Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

3-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

35-ҚЎШИҚ «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқлангар»

Яҳовани мамнун қиладиган қарорлар чиқаринг

Яҳовани мамнун қиладиган қарорлар чиқаринг

Яҳовадан қўрқиш доноликнинг бошидир. Энг Муқаддас Зотни таниб-билиш ақл-заковат демакдир. (ҲИК. 9:10)

АСОСИЙ ФИКР

Тўғри қарорлар чиқариш учун билим, ақл-заковат ва ақл-идрокдан қай йўсин фойдаланиш мумкин?

1. Барчамиз қандай қийинчиликка дуч келамиз?

 ҲАР КУНИ қарорлар чиқарамиз. Улардан баъзилари, масалан, нонуштага нима ейиш ёки қачон ухлаш борасида қарорлар чиқариш нисбатан осон. Бошқалари эса анча қийинроқ бўлиши мумкин. Чиқарадиган қарорларимиз соғлиғимизга, қувончимизга, яқинларимизга ёки топинишимизга таъсир қилиши ҳеч гап эмас. Қарорларимиз ўзимизга ва оиламизга фойда келтиришини истаймиз. Энг асосийси эса, улар Яҳовани мамнун қилишини хоҳлаймиз. (Рим. 12:1, 2)

2. Қайси қадамлар ёрдамида донолик ила қарорлар чиқара оласиз?

2 Биринчидан, фактларга эга бўлсангиз, иккинчидан, масала борасида Яҳованинг фикрини инобатга олсангиз ва учинчидан, танловларни тарозига солиб кўрсангиз, донолик ила қарор чиқаришингиз мумкин. Ушбу мақолада мазкур қадамларни муҳокама қиламиз. Қолаверса, улар ёрдамида қандай қилиб ақл-идрокимизни чархлашимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. (Ҳик. 2:11)

ФАКТЛАРГА ЭГА БЎЛИНГ

3. Нима учун қарор чиқаришдан аввал фактларни билиб олишимиз керак? Мисол келтиринг.

3 Тўғри қарор чиқариш учун қўйиладиган биринчи қадам фактларни билиб олишдир. Нега бу муҳим? Тасаввур қилинг, бемор жиддий соғлик муаммоси борасида шифокор билан маслаҳатлашяпти. У аввалига беморни текширмасдан ёки унга саволлар бермасдан даволашни бошлайдими? Албаттаки йўқ. Шунга ўхшаб вазиятингизга мос келадиган фактлар устида диққат ила мулоҳаза юритсангиз, яхшироқ қарорлар чиқара оласиз. Қанақасига?

4. Ҳикматлар 18:13 га кўра, фактларни билиб олганингизга қай йўсин ишонч ҳосил қилишингиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

4 Кўпинча саволлар бериш орқали фактларга эга бўласиз. Айтайлик, сизни ўтиришга таклиф қилишди. Хўш, унга боришингиз керакми? Агар мезбонни танимасангиз ёки у нималарни ташкиллаштиришини билмасангиз, қуйидагига ўхшаш саволларни берасиз: «Ўтириш қаерда ва қачон ўтади? У қанчалик катта бўлаи? Ўтиришга ким масъул? У ерга кимлар келади? Ўтиришда нималар режалаштирилган? Спиртли ичимликлар бўладими?» Бу саволларга жавоб олиб, донолик ила қарор чиқаришингиз мумкин. (Ҳикматлар 18:13 ни ўқинг.)

Саволлар бериб фактларни билиб олинг (4-хатбошига қаранг.) a


5. Фактларни билиб олгач, нима қилишингиз керак?

5 Энди фактларни билиб олгач, тўлиқ вазият борасида чуқур фикр юритинг. Масалан, ўтиришга келадиганларнинг баъзилари Яҳованинг меъёрларига қулоқ солмаслигини ёки у ердагилар истаганча спиртли ичимликларни ичиши мумкинлигини билиб қолсангиз-чи? Бу ўтириш айш-ишратга айланиб кетиш эҳтимоли борлигини кўряпсизми? (1 Бутр. 4:3) Бошқа тарафдан бу ўтириш жамоат учрашуви ёки хизматингизнинг вақтига тўғри келиб қолса-чи? Вазиятга тегишли фактлар устида мулоҳаза юритсангиз, тўғри қарор чиқаришингиз осонроқ бўлади. Бироқ қўйишингиз керак бўлган яна бир қадам бор. Вазият борасида ўз фикрингиз бор. Лекин ўзингиздан: «Бу борада Яҳова қандай фикрда?» — деб сўранг. (Ҳик. 2:6)

ЯҲОВАНИНГ ФИКРИ УСТИДА МУЛОҲАЗА ЮРИТИНГ

6. Ёқуб 1:5 га кўра, нега Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилишимиз керак?

6 Яҳовадан Унинг фикрлаш тарзини тушунишингизга ёрдам беришини сўранг. Худо Уни мамнун қиладиган қарор чиқаришимиз учун бизга донолик беришни ваъда қилган. У бундай доноликни «ҳаммага саховат билан, таъна қилмасдан» беради. (Ёқуб 1:5 ни ўқинг.)

7. Қандай қилиб Яҳованинг фикрини билишимиз мумкин? Мисол келтиринг.

7 Яҳовадан йўл-йўриқ сўраб ибодат қилгач, Унинг жавобини диққат ила кузатинг. Мисол учун, саёҳат қилаётиб адашиб қолдингиз дейлик. Шунда маҳаллий кишидан ёрдам сўрайсиз. Хўш, у сизга йўлни тушунтириб беришидан аввал уни тингламай кетиб қоласизми? Йўқ албатта! Унинг айтаётганларини диққат ила тинглайсиз. Шунга ўхшаб Яҳовадан донолик сўраганингиздан кейин вазиятингизга тегишли Муқаддас Китобдаги қонунлар ва принципларни топиш орқали Яҳованинг жавобини билиб олишингиз мумкин. Масалан, юқорида тилга олинган ўтиришга бориш-бормаслик масаласида қарор чиқараётиб, Муқаддас Китобда айш-ишрат, ёмон мулоқот ва Шоҳлик манфаатларини шахсий хоҳиш-истакларингиздан устун қўйиш борасида нима дейилгани ҳақида ўйлаб кўринг. (Мат. 6:33; Рим. 13:13; 1 Кор. 15:33)

8. Бирор маълумотни топишда ёрдамга муҳтож бўлсангиз, нима қилишингиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

8 Бироқ баъзида сизга керакли бўлган маълумотни топишда ёрдам керак бўлар. Эҳтимол, бу борада тажрибали имондош билан маслаҳатлашарсиз. Бироқ ўзингиз шахсий изланиш ўтказсангиз, нур устига аъло нур бўлади. Мисол учун, «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма» ҳамда «Илоҳий принциплар» каби адабиётлар ёрдамида сизга асқатадиган кўпгина маълумотларни топишингиз мумкин. Асосий мақсадингиз Яҳовани мамнун қиладиган қарор чиқариш эканини ёдда сақланг.

Яҳованинг фикрини инобатга олинг (8-хатбошига қаранг.) b


9. Қароримиз Яҳовани мамнун қилишига қандай амин бўлишимиз мумкин? (Эфесликларга 5:17)

9 Қароримиз Яҳовани мамнун қилишига қай йўсин амин бўла оламиз? Авваламбор Худони яхши билишимиз керак. Муқаддас Китобда: «Энг Муқаддас Зотни таниб-билиш ақл-заковат демакдир»,— деб ёзилган. (Ҳик. 9:10) Ҳа, Яҳованинг фазилатларини, ниятини ва У нимани севишию нимадан нафратланишини билсак, ҳақиқий ақл-заковатга эга бўламиз. Ӯзингиздан шундай деб сўранг: «Яҳова тўғрисида билганларимга асосланиб, қай йўсин Уни мамнун қиладиган қарор чиқара оламан?» (Эфесликларга 5:17 ни ўқинг.)

10. Нима учун Муқаддас Китобдаги принциплар оилавий анъаналаримиздан ва маданиятимиздан кўра муҳимроқ?

10 Яҳовани мамнун қилиш учун баъзида яқин инсонларимизни хафа қилишимизга тўғри келади. Масалан, ота-она яхши ният билан вояга етган қизига ҳатто маънан суст бўлса ҳам, топармон-тутармон ёки уларга кўп қалин пулини тўлайдиган йигитга турмушга чиқишга босим ўтказиши мумкин. Тўғри, улар қизи яхши яшашини хоҳлайди. Лекин у маънан ўсиши учун унга ким ёрдам беради? Яҳова бунга қандай қарайди? Бунинг жавобини Матто 6:33 дан топишимиз мумкин. У ерда масиҳийлар қуйидагига ундаляпти: «Худонинг Шоҳлиги... ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда бўлсин». Гарчи ота-онамизни ва атрофдаги инсонларни ҳурмат қилсак-да, Яҳовани мамнун қилиш биз учун энг муҳимидир.

ТАНЛОВЛАРНИ ТАРОЗИГА СОЛИБ КЎРИНГ

11. Ибронийларга 5:14 да ёзилган қайси фазилат танловларингизни тарозига солиб кўришга ёрдам беради?

11 Вазиятингизга тегишли Муқаддас Китобга оид принциплар устида мулоҳаза юритгач, танловларингизни таҳлил қилишингиз керак. (Ибронийларга 5:14 ни ўқинг.) Зеҳнни ишга солиш, яъни ақл-идрок фазилати ёрдамида ҳар бир танловингиз қандай натижа келтиришини тасаввур қилиб кўрсангиз бўлади. Баъзида қарор чиқариш осон кечиши мумкин. Лекин ҳамма қарорлар билан ҳам бундай эмас. Ақл-идрок ёрдамида ҳатто чалкаш вазиятларда донолик ила қарор чиқаришингиз мумкин.

12, 13. Қай йўсин ақл-идрок дунёвий иш масаласида донолик ила қарор чиқаришимизга кўмаклашади?

12 Қуйидаги вазиятни тасаввур қилинг. Сиз оилангизни таъминлаш учун иш қидиряпсиз ва иккита вариант чиқиб қолди. Сиз бу қанақа ишлигини, унинг жадвалини, йўлга қанча вақт кетишини ва ҳоказо каби барча фактларни ўйлаб кўрдингиз. Ҳар иккала иш ҳам Муқаддас Китоб принципларини бузмайди. Эҳтимол, ишнинг ўзи сизга ёққани ёки маоши баланд бўлгани туфайли биринчи вариантни танларсиз. Бироқ қарор чиқаришдан олдин бошқа омилларни ҳам инобатга олиш керак.

13 Масалан, қайсидир иш йиғилишларга қатнашингизга халақит берадими? Ёки оилангизнинг ҳиссий ва маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишингизга тўсқинлик қиладими? Бу каби саволлар ёрдамида «муҳимроқ» нарсаларни — топинишингизни ва оилангизнинг эҳтиёжларини моддий нарсалардан устунроқ қўясиз. Шунда Яҳова барака бера оладиган қарорни чиқаришингиз мумкин.

14. Қандай қилиб ақл-идрокни ишга солиш ва севги кўрсатиш бошқаларни қоқинтиришдан қочишга ёрдам беради?

14 Шунингдек, ақл-идрок бизни қароримиз бошқаларга қандай таъсир қилиши тўғрисида ўйлашга ундайди. Бу билан «бошқаларни қоқинтирманглар» деган маслаҳатга амал қила оламиз. (Филип. 1:10) Бу кийиниш ва пардоз-андоз каби шахсий қарорлар чиқарганда айниқса муҳим. Мисол учун, биз муайян турдаги кийим ёки пардоз-андозни хуш кўрармиз. Бироқ бу жамоатдагиларнинг ёки атрофдаги инсонларнинг ҳис-туйғуларига салбий таъсир қилса-чи? Ақл-идрок бизга бошқаларнинг туйғуларини ҳурмат қилишга кўмаклашади. Севги бизни «ўзганинг манфаатини» кўзлашга ҳамда ҳаддимизни билишга ундайди. (1 Кор. 10:23, 24, 32; 1 Тим. 2:9, 10) Шунда чиқарадиган қароримизда бошқаларга бўлган севги ва ҳурмат акс этади.

15. Муҳим қарорга мувофиқ йўл тутишдан олдин нималар ҳақида ўйлаб кўришингиз керак?

15 Муҳим қарор чиқараётганингизда қай йўсин унга мувофиқ йўл тутишингиз борасида ўйлаб кўринг. Исо бизга «қанча харажат кетишини» ҳисоблаш кераклигини ўргатган. (Луқо 14:28) Шундай экан, қарорингизга мувофиқ йўл тутиш учун қанча вақт, маблағ ва куч кетиши ҳақида ўйлаб кўринг. Баъзида чиқарган қарорингиз ижобий натижа келтириши учун ҳар бир оила аъзоингиздан нима кутилиши тўғрисида гаплашиб кўрарсиз. Нега бундай режа тузиш яхши бўларди? Эҳтимол, бундай суҳбат қарорингизга айрим ўзгаришлар киритиш кераклигини ёки бошқача йўл тутиш яхшироқ бўлишини кўрсатади. Агар оила аъзоларингиз билан маслаҳатлашиб, уларнинг фикрини тингласангиз, қарорингиз муваффақият келтириши учун улар сизни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлади. (Ҳик. 15:22)

МУВАФФАҚИЯТ ҚОЗОНАДИГАН ҚАРОР ЧИҚАРИНГ

16. Қандай қадамлар қўйиш муваффақият келтирадиган қарорлар чиқаришингизга ёрдам беради? (« Қандай қилиб донолик ила қарор чиқаришимиз мумкин?» номли рамкага ҳам қаранг.)

16 Юқоридаги қадамларни қўйган бўлсангиз, тўғри қарор чиқаришга тайёрсиз. Сиз фактларни билиб олдингиз. Яҳовани мамнун қиладиган қарор чиқаришингизга кўмаклашадиган принципларни кўриб чиқдингиз. Энди қарорингиз муваффақият келтириши учун Яҳовадан ёрдам сўрасангиз бўлади.

17. Донолик ила қарор чиқаришнинг сири нимада?

17 Ӯтмишда муваффақият келтирган кўпдан-кўп қарорлар чиқаргандирсиз. Аммо шуни унутмангки, яхши қарорлар чиқаришнинг сири ақлингиз ёки тажрибангингизга эмас, Яҳованинг донолигига таянишдир. Фақатгина У сизга доноликнинг негизи бўлмиш ҳақиқий билим, ақл-заковат ва ақл-идрокни бера олади. (Ҳик. 2:1–5) Ҳа, Яҳова Уни мамнун қиладиган қарорлар чиқаришингизга кўмаклашади. (Заб. 23:2, 3)

28-ҚЎШИҚ Яҳова, ким дўстинг эрур?

a РАСМГА ШАРҲ. Ёш биродарлар ва опалар телефонига келган ўтиришга таклифнома ҳақида гаплашяпти.

b РАСМГА ШАРҲ. Биродарлардан бири ўтиришга бориш-бормаслик масаласида қарор чиқаришдан олдин изланиш ўтказяпти.