зид.

5. Яҳова доим тўғри йўл тутишига нега аминмиз?

5 Худованд Яҳова адолатни бир четга суриб, тўлов тақдим этмай Одаматонинг номукаммал ўғилу қизлари шунчаки абадий яшашига йўл қўйганида-чи? Эҳтимол, бу туфайли одамлар «Худо бошқа масалаларда ҳам адолат билан йўл тутмайди» деб ўйлаган бўларди. Балки улар «Худо ҳамма ваъдаларида ҳам турмайди» деган фикрга борарди. Яхшиямки, булар юз беришидан хавотирланишимизга асос йўқ. Яҳова Унга қимматга тушса ҳам азиз Ўғлини қурбон қилди. Бу бизни У доим тўғри йўл тутишига ишонтиряпти.

6. Тўлов Яҳованинг севгисини очиб бераётганининг йўлларидан бири қандай? (1 Юҳанно 4:9, 10)

6 Тўлов нафақат Яҳова адолатли эканини, балки У бизни қаттиқ яхши кўришини кўрсатяпти. (Юҳан. 3:16; 1 Юҳанно 4:9, 10 ни ўқинг.) Тўлов таълимоти Яҳова абадий яшашимиз билан бирга Унинг оила аъзоси бўлишимизни исташини очиб беряпти. Бир ўйлаб кўринг, Одамато гуноҳ қилганида Яҳова уни топинувчиларидан иборат оиласидан чиқариб юборди. Натижада барчамиз Худонинг оиласидан ташқарида дунёга келяпмиз. Бироқ тўлов асосида Яҳова гуноҳларимизни кечиряпти ва Унга ишонган, итоат қилаётган одамлар охири Унинг оила аъзоси бўлади. Ҳатто ҳозирнинг ўзида У ҳамда имондошларимиз билан қалин муносабатларга эга бўлишимиз мумкин. Ҳа, Худойимиз бизни чин дилдан севади. (Рим. 5:10, 11)

7. Исо азоб чеккани тўғрисида ўйлаб кўриш Яҳова бизни қаттиқ севишини тушунишимизга қай йўсин ёрдам беради?

7 Ўғли азоб чекишини кузатиш Худо учун қанчалик оғриқли бўлгани тўғрисида ўйлаб кўрсак, У бизни қаттиқ севишини яхшироқ тушуна оламиз. Шайтоннинг айтишича, Худонинг ҳеч бир хизматчиси қийин пайтда Унга садоқатли қолмайди. Шайтон ноҳақ эканини исботлаш ниятида Яҳова Исо азоб чекиб ўлишига йўл қўйди. (Аюб 2:1–5; 1 Бутр. 2:21) Яҳова дин раҳбарлари Исони масхара қилганини, аскарлар эса уни уриб устунга михлаганини кўрган. У азиз Ўғли оғриқдан азоб чекиб ўлганини кузатган. (Мат. 27:28–31, 39) Бу жараённи тўхтатишга Яҳованинг қурби етарди. Масалан, душманлар: «Тангри ундан мамнун бўлса, қутқарсин»,— деб айтганида, Яҳова шундай қила оларди. (Мат. 27:42, 43) Лекин Худо ўша вазиятга аралашганида, тўлов берилмасди ва биз умидга эга бўла олмасдик. Шу боис Яҳова Ўғли охирги нафасигача азоб чекишига йўл қўйди.

8. Ўғли азоб чекаётганини кўриш Яҳова учун оғриқли бўлганми? Тушунтиринг. (Расмга ҳам қаранг.)

8 Яҳова қудратли бўлгани учун унда ҳис-туйғулар йўқ, деб ўйламайлик. Биз Унга монанд қилиб, ҳис қилиш қобилияти билан яратилганмиз. Бу Унда ҳис-туйғу борлигини кўрсатяпти. Муқаддас Китобга кўра, Яҳованинг дили оғриган ва туйғуларига «озор» етган. (Заб. 78:40, 41) Иброҳим ва Исҳоқнинг мисолига диққат қаратайлик. Эсингизда бўлса, Иброҳимга ягона ўғли Исҳоқни қурбонликка келтириш буюрилганди. (Ибт. 22:9–12; Иброн. 11:17–19) Иброҳим ўғлини ўлдиришга тайёргарлик кўраётганда, ичидан қандай ҳис-туйғулар ўтганини бир тасаввур қилиб кўринг. Энди Ўғли Худосиз кишилар томонидан шафқатсизларча устунга михланаётганини кўриб, Яҳова қанчалик азоб чекканини кўз олдингизга келтиринг. «Имонларига эргашинглар. Иброҳим (2-қисм)» номли видеони jw.org сайтида томоша қилинг.

Ўғли азоб чекканини кўриш Яҳова учун оғриқли бўлган (8-хатбошига қаранг.)


9. Римликларга 8:32, 38, 39 дан Яҳова сизни ва имондошларингизни қаттиқ яхши кўриши борасида нимани билиб оляпсиз?

9 Тўлов тақдим этилганидан Яҳова бизни ҳатто оила аъзоимиздан ҳам яқин дўстимиздан ҳам кўпроқ севишини билиб оляпмиз. (Римликларга 8:32, 38, 39 ни ўқинг.) Шубҳасизки, Яҳова бизни ўзимиздан ҳам кўпроқ яхши кўради. Абадий яшашни истайсизми? Яҳова буни сиздан ҳам кўпроқ хоҳлайди. Гуноҳларингиз кечирилишини истайсизми? Яҳова уларни кечиришни сиздан ҳам кўпроқ хоҳлайди. У фақатгина Унинг бебаҳо ҳадясига бўлган имонимизни намоён этишимизни ва итоатли бўлишимизни сўраяпти. Ҳа, тўлов қурбонлиги Яҳова бизни севишининг тенги йўқ исботидир. Янги дунёда Яҳованинг севгиси тўғрисида янада кўпроқ нарсани билиб оламиз. (Воиз 3:11)

ТЎЛОВДАН ИСО ТЎҒРИСИДА НИМАНИ БИЛИБ ОЛЯПМИЗ?

10. а) Исо ўлими борасида нега қаттиқ қайғурган? б) Исо қайси йўллар орқали Худонинг исмини оқлади? (« Исонинг бенуқсонлиги Худонинг исмини оқлади» номли рамкага ҳам қаранг.)

10 Исо Отасининг обрўйи ҳақида қаттиқ қайғурган. (Юҳан. 14:31) Исо Худони ҳақоратлашда ва исёнкорликда айбланиб, Отасининг исмига доғ тушириши мумкинлиги туфайли қаттиқ хавотирланган. Шу сабабдан у қуйидагича ибодат қилган: «Отажон, агар иложи бўлса, бу коса мени четлаб ўтсин». (Мат. 26:39) У Яҳовага ўлимигача содиқ қолиб, Унинг исмини буткул оқлаган.

11. Исо одамларни қаттиқ севишини қай йўсин кўрсатган? (Юҳанно 13:1)

11 Шунингдек, тўлов берилганидан Исо одамлар, айниқса, издошлари ҳақида қаттиқ қайғуришини билиб оляпмиз. (Ҳик. 8:31; Юҳанно 13:1 ни ўқинг.) Масалан, Исо ер юзидаги хизматининг айрим томонлари қийин кечишини, айниқса, ўлими азобли бўлишини билган. Лекин у Яҳова унга топширган вазифани шунчаки бажармаган. Исо бутун қалби билан ваъз қилган, таълим берган ҳамда бошқаларга хизмат қилган. Ҳатто ўладиган куни Исо ҳаворийларининг оёқларини ювиш учун вақт ажратган ва уларга тасалли ҳамда йўл-йўриқлар берган. (Юҳан. 13:12–15) Устунга михланганида эса Исо ўлаётган жиноятчига умид бахш этган ва ҳаворий Юҳаннодан онасига ғамхўрлик қилишни сўраган. (Луқо 23:42, 43; Юҳан. 19:26, 27) Шу йўсин Исо нафақат ўлими билан, балки ҳаёти давомида инсонларга кўрсатган меҳри билан кучли севгисини намоён этган.

12. Қайси маънода Исо биз учун қурбонликлар қилишда давом этмоқда?

12 Масиҳ ўзини фидо қилиб, «узил-кесил» ўлганига қарамай, ҳалигача биз учун фидойиликлар қилиб келяпти. (Рим. 6:10) Қанақасига? У тўлов қурбонлиги бизга фойда келтириши учун вақти ва кучини сарфлашда давом этяпти. Ҳозир у нималар билан банд экани ҳақида бир ўйлаб кўринг. У шоҳ, олий руҳоний ва жамоат боши сифатида хизмат қиляпти. (1 Кор. 15:25; Эфес. 5:23; Иброн. 2:17) Шунингдек, унга мойланганларни ҳамда улкан оломонни йиғиш вазифаси топширилган. Бу вазифа буюк мусибат тугашидан олдин якунланади b. (Мат. 25:32; Марк 13:27) Қолаверса, у ушбу охирги замон пайтида садоқатли хизматчилари маънан тўқ бўлишига ғамхўрлик қиляпти. (Мат. 24:45) Минг йиллик бошқаруви давомида Исо бизнинг фойдамизни кўзлаб иш тутишда давом этади. Ҳа, Яҳова Исони нафақат бизни деб ўлиши, балки бизнинг фойдамизни кўзлаб кўп яхшиликлар қилиши учун берди.

ЎРГАНИШДАН ТЎХТАМАНГ

13. Қай йўсин мулоҳаза юритиш орқали Худонинг ва Масиҳнинг бизга бўлган севгиси тўғрисида билиб олишда давом эта оласиз?

13 Агар Худованд Яҳова ҳамда Исо Масиҳнинг бизга бўлган севгиси тўғрисида мулоҳаза юритсангиз, улар ҳақда янги нарса ўрганишдан тўхтамайсиз. Балки бу йилнинг Қутлуғ Кечлик мавсуми пайтида Инжил баёнотининг бир ёки бир нечта китобини ўқиб кўрарсиз. Бирданига кўп маълумот олишга интилманг. Бунинг ўрнига шошмай, Яҳова ҳамда Исони нима учун севишимиз кераклигининг қўшимча сабабларини изланг. Кейин эса билиб олганларингизни бошқалар билан бўлишинг.

14. Забур 119:97 га биноан, қандай қилиб изланиш ўтказиш тўлов ва бошқа таълимотлар тўғрисида ўрганишдан тўхтамаслигимизга кўмаклашади? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Ҳақиқатда анча йиллардан бери бўлсангиз, «Худонинг адолати, севгиси ва берган тўлови ҳақида янги нарсаларни билиш мумкинми?» деб ўйлаб қоларсиз. Ҳақиқат шуки, бу ва бошқа мавзуларда қанча кўп излансангиз, шунча кўп янги нарсалар чиқиб келаверади. Хўш, буни қандай қила оласиз? Адабиётларимизда келтирилган мўл-кўл маълумотлардан тўлақонли фойда олинг. Қайсидир оятни яхши тушунмасангиз, изланиш ўтказинг. Сўнг кун давомида ўрганганларингиз ҳамда Яҳова, Унинг Ўғли ва уларнинг сизга бўлган севгиси устида мулоҳаза юритинг. (Забур 119:97 ни ўқинг.)

Ҳақиқатда анча йиллардан бери бўлсак ҳам, тўловга бўлган миннатдорчилигимизни оширишда давом этсак бўлади (14-хатбошига қаранг.)


15. Нега Муқаддас Китобдан марваридлар излашдан тўхтамаслигимиз лозим?

15 Ҳар сафар Каломни ўқиганингизда ёки тадқиқ ўтказганингизда янги ё бўлмасам қизиқарли фикрни топа олмасангиз, руҳингиз тушмасин. Қайсидир маънода сизни олтин қидирувчисига ўхшатса бўлади. Улар олтиннинг ҳатто кичкинагина бўлагини топиш учун бир неча соат ёки кун сарфлайди. Лекин олтин улар учун қадрли бўлгани туфайли сабр-бардош қилишади. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар эса олтиндан анча қиммат марваридлардир. (Заб. 119:127; Ҳик. 8:10) Шундай экан, сабрли бўлинг ва Муқаддас Китобни ўқиш жадвалингизга амал қилинг. (Заб. 1:2)

16. Яҳова ҳамда Исога қай йўсин тақлид қила оламиз?

16 Тадқиқ қилар экансиз, билиб олганларингизни амалда қўллаш йўлларини изланг. Мисол учун, бошқаларга юзхотирчилик қилмай Яҳованинг адолатига тақлид қилинг. Яҳовани ҳамда бошқаларни Исо каби севинг. Шунда Худонинг исми учун азоб чекишга тайёр бўласиз ва имондошларингизга фидойилик ила ёрдам бера оласиз. Бошқалар Яҳованинг бебаҳо ҳадясини қабул қилиш имкониятига эга бўлиши учун ваъз қилишда Исога тақлид қилинг.

17. Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

17 Тўловнинг маъносини яхшироқ тушунганимиз ва уни қадрлаганимиз сайин Яҳова ҳамда Унга бўлган севгимиз ошади. Ўз навбатида Уларнинг ҳам бизга бўлган севгиси кучаяди. (Юҳан. 14:21; Ёқб. 4:8) Шундай экан, тўлов ҳақида ўрганишдан тўхтамаслик учун Яҳова бераётган барча нарсадан тўлақонли фойдаланайлик. Навбатдаги мақолада тўловдан қандай фойда олишимиз ва Яҳованинг севгиси учун миннатдор эканимизни қай йўсин кўрсатишнинг баъзи йўлларини билиб оламиз.

107-ҚЎШИҚ Аллоҳ — севги намунасидир

a ИБОРА МАЪНОСИ. «Мулоҳаза юритиш» фикрларни мавзуга қаратишни ва чуқур ўйлашни билдиради.

b Павлус Эфесликларга 1:10 да «осмондаги... барча нарса» бирлашиши ҳақида айтгани Исо Матто 24:31 ва Марк 13:27 да тилга олган «танлаган кишилар» йиғилишидан фарқ қилади. Павлус Яҳова муқаддас руҳи орқали мойлаб руҳий ўғилларини танлашига ишора қилган. Исо эса мойланганларнинг ер юзида қолган қисми буюк мусибат пайтида йиғиб олинишини назарда тутган.