Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1 Асрайди

1 Асрайди

Муқаддас Китобда айтилишича, ундаги маслаҳатлар «Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб, ўргатиш, танбеҳ бериш, тузатиш... учун фойдали». (2 Тимўтийга 3:16) Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Муқаддас Китобдаги оқилона маслаҳатлар инсонларни ҳаётини барбод қилиши мумкин бўлган муаммолардан асраган. Келинг, уларнинг мисолларини кўриб чиқайлик.

ИЧКИЛИКНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ

Олдинги мақолада тилга олинган Софияни эслайлик. У ғам-ташвишларини унутиш учун спиртли ичимлик ичарди. Муқаддас Китобда меъёрида ичкилик ичиш қораланмаган бўлса-да, аммо: «Шаробга ружу қўйганларга... қўшилма»,— деган огоҳлантириш ҳам бор. (Ҳикматлар 23:20) Спиртли ичимликни суиистеъмол қилиш соғлиққа жиддий зарар келтириб, муносабатларга путур етказади ва бунинг дастидан ҳар йили миллионлаб инсонлар ҳаётдан бевақт кўз юмади. Агар одамлар Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатларга амал қилганида, бу каби аянчли оқибатлардан ўзини асраган бўларди.

София айнан шундай йўл тутди. У қуйидагиларни айтди: «Ичкилик ғам-ташвишлардан халос қила олмаслигини тушундим. Мен Филиппиликларга 4:6, 7 даги “ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин... тилакларингизни... Аллоҳга билдиринглар”, деган маслаҳатга амал қилдим. Ҳар кеча хаёлимга ёмон фикрлар келганида ва ташвишлар гирдобида қолганимда Яҳовага илтижо қилардим. Ибодатда жаҳл, хафалик, тушкунлик каби барча туйғуларимни очиқчасига айтардим ва ижобий мулоҳаза юритишга ёрдам беришини ўтиниб сўрардим. Эрталаб эса ёмон фикрлар қайтмаслиги учун жон куйдириб ҳаракат қилардим. Бу одат диққатимни ўзимда йўқ нарсаларга эмас, бор нарсаларга қаратишга ёрдам берди. Ичкиликни оғзимга олмайман деб қатъий қарор қилдим. Мен топган тинчлик шунчалик қадрлики, уни бошқа ҳеч нарсага алмаштиришни истамайман».

ЖИНСИЙ АХЛОҚСИЗЛИК

Жинсий ахлоқсизлик дард ва қайғу-алам келтиради. Аммо Муқаддас Китоб принциплари бу муаммоларга етаклайдиган ёмон одатлардан, мисол учун, ноз-карашма ва порнографиядан қочишга ёрдам беради. Самуэль исмли йигит шундай бўлишди: «Мен учун ноз-карашма қилиш табиий ҳол эди. Баъзида менга унча ёқмаган қизга ҳам у менга ёқишини айтиб, ноз-карашма қилишга тушардим». Самуэль ноз-карашма қилишни хаёлига ҳам келтирмаса-да, атрофдагилар уни кўп ноз-карашма қилишда айблашган. Бундай бўлавергач, у атайин ноз-карашма қилишга тушган. Аммо бу одати туфайли Самуэль ўзини ёмон ҳис қилган. Ҳозир у шундай дейди: «Бу одат хавфли эканини тушуниб етдим. Чунки бу инсонни худбин қилиб қўяркан».

Самуэль jw.org сайтидан ёшларга аталган бир мақолани ўқиди. Сўнг у Ҳикматлар 20:11 даги «ҳатто болани ҳам ишига қараб, юриш-туриши тўғрими, ҳалолми билса бўлади», деган сўзлар устида мулоҳаза юритди. Бу унга қандай ёрдам берди? Самуэль ноз-карашма қилиш тўғри ҳам, ҳалол ҳам эмаслигини тушуниб етди. У шундай дейди: «Ноз-карашма қилиш оқибатида орттирилган иллатлар келажакда яхши турмуш ўртоқ бўлишга халақит қилишини билиб олдим. Шунингдек, бўлажак турмуш ўртоғим бошқа аёл билан ноз-карашма қилаётганимни кўрса, ўзини қандай ҳис қилиши мумкинлиги ҳақида ўйладим. Бундай мулоҳазалар ноз-карашма қилиш одатим зарарли эканини тушуниб етишимга ёрдам берди. Мен учун табиий бўлган нарса ўз-ўзидан тўғри дегани эмас». Самуэль ёмон одатини ташлади. Бу эса уни жинсий ахлоқсизлик қилишдан асради.

Антонио исмли киши эса жинсий ахлоқсизликдан бир қадам нарида турганди. У порнография томоша қилишга қарам эди. Гарчи у яхши кўрган аёл билан турмуш қурган бўлса-да, бу одатини ташлай олмаётганди. Айтишича, унга 1 Бутрус 5:8 даги сўзлар устида мулоҳаза юритиш ёрдам берган. Бу оятда шундай ёзилган: «Ҳушёр ва сергак бўлинглар, боиси душманингиз Иблис шердай бўкириб, бирор кимни ютиб юбориш учун излаб юрибди». Антонио шундай бўлишди: «Қаерга қараманг, кўзингиз порнографик тасвирларга тушади. Бу тасвирлар мияда ўтириб қолади. Мазкур оят бундай васвасалар ортида ким турганини кўришга ёрдам берди. Бу нопок тасвирларга кўзим тушса, ортида Шайтон турганини тезда эслашга ҳаракат қиламан. Энди фақатгина Яҳова “ҳушёр ва сергак” бўлишимга ёрдам бера олишини тушундим. Бу туфайли эса мен онгимга, қалбимга ва никоҳимга қилинган ҳужумларга қарши тура оляпман». Антонио ёрдамни қабул қилиб, ниҳоят бу ёмон одатидан бутунлай халос бўлди. Бу эса уни аянчли оқибатлардан асради.

Чиндан ҳам, Муқаддас Китобда бизни жиддий муаммолардан асрайдиган амалий маслаҳатлар бор. Аммо муаммолар чигаллашиб кетган бўлса-чи? Келинг, бу қийинчиликлардан халос бўлишга Муқаддас Китоб қандай ёрдам бериши мумкинлигини кўриб чиқайлик.

Муқаддас Китобдаги амалий маслаҳатлар баъзи муаммолардан асрайди