Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

НАФРАТ ЗАНЖИРИНИ ҚАНДАЙ УЗИШ МУМКИН?

3 | Нафратни онгингиздан суғуриб ташланг

3 | Нафратни онгингиздан суғуриб ташланг

Муқаддас Китоб таълимоти:

«Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси нимада эканини аниқлаш учун онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар». (РИМЛИКЛАРГА 12:2)

Бу нимани англатади?

Ўй-фикрларимиз Худо учун муҳим аҳамиятга эга. (Еремиё 17:10) Нафрат билан айтиладиган сўзлар ва қилинадиган ишлардан қочишнинг ўзи етарли эмас. Нафрат занжирининг илк ҳалқалари инсоннинг онгию қалбида пайдо бўлади. Шу боис заррача бўлса ҳам нафратни уйғотадиган нарсалар ҳақида ўйлашни дарҳол тўхтатишимиз керак. Ўшандагина биз ўзимизни чинакамига «ўзгартириб», нафрат занжирини уза оламиз.

Нима қилишингиз мумкин?

Ўзгалар, айниқса, бошқа ирқ ёки миллатдан бўлган инсонлар ҳақида қандай фикрда эканингизни ва уларга нисбатан нималарни ҳис қилаётганингизни холисона текширинг. Ўзингиздан шундай сўранг: «Улар тўғрисида қандай фикрдаман? Нуқтаи назарим мен улар ҳақида шахсан билган маълумотларга асосланганми ёки юзхотирчиликками?» Шунингдек, нафрат ва зўравонликни олға сурувчи ижтимоий тармоқлар, фильмлар ёки ўйин-кулгилардан қочинг.

Аллоҳнинг Каломи қалбимизу онгимиздаги нафратни суғуриб ташлашга ёрдам бера олади

Фикрларимиз ва ҳис-туйғуларимизга тўғри баҳо бериш доим ҳам осон эмас. Лекин Аллоҳнинг Каломи бизга «юракдаги нияту фикрларни аниқлашга» ёрдам бериши мумкин. (Ибронийларга 4:12) Шунинг учун Муқаддас Китобни ўрганишда давом этинг. У ердаги таълимотларни ўз фикрларингиз билан солиштиринг ва Худонинг назарида маъқул бўлган фикрлаш тарзини ўзлаштиришга жон куйдиринг. Аллоҳнинг Каломи қалбимизу онгимизда «мустаҳкам» ўрнашиб олган нафратни суғуриб ташлашга ёрдам бера олади. (2 Коринфликларга 10:4, 5)