Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Келажак ҳақида башорат қилиш

Келажак ҳақида башорат қилиш

Ўзингиз ва оилангизнинг келажаги қандай бўлиши билан ҳеч қизиққанмисиз? У сизга бойлик келтирадими ёки қашшоқликми, севиб севилиб яшайсизми ёки ёлғиз қоласизми? Узоқ умр кўрасизми ёки тўсатдан вафот этасизми? Мана минглаб йиллардан буён, одамлар бундай саволлар устида бош қотиришади.

Бугунги кунда мутахассислар дунёдаги ҳолатни ўрганиб, келажакда нималар бўлишини тахмин қилишади. Уларнинг кўпгина тахминлари амалга ошса-да, бошқалари бутунлай пучга чиқади. Масалан, симсиз телеграфлаш усулини ихтиро қилган Маркони Гульельмо 1912 йили келажак борасида қуйидагини айтган эди: «Келаётган радио даври урушларнинг олдини олади». «Декка Рекордс» студиясининг бир ходими эса 1962 йили Битлз гуруҳини рад этиб, бу гитарачилар гуруҳидан ҳеч нарса чиқмаслигини таъкидлаган эди.

Кўпчилик келажак ҳақида билиш учун ғайритабиий кучларга мурожаат қилади. Масалан, баъзилар мунажжимлардан маслаҳат сўрайди; аксарият газета ва журналларда мунажжимлар башорати мунтазам чоп этилади. Бошқалар фолбину экстрасенсларга боради. Улар эса карталар, рақамлар ёки кафтдаги чизиқларга қараб келажакни айта олишини таъкидлайди.

Қадимда одамлар келажакни билиш учун оракулларга, яъни коҳинларга мурожаат қилишган. Коҳинлар ўзи хизмат қиладиган худонинг иродасини айтиб бера олишни даъво қилган. Масалан, Лидия шоҳи Крез Форс шоҳи Кирга қарши жанг қилса муваффақиятга эришиш-эришмаслигини билиш ниятида Юнонистоннинг Дельфа шаҳрида яшовчи коҳинга қимматбаҳо совғалар жўнатган. Коҳин, агар Крез шоҳ Кирга қарши урушга чиқса, «буюк империяни» йўқ қила олишини айтган. Ғалаба қозонишига амин бўлган Крез ўз қўшинини жангга юборган. Бироқ ўзининг империяси барбод бўлган!

Коҳиннинг икки маъноли башорати фойда келтирмади, қайси томон жангда ғалаба қозонмасин, унинг сўзлари ҳақиқат бўлиб чиқарди. Бу Крезга қимматга тушди. Нотўғри маълумот унинг бошига бало келтирди. Бугунги кунда-чи, келажакни билиш учун замонавий усулларга мурожаат қилаётганларга бу фойда келтиряптими?