Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳова хизматимга барака берди

Яҳова хизматимга барака берди

Давлат ходимига урушга бормаганим учун аллақачон қамоқхонада ўтириб чиққанимни айтдим. Кейин ундан: «Мени яна қамоққа тиқмоқчимисиз?» — деб сўрадим. Шундай қилиб, мени иккинчи марта Қўшма Штатларнинг армиясига чақиришди.

МЕН 1926 йили АҚШнинг Огайо штатидаги Круксвиллда таваллуд топганман. Ота-онам художўй бўлишмаган, лекин ўзларининг 8 та фарзандига, яъни бизга черковга боришимиз кераклигини айтишган. Шунда мен методистлар черковига қатнай бошладим ва бир йил мобайнида якшанба кунги ибодатларни қолдирмаганим учун руҳонийдан мукофот олдим. Ўшанда 14 ёшда эдим.

Маргарет Волкер (чапдан иккинчи опа) менга ҳақиқатни ўргатди

Ўша пайтлари Маргарет Волкер исмли Яҳова Шоҳидларидан бири бўлган қўшнимиз ойимнинг олдига келиб, у билан Муқаддас Китоб ҳақида суҳбатлашарди. Бир куни мен ҳам улар билан ўтириб, суҳбатларини тингламоқчи бўлдим. Ойим, мен уларнинг суҳбатларига халал беришимни хоҳламагани учун уйдан чиқиб кетишимни айтди. Аммо мен уларнинг суҳбатини тинглашда давом этдим. Маргарет бизникига бир неча марта келгандан кейин, мендан: «Худонинг исмини биласанми?» — деб сўради. Шунда мен: «Исми — Худо. Буни ҳамма билади-ку»,— деб жавоб бердим. У эса: «Муқаддас Китобингни олиб, Забур 82:19- оятни [83:18] ўқи *»,— деб айтди. Унинг гапига қулоқ солиб оятни очдим ва Худонинг исми Яҳова эканини билиб олдим. Шунда югуриб бориб, дўстларимга: «Бугун уйга борганингизда, Забур 82:19 ни ўқиб кўринглар. У ерда Худонинг исми ёзилган экан»,— дедим. Ўшанда мен илк бор ваъз қилдим, деса ҳам бўлади.

Мен Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, 1941 йили сувга чўмдим. Бир мунча вақт ўтгандан кейин менга жамоат билан китоб тадқиқини ўтказиш вазифаси топширилди. Мен ойим ва жигарбандларимни бу тадқиққа келишга ундадим ва уларнинг ҳаммаси қатнай бошлади. Афсуски, дадам ҳеч қизиқиш кўрсатмасди.

УЙДАГИ ҚАРШИЛИК

Менга жамоатда кўпроқ масъулият топширилди. Шунга адабиётларимизни йиғиб, ўзим учун кутубхона ташкил этдим. Бир куни дадам китобларимга қараб: «Мана бу ашқол-дашқолларни кўряпсанми? Ҳаммасини кўз олдимдан йўқот. Ўзинг ҳам кетсанг майли»,— деди. Шундан кейин уйдан кетдим ва Огайо штатидаги Зейнсвилл яқинида яшай бошладим. Аммо оила аъзоларимга ғамхўрлик қилиш учун уйга бориб турардим.

Дадам ойимга йиғилишларга боришга рухсат бермасди. Ойим йиғилишга кетаёганда, дадам баъзида унинг орқасидан қувиб, уни уйга судраб келарди. Бироқ ойим бошқа эшикдан чиқиб кетиб, барибир йиғилишга борарди. Мен ойимни юпатиб: «Ҳеч хавотирланманг, ойижон, бир кунмас, бир кун орқангиздан қувишдан дадамнинг ўзи чарчаб кетади»,— дедим. Вақт ўтиб, дадам ойимга қаршилик кўрсатмай қўйди ва ойим йиғилишларга бемалол қатнайдиган бўлди.

1943 йилда Воизлик мактаби ташкил этилди. Ўшандан бери мен нутқлар билан чиқишни бошладим. Бу мактабдаги топшириқларимдан кейин берилган маслаҳатлар менга нотиқлик маҳоратини ривожлантиришга ёрдам берди.

УРУШ ПАЙТИДА БЕТАРАФЛИКНИ САҚЛАШ

Ўшанда дунёни Иккинчи жаҳон уруши қамраб олганди. Шунинг учун 1944 йили мени ҳарбий хизматни ўташга чақиришди. Мен Огайодаги Колумбус шаҳрига, Форт-Хейсга бордим ва тиббий кўрикдан ўтиб, ҳужжатларни тўлдирдим. Мен у ердаги ҳарбий ходимларга аскар бўлмоқчи эмаслигимни айтдим. Улар мени қўйиб юборишди. Бир неча кундан сўнг эса бир ҳарбий хизматчи эшигимни тақиллатиб, шундай деди: «Корвин Робисон, сизни қамоққа олиш учун ордер берилди».

Икки ҳафтадан кейин судья менга: «Агар ҳокимият менинг қўлимда бўлганида, сенга умрбод қамоқ жазосини берардим. Яна бирон нарса айтмоқчимисан?» — деб сўради. Мен эса шундай жавоб бердим: «Судья жаноблари, мен руҳонийнинг * вазифасига ўхшаш бир хизматни бажараман. Мен ҳар бир эшик олдида худди минбардан гапиргандек, кўплаб одамларга Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни айтиб юраман». Судья халқ маслаҳатчиларига шундай деб мурожаат қилди: «Сизларнинг бугунги вазифангиз бу киши руҳоний ё руҳоний эмаслигини аниқлашдан иборат эмас. Сизлар унинг армияга борган-бормаганлигини аниқлаб, қарор чиқаришингиз керак». Ярим соат ўтар-ўтмас, халқ маслаҳатчилари келиб, менга «айбдор» деган ҳукм чиқаришди. Шундай қилиб, судья мени Кентуккининг Ашленд шаҳридаги федерал қамоқхонасига жўнатиб, 5 йилга қаматди.

ЯҲОВАНИНГ ҲИМОЯСИ

Биринчи икки ҳафтани мен Огайонинг Колумбус шаҳридаги қамоқхонада ўтказдим. Камерада биринчи кунни ўтказгандан сўнг, Яҳовага ибодат қилиб: «Мен бу ерда 5 йил қололмайман. Нима қилишни билмаяпман»,— деб ёлвордим.

Кейинги куни соқчилар мени камерадан чиқаришди. Мен баланд бўйли, кенг елкали маҳбус турган жойга бордим. Ўша ерда иккаламиз ойнадан ташқарига қараб турдик. У мендан: «Эй, пакана, нима қиляпсан бу ерда?» — деб сўради. Мен унга жавобан: «Мен Яҳова Шоҳидларидан бириман»,— дедим. У эса: «Нима? Унда бу ерда нима қилиб юрибсан?» — деб сўради. Мен: «Яҳованинг Шоҳидлари урушга боришмайди ва одамларни ўлдиришмайди»,— деб айтдим. У шундай деди: «Ҳм, улар сени одамларни ўлдирмаганинг учун қамоққа солишди, бошқаларни эса одам ўлдиришгани учун қамоққа тиқишади. Бу ғалати эмасми?» Мен эса: «Ҳа, айтманг»,— дедим.

Кейин у давом этиб: «Бошқа қамоқда 15 йил мобайнида баъзи адабиётларингизни ўқиб турардим»,— деди. Шунда мен ибодат қилиб: «Яҳова, илтимос, ёрдам бер, у менга қарши чиқмасин»,— деб сўрадим. Ўшанда Пол (исмини кейинчалик билиб олдим): «Агар бу ерда сенга кимдир қўл кўтарадиган бўлса, овозинг борича бақир. Ўзим улар билан гаплашиб қўяман»,— деб айтди. Натижада, ўша ердаги 50 та маҳбус билан ҳеч қандай муаммога дуч келмадим.

Кентуккининг Ашленд шаҳрида бетарафлик учун ҳибсга олинган Шоҳидлар орасида

Ҳарбий ходимлар мени Ашленддаги қамоқхонага ўтказишди. Қарасам, у ерда ҳибсга олинган бир нечта маънан етук биродарлар ҳам бор экан. Улар билан мулоқот қилиш менга ва бошқаларга маънан сусайиб қолмасликка ёрдам берди. Улар бизга ҳар ҳафта Муқаддас Китобдан бирон-бир парчани мутолаа қилишни топширишарди. Биз «Муқаддас Китобни ўрганиш тўгараги», деб номланган йиғилишларимиз учун савол ва жавобларни тайёрлардик. Бундан ташқари, у ерда ҳудудларга жавобгар биродар ҳам бор эди. Биз деворларнинг чети бўйлаб каравотлар жойлашган катта ётоқхонада яшардик. Шунинг учун, ўша биродар менга шундай деди: «Робисон, сен фалончи каравотларга масъулсан. Ўша каравот эгалари сенинг ҳудудингга киради. Улар қамоқдан чиққунча, ҳар бирига ваъз қилишга улгуриб қол». Хуллас, мана шундай ҳамжиҳатликда хизмат қилардик.

ҚАМОҚ ТАШҚАРИСИДАГИ ХАЗИНАЛАР

Иккинчи жаҳон уруши 1945 йили тугади. Бироқ мен яна бирмунча вақт қамоқда бўлдим. Мен оиламиз ҳақида қайғурардим, чунки дадам: «Сендан қутулсам, қолганларини ҳам эплайман»,— деб айтганди. Қамоқдан чиққанимда эса, мени ажойиб совға кутган: дадамнинг қаршилигига қарамай, оиламизнинг 7 та аъзоси йиғилишларга қатнашни бошлаб, сингилларимдан бири сувга чўмган экан.

Яҳовага 1913 йили хизмат қилишни бошлаган мойланган биродаримиз Димитрий Пападжордж билан хизматда

1950 йили Кореяда уруш бошланди. Мени яна Форт-Хейсга ҳарбий хизматни ўташга чақиришди ва бу хизматга яроқли деб топишди. Бундан кейин ҳарбий хизматчи менга: «Сени гуруҳингда энг юқори баҳолашди»,— деб айтди. Шунда мен унга жавобан: «Жуда хурсандман, лекин армияга бориш ниятим йўқ»,— дедим. Кейин 2 Тимўтийга 2:3 ни келтириб, аллақачон Исо Масиҳнинг аскари бўлганимни айтдим. Узоқ сукунатдан сўнг у менга: «Кетишинг мумкин»,— деди.

Вақт ўтиб, мен Огайонинг Цинциннати шаҳрида ўтган анжуманга бориб, Байтилда хизмат қилмоқчи бўлганлар учун мўлжалланган учрашувда қатнашдим. Милтон Хеншель биродаримиз: «Агар кимдир Шоҳлик учун жон куйдириб хизмат қилмоқчи бўлса, ташкилотимиз уни Байтилга таклиф қилиши мумкин»,— деб айтди. Мен Байтилда хизмат қилишга ариза тўлдирдим ва мени таклиф қилишди. 1954 йилнинг август ойидан бошлаб Бруклиндаги Байтилда хизматимни бошладим. Мана шу кунгача мен у ерда хизмат қилиб келяпман.

Байтилда ҳамиша иш қизғин эди. Бир неча йил мобайнида мен босмахонадаги ва офис биноларидаги иситкичларни таъмирлардим, механик бўлиб ишлардим ва қулфларни тузатардим. Мен, шунингдек, Нью-Йоркдаги Анжуман Залларини таъмирлашда ёрдам берардим.

Бруклиндаги Байтилда офис биноларининг иситкичларини таъмирлаяпман

Менга Байтилдаги эрталабки топинишда ва «Қўриқчи минораси» муҳокамасида иштирок этиш ҳамда жамоат билан ваъзгўйлик хизматида қатнашиш каби маънавий дастурлар жуда ёқарди. Бундай олиб қараганда, Яҳованинг Шоҳиди бўлган ҳар бир оила шундай маънавий тартибга риоя қилиши керак. Агар ота-оналар фарзандлари билан кундалик оятни муҳокама қилишса, мунтазам оилавий топиниш ўтказишса, жамоат йиғилишларида ва хушхабарни ваъз қилишда фаол қатнашишса, бутун оила маънан мустаҳкам бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Мен Байтил ва жамоатда кўплаб дўстлар орттирдим. Улардан баъзилари мойланган бўлиб, осмондаги мукофотини олиб бўлишган, қолган дўстларим эса «бошқа қўйлар» орасидан. Биламизки, Яҳованинг барча хизматчилари номукаммал ва байтилчилар ҳам бундан истисно эмас. Шунинг учун, биродарим билан келишмовчилик юз берса, ҳамиша тинчлик ўрнатишга ҳаракат қиламан. Бунда менга Матто 5:23, 24 даги сўзлар ёрдам беради. Тўғри, кечирим сўраш осон эмас, лекин айнан кечирим сўраш орқали кўп муаммолар осонгина ҳал бўлади-қолади.

ХИЗМАТДАГИ БАРАКАЛАР

Ёшим туфайли уйма-уй юришга қийналсам ҳам, барибир таслим бўлмаяпман. Мен хитой тилининг «мандарин» диалектини озгина ўрганганим учун кўча-кўйда хитойликларга ваъз қиламан. Бу менга завқ келтиради. Баъзида эрталабки хизмат пайтида қизиқиш билдирганларга ҳатто 30–40 тагача журнал тарқатаман.

Бруклинда (Нью-Йорк) хитойликларга ваъз қиляпман

Мен ҳатто Хитойда такрорий ташриф қилишга муяссар бўлдим! Бир куни мевалар растасининг реклама қоғозларини тарқатиб юрган хушчақчақ ёш қиз менга кулиб қўйди. Мен ҳам унга жилмайдим ва хитой тилида «Қўриқчи минораси» ҳамда «Уйғонинг!» журналларини бердим. У журналларни олиб, исми Катэ эканини айтди. Ўшандан кейин Катэ мени қачон кўрмаса, суҳбатлашиш учун доимо олдимга келарди. Мен унга мева ҳамда сабзавотларнинг инглизча номларини ўргатардим ва у сўзларни орқамдан қайтариб турарди. Шунингдек, унга Муқаддас Китобдаги оятларни тушунтириб, «Таълимотлар» китобини бердим. Лекин бир неча ҳафтадан кейин у ғойиб бўлди.

Бир неча ойдан кейин реклама қоғозларини тарқатиб юрган бошқа қиз мен таклиф қилган журналларни олди. Кейинги ҳафта у менга телефонни тутқазиб: «Хитойлик бир қиз сиз билан гаплашмоқчи»,— деди. Мен эса: «Хитойда ҳеч кимни танимайман»,— деб айтдим. Аммо у ўзиникида туриб олди ва мен телефонни олиб: «Салом, бу Робисон»,— деб ўзимни таништирдим. Шунда менга: «Робби амаки, бу мен, Катэ. Мен Хитойга қайтдим»,— деб жавоб қайтаришди. Мен: «Хитойга?» — деб сўрадим. Катэ жавобан: «Ҳа. Робби амаки, телефонни сизга берган қиз — менинг синглим. Сиз менга кўп яхши нарсаларни ўргатдингиз. Илтимос, унга ҳам шу нарсаларни ўргатинг»,— деди. Мен эса: «Албатта Катэ, қўлимдан келганини қиламан. Қаерда эканингизни айтганингиз учун раҳмат»,— дедим. Ўшандан бироз вақт ўтгандан кейин мен Катэнинг синглиси билан охирги марта гаплашдим. Хуллас, бу қизлар қаерда бўлишидан қатъи назар, Яҳова ҳақида билим олишда давом этишяпти, деган умиддаман.

Мана 73 йилдирки, Яҳовага хизмат қилиб келяпман. Яҳова менга қамоқда бетараф ҳамда садоқатли қолишимга ёрдам бергани учун жуда хурсандман. Бунинг устига, дадам менга қаршилик қилган пайтда, жигарларим таслим бўлмаганимни кўриб, жасоратга тўлишганини айтишди. Вақт ўтиб, ойим, опам, 2 та синглим ва 3 та укам сувга чўмишди. Ҳатто дадам муносабатини ўзгартириб, ўлимидан олдин бир неча марта йиғилишга боришга улгурди.

Худо хоҳласа, оламдан ўтган оила аъзоларим ва дўстларим янги дунёда тирилишади. Севикли одамларимиз билан умрбод Яҳовага топиниш бизга қанчалар қувонч бағишлашини бир тасаввур қилиб кўринг! *

^ 6- х.б. Корвин Робисон фойдаланган Муқаддас Китобнинг инглиз тилидаги таржимада ушбу оятда Аллоҳнинг исми Яҳова деб қайд этилган.

^ 14- х.б. АҚШда руҳонийлар қонуний равишда ҳарбий хизматдан озод этилади.

^ 32- х.б. Ушбу мақола чоп этилишга тайёрланаётганида, Корвин Робисон биродаримиз Яҳовага садоқатли қолиб ҳаётдан кўз юмди.