3 | Муқаддас Китобдаги мисоллар сизга қандай ёрдам бериши мумкин?
МУҚАДДАС КИТОБДА бизникига ўхшаш туйғуларни бошдан кечирган садоқатли эркагу аёллар ҳақида ёзилган. (ЁҚУБ 5:17)
Бу оят нимани англатади?
Муқаддас Китоб ҳар хил туйғуларни бошдан кечирган эркагу аёллар ҳақидаги ҳаётий ҳикояларга тўла. Уларнинг кўрган-кечирганлари тўғрисида ўқиб, туйғулари бизникига ўхшаш бўлган Муқаддас Китоб қаҳрамонини топишимиз мумкин.
Бу оятдаги принципни қандай қўлласа бўлади?
Барчамиз атрофимиздагилар ҳис-туйғуларимизни тушунишини хоҳлаймиз. Бу руҳий саломатлик муаммолари билан курашаётганимизда айниқса муҳим. Муқаддас Китобни ўқиганимизда фикрларию туйғулари бизникига ўхшаш инсонлар ҳақида билиб оламиз. Натижада хавотир ва ташвишли туйғулар билан курашганимизда бошқалар ҳам биз каби азоб чекканини ва ёлғиз эмаслигимизни тушунамиз.
Аллоҳ Каломида чорасизлик ва тушкунликни ҳис қилган одамларнинг кўплаб сўзлари келтирилган. Сиз ҳам Мусо, Илёс ва Довуд каби «Бунга ортиқ чидай олмайман» деб ўйлаган пайтларингиз бўлганми? (Саҳрода 11:14; 3 Шоҳлар 19:4; Забур 55:4)
Муқаддас Ёзувларда Ханна исмли аёл тилга олинган. У фарзандли бўла олмагани ва кундоши уни шафқатсизларча мазах қилгани дастидан «қаттиқ қайғурган». (1 Шоҳлар 1:6, 10)
Муқаддас Китобда Аюб исмли бир киши ҳақида ёзилган. Эҳтимол, бизнинг туйғуларимиз ҳам уникига ўхшашдир. Аюб кучли имонга эга бўлса-да, чуқур қайғуга ботганидан бир сафар шундай деган: «Ҳаётимдан нафратланаман, умрим давом этишини истамайман». (Аюб 7:16)
Муқаддас Ёзувларда тилга олинган мазкур кишилар салбий фикрлаш тарзи билан муваффақият ила курашган. Улар буни қандай уддалаганини билиш қайғулар билан курашишимиз учун керак бўладиган кучни топишимизга кўмаклашади.