Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Эскирганми ёки илгарилаб кетганми?

Эскирганми ёки илгарилаб кетганми?

ИЛМ-ФАН

МУҚАДДАС КИТОБ ИЛМИЙ ҚЎЛЛАНМА ЭМАС. ЛЕКИН УНДА ЁЗИЛГАНЛАР ЎША ДАВРДАГИ ИЛМ-ФАНДАН АНЧА ИЛГАРИЛАБ КЕТГАН ЭДИ. БИР НЕЧТА МИСОЛНИ КЎРИБ ЧИҚАЙЛИК.

Коинотнинг бошланиши борми?

Бир пайтлар етакчи олимлар бу саволга қатъиян «йўқ», деб жавоб беришарди. Бироқ ҳозир уларнинг аксарияти коинотнинг бошланиши бўлганини тан олишяпти. Муқаддас Китобда эса бу ҳақда аллақачон ёзилган эди. (Ибтидо 1:1)

Ернинг шакли қанақа?

Қадимда кўп одамлар Ерни ясси деб ўйлашган. Мил. авв. бешинчи асрда яшаган юнон олимлари Ерни шар шаклида деб тахмин қилган. Аммо бундан анча олдин, яъни мил. авв. саккизинчи асрда яшаган Муқаддас Китоб ёзувчиси Ишаё Ер шар шаклида эканини қаламга олган эди. (Ишаё 40:22)

Осмон жисмлари парчаланиши мумкинми?

Мил. авв. тўртинчи асрда яшаган юнон олими Аристотель (Арасту) парчаланиш фақат ер юзида содир бўлади, осмонда эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди ёки ҳеч нарса йўқ бўлиб кетмайди, деб ўргатган. Кўп асрлар мобайнида бу нуқтаи назар тўғри деб ҳисобланган. Аммо 19- асрда олимлар энтропия тушунчасини киритишди. Унга кўра осмонда ёки ерда бўладими, барча жисмлар парчаланиб йўқ бўлишга мойил. Бу ғояни олға суришга кўмаклашган олимлардан бири лорд Кельвин эди. У Муқаддас Китобда осмон ва Ер ҳақида: «Уларнинг ҳаммаси кийим каби эскиради»,— деб ёзилганига эътибор қаратган. (Забур 102:25, 26) Кельвин, Муқаддас Китобга кўра Худо Ўз ижодларини йўқ бўлиб кетишдан асраб қолиши мумкинлигига ишонарди. (Воиз 1:4)

Еримиз каби сайёраларни нима ушлаб туради?

Аристотель барча самовий жисмлар биллур сфераларга бириктирилган, сфералар эса ичма-ич жойлашган ва Ер уларнинг марказида туради, деб ҳисоблаган. Аммо милодий 18- асрга келиб олимлар юлдузлару сайёралар бўшлиқда жойлашганини тушуниб етишган. Аюб китобида бўлса, Яратувчи «ерни... бўшлиққа осиб» қўйгани ҳақида мил. авв. 15- асрда ёзилган эди. (Аюб 26:7)

ТИББИЁТ

МУҚАДДАС КИТОБ ТИББИЙ ҚЎЛЛАНМА БЎЛМАСА-ДА, УНДА ЁЗИЛГАН БАЪЗИ ПРИНЦИПЛАР ЗАМОНАВИЙ ТИББИЁТГА МУВОФИҚ.

Касалларни ажратиб, алоҳидалаб қўйиш

Тавротда мохов касалига чалинган кишиларни бошқалардан ажратиб қўйиш тавсия этилганди. Ўрта асрларда эпидемия тарқалгандан кейингина шифокорлар бу принципни қўллай бошлашди. Ҳозирги кунда ҳам бундай ёндашув самара бермоқда. (Левилар 13-, 14- боблар)

Жасадга теккач ювиниш

То 19- аср охиригача шифокорлар жасадга теккач, қўлини ювмасдан беморларни кўрикдан ўтказишган. Оқибатда кўплаб беморлар ҳаётдан кўз юмган. Тавротга биноан эса ўликка теккан ҳар қандай киши нопок ҳисобланган. Бундай вазиятда киши сув билан ювиниб, покланиш маросимини ўтказиши керак бўлган. Шу каби қонун-қоидалар одамларни касалликлардан асраган. (Саҳрода 19:11, 19)

Нажасни кўмиш

Ҳар йили ярим миллиондан зиёд болалар диареядан (ичбуруғ) вафот этади. Бунга аксарият ҳолларда инсон нажаси кўмилмагани сабаб бўлади. Тавротда эса инсон нажаси одамлар яшайдиган жойдан узоққа кўмилиши кераклиги ҳақида айтилган эди. (Қонунлар 23:13)

Суннат қилиш вақти

Тавротда ўғил болаларни туғилганидан кейин саккизинчи куни суннат қилиш кераклиги ҳақида айтилган эди. (Левилар 12:3) Янги туғилган чақалоқларда қоннинг ивиш хусусияти бир ҳафтадан кейин меъёрига келади. Муқаддас Китоб ёзилган пайтларда тиббиёт қониқарли даражада бўлмагани боис, болани саккизинчи куни суннат қилиш ҳақидаги қонун аянчли оқибатлардан асраган.

Руҳий ва жисмоний саломатлик ўртасидаги боғлиқлик

Тиббиёт соҳасида тадқиқот олиб борувчилар ва олимлар қувонч, умид, миннатдорчилик каби ижобий туйғулар ва кечиришга тайёрлик инсон саломатлигига яхши таъсир қилишини таъкидлашади. Муқаддас Китобда: «Шод юрак шифобахш малҳамдайдир, эзилган руҳ эса суякларни қуритади»,— дейилган. (Ҳикматлар 17:22)