Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

2-ҚЎШИҚ Исмингдир Яҳова

Яҳовани мадҳ этинг

Яҳовани мадҳ этинг

2025 ЙИЛНИНГ ОЯТИ: Исми шарафига Яҳовани мадҳ этинг! (ЗАБ. 96:8)

АСОСИЙ ФИКР

Яҳовани қай йўсин У лойиқ бўлган тарзда мадҳ эта олишимизни билиб оламиз.

1. Кўпчиликнинг диққати нимага қаратилган?

 БУГУНГИ кунда кўплар худбин бўлиб кетганига эътибор бердингизми? Масалан, баъзилар ўзини ва ютуқларини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилади. Лекин камдан-кам одам Тангри Яҳовани мадҳ этади. Ушбу мақолада Яҳовани мадҳ этиш нимани англатишини ва бундай қилишга бизни нима ундаши кераклигини билиб оламиз. Қолаверса, қандай қилиб Яҳовани У лойиқ бўлган тарзда шарафлашимиз мумкинлигини ва У яқин келажакда исмини улуғлашини билиб оламиз.

ЯҲОВАНИНГ УЛУҒВОРЛИГИ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

2. Яҳова улуғворлигини Синай тоғида қай йўсин намоён этган? ( расмга ҳам қаранг.)

2 Улуғворлик нима дегани? Муқаддас Китобда «улуғворлик» сўзи кишини ҳайратга соладиган ҳар қандай нарсага нисбатан қўлланилади. Яҳова Исроил халқини Миср қуллигидан озод этганидан кўп ўтмай ажойиб тарзда улуғворлигини намоён этган. Қуйидаги вазиятни тасаввур қилинг. Миллионлаб исроилликлар Худо уларга нима демоқчи эканини эшитиш учун Синай тоғининг этагида йиғилади. Тоғни қора булут ва тутун қоплайди. Ер қаттиқ силкинади. Чақмоқ чақиб, момоқалдироқ гумбурлайди ва баланд овозда бурғу садолари эшитилади. (Чиқ. 19:16–18; 24:17; Заб. 68:8) Яҳова улуғворлигини бу тарзда намоён этганидан исроилликлар қанчалик ҳайратда қолганини бир тасаввур қилинг.

Яҳова Синай тоғида исроилликларга улуғворлигини ҳайратомуз тарзда намоён этган (2-хатбошига қаранг.)


3. Яҳовани мадҳ этиш нимани англатади?

3 Одамлар ҳақида нима деса бўлади? Биз чиндан ҳам Яҳовага мадҳ айта оламизми? Бўлмасам-чи! Бундай қилишнинг йўлларидан бири Унинг қудрати ва гўзал фазилатлари тўғрисида бошқаларга айтиб беришдир. Шунингдек, бирон нимага эришганимизда, бу учун Яҳовага мадҳлар айтиб Уни улуғлаймиз. (Ишаё 26:12) Шоҳ Довуд Яҳовани мадҳ этишда ажойиб ўрнак қолдирган. У Исроил жамоатининг олдида шундай ибодат қилган: «Эй Яҳова, буюклик, куч-қудрат, гўзаллик, шон-шараф ва улуғворлик Сенга тегишли». Кейин эса Довуд ибодатини бутун Исроил халқи «Худоси Яҳовага ҳамду санолар» айтиши кераклиги билан якунлаган. (1 Сол. 29:11, 20)

4. Қандай қилиб Исо Яҳовани мадҳ этган?

4 Исо ер юзида бўлганида яратган мўъжизаларининг ортида Яҳова турганини тан олиб Уни улуғлаган. (Марк 5:18–20) Қолаверса, у Отаси ҳақида айтиб берганлари ва бошқалар билан қилган муносабати орқали Уни улуғлаган. Битта вазиятда Исо ибодатхонада таълим бераётганди. Тингловчилари орасида 18 йилдан бери жиннинг таъсири остида бўлган бир аёл ҳам бор эди. Жиннинг дастидан у икки букилган бўлиб, ҳечам қаддини ростлай олмасди. Унинг аҳволи аянчли эди. Исонинг ўша аёлга раҳми келиб, меҳр ила шундай деди: «Дардингиздан халос бўлдингиз». Кейин Исо қўлини ўша аёлнинг устига қўйди ва шу заҳоти у ростланиб, «Аллоҳни шарафлай бошлади». Ўша аёл яна оёққа тургани учун Яҳовадан жуда миннатдор эди! (Луқо 13:10–13) Унда Худони улуғлаш учун асосли сабаб бор эди. Бизда ҳам худди шундай.

ЯҲОВАНИ МАДҲ ЭТИШГА БИЗНИ НИМА УНДАЙДИ?

5. Яҳовани ҳурмат қилишимизнинг қандай сабаблари бор?

5 Яҳовани чуқур ҳурмат қилганимиз учун Уни мадҳ этамиз. Уни ҳурмат қилиш учун сабабларимиз бисёр. Яҳова барча нарсага қодир ва чексиз куч-қудратга эга. (Заб. 96:4–7) Унинг тенги йўқ донолиги ижодларида яққол кўринади. Худо ҳаёт Манбаи ҳамда унинг Таъминловчисидир. (Ваҳ. 4:11) У садоқатли. (Ваҳ. 15:4) Худо барча ишларида муваффақиятга эришади ва доим ваъдаларида туради. (Ёшуа 23:14) Бежизга Еремиё пайғамбар қуйидаги сўзларни айтмаган: «Ер юзидаги барча шоҳликларнинг жамики донишмандлари орасида Сенга ўхшаши йўқ»! (Ерм. 10:6, 7) Шубҳасизки, самовий Отамиз Яҳовани ҳурмат қилишимиз учун асосли сабабларимиз бор. Лекин Яҳова ҳурматимиздан кўпроғига — севгимизга лойиқдир.

6. Нега Яҳовани севамиз?

6 Яҳовани қаттиқ яхши кўрганимиз туфайли Уни мадҳ этамиз. Уни севишимизга ёрдам берадиган бир нечта фазилатини кўриб чиқайлик. У раҳмдил ва меҳр-шафқатлидир. (Заб. 103:13; Ишаё 49:15) Тангри ҳамдарддир. Чунки биз азоб чекканимизда, У ҳам азоб чекади. (Закр. 2:8) Яҳова Уни таниб-билишимизга ва У билан дўстлашишимизга ёрдам беряпти. (Заб. 25:14; Ҳавор. 17:27) Яҳова камтариндир, сабаби «У эгилиб осмон билан ерга қарайди, бечорани тупроқдан... турғизади». (Заб. 113:6, 7) Бу барча сабаблар туфайли буюк Худойимизни улуғлашни истаймиз. (Заб. 86:12)

7. Қандай ўзгача имкониятга эгамиз?

7 Бошқалар Яҳова тўғрисида билишини истаганимиз учун Уни мадҳ этамиз. Кўплар Яҳова ҳақида ҳақиқатни билмайди. Нега деганда, Шайтон Худо тўғрисида даҳшатли ёлғонлар тарқатиб, одамларнинг зеҳнини кўр қилиб қўйган. (2 Кор. 4:4) Масалан, у одамларни Яратувчимиз баджаҳл, бефарқ ва дунёдаги азоб-уқубатларнинг сабабчиси эканига ишонтирган. Биз эса уларга Худо тўғрисидаги ҳақиқатни айтишимиз мумкин. Шунда улар ҳам Яҳовани мадҳ эта олади. (Ишаё 43:10) Забурнинг 96-саносида Яҳовага атаб мадҳлар куйланган. Илоҳий илҳом остида ёзилган бу санони кўриб чиқар эканмиз, қай йўсин Яҳовани У лойиқ бўлган тарзда мадҳ эта олишингиз тўғрисида ўйлаб кўринг.

ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВАНИ У ЛОЙИҚ БЎЛГАН ТАРЗДА МАДҲ ЭТА ОЛАМИЗ?

8. Яҳовани мадҳ этишимизнинг йўлларидан бири қандай? (Забур 96:1–3)

8 Забур 96:1–3 ни ўқинг. Яҳова ҳақида нима деяётганимиз билан Уни мадҳ эта оламиз. Ушбу оятларда Худонинг халқи Уни «тараннум» этишга, «исмига мақтовлар» айтишга, «нажоти ҳақидаги хушхабарни эълон» қилишга ҳамда «улуғворлигини миллатлар орасида» хабарлашга ундаляпти. Бу барча йўллар орқали самовий Отамизни мадҳ эта оламиз. Садоқатли яҳудийлар ва биринчи асрдаги масиҳийлар Яҳова қилган барча яхшиликлар ҳақида айтишга ҳамда Унинг обрўйини ҳимоя қилишга иккиланмаган. (Дон. 3:16–18; Ҳавор. 4:29) Қай йўсин уларнинг ўрнагига эргаша оламиз?

9, 10. Ангелинанинг мисолидан нимани ўргандингиз? (Расмга ҳам қаранг.)

9 Қўшма Штатларда яшовчи Ангелина a исмли синглимизнинг мисолига диққат қаратайлик. У иш жойида Яҳованинг обрўйини ҳимоялади. Ангелина эндигина ишлашни бошлаганди ва у каби янги ишчилар билан танишиш учрашувига таклиф қилинганди. У ерда барча ўзи ҳақида айтиб бериши мумкин эди. У Яҳованинг Шоҳиди сифатида қанчалик бахтиёр эканини кўрсатиш учун баъзи расмларни тайёрлаганди. Лекин ундан олдин гапирган ҳамкори Яҳованинг Шоҳиди сифатида катта бўлганини айтди. Кейин эса эътиқодимизни масхара қилди. Ангелина қуйидагича бўлишди: «Юрагим така-пука бўлиб кетди. Ўшанда ичимда “Мен қандайдир одам Яҳова тўғрисида ёлғон гапиришига йўл қўяманми ёки Уни ҳимоя қиламанми?” деб ўйладим».

10 Унинг ҳамкасби гапини тугатганида, Ангелина ичида тезда ибодат қилди. Кейин эса у ҳамкасбига мулойимлик ила шундай деди: «Вазиятимиз ўхшаш экан. Мен ҳам Яҳованинг Шоҳиди сифатида катта бўлганман. Ҳалигача шундай». Вазият таранг бўлса ҳам, Ангелина хотиржамликни сақлади. У ҳамкасбларига ўзи ва дўстлари Яҳовага қувонч ила хизмат қилаётгани акс этган расмларни кўрсатди ҳамда эътиқодини уларга мулойимлик ила тушунтирди. (1 Бутр. 3:15) Натижаси қандай бўлди? Ангелина гапини тугатганида ўша эркакнинг нуқтаи назари ижобийроқ бўлди. У ҳатто ёшлигида Яҳованинг Шоҳиди бўлган пайтдаги ёқимли хотираларни эслаганини тан олди. Ангелина қуйидагича деди: «Яҳова Унинг тарафини олишга лойиқ Худо. Унинг исмини ҳимоялаш катта шарафдир». Бошқалар Яҳовага ҳурматсизлик кўрсатганида, бизда ҳам Унинг исмини мадҳ этиш ва улуғлаш имконияти бор.

Биз Яҳовани сўзларимиз (9-, 10-хатбошиларига қаранг.) b


11. Тарих давомида чинакам топинувчилар Забур 96:8 даги принципга қай йўсин амал қилиб келган?

11 Забур 96:8 ни ўқинг. Мол-мулкимиз билан Яҳовани мадҳ эта оламиз. Чинакам топинувчилар доим шу йўсин Яҳовани мадҳ этган. (Ҳик. 3:9) Масалан, исроилликлар маъбаднинг қурилиши ва таъмирланиши учун хайр-эҳсон қилган. (4 Шоҳ. 12:4, 5; 1 Сол. 29:3–9) Исо Масиҳнинг ғамхўр шогирдлари у ва ҳаворийлари эҳтиёжларини қондириши учун «ўз мол-мулкларини» сарфлаган. (Луқо 8:1–3) Бундан ташқари, биринчи асрдаги масиҳийлар биродару опа-сингилларига ёрдам ташкил қилган. (Ҳавор. 11:27–29) Бугунги кунда ҳам ихтиёрий хайр-эҳсонларимиз ёрдамида Яҳовани мадҳ эта оламиз.

12. Яҳовани хайр-эҳсонларимиз билан қай йўсин мадҳ эта оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

12 Хайр-эҳсонларимиз орқали Яҳовани мадҳ этишимиз мумкинлигининг бир мисолига диққат қаратайлик. 2020 йилги ҳисоботда Зимбабведа узоқ вақт рўй берган қурғоқчиликнинг оқибатлари ҳақида айтилган. Миллионлаб одамлар озиқ-овқат йўқлиги дастидан ўлим ёқасида эди. Жумладан, Приска исмли опамиз ҳам. Қурғоқчиликка қарамай, ҳатто экин экиш мавсумида ҳам, у ҳар чоршанба ва жума кунлари хизмат қилишда давом этган. Далада ишлашнинг ўрнига хизматга бораётганини кўрган қўшнилари унинг устидан кулиб, шундай дейишарди: «Очликдан ўласан». Приска эса: «Яҳова хизматчиларини ҳеч ҳам ташлаб қўймаган»,— деб жавоб берган. Кўп ўтмай, ташкилотимиз томонидан унга ёрдам кўрсатилган. Бу ёрдам хайр-эҳсонларимиз эвазига ташкиллаштирилган. Присканинг қўшнилари ҳайратда қолиб, шундай дейишди: «Худо сени ташлаб қўймади. Биз ҳам У ҳақда билишни истаймиз». Унинг еттита қўшниси жамоат учрашувларига қатнай бошлади.

Яҳовани моддий нарсаларимиз билан мадҳ эта оламиз (12-хатбошига қаранг.) c


13. Яҳовани хулқ-атворимиз билан қай йўсин мадҳ эта оламиз? (Забур 96:9)

13 Забур 96:9 ни ўқинг. Хулқ-атворимиз билан Яҳовани мадҳ эта оламиз. Яҳованинг маъбадида хизмат қилган руҳонийлар жисмонан пок бўлиши керак эди. (Чиқ. 40:30–32) Лекин ахлоқий поклик жисмоний покликдан муҳимроқдир. (Заб. 24:3, 4; 1 Бутр. 1:15, 16) «Эски... [ўзликни]» ечиб ташлаш, яъни нотўғри нуқтаи назар ва нопок одатлардан қутулиш учун жон куйдиришимиз керак. Шунингдек, «янги ўзликни» кийиб олиш, яъни Яҳованинг гўзал фазилатларини акс эттирадиган фикрлаш тарзига эга бўлиш ва унга тақлид қилиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз лозим. (Колос. 3:9, 10) Яҳованинг ёрдами билан ҳатто энг ахлоқсиз ва зўравон одамлар ўзгариб, янги ўзликни кия олади.

14. Жекнинг мисолидан нимани ўргандингиз? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Лақаби иблис бўлган ҳамда ваҳший ва хавфли киши сифатида танилган Жекнинг мисолини кўриб чиқайлик. У қилган жиноятлари учун ўлим жазосига маҳкум этилган. Лекин у ҳукм ижро этилишини кутар экан, қамоқхонага келиб турадиган биродар унга Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилган ва у рози бўлган. Ўтмишда у ёмон ишлар қилганига қарамай, эски ўзликни ечиб ташлаган ва Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмган. Жек шу даражада ўзгарганки, ҳукм ижро этиладиган куни баъзи қамоқхона соқчиларининг кўзига ёш келган. Ўша қамоқхонада ишлайдиган бир киши шундай деган: «Жек бу ердаги энг ёмон маҳбус эди. Лекин ҳозир у энг яхшиларидан бири». Жек ҳукм этиладиган ҳафтада биродарлар ҳар ҳафта ўтадиган учрашувни ўтказиш учун қамоқхонага келишган. У ерда илгари учрашувларда бўлмаган маҳбус билан танишишган. Хўш, бу учрашувга келишга уни нима ундаган? У Жекнинг хулқ-атвори ўзгарганидан қаттиқ таъсирланган ва Яҳовага топиниш учун нима қилиш кераклигини билишни истаган. Кўряпмизки, хулқ-атворимиз орқали самовий Отамизни мадҳ этишимиз мумкин. (1 Бутр. 2:12)

Яҳовани хулқ-атворимиз билан мадҳ эта оламиз (14-хатбошига қаранг.) d


ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВА ЯҚИН КЕЛАЖАКДА ИСМИНИ УЛУҒЛАЙДИ?

15. Қай йўсин Яҳова яқин келажакда исмини бутунлайин улуғлайди? (Забур 96:10–13)

15 Забур 96:10–13 ни ўқинг. Забур 96-санонинг охирги оятларида Яҳова адолатли Ҳакам ва Шоҳ сифатида тасвирланган. Хўш, қай йўсин у яқин келажакда исмини улуғлайди. Худо буни ҳукмлари орқали амалга оширади. Тез орада У Буюк Бобилни Унинг исмини қоралагани учун йўқ қилади. (Ваҳ. 17:5, 16; 19:1, 2) Буюк Бобил вайрон бўлаётганини кўрган баъзилар, эҳтимол, ҳақ топинишда бизга қўшилиши мумкин. Охири Армагеддон жангида Яҳова Шайтоннинг бутун дунёсини — Унга қарши чиққан ва исмини қоралаган барчани йўқ қилади. Уни севиб, Унга итоатли бўлганларни ва фахр билан Уни мадҳ этганларни эса омон қолдиради. (Марк 8:38; 2 Салон. 1:6–10) Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви охиридаги сўнгги синовдан кейин Яҳова исмини бутунлай муқаддас қилади. (Ваҳ. 20:7–10) Ўшанда «Сувлар денгизни тўлдириб турганидай, ер юзи Яҳованинг шон-шуҳрати ҳақидаги билимга тўлади». (Хаб. 2:14)

16. Нима қилишга қарорингиз қатъий? (Расмга ҳам қаранг.)

16 Барча тирик мавжудот Яҳованинг исмини У лойиқ тарзда улуғлаганида, нақадар ажойиб бўлади! Бу кун келгунига қадар, ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, Худойимизни мадҳ этиш учун жон куйдирайлик. Бу қанчалик муҳим эканини кўрсатиш ниятида Етакчи кенгаш 2025 йилнинг йиллик ояти сифатида Забур 96:8 даги қуйидаги оятни танлади: «Исми шарафига Яҳовани мадҳ этинг».

Бир кун келиб, барча тирик мавжудот исми шарафига Яҳовани мадҳ этади! (16-хатбошига қаранг.)

12-ҚЎШИҚ Буюк Аллоҳ Яҳова

a Баъзи исмлар ўзгартирилган.

b РАСМГА ШАРҲ. Ангелинанинг вазияти расмда саҳналаштирилган.

c РАСМГА ШАРҲ. Присканинг вазияти расмда саҳналаштирилган.

d РАСМГА ШАРҲ. Жекнинг вазияти расмда саҳналаштирилган.