Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Қутлуғ Кечлик маросими Шоҳимиз ҳақида нимани ошкор этмоқда?

Қутлуғ Кечлик маросими Шоҳимиз ҳақида нимани ошкор этмоқда?

Бу менинг танамни билдиради. [...] Қонимни — «аҳд қонини» англатади. МАТ. 26:26–28

16- ҚЎШИҚ Яҳни улуғланг Шоҳаншоҳ-чун

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Нега Исо ўлимини оддий тарзда хотирлашимиз кераклигини айтган? б) Исонинг қайси фазилатларини кўриб чиқамиз?

ҲАР йили Қутлуғ Кечлик маросимида нима юз беришини айтиб бера оласизми? Албатта, бу тадбирнинг тафсилотлари кўпчилигимизга маълум. Нима сабабли? Чунки бу маросим оддий бўлиб ўтади. Аммо у жуда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис: «Нега бу маросим оддий бўлиб ўтади?» — деган савол туғилиши мумкин.

2 Ер юзидаги хизмати давомида Исо муҳим ҳақиқатларни оддий, аниқ ва тушунишга осон бўлган тарзда етказарди. (Мат. 7:28, 29) Шу сингари, ўзининг ўлимини ҳам оддий тарзда хотирлашимиз * кераклигини айтган. Келинг, Қутлуғ Кечлик маросими ва Исонинг баъзи сўзларию ишлари борасида синчковлик ила ўйлаб кўрайлик. Исо қанчалик камтарин ва жасоратли бўлиб, севгини намоён этганини тушунамиз ҳамда бу борада унга янада яхшироқ тақлид қила олишимиз мумкинлигини ҳам билиб оламиз.

ИСО КАМТАРИН

Қутлуғ Кечлик рамзлари, яъни нон ва шароб Исо биз учун ҳаётини қурбон қилганини ва ҳозир осмонда Шоҳ эканини эслатади (3–5- хатбошиларига қаранг.)

3. Матто 26:26–28 дан билиб олганимиздай, Исо киритган маросим қай тарзда ўтган ва у фойдаланган иккита нарса нимани англатади?

3 Исо Қутлуғ Кечлик маросимини киритаётганда, у билан бирга 11 та содиқ ҳаворийси бор эди. У Фисиҳ таомидан ортиб қолганлардан фойдаланиб, бу маросимни оддий тарзда ўтказди. (Матто 26:26–28 ни ўқинг.) Исо хамиртурушсиз нон ва шаробдан фойдаланди. У ҳаворийларига булар рамзий маънога эга эканини ва яқинда улар учун қурбон қиладиган мукаммал танаси ҳамда қонини англатишини айтди. Ҳаворийлар бу муҳим тадбир оддий тарзда ўтганидан ҳайрон қолишмаган. Нима учун?

4. Қандай қилиб Исо Мартага берган маслаҳати Қутлуғ Кечлик маросими оддий тарзда ўтказилишини тушунишимизга кўмаклашяпти?

4 Келинг, маросимдан бир неча ой аввал юз берган воқеага диққат қаратайлик. Бу Исо хизматининг учинчи йили бўлиб, у яқин дўстлари Лазар, Марта ва Марямнинг уйига боради. Ўшанда у дам олаётганда таълим берган. Марта ҳам у ерда эди, лекин ҳурматли меҳмон учун кўп овқат тайёрлаш билан жуда овора бўлган. Исо буни пайқагач, Мартага мулойимлик ила маслаҳат бериб, кўп оворагарчиликка ҳожат йўқлигини тушунишига кўмаклашган. (Луқо 10:40–42) Кейинчалик, Исо ўлимига бир неча соат қолганида, бу маслаҳатга ўзи ҳам риоя қилиб, Қутлуғ Кечлик маросими оддий ҳолда ўтишига ғамхўрлик қилган. Хўш, бундан Исо ҳақида нимани билиб оляпмиз?

5. Исо оддий таомдан фойдалангани у ҳақида нимани кўрсатяпти ва Филиппиликларга 2:5–8 даги сўзлар билан қандай боғлиқ?

5 Исо гапирганда ҳам, бирон нима қилганда ҳам камтарин эди. Шу боис, ер юзидаги сўнгги кечада у камтаринлик фазилатини ажойиб тарзда намоён этгани ажабланарли эмас. (Мат. 11:29) Исо тарихдаги энг улуғвор қурбонликни келтиришини ва Яҳова уни кейинчалик осмонда бошқариши учун тирилтиришини билган. Шундай бўлса-да, у унинг ўлимини хотирлаш дабдабали тарзда нишонланиб, ўзига ўринсиз эътибор жалб этилишини хоҳламаган. Аксинча, у шогирдларига буни оддий таомдан фойдаланиб, йилда бир маротаба бу маросимни ўтказишни тайинлаган. (Юҳан. 13:15; 1 Кор. 11:23–25) Исо бу оддий, лекин муносиб таомдан фойдалангани у мағрур инсон бўлмаганини кўрсатяпти. Ҳа, Шоҳимиз ажойиб фазилатга эга, яъни камтарин эканидан жуда хурсандмиз! (Филиппиликларга 2:5–8 ни ўқинг.)

6. Қийинчиликларга дуч келганимизда қай йўсин Исо каби камтарин бўлишимиз мумкин?

6 Хўш, биз ҳам қай йўсин Исо каби камтарин бўлишимиз мумкин? Бунга бошқаларнинг манфаатини кўпроқ кўзлаб эришса бўлади. (Филип. 2:3, 4) Исонинг ердаги сўнгги кечасига яна бир бор эътибор қаратайлик. Исо яқинда азоб чекиб ўлишини билган. Шундай бўлса-да, у учун қайғурадиган содиқ ҳаворийлари ҳақида қаттиқ ташвишланган. Шу боис, у ўша сўнгги кечада уларга йўл-йўриқ ва далда бериб, севгисига ишонтирган. (Юҳан. 14:25–31) Исо камтаринлик ила ўзининг эмас, бошқаларнинг манфаати ҳақида кўпроқ қайғурган. Бу биз учун аъло ўрнак!

ИСО ЖАСОРАТЛИ

7. Исо Қутлуғ Кечлик маросимини киритганидан сал вақт ўтиб, қай тарзда жасоратни намоён этган?

7 Исо Қутлуғ Кечлик маросимини киритганидан сал вақт ўтиб, ажойиб тарзда жасоратни намоён этади. Қандай қилиб дейсизми? У жиноятчидай шармандларча қатл этилиши кераклигини билса ҳам, Отасининг унга нисбатан иродасини бажаришга тайёр бўлади. (Мат. 26:65, 66; Луқо 22:41, 42) Исо мукаммал тарзда бенуқсон бўлиб қолган ва шу йўсин Аллоҳнинг исмини шарафлаган, Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаган ва тавба қиладиган инсонлар учун абадий ҳаётга йўл очиб берган. Шу билан бирга, Исо издошларини келажакда дуч келадиган ҳодисалар учун ҳам тайёрлаган.

8. а) Исо содиқ ҳаворийларига нима деган? б) Қай йўсин Исонинг ўлимидан кейин ҳам шогирдлари у каби жасоратли бўлиб қолган?

8 Исо шунингдек, ўз ташвишларини четга суриб, ҳаворийларининг эҳтиёжларига диққат қаратиш орқали жасоратни намоён этган. Яҳудо Ишқариёт кетганидан кейин Исо фойдаланган оддий рамзлар унинг мойланган издошлари у тўккан қон туфайли фойда олишларини ва улар янги аҳднинг бир қисми бўлиши кераклигини эслатади. (1 Кор. 10:16, 17) Исо издошларига садоқатни сақлаб, самода яшаш умидига сазовор бўлишлари учун, у ҳамда Яҳова улардан нимани кутишаётганини айтган. (Юҳан. 15:12–15) Қолаверса, Исо ҳаворийларни кутаётган қийинчиликлари ҳақида огоҳлантирган. Сўнг уларни унинг ўрнагига тақлид қилишга чорлаб: «Дадил бўлинг!» — деб айтган. (Юҳан. 16:1–4а, 33) Кўп йиллар ўтгач ҳам, Исонинг шогирдлари у каби фидойи бўлиб, жасорат фазилатини намоён этишган. Ҳатто улар азоб чекишга тўғри келган бўлса-да, турли қийинчиликларда бир-бирини қўллаб-қувватлашган. (Иброн. 10:33, 34)

9. Жасоратли бўлишда Исонинг ўрнагига қай йўсин эргаша оламиз?

9 Бугун ҳам худди шундай, жасоратли бўлишда Исонинг ўрнагига эргашамиз. Масалан, имони туфайли таъқибларга дуч келаётган биродарларимизни қўллаб-қувватлаш учун жасоратли бўлишимиз керак. Гоҳида биродарларимиз адолатсизларча қамоқда ўтиради. Бу юз берганда, қўлимиздан келганини қилиб, жумладан, улар учун ибодатларимизда сўраб, ҳукмрон ҳокимият ва ҳатто судда уларни ҳимоялашимиз керак. (Филип. 1:14; Иброн. 13:19) Шунингдек, «жасорат билан» ваъз қилишда давом этиб жасур эканимизни кўрсатамиз. (Ҳавор. 14:3) Исо сингари бизнинг ҳам, ҳатто одамлар бизга қарши бўлиб, қувғун қилишса ҳам, Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилиш қароримиз қатъийдир. Лекин баъзида жасоратимиз сўниб қолиши ҳеч гап эмас. Нима қилсак бўлади?

10. Қутлуғ Кечликдан олдинги ҳафталар мобайнида нима қилишимиз керак ва нега?

10 Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги туфайли пайдо бўлган умидимиз ҳақида фикр юритиб янада жасоратли бўла оламиз. (Юҳан. 3:16; Эфес. 1:7) Қутлуғ Кечликдан олдинги ҳафталар мобайнида бу тўлов учун бўлган миннатдорлигимизни оширишимиз мумкин. Ўша пайтда бу маросим арафасида ўқиладиган оятларни қироат қилиб, Исонинг ўлимидан олдин юз берган ҳодисалар устида ибодат ила фикр юритсак бўлади. Қутлуғ Кечлик маросимига борганимизда эса, у ердаги рамзларнинг аҳамиятини ва улар ўзгача қурбонликни англатаётганини янада яхшироқ тушунамиз. Исо билан Яҳова биз учун нима қилганини ва бу бизга ҳамда қадрдон яқинларимизга қандай фойда келтиришини тушунганимизда, умидимиз мустаҳкамланади. Бу бизни охиригача жасоратли бўлиб қолишга ундайди. (Иброн. 12:3)

11–12. Қутлуғ Кечлик туфайли нималарни билиб олдик?

11 Демак Қутлуғ Кечлик туфайли нафақат қимматбаҳо тўловни, балки Исо камтаринлик ва жасорат каби ажойиб фазилатларга эга бўлганини ҳам эслаймиз. Исо ҳозир ҳам осмонда биз учун ёлвориб сўрайдиган Олий руҳоний сифатида ушбу фазилатларни намоён этаётганидан жуда миннатдормиз. (Иброн. 7:24, 25) Чин юракдан миннатдор эканимизни кўрсатмоқчи бўлсак, Исонинг ўлимини унинг ўзи тайинлаганидай муносиб тарзда хотирлашимиз лозим. (Луқо 22:19, 20) Биз буни 14 нисонга тўғри келадиган куни қиламиз. Бу йилнинг энг муҳим санасидир.

12 Қутлуғ Кечлик оддий бўлиб ўтадиган маросим бўлганидан, Исони биз учун ўлишга яна қандай фазилат ундаганини билиб олишимиз мумкин. Ер юзидаги хизмати давомида ҳам у бу фазилат билан таниқли эди. Хўш, бу қандай фазилат?

ИСО СЕВГИГА БОЙ

13. Юҳанно 15:9; 1 Юҳанно 4:8–10 даги сўзлар Яҳова ҳамда Исо кўрсатган севги борасида нимани ошкор этмоқда ва бу севги кимларга фойда келтиради?

13 Исо барча ишларида Яҳованинг бизга нисбатан чуқур севгисини мукаммал тарзда акс эттирган. (Юҳанно 15:9; 1 Юҳанно 4:8–10 ни ўқинг.) Энг муҳими эса, Исо чин юракдан биз учун ўз ҳаётини қурбон қилган. Мойланганлар ёки «бошқа қўйлар» қаторидан бўламизми, Яҳова ҳамда Унинг Ўғли бу тўлов орқали кўрсатган севгидан фойда оламиз. (Юҳан. 10:16; 1 Юҳан. 2:2) Қутлуғ Кечлик рамзлари ҳақида ҳам фикр юритиб кўринг. Чунки улар Исонинг шогирдларига нисбатан севгиси ва меҳрибонлигини кўрсатмоқда. Қандай қилиб?

Исо Қутлуғ Кечлик маросимини оддий тарзда ташкиллаштиргани туфайли кўп асрлар мобайнида турли вазиятларда уни ўтказа оламиз (14–16- хатбошиларига қаранг.) *

14. Исо шогирдларига нисбатан севгисини қандай қилиб кўрсатган?

14 Исо мойланган издошларига мураккаб эмас, балки оддий рамзларни тайёрлаш кераклигини айтиб уларга нисбатан севгисини кўрсатган. Вақт ўтар экан, мойланган масиҳийлар бу маросимни ҳар йили, турли вазиятда, жумладан, қамоқда ҳам ўтказиши керак эди. (Ваҳ. 2:10) Бу уларнинг қўлидан келганми? Ҳа.

15–16. Қандай қилиб баъзилар қийин вазиятларда ҳам Қутлуғ Кечликни ўтказа олган?

15 Биринчи асрдан то бугунги кунга қадар масиҳийлар Исонинг ўлимини хотирлашга ҳаракат қилишган. Улар Қутлуғ Кечлик маросимини гоҳида мушкул вазиятларда ҳам ўтказиш учун қўлидан келганини қилишган. Бир нечта мисолга эътибор қаратайлик. Биродаримиз Харольд Кинг Хитойдаги қамоқхонанинг бир кишилик камерасида ўтирганда шундай йўл тутган. У қўлида боридан яширинча Қутлуғ Кечлик рамзларини тайёрлаган. Шунингдек, маросимнинг санасини ҳам иложи борича аниқ ҳисоблаб чиқишга интилган. Хотирлаш пайти келганида эса у камерада ёлғиз ўзи куйлаган, ибодат қилган ва Муқаддас Китоб оятлари асосида нутқ айтган.

16 Мана яна бир мисол. Бир нечта опамиз Иккинчи жаҳон уруши пайтида концентрацион лагерда ҳаётини хавф остига қўйиб Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказган. Лекин рамзлар оддий бўлгани учун, улар маросимни эҳтиёткорлик билан ўтказа олишган. Улар қуйидагича айтишди: «Оқ мато ёйилган, устида шароб ва нон қўйилган кичик стул атрофида бир-биримизга зич турганмиз. Бошқалар сезмаслиги учун электр чироқ ўрнига шам ёққанмиз... Худонинг муқаддас исмини оқлаш учун бор кучимизни бериш ҳақидаги ваъдамизни такрорлаганмиз». Бу опаларимиз чиндан ҳам кучли имонни намоён этишган! Ҳатто мушкул вазиятларда ҳам Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказа олишимиз учун, Исо уни оддий тарзда ташкиллаштириб ўз севгисини намоён этди.

17. Қайси саволлар устида фикр юритсак яхши бўларди?

17 Яқинда Қутлуғ Кечлик маросими бўлар экан, қуйидаги саволлар устида фикр юритсак яхши бўларди: «Қандай қилиб Исо каби севгини янада кўпроқ кўрсата оламан? Имондошларимнинг эҳтиёжлари ҳақида ўзимникидан кўра кўпроқ ўйлайманми? Биродару опа-сингилларимдан мукаммалликни талаб қиляпманми ёки уларнинг имкониятлари чегараланганини ҳисобга оламанми?» Келинг, доим Исога тақлид қилиб, «ҳамдард» бўлайлик. (1 Бутр. 3:8)

УШБУ САБОҚЛАРНИ УНУТМАНГ

18–19. а) Нима борасида амин бўлишимиз мумкин? б) Қандай йўл тутишга қатъий қарор қилдингиз?

18 Қутлуғ Кечлик маросими абадий давом этмайди. Исо «Аллоҳ танлаган кишилар»нинг қолган қисмини буюк мусибат пайтида самога йиғиш учун «келади» ва Қутлуғ Кечликни ўтказиш учун ҳожат қолмайди. (1 Кор. 11:26; Мат. 24:31)

19 Қутлуғ Кечликни ўтказиш учун ҳожат қолмаса ҳам, аминмизки, бу тадбирни Яҳованинг халқи учун инсон намоён этган ажойиб камтарлик, жасорат ва севги намунаси сифатида эслаймиз. Ўшанда, бу ўзгача маросимга ташриф буюрган кишилар у ҳақида барча одамлар фойда олиши учун уларга айтиб бера олади. Бироқ яқинда бўладиган маросимдан фойда олишимиз учун Исонинг камтаринлиги, жасорати ва севгисига тақлид қилишга қатъий қарор қилишимиз керак. Шундай йўл тутсак, Яҳовадан мукофот олишимиз шубҳасиз. (2 Бутр. 1:10, 11)

13- ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир

^ абз. 5 Яқинда Исо Масиҳнинг ўлимини хотирлаш учун Қутлуғ Кечлик маросимига борамиз. Бу маросим туфайли Исонинг камтарлиги, жасорати ва севгиси ҳақида кўпроқ билиб олишимиз мумкин. Ушбу мақолада, у намоён этган бу ажойиб фазилатларга қандай тақлид қилишимиз мумкинлиги борасида сўз юритамиз.

^ абз. 2 ИБОРА МАЪНОСИ. Хотирлаш муҳим бир воқеани ёки инсонни эслаш ниятида қилинадиган ўзгача бирон ҳаракатларни англатади.

^ абз. 56 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Садоқатли хизматчилар Қутлуғ Кечлик маросимини биринчи асрда; тахминан 1880 йилларда; концентрацион лагерда ва бугунги кунда Жанубий Американинг илиқ бир мамлакатидаги Йиғилиш залида ўтказишяпти.