Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Йиғилишларга бориш биз ҳақимизда нимани ошкор этмоқда?

Йиғилишларга бориш биз ҳақимизда нимани ошкор этмоқда?

Ҳазратимиз келгунига қадар унинг ўлимини эълон этинг. 1 КОР. 11:26

18- ҚЎШИҚ Тўлов учун миннатдормиз

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Миллионлаб одамлар Қутлуғ Кечлик маросимига ташриф буюрганда, Яҳова нималарни кузатади? (Муқовадаги расмга қаранг.) б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

ДУНЁ бўйлаб миллионлаб одамлар Қутлуғ Кечлик маросимига ташриф буюрганда, Яҳова нималарни кузатишини тасаввур қилинг. У шунчаки кўпгина одамларни кўрмайди, балки ҳар бир инсонга эътибор беради. Масалан, Худо ҳар йили садоқат ила ташриф буюраётганларни кўради. Уларнинг орасида қаттиқ таъқибларга дуч келишига қарамай, бу маросимга ташриф буюрганлар бўлиши мумкин. Бошқалар жамоат учрашувларига мунтазам келмас, лекин Қутлуғ Кечликка ташриф буюришни муҳим деб ҳисоблайди. Шунингдек, Яҳова бу маросим қандай ўтиши билан қизиқиб илк бор келганларни ҳам назаридан четда қолдирмайди.

2 Албатта, Яҳова Қутлуғ Кечликка келган кўпларни кўриб мамнун бўлади. (Луқо 22:19) Аммо Яҳова учун бу маросимга ташриф буюрганларнинг сони унча муҳим эмас. У учун инсон келганининг сабаби, яъни унинг нияти аҳамиятлидир. Мазкур мақолада муҳим саволга жавоб топамиз: нега фақатгина йилда бир маротаба бўладиган Қутлуғ Кечлик маросимига эмас, балки Яҳова Уни севадиган инсонлар учун уюштирган ҳафта давомидаги учрашувларга ҳам борамиз?

Дунё бўйлаб миллионлаб кишилар Қутлуғ Кечлик маросимига таклиф қилинади (1-, 2- хатбошларга қаранг.)

КАМТАРЛИК БИЗНИ БОРИШГА УНДАЙДИ

3–4. а) Нега йиғилишларга борамиз? б) Йиғилишларга бориш биз ҳақимизда нимани ошкор этяпти? в) 1 Коринфликларга 11:23–26 да айтилганидай, нега Қутлуғ Кечликни қолдирмаслигимиз керак?

3 Йиғилишларга ташриф буюришимизнинг муҳим сабаби — улар топинишимизнинг бир қисми. Қолаверса, йиғилишларда Яҳовадан таълим оламиз. Мағрур кишилар таълим олишга муҳтож эканини тан олмайди. (3 Юҳан. 9) Улардан фарқли ўлароқ, биз Яҳова ҳамда Унинг ташкилоти тақдим этаётган йўл-йўриқларни қабул қилишга тайёрмиз. (Ишаё 30:20; Юҳан. 6:45)

4 Йиғилишларга борганимизда камтар ва таълим олишга тайёр эканимизни кўрсатамиз. Исонинг ўлимини хотирлаш учун бу муҳим учрашувга шунчаки мажбурият юзасидан ташриф буюрмаймиз, балки унинг: «Мени эслаш учун шундай қилиб туринглар»,— деган амрига камтаринлик ила итоат этаётганимизни кўрсатамиз. (1 Коринфликларга 11:23–26 ни ўқинг.) Бу учрашув туфайли келажакка нисбатан умидимиз мустаҳкамланади ҳамда Яҳова бизни қанчалар севишини эслаймиз. Бироқ Яҳова йилда бир маротаба эмас, балки кўпроқ далда олиб мустаҳкамланишимиз кераклигини билади. Шу боис, У ҳар ҳафта йиғилишлар ўтишига ғамхўрлик қилган ва бизни уларга ташриф буюришга ундайди. Ҳа, камтаринлик итоаткор бўлишга чорлайди. Ҳар ҳафта йиғилишларга тайёргарлик кўриш ва уларга бориш учун бир неча соат сарфлаймиз.

5. Нега Яҳованинг таклифини камтарин кишилар қабул қилади?

5 Ҳар йили анчагина камтарин кишилар Яҳовадан таълим олиш таклифини қабул қилади. (Ишаё 50:4) Улар Қутлуғ Кечликка ташриф буюришдан хурсанд бўлади ва бошқа йиғилишларга ҳам қатнай бошлайди. (Закр. 8:20–23) «Мададкору халоскоримиз» бўлган Тангри Яҳовадан биргаликда таълим ва йўл-йўриқ олишдан бахтиёрмиз. (Заб. 40:17) Чиндан ҳам, Яҳова ҳамда Унинг суюкли Ўғли Исодан таълим олиш таклифини қабул қилишдан кўра, яна нима қувончли ва муҳим бўлиши мумкин?! (Мат. 17:5; 18:20; 28:20)

6. Қандай қилиб камтарлик бир кишига Қутлуғ Кечликка боришга ёрдам берди?

6 Ҳар йили Исонинг ўлимини хотирлаш учун иложи борича кўпроқ одамларни таклиф қилишга ҳаракат қиламиз. Кўпгина камтарин кишилар бу таклифдан фойда олди. Мана бир мисол. Йиллар аввал, биродаримиз бир кишини Қутлуғ Кечлик маросимига таклиф қилади. Лекин у таклифномани берган биродарга бора олмаслигини айтади. Аммо Қутлуғ Кечлик бўладиган оқшом биродаримиз ўша киши Йиғилиш зали томон келаётганини кўриб ҳайрон қолади. Киши уни қандай кутиб олишганидан шунчалик таъсирланадики, ҳафта давомидаги учрашувларга ҳам қатнай бошлайди. У йил давомида учта учрашувга бора олмади, холос. Хўш, нега у барча йиғилишларга боришга қарор қилди? У камтар бўлиб, фикрини ўзгартирди. Уни таклиф қилган биродар кейинчалик шундай деди: «У жуда камтарин». Яҳова ўша кишини Ўзига жалб қилганидан шубҳамиз йўқ ва у ҳозир биродаримиз. (2 Шоҳ. 22:28; Юҳан. 6:44)

7. Йиғилишларда билиб олаётганларимиз ва Муқаддас Китобдан ўқиганларимиз қай йўсин камтарин бўлишга ёрдам беради?

7 Йиғилишларда билиб олаётганларимиз ва Муқаддас Китобдан ўқиётганларимиз камтарин бўлишимизга ёрдам беради. Қутлуғ Кечлик арафасидаги ҳафталар давомида ўтадиган йиғилишларда одатда Исонинг ўрнагига ва ҳаётини тўлов сифатида тақдим этиб, камтаринликни намоён этганига диққатимизни қаратамиз. Бу муҳим маросимгача бир неча кун давомида Муқаддас Китобдан Исонинг ўлими ва тирилиши билан боғлиқ воқеаларни ўқисак оқилона бўларди. Бундай йиғилишларда билиб олганларимиз ва Муқаддас Китобдан ўқиганларимиз Исонинг биз учун берган қурбонлигига нисбатан миннатдорчилигимизни оширади. Бу туфайли Исонинг камтаринлигига тақлид қилишга ва ҳатто қийин бўлганда ҳам Яҳованинг иродасини бажаришга ҳаракат қиламиз. (Луқо 22:41, 42)

ЖАСОРАТ БИЗНИ БОРИШГА УНДАЙДИ

8. Қай йўсин Исо жасоратли эканини кўрсатди?

8 Жасоратли бўлишда ҳам Исога тақлид қилишга ҳаракат қиламиз. Ўлимидан олдинги кечада у қандай жасоратни намоён этгани борасида бир ўйлаб кўринг. Исо тез орада душманлари уни камситиши, уриши ва қатл этишини билар эди. (Мат. 20:17–19) Лекин у ўлимга тайёр бўлди. Бу вақт келганида, Исо у билан Гетсемания боғида бирга бўлган садоқатли ҳаворийларига: «Туринглар, кетдик. Хоин яқинлашиб қолди»,— деди. (Мат. 26:36, 46) Қуролланган бир тўда аскар уни ҳибсга олишга келганда, у пешвоз чиқиб ким эканини айтди ва аскарларга ҳаворийларини қўйиб юборишни буюрди. (Юҳан. 18:3–8) Дарҳақиқат, Исо жуда жасоратли бўлган. Бугунги кунда ҳам мойланган масиҳийлар ва бошқа қўйлар жасоратли бўлишда Исога тақлид қилиш учун жон куйдирмоқда. Қанақасига?

Йиғилишларга бориш учун кўрсатган жасоратингиз бошқаларга куч бахш этади (9- хатбошига қаранг.) *

9. а) Нега йиғилишларга мунтазам қатнаш учун жасоратли бўлишимиз керак? б) Имони учун қамоқда ўтирган биродарларга ўрнагимиз қандай таъсир қилиши мумкин?

9 Оғир вазиятларга дуч келган бўлсак, йиғилишларга мунтазам қатнашимиз учун жасоратли бўлишимиз керак. Мисол учун, баъзи биродару опа-сингилларимиз қайғуга, тушкунликка ёки соғлиқ муаммоларига қарамай, йиғилишларга қатнайди. Бошқалар эса, оила аъзолари ёки ҳукумат томонидан қаттиқ қаршиликларга дуч келса ҳам, жасорат ила йиғилишларни қолдирмайди. Шунингдек, имони учун қамоқда ўтирган биродару опа-сингилларимизга ўрнагимиз қандай таъсир қилиши ҳақида бир ўйлаб кўринг. (Иброн. 13:3) Улар қийинчиликларга қарамай, Яҳовага хизмат қилаётганимиз ҳақида эшитганда, имонини мустаҳкамлаш, жасоратли бўлиш ва бенуқсон қолиш учун кучга тўлади. Ҳаворий Павлус буни ўзида ҳис этган. У Римда қамоқда бўлганида, биродарлари Тангрига садоқат ила хизмат қилаётганини эшитиб хурсанд бўлган. (Филип. 1:3–5, 12–14) Озодликка чиқишидан сал олдин ёки озод бўлиши билан, Павлус ибронийларга мактуб йўллаган. Ўша мактубида Павлус содиқ масиҳийларни бир-бирларини «биродарларча севишда» тўхтамасликка ва йиғилишларни ҳеч ҳам қолдирмасликка ундаган. (Иброн. 10:24, 25; 13:1)

10–11. а) Қутлуғ Кечликка кимларни таклиф қилишимиз керак? б) Эфесликларга 1:7 га кўра, бундай қилишимиз учун қандай сабаб бор?

10 Қариндош, ҳамкасб ва қўшниларимизни Қутлуғ Кечлик маросимига таклиф қилиб жасорат намоён этамиз. Нега уларни таклиф қиламиз? Яҳова ҳамда Исо биз учун қилган ишларидан жуда миннатдор бўлганимиз сабаб, бошқаларни бу маросимга таклиф қилишни истаймиз. Қолаверса, улар ҳам Яҳованинг тўлов орқали намоён этадиган «иноятидан» фойда олишларини хоҳлаймиз. (Эфесликларга 1:7 ни ўқинг; Ваҳ. 22:17)

11 Жасоратли бўлиб бирга йиғилганимизда, Аллоҳ ва Унинг Ўғли ўзгача тарзда намоён этадиган яна бир ажойиб фазилатга эга эканимизни кўрсатамиз.

СЕВГИ БИЗНИ БОРИШГА УНДАЙДИ

12. а) Қандай қилиб йиғилишлар туфайли Яҳова ҳамда Исога бўлган севгимиз янада ошади? б) 2 Коринфликларга 5:14, 15 да ёзилган ундовга кўра, қай йўсин Исога тақлид қилсак бўлади?

12 Яҳова ҳамда Исога бўлган севгимиз йиғилишларни қолдирмасликка ундайди. Ўз навбатида, йиғилишларда билиб олганларимиз туфайли Аллоҳ Яҳова ҳамда Унинг Ўғлига бўлган севгимиз ошади. Боиси, Тангримиз ва Исо биз учун нималар қилгани борасида доим йиғилишларда эслаймиз. (Рим. 5:8) Қутлуғ Кечлик маросимида эса асосан, Яҳова ҳамда Исо биз ва ҳатто ҳали тўловнинг аҳамиятини тушуниб етмаганлар учун қандай кучли севгини кўрсатгани тўғрисида ўйлаймиз. Қалбларимиз миннатдорликка тўлиб, барча ишларимизда Исога тақлид қилишга ҳаракат қиламиз. (2 Коринфликларга 5:14, 15 ни ўқинг.) Боз устига, Яҳова тўлов тақдим этгани учун қалбимиз Уни мадҳ этишга ундайди. Бунинг йўлларидан бири жамоат учрашувларида чин дилдан шарҳ беришдир.

13. Яҳова ҳамда Исога бўлган севгимиз кучли эканини қандай кўрсата оламиз? Тушунтиринг.

13 Аллоҳ Яҳова ҳамда Унинг Ўғли учун фидойилик кўрсатишга тайёр бўлиб, севгимиз қанчалик кучли эканини кўрсата оламиз. Кўпинча жамоат учрашувларини қолдирмаслик учун ҳар турли фидойиликка тайёрмиз. Масалан, баъзи йиғилишлар куннинг охирида, эҳтимол, ҳолдан тойган пайтимизда ўтади. Бошқа учрашув эса, ҳафта охирида, одамлар дам олаётган пайтда бўлади. Чарчаган бўлсак ҳам, йиғилишга бориш учун қилаётган ҳаракатларимизни Яҳова пайқайдими? Бўлмасам-чи! Аслида, қанча кўп қийинчиликка дуч келсак, Яҳова Унга намоён этаётган севгимизни шунча кўп қадрлайди. (Марк 12:41–44)

14. Фидойи севгини намоён этишда Исо қандай ўрнак қолдирган?

14 Фидойи севгини намоён этишда Исо биз учун ўрнак қолдирган. У нафақат шогирдлари учун ўлишга, балки ҳар куни уларнинг манфаатини ўзиникидан устун қўйиб яшашга тайёр бўлган. Мисол учун, у жисмонан ёки ҳиссан чарчаганда ҳам, издошлари билан учрашган. (Луқо 22:39–46) Бундан ташқари, Исо диққатини бошқалардан бирон нима олишга эмас, уларга нима бера олишига қаратган. (Мат. 20:28) Бизнинг ҳам Яҳовага ҳамда имондошларимизга бўлган севгимиз шундай кучли бўлса, Қутлуғ Кечлик маросимига ва бошқа барча учрашувларга бориш учун қўлимиздан келганини қиламиз.

15. Хусусан кимларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз?

15 Биз умумжаҳон оиланинг бир қисмимиз ва бошқа самимий инсонларни бизга қўшилишга таклиф қилиб, бир-биримиз билан имкон борича кўпроқ вақт ўтказишдан бахтиёрмиз. Лекин, хусусан, фаолиятсиз бўлиб қолган «имондошларимизга» ёрдам беришга интиламиз. (Галат. 6:10) Уларни йиғилишларга, айниқса, Қутлуғ Кечлик маросимига таклиф қилиб севгимизни кўрсатамиз. Фаолиятсиз бўлиб қолган имондошимиз Яҳовага, ғамхўр Отамиз ва Чўпонимизга қайтганида Яҳова ҳамда Исо сингари роса шод бўламиз. (Мат. 18:14)

16. а) Қай йўсин бир-биримизга далда берамиз ва йиғилишлардан қандай фойда оламиз? б) Нима учун ҳозир Исонинг Юҳанно 3:16 даги сўзларини эслашнинг айни пайти?

16 Келинг, мана шу ҳафталар мобайнида, 2019 йил, 19 апрель жума куни кеч пайт бўлиб ўтадиган Қутлуғ Кечлик маросимига иложи борича кўпроқ одамларни таклиф қилайлик. (« Уларни таклиф қиласизми?» номли рамкага қаранг.) Йил давомида Яҳова биз учун уюштирган барча учрашувларга бориб бир-биримизга далда берайлик. Ушбу замонанинг охири яқинлашиб келаётган экан, камтар ва жасоратли бўлиб, севгини намоён этиш учун жамоат учрашувларини қолдирмаслигимиз зарур. (1 Салон. 5:8–11) Яҳова ҳамда Унинг Ўғли намоён этган севги учун чин дилдан миннатдорчилик билдирайлик! (Юҳанно 3:16 ни ўқинг.)

126- ҚЎШИҚ Мустаҳкам, ҳушёр ва мард бўлинг

^ абз. 5 2019 йил, 19 апрель жума куни кечки пайт бўлиб ўтадиган Қутлуғ Кечлик маросими йилнинг энг муҳим тадбиридир. Хўш, бу маросимга ташриф буюришга бизни нима ундайди? Шубҳасизки, биз Яҳовани мамнун этишни истаймиз. Ушбу мақолада Қутлуғ Кечлик ва ҳафта давомида бўладиган учрашувларга бориш биз ҳақимизда нимани ошкор этиши тўғрисида гап боради.

^ абз. 52 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Имони учун қамоқда ўтирган биродар уйидагиларидан келган мактубни ўқиб, далда олади. Оила аъзолари уни унутишмаганини ва сиёсий нотинчликлар бўлишига қарамай, Яҳовага садоқатли қолишаётганини ўқиб, хурсанд бўлади.