Нега Худо баъзи ибодатларга жавоб бермайди?
Самовий Отамиз бўлмиш Тангри Яҳова ибодатларимизни эшитишга тайёр ва бу Унга ёқади. Лекин айрим сабабларга кўра У ибодатларимизга жавоб бермаслиги ҳам мумкин. Қизиқ, бу қандай сабаблар экан ва ибодат қилаётганимизда нимани ёдда тутишимиз керак? Келинг, бу ҳақда Аллоҳ Каломида нима дейилганини билиб олайлик.
«Ибодат қилаётганингизда... ўша-ўша сўзларни такрорлайверманг». (Матто 6:7)
Аллоҳ Яҳова ёдлаб олинган дуоларни такрорлашимизни ёки уларни дуолар тўпламидан ўқиб беришимизни истамайди. Аксинча, ибодатда қалбимиздагини Унга тўкиб солишимизни хоҳлайди. Масалан, дўстингиз сизга ҳар куни ўша-ўша сўзларни такрорлайверса, ўзингизни қандай ҳис этишингизни тасаввур қилиб кўринг. Яқин дўстлар бир-бири билан очиқ ва самимий мулоқот қилишади. Шу сингари, самовий Отамизга ўз сўзларимиз билан ибодат қилсак, Уни дўст деб билишимизни кўрсатамиз.
«Сўраган тақдирда ҳам олмаяпсизлар, чунки нотўғри мақсадда... сўраяпсизлар». (Ёқуб 4:3)
Агар била туриб, ибодатда Аллоҳ маъқулламайдиган ишни қилиш ёки Унга ёқмайдиган нарсага эга бўлиш ҳақида сўрасак, У бундай ибодатларимизга жавоб бермаслиги турган гап. Мисол учун, Худо бизни очкўз бўлмаслик ва омад каби мавжуд бўлмаган нарсаларга ишонмаслик кераклиги борасида огоҳлантирган. Лекин кимдир шуни била туриб, қимор ўйнаганда омади келиши ва пул ютиб олиши ҳақида ибодат қилса, Яҳова бу ибодатга жавоб берадими? (Ишаё 65:11; Луқо 12:15) У бундай ибодатларга жавоб беради, деб ўйлаш мантиққа зиддир. Аллоҳ ибодатларимизга жавоб бериши учун, улар Муқаддас Китобда ёзилганларга мувофиқ эканига амин бўлишимиз лозим.
«Қонунга қулоқ солмайдиганнинг ибодати ҳам жирканчдир». (
Қадимда Худованд Унинг адолатли қонунларига амал қилмаган кишиларнинг ибодатларига жавоб бермаган. (Ишаё 1:15, 16) Ҳозир ҳам У ўзгармаган. (Малаки 3:6) Аллоҳ ибодатларимизга жавоб беришини истасак, қўлимиздан келганча Унинг қонун-қоидаларига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз даркор. Аммо ўтмишда қандайдир ёмон ишлар қилган бўлсак-чи? Бу Яҳова ибодатларимизни бошқа ҳеч қачон тингламаслигини англатадими? Албаттаки, йўқ! Агарда қилмишларимиздан пушаймон эканимизни кўрсатсак ва Худони мамнун қилиш учун жон куйдирсак, У бизни Ўз марҳамати ила кечиради. (Ҳаворийлар 3:19)