Сизга фойда келтирадиган меъёрлар
Муқаддас Китоб миллионлаб одамларга қуйида келтирилган тўртта соҳада ёрдам бериб келмоқда.
1. Никоҳ
Одамлар никоҳ ва унда бахтга эришиш учун нима талаб қилиниши борасида турли хил фикрга эга.
МУҚАДДАС КИТОБДА ШУНДАЙ ДЕЙИЛГАН: «Ҳар бирингиз ўз хотинингизни ўзингизни севгандай севинг. Хотин эса эрини чуқур ҳурмат қилсин». (Эфесликларга 5:33)
БУНИНГ МАЪНОСИ. Никоҳнинг асосчиси Худо. Шунга фақат У жуфтлик бахтли бўлиши учун нима кераклигини билади. (Марк 10:6–9) Эр ва хотин фақат ўз-ўзига эмас, кўпроқ бир-бирига ғамхўрлик қилса, иккови ҳам бахтли бўлади. Хотинини севадиган эр унга ғамхўрлик қилиб, меҳр ила муносабатда бўлади. Эрини ҳурмат қиладиган хотин эса уни қўллаб-қувватлайди ва унга ҳурмат ила гапиради.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁРНИНГ ФОЙДАСИ. Вьетнамда яшовчи Куанг ва Ти «Никоҳимизда ҳеч қачон бахтга эриша олмаймиз» деб ўйлашган. Куанг кўпинча хотинига нисбатан қўпол муносабат қиларди. У шундай деди: «Рафиқам Тининг ҳис-туйғуларини инобатга олмасдим ва уни кўп камситардим». Ти ҳатто эри билан ажрашмоқчи бўлди. У шундай бўлишди: «Мен эримга бошқа суяна олмайман ёки уни ҳурмат қила олмайман, деган фикрда эдим».
Кейинчалик Куанг ва Ти Муқаддас Китоб таълимотларини билиб олишди ва Эфесликларга 5:33 даги сўзларни никоҳида қўллашни ўрганишди. Куанг қуйидагича бўлишди: «Бу оят мулойим бўлишим кераклигини тушунишимга ёрдам берди. Оятдаги маслаҳатни қўллаганимдан кейин Ти уни яхши кўришимни ва унга моддий, жисмоний ҳамда ҳиссий томонлама ғамхўрлик қилаётганимни ҳис қила бошлади. Шу йўсин унинг севгисию ҳурматига сазовор бўлдим». Ти эса шундай деди: «Эфесликларга 5:33 даги сўзларни қўллаб, эримга ҳурмат кўрсатганим сайин, у менга кўпроқ севги намоён этарди ҳамда мен ўзимни хотиржам ва хавфсизроқ ҳис қилардим».
Никоҳ ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун jw.org сайтидаги «Уйғонинг!» журналининг 2018 йили чиққан «Оилавий бахтнинг 12 та сири» номли 2-сонини ўқинг.
2. Бошқаларга бўлган муносабат
Одамлар кўпинча ирқи, миллати, ташқи кўриниши, дини ёки жинсий ориентацияси ўзиникидан фарқ қиладиганларга ёмон муносабатда бўлишади.
МУҚАДДАС КИТОБДА ШУНДАЙ ДЕЙИЛГАН: «Ҳар турли инсонларни ҳурмат қилинглар». (1 Бутрус 2:17)
БУНИНГ МАЪНОСИ. Муқаддас Китобда бошқа миллат ва ирқ вакилларидан ҳамда гомосексуаллардан нафратланиш кераклиги ҳақида айтилмаган. Аксинча, унда барча одамларни, уларнинг ирқи, миллати ва ижтимоий аҳволи қандай бўлишидан қатъи назар, ҳурмат қилиш кераклиги ҳақида ёзилган. (Ҳаворийлар 10:34) Ҳатто бошқаларнинг фикри ёки ҳаракатидан норози бўлсак ҳам, барибир уларга меҳр ва ҳурмат ила муомала қиламиз. (Матто 7:12)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁРНИНГ ФОЙДАСИ. Даниэлга осиёликлар унинг мамлакатига хавф туғдиради, деб ўргатишган. Шунга у осиёлик одамлардан нафратланишни бошлаган ва кўпинча уларни бошқалар олдида ҳақоратлаган. Даниэль шундай деди: «Мен мамлакатимни ҳимоя қиляпман, деб ўйлагандим. Лекин бу фикрларим ва хатти-ҳаракатларим нотўғри экани ҳатто хаёлимга ҳам келмаганди».
Вақт ўтиб Даниэль Муқаддас Китоб таълимотларини билиб олди. У қуйидагича бўлишди: «Фикрлаш тарзимни бутунлайин ўзгартиришим ва Худонинг нуқтаи назарига эга бўлишим, яъни одамларнинг келиб чиқишидан қатъи назар, уларга бир хил қарашим керак эди». Даниэль ҳозир одамларни учратганида нималарни ҳис қилишини шундай таърифлади: «Инсон қаердан экани энди мен учун муҳим эмас. Ҳамма одамларни севишни ўргандим ва дунёнинг турли жойларида дўстларим бор».
Кўпроқ маълумот олиш учун jw.org сайтидаги «Уйғонинг!» журналининг 2020 йили чиққан «Юзхотирчиликнинг даъвоси борми?» номли 3-сонини ўқинг.
3. Пул
Кўплар бахтли бўлиш ва порлоқ келажакка эришиш учун бойлик орттиришга интилади.
МУҚАДДАС КИТОБДА ШУНДАЙ ДЕЙИЛГАН: «Пул одамга ҳимоя берганидай, донолик ҳам уни ҳимоялайди. Аммо билим ва доноликнинг устунлиги шундаки, улар ўз соҳибининг ҳаётини сақлайди». (Воиз 7:12)
БУНИНГ МАЪНОСИ. Барчамизга пул керак, бироқ пул бахтга ва порлоқ келажакка эришишимизнинг гарови бўла олмайди. (Ҳикматлар 18:11; 23:4, 5) Аксинча, ҳақиқий бахт ва порлоқ келажак Худонинг Муқаддас Китобда ёзилган доно маслаҳатларини қўллашга боғлиқ. (1 Тимўтийга 6:17–19)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁРНИНГ ФОЙДАСИ. Индонезияда яшовчи Кардо исмли киши бойлик тўплашга ружу қўйганди. У қуйидагича бўлишди: «Одамлар орзу қилган нарсаларнинг ҳаммаси менда бор эди. Мен хоҳлаган жойга саёҳат қила олардим ва қимматбаҳо буюмлар, машиналар ҳамда уйларни харид қилишга қурбим етарди». Лекин бундай фаровон ҳаёт узоққа чўзилмади. Кардо давом этиб, шундай деди: «Мени алдаб кетишди ва тер тўкиб топган ҳамма пулларимни олиб қўйишди. Мен ҳаётимни бойлик орттиришга сарфладим. Лекин охир-оқибат ҳафсалам пир бўлди, чунки ҳеч нарсасиз қолдим ва ўзимни кераксиздай ҳис қилгандим».
Кардо пул ҳақидаги Муқаддас Китоб маслаҳатларига амал қила бошлади. Энди у бойлик ортидан қувмай, содда ҳаёт кечиряпти. Кардо шундай деди: «Ҳозир ҳақиқий бойликка эгаман, чунки Худо билан дўстона муносабатларни ривожлантирдим. Кечалари яхши ухлай оляпман ва чинакамига бахтлиман».
Муқаддас Китобда пул борасида нима дейилгани ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун jw.org сайтида «Қўриқчи минораси» журналининг 2021 йил 3-тарқатиш сонида чиққан «Олий маълумот ва пул порлоқ келажак гарови бўла оладими?» номли мақолани ўқинг.
4. Жинсий муносабатлар
Одамлар жинсий муносабатлар масаласига келганда нима мақбул экани борасида турли фикрга эга.
МУҚАДДАС КИТОБДА ШУНДАЙ ДЕЙИЛГАН: «Ўзингизни зинодан тийи[нг]. Ҳар бирингиз ўз баданингизни муқаддас ва шарафли тарзда бошқара билинг. Худони билмайдиган халқларга ўхшаб очкўзлик билан тийиқсиз шаҳвоний ҳирсга берилманглар». (1 Салоникаликларга 4:3–5)
БУНИНГ МАЪНОСИ. Муқаддас Китобда жинсий истакларни қондириш борасида муайян чекловлар мавжуд. «Зино» ибораси бевафолик, фоҳишалик, никоҳда бўлмаган кишилар билан жинсий алоқа, гомосексуализм, ҳайвонлар билан жинсий алоқани ўз ичига олади. (1 Коринфликларга 6:9, 10) Жинсий муносабатлар — Худонинг фақатгина эр ва хотинга берилган совғасидир. (Ҳикматлар 5:18, 19)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МЕЪЁРНИНГ ФОЙДАСИ. Австралияда яшовчи Кайли исмли аёл қуйидагича бўлишди: «Ҳали турмуш қурмаганимда ўйлагандимки, кимдир билан жинсий алоқа қилсам, у менга меҳр кўрсатиб, ғамхўрлик қилади. Лекин бунинг акси юз берди. Мен ўзимни ҳимоясиз ҳис қилдим ва қалбим тилка-пора бўлди».
Кейинчалик Кайли жинсий муносабатлар ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганини билиб олди ва билиб олганларини амалда қўллади. У шундай деди: «Худонинг меъёрлари бизни қалб оғриғи ва жароҳатидан ҳимоя қилишини тушундим. Энди Яҳованинг меъёрлари бўйича йўл тутяпман. Мен турмуш қурдим ва эрим менга меҳр кўрсатиб, ғамхўрлик қиляпти. Муқаддас Китобдаги меъёрларга амал қилиш мени кўп азоблардан асраб қолди».
Кўпроқ маълумот олиш учун jw.org сайтида «Муқаддас Китобда турмуш қурмасдан бирга яшаш ҳақида нима дейилган?» номли мақолани ўқинг.
Яратувчимиз бизга нима тўғри, нима эса нотўғри эканини фарқлашга ёрдам беради. Гарчи Унинг ахлоқий меъёрларига амал қилиш доим ҳам осон бўлмаса-да, ҳаракатларимиз зое кетмайди. Аксинча, бу бизга узоқ давом этадиган қувонч келтиришига амин бўлишимиз мумкин.