3 Куч беради
Ҳаётимизда четлаб ўтиш ва ҳал этиш имконсиз бўлган муаммоларга ҳам дуч келамиз. Масалан, яхши кўрган инсонингиз ҳаётдан кўз юмса ёки сурункали касалликка чалинсангиз, дардингизни енгиш йўлларини излашдан бошқа чорангиз қолмайди. Муқаддас Китоб мана шундай қийин вазиятларда ҳам ёрдам бера оладими?
СУРУНКАЛИ КАСАЛЛИК
Роза исмли бир қиз шундай деди: «Мен ирсий касалликка чалинганман. Бу туфайли кучли ва давомий оғриқларни ҳис қиламан. Бу ҳаётимни қийинлаштиради». Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга ҳамда маънавий ишларга баъзида диққатини жамлай олмаслиги Розани кўпроқ ташвишга соларди. Унга Матто 19:26 даги Исонинг мана бу сўзлари катта ёрдам берди: «Тангри учун имконсиз нарса йўқ». Роза тадқиқ қилишнинг бошқа йўлларини ўрганди. У кучли оғриқни ҳис қилганидан айрим пайтлари деярли ўқий олмасди. Шунинг учун Роза Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларнинг аудио ёзувларини тинглай бошлади. * «Агар бу имкониятлар бўлмаганида, Худо билан муносабатларимни қандай мустаҳкамлардим, ҳайронман»,— деб бўлишди у.
Роза аввал қилган ишларини энди қила олмаслигини ўйлаб қайғуга чўмганида 2 Коринфликларга 8:12 да ёзилган қуйидаги сўзлар унга тасалли берди: «Чин қалбдан берилган эҳсон Аллоҳга маъқулдир, зеро Аллоҳ инсондан унда йўқ нарсани эмас, бор нарсани кутади». Бу сўзлар унга Худо унинг қилаётган ишидан мамнун эканини эслатди. Чунки у имконияти чегараланганига қарамай, қўлидан келганича ҳаракат қиляпти.
ЯҚИНИНГИЗ ҲАЁТДАН КЎЗ ЮМГАНДА
Ўтган мақолаларда тилга олинган София шундай деб эслайди: «18 ёшга тўлган қизим вафот этганида шунчалик қаттиқ азоб чекдимки, ортиқ яшай олмайман, деб ўйладим. Энди ҳеч нима аввалгидай бўлмайди». Шунга қарамай, у Забур 94:19 да ёзилган сўзлардан тасалли топди. Сано бастакори Худога шу сўзларни айтган: «Ташвишлар гирдобида қолганимда, менга тасалли бериб, кўнглимни кўтардинг». София: «Яҳовага ибодат қилиб, дардимга малҳам топишимга ёрдам беришини сўрардим»,— деб бўлишди.
София кўп вақтини кўнгилли ишчи бўлишга сарфлади. Вақт ўтиб, у ўзини рангли қаламларга ўхшатди. Синиб қолганларини ҳам бўяш учун ишлатса бўлади. У ўзини «синиб қолгандай» ҳис қилган бўлса-да, ҳали ҳам бошқаларга ёрдами тегиши мумкинлигини тушунди. У шундай деб бўлишди: «Шуни пайқадимки, Муқаддас Китоб принциплари ва ундаги ҳақиқатларни Муқаддас Китобни ўрганаётган кишиларга айтиб тасалли берганимда, ўзим ҳам овуниб тасалли топаман». София узоқ вақт давомида қаттиқ қайғу чеккан Муқаддас Китоб қаҳрамонларининг рўйхатини тузди. У шундай дейди: «Уларнинг бари муттасил равишда ибодат қилган. Агар Муқаддас Китобни очиб ўқимасангиз, ибодатингизга жавоб ололмайсиз».
Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш орқали София диққатини ўтмишга эмас, балки келажакка қаратишни ўрганди. Ҳаворийлар 24:15 да ёзилган сўзлар унга умид ва тасалли беради. У ерда: «Адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилишига ишониб, Худога умид боғлайман»,— деб айтилган. Тангри Яҳова унинг қизини тирилтиришига у қанчалик амин? У шундай дейди: «Келажакда қизим билан албатта учрашаман. У билан кўришадиган пайтимизни Яҳова белгилаб қўйган. Қизалоғим туғилганида уни илк бор қўлимга олганим ҳали-ҳануз кўз ўнгимда турганидек, келажакда у билан боғимизда бирга ўтиришимизни ҳам аниқ тасаввур қила оламан».
^ абз. 4 Бу каби кўпгина аудио ёзувларни jw.org сайтидан топишингиз мумкин.
Муқаддас Китоб ҳатто энг оғир дамларда ҳам сизга тасалли бера олади