Ибодат сизга қандай ёрдам бера олади?
Жиддий касалликка чалинган Памела тиббий ёрдам олиш учун шифокорларга мурожаат қилди. Лекин шу билан бирга, бу қийинчиликка бардош бера олиш учун у Худодан ибодатда куч сўради. Қизиқ, ибодат унга ёрдам бердими?
Памела шундай айтиб берди: «Саратондан даволанаётганимда кўпинча қўрқувни ҳис қилардим. Аммо Аллоҳ Яҳовага ибодат қилганимда хотиржам тортиб, равшан фикрлай олардим. Ҳалигача оғриқлардан азоб чекаётган бўлсам-да, ибодат вазиятимга ижобий қарашга ёрдам беряпти. Одамлар ҳол-аҳвол сўрашганида, мен: “Соғлиғим унча яхши эмас-у, лекин кайфиятим аъло!” — деб жавоб бераман».
Албатта, ибодат қилиш учун ҳаётимизга хавф соладиган вазият юз беришини кутиб ўтирмаймиз. Чунки барчамиз каттаю кичик муаммоларга дуч келиб турамиз ва одатда уларни ҳал қилиш учун ёрдамга муҳтож бўламиз. Бундай пайтларда ибодат кўмаклаша оладими?
Муқаддас Китобда: «Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади. Одил кишининг йиқилишига У асло йўл қўймайди»,— дейилган. (Забур 55:22) Нақадар далдали сўзлар! Хўш, ибодат сизга қандай ёрдам бериши мумкин? Худога маъқул тарзда ибодат қилганингизда, У сизга қийинчиликларни енгиш учун керак бўлган барча нарсани тақдим этади. (« Ибодат сизга қандай фойда келтириши мумкин?» номли рамкага қаранг.)