Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

108-ҚЎШИҚ Аллоҳнинг меҳр-садоқати

Яҳованинг севгисидан қай йўсин фойда олишимиз мумкин?

Яҳованинг севгисидан қай йўсин фойда олишимиз мумкин?

Исо Масиҳ гуноҳкорларни қутқариш учун дунёга келди. (1 ТИМ. 1:15)

АСОСИЙ ФИКР

Тўловдан қай йўсин фойда олишимизни ҳамда Яҳовага миннатдор эканимизни қандай кўрсатишни билиб оламиз.

1. Яҳовани хурсанд қилиш учун нима қилсак бўлади?

 ТАСАВВУР қилинг яхши кўрадиган инсонингизга ҳам чиройли, ҳам фойдали бўлган ўзгача совға бердингиз. Ўша инсон совғани шкафнинг бир четига қўйса ва у ҳақда умуман ўйламаса, хафа бўлишингиз шубҳасиз. Агар бунинг акси бўлса, яъни у совғадан фойдаланса ҳамда бу учун миннатдорчилик билдирса, хурсанд бўлишингиз табиий. Хўш, бу мисолнинг мағзи нимада? Яҳова биз учун Ўғлини берди. Худо биз учун берган қимматбаҳо совғаси ва уни бизга беришга ундаган севгиси учун миннатдор эканимизни кўрсатганимизда, У жуда ҳам хурсанд бўлади! (Юҳан. 3:16; Рим. 5:7, 8)

2. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Лекин вақт ўтар экан, тўлов ҳадясини оддий ҳолдек қабул қилишни бошлашимиз мумкин. Бу гўёки Худонинг совғасини шкафнинг бир четига олиб қўйишга ўхшайди. Ўша совға борлигидан хурсандмиз-у, аммо уни назаримиздан четда қолдирганмиз. Бу юз бермаслиги учун Худо ва Масиҳ бизни деб нималар қилгани тўғрисида доим эслаб туришимиз керак. Ушбу мақола буни қилишимизга ёрдам беради. Биз тўловдан ҳозир ва келажакда қандай фойда олишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз. Шунингдек, айниқса ушбу Қутлуғ Кечлик мавсумида Яҳованинг севгиси учун миннатдорчилигимизни қандай кўрсатишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

ҲОЗИР ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛЯПМИЗ?

3. Тўловдан ҳозирнинг ўзида қай йўсин фойда оляпмиз?

3 Масиҳнинг тўлов қурбонлигидан ҳозирнинг ўзида фойда оляпмиз. Мисол учун, тўлов асосида Яҳова гуноҳларимизни кечиряпти. У буни қилишга мажбур эмас, лекин хоҳлагани учун шундай қиляпти. Миннатдорчилик руҳига тўлган сано бастакори шундай куйлаган: «Сен, эй Яҳова, меҳрибон ва кечиришга тайёрсан». (Заб. 86:5; 103:3, 10–13)

4. Яҳова тўловни кимлар учун тақдим этди? (Луқо 5:32; 1 Тимўтийга 1:15)

4 Баъзилар ўзини Яҳованинг кечиримига нолойиқ ҳис қилиши мумкин. Аслида барчамиз бунга нолойиқмиз. Ҳаворий Павлус буни тушунган ва: «Ҳаворий деб номланишга ҳам нолойиқман»,– деган. Лекин у яна шундай қўшиб қўйган: «Худонинг инояти билан шу мавқега эга бўлдим». (1 Кор. 15:9, 10) Гуноҳларимиздан тавба қилганимизда, Яҳова бизни кечиради. Нега? У буни бунга лойиқ бўлганимиз учун эмас, балки бизни севгани учун қилади. Агар ўзингизни нолойиқ ҳис қилаётган бўлсангиз, унутмангки, Яҳова тўловни бегуноҳ инсонлар учун эмас, балки тавба қилган гуноҳкорлар учун берган. (Луқо 5:32; 1 Тимўтийга 1:15 ни ўқинг.)

5. Яҳованинг раҳм-шафқатига сазовормиз деб айта оламизми? Тушунтиринг.

5 Ҳатто анча йиллардан бери Яҳовага хизмат қилиб келаётган бўлсак-да, «Унинг раҳм-шафқатига сазоворман» деб ўйламаслигимиз лозим. Албатта, Яҳова садоқатимизни қадрлайди. (Иброн. 6:10) У Ўғлини қилган хизматларимиз учун ҳақ сифатида эмас, бепул совға сифатида берди. Агар Яҳованинг раҳм-шафқатига ёки Унинг ўзгача эътиборига лойиқмиз, деб айтсак, «Масиҳ шунчаки ўлган» дегандай бўламиз. (Галатияликларга 2:21 ни солиштиринг.)

6. Нега Павлус Яҳованинг хизматида кўп жон куйдирган?

6 Павлус Худонинг марҳаматига ўз кучи билан эриша олмаслигини билган. Хўш, нега унда у Яҳованинг хизматида шунчалик кўп жон куйдирган? Павлус буни лойиқ бўлганини исботлаш учун эмас, балки Яҳованинг инояти учун миннатдор эканини кўрсатиш ниятида қилган. (Эфес. 3:7) Павлусга ўхшаб биз ҳам Яҳованинг раҳмдиллигига эришиш эмас, балки бу учун миннатдорчилигимизни кўрсатиш ниятида ғайрат билан хизмат қилишдан тўхтамаймиз.

7. Тўловдан ҳозирнинг ўзида яна қандай фойда оляпмиз? (Римликларга 5:1; Ёқуб 2:23)

7 Тўловдан ҳозирнинг ўзида фойда олаётганимизнинг яна бир йўли Яҳова билан қалин ва шахсий муносабатларга эга бўла олаётганимиз a. Ўтган мақолада туғилганимизда Яҳова билан дўстлик ришталарига эга бўлмаганимиз ҳақида айтилганди. Лекин тўлов туфайли «Аллоҳ билан тинч» муносабатлардан завқланишимиз ва Унга яқинлашишимиз мумкин. (Римликларга 5:1; Ёқуб 2:23 ни ўқинг.)

8. Нега ибодат қилиш шарафи учун Яҳовадан миннатдор бўлишимиз керак?

8 Яҳова билан бўлган муносабатларимизнинг атиги бир қирраси — ибодат қилиш шарафи тўғрисида ўйлаб кўринг. Яҳова нафақат Унинг хизматчилари бирга йиғилганида қиладиган ибодатларни, балки ҳар биримизнинг шахсий ибодатимизни тинглайди. Ибодат қалбимизга хотиржамлик ва онгимизга тинчлик бахш этади. Аммо бу ибодатнинг ягона жиҳати эмас. Ибодат туфайли Худо билан бўлган дўстлигимизни мустаҳкамлай оламиз. (Заб 65:2; Ёқб 4:8; 1 Юҳан. 5:14) Исо ер юзида бўлганида тез-тез ибодат қилган. Сабаби Яҳова уни тинглашини ва бу туфайли Отаси билан бўлган муносабатларини мустаҳкамлай олишини билган. (Луқо 5:16) Исонинг тўлов қурбонлиги асосида Яҳованинг дўстлари бўлиш ва ҳатто Унга ибодат қилиш шарафи учун жуда миннатдормиз!

КЕЛАЖАКДА ТЎЛОВДАН ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛАМИЗ?

9. Келажакда Яҳованинг садоқатли топинувчилари тўловдан қандай фойда олади?

9 Келажакда Яҳованинг садоқатли топинувчилари тўлов қурбонлигидан қандай фойда олади? Улар абадий ҳаётга эришади. Минглаб йиллар давомида одамлар ҳаётдан кўз юмиб келяпти. Бу туфайли кўплар «Абадий яшашнинг имкони йўқ» деб ўйлайди. Лекин Яҳованинг илк ниятига кўра, одамлар абадий яшаши керак эди. Ўшанда Одамато гуноҳ қилмаганида, абадий яшаш тўғрисидаги фикр ҳечам эртакдай туюлмасди. Гарчи ҳозир абадий ҳаёт эришиб бўлмайдиган нарсадай туюлса-да, бунинг имкони борлигига ишонсак бўлади. Чунки Яҳова қимматбаҳо тўловни, яъни азиз Ўғлинининг ҳаётини берди. (Рим. 8:32)

10. Мойланганлар ва бошқа қўйлар нимани интиқиб кутяпти?

10 Гарчи абадий ҳаётга келажакда эришсак-да, Яҳова ҳозирданоқ уни кутишмизни истайди. Мойланганлар Масиҳ билан биргаликда ер юзи устидан бошқарадиган пайтни сабрсизлик ила кутяпти. (Ваҳ. 20:6) Бошқа қўйлар эса ер юзидаги жаннатда оғриқ ва азоб-уқубатлардан холи яшашни интиқиб кутяпти. (Ваҳ. 21:3, 4) Сиз ҳам ер юзида мангу яшаш умидига эга инсонлардан биримисиз? Бу умид самода яшаш умидидан асло қолишмайди. Ахир одамлар абадий яшаш учун яратилган. Ҳа, ер юзидаги ҳаёт бизни жудаям бахтиёр қилади.

11, 12. Жаннатда интиқиб кутишимиз мумкин бўлган баракаларнинг айримлари қандай? (Расмларга ҳам қаранг.)

11 Ер юзидаги жаннатда ҳаётингиз қандай бўлишини бир тасаввур қилинг. Сизда касаллик ва ўлим билан боғлиқ хавотирлар бўлмайди. (Ишаё 25:8; 33:24) Яҳова ўринли бўлган ҳар қандай истакларингизни тўлиқ амалга оширади. Жаннатда нималар билан машғул бўлишни хоҳлайсиз? Физика, кимё, мусиқа ёки санъат биланми? Шубҳасизки, жаннатда архитектор, қурувчи ва фермерлар учун эҳтиёж бўлади. Шунингдек, овқат тайёрлаш, асбоб-ускуналарни ясаш ва боғу-роғларга ғамхўрлик қилиш каби ишларда ҳам ёрдам керак бўлади. (Ишаё 35:1; 65:21) Келажакдаги абадият давомида ўзингиз истаган ҳар қандай қобилиятни ривожлантириш учун вақтингиз бўлади.

12 Ҳаётга қайтган яқинларни кутиб олиш улкан қувонч келтиради. (Ҳавор. 24:15) Бундан ташқари, Яҳованинг чексиз ижодларини ўрганиш орқали У тўғрисида кўпдан-кўп нарсаларни билиб олиш завқ келтиради. (Заб. 104:24; Ишаё 11:9) Энг қувонарлиси шундаки, Яҳовага ҳеч қандай айбдорлик ҳиссисиз топинамиз. Бу баракаларни «гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат» олишга алмаштирган бўлармидингиз? (Иброн. 11:25) Асло! Бу баракалар ҳозир ҳар қандай нарсани қурбон қилишга арзийди. Шуни унутмангки, ер юзидаги жаннат доим ҳам умид бўлиб қолмайди. Бир кун келиб у ҳақиқатга айланади. Агар Яҳова бизни қаттиқ севмаганида ва Ўғлини тўлов қурбонлиги сифатида бермаганида, юқорида санаб ўтилган баракаларга эришиш имконсиз бўларди.

Жаннатдаги қайси баракаларни айниқса интиқиб кутяпсиз? (11-, 12-хатбошиларига қаранг.)


ЯҲОВАНИНГ СЕВГИСИ УЧУН МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРИНГ

13. Яҳованинг севгиси учун қай йўсин миннатдорчилик билдира оламиз? (2 Коринфликларга 6:1)

13 Яҳова берган тўлов қурбонлиги учун миннатдор эканимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Унинг иродасини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйиш орқали. (Мат. 6:33) Ахир Исо «ҳаммани деб ўлди, токи тирик бўлганлар энди ўзлари учун эмас, балки уларни деб ўлиб қайта тирилган киши учун яшасинлар». (2 Кор. 5:15) Яҳова қайси мақсадда иноятини кўрсатганини эсдан чиқаришни истамаймиз. (2 Коринфликларга 6:1 ни ўқинг.)

14. Қандай қилиб Яҳованинг йўл-йўриқларига ишонаётганимизни кўрсата оламиз?

14 Қолаверса, Яҳованинг йўл-йўриқларига ишониб ва уларга амал қилиб, Унинг севгиси учун миннатдорчилигимизни кўрсата оламиз. Қанақасига? Масалан, қанча таълим олиш ёки қандай ишга кириш масаласида қарор олдида турганимизда, Яҳова қандай йўл тутишимизни исташи тўғрисида ўйлаб кўришимиз керак. (1 Кор. 10:31; 2 Кор. 5:7) Имонимизни амалда кўрсатганимизда, ажойиб нарсалар юз беради. Мисол учун, Яҳовага бўлган ишончимиз ортади, дўстлигимиз қалинлашади, умидимиз мустаҳкамланади. (Рим. 5:3–5; Ёқб. 2:21, 22)

15. Қай йўсин Қутлуғ Кечлик мавсумида тўлов қурбонлиги учун миннатдор эканимизни кўрсатишимиз мумкин?

15 Яҳованинг севгиси учун миннатдорчилик билдиришнинг яна бир йўли бор. Ушбу Қутлуғ Кечлик мавсумида қўлимиздан келганини қилиб, тўлов қурбонлиги учун Яҳовадан қанчалар миннатдор эканимизни кўрсатишимиз мумкин. Бу маросимга қатнашишни режалаштириш билан бирга, бошқаларни ҳам таклиф қилсак бўлади. (1 Тим. 2:4) Сиз таклиф қилаётган инсонларга Қутлуғ Кечлик пайтида нималар бўлишини тушунтиринг. Уларга jw.org сайтидаги «Исо нима учун ўлган?» ҳамда «Исо Масиҳнинг ўлимини хотирланг» номли видеоларни кўрсатиш фойдали бўлади. Оқсоқоллар фаолиятсиз ваъзгўйларни маросимга таклиф қилганига амин бўлиши лозим. Яҳованинг йўқолган баъзи қўзичоқлари қўрасига қайтса, ҳам осмонда, ҳам ерда қанчалик хурсандчилик бўлишини тасаввур қилинг! (Луқо 15:4–7) Қутлуғ Кечлик пайтида биз нафақат имондошларимиз билан, балки янги келганлар ёки йиғилишга анчадан бери келмаётганлар билан кўришишни мақсад қилиб олайлик. Улар ўзларини бемалол ҳис қилишларига ҳисса қўшишни истаймиз. (Рим. 12:13)

16. Нега Қутлуғ Кечлик мавсумида хизматимизни кенгайтириш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак?

16 Қутлуғ Кечлик мавсуми пайтида хизматингизни кенгайтира оласизми? Бундай қилиш Худо ва Масиҳ бизларни деб қилган барчаси учун миннатдор эканингизни кўрсатишнинг аъло йўлидир. Яҳовага қанча кўп хизмат қилсангиз, Унинг ёрдамини шунча кўп ҳис қиласиз. Натижада Унга бўлган ишончингиз ортади. (1 Кор. 3:9) Бундан ташқари, «Муқаддас Ёзувларни кунда ўрганамиз» рисоласида келтирилган Қутлуғ Кечлик мавсуми арафасида ўқиладиган оятларни ёки «Таълим дастури»да келтирилган жадвални ўтказиб юборманг. Балки Муқаддас Китобдаги ўша парчаларни шахсий тадқиқда кўриб чиқишни танларсиз.

17. Яҳовани нима хурсанд қилади? (« Яҳованинг севгиси учун миннатдорчилик билдиришнинг йўллари» номли рамкага ҳам қаранг.)

17 Эҳтимол, вазиятингиз ушбу мақолада айтилган барча маслаҳатларни амалда қўллашга йўл қўймас. Шуни унутмангки, Яҳова сиз қанча бераётганингизни бошқаларники билан солиштирмайди. У қалбингизни кўради. У қимматбаҳо совға — тўлов қурбонлиги учун чин кўнглингиздан миннатдор эканингизни кўрганида хурсанд бўлади. (1 Шоҳ. 16:7; Марк 12:41–44)

18. Нима учун Тангри Яҳова ҳамда Исо Масиҳдан миннатдормиз?

18 Тўлов қурбонлиги туфайлигина гуноҳларимиз кечирилиши, Яҳова билан дўст бўлишимиз ва абадий яшаш умидига эга бўлишимиз мумкин. Яҳованинг севгиси туфайли бундай баракаларга эришишимиз мумкин экан, бу учун миннатдорчилигимизни кўрсатишдан тўхтамайлик. (1 Юҳан. 4:19) Шунингдек, бизни қаттиқ севиб жонини фидо қилган Исодан доим миннатдор бўлиб қолайлик. (Юҳан. 15:13)

154-ҚЎШИҚ Сўнмас севги

a Яҳова Масиҳдан олдин яшаган хизматчиларини ҳатто тўлов қурбонлиги келтирилишидан олдин кечирган. Ўғли ўлимигача содиқ қолишига амин бўлгани учун Яҳова бундай қила олган. Шу сабабдан Яҳованинг назарида тўлов Исо ўлишидан анча аввал тўлангандек бўлган. (Рим. 3:25)