Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Келажакда амалга ошадиган ваъдалар

Келажакда амалга ошадиган ваъдалар

Исо пайғамбар башорат қилганидек, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабар бутун дунё бўйлаб эълон этилмоқда. (Матто 24:14) Муқаддас Китобнинг таркибига кирувчи Дониёр китобида бу Шоҳликни Худо бошқариши айтилган. Ушбу китобнинг 2- бобида қадимий Бобилдан то бизнинг кунларимизгача бошқарувга келадиган инсоний ҳукуматлар ёки шоҳликлар ҳақидаги башорат ёзилган. Шу бобнинг 44- оятида келажакда бизни нима кутаётгани борасида шундай дейилган:

«Самодаги Худо асло яксон қилинмайдиган шоҳлик ўрнатади. Бу шоҳлик бошқа халқларнинг қўлига берилмайди. У барча бу шоҳликларни йўқ қилиб, ўзи абадий туради».

Муқаддас Китобда тилга олинган мазкур ҳамда бошқа башоратларда барча инсоний ҳукуматлар ўрнига Худонинг Шоҳлиги бошқариши, шунингдек, у ер юзида яшовчи инсонларга барқарорлик ва тотувлик олиб келиши ҳақида айтилган. Бу Шоҳлик остида ҳаёт қандай бўлади? Ҳозир яқин келажакда рўёбга чиқадиган баъзи ажойиб ваъдаларни кўриб чиқамиз.

  • УРУШЛАРГА ЧЕК ҚЎЙИЛАДИ

    Забур 46:9: «[Худо] ер юзи бўйлаб жангларга барҳам беради. Камонларни синдириб, найзаларни парчалаб ташлайди. Жанг араваларини оловда ёндириб юборади».

    Бугунги кунда қурол-аслаҳалар учун кўп пул сарфланмоқда ва уларни яратишда катта тажриба орттирилмоқда. Тасаввур қилинг, буларнинг бари инсонларни ўлдириш учун эмас, балки уларга фойда келтирадиган соҳаларда ишлатилса ҳаёт қандай бўлади?! Юқорида айтиб ўтилган ваъда Худонинг Шоҳлиги бошқаруви остида ҳақиқатга айланади.

  • КАСАЛЛИКЛАР БОШҚА БЎЛМАЙДИ

    Ишаё 33:24: «Ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди».

    Юрак хасталиклари, саратон, безгак ёки бошқа касалликлар бўлмайдиган дунёни бир тасаввур қилинг. Ўшанда касалхонаю дори-дармонларга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди. Ер юзидаги барча инсонлар мукаммал соғликка эга бўлади.

  • ОЗИҚ-ОВҚАТ ЕТИШМОВЧИЛИГИ БЎЛМАЙДИ

    Забур 72:16: «Ер юзида ғалла мўл бўлади, тоғлар тепасида дон сероб бўлади».

    Ер ҳаммага етадиган даражада ҳосил беради ва барча ундан баҳра олади. Очлик ва тўйиб овқат емаслик нималиги унутилади.

  • ДАРД-АЛАМ ВА ЎЛИМ БЎЛМАЙДИ

    Ваҳий 21:4: «Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди».

    Бу ер юзидаги жаннатда мукаммал бўлиб, чексиз ҳаёт кечиришни англатади! Ҳа, меҳрибон Яратувчимиз — Тангри Яҳова шундай ваъда беряпти.

ТЎЛИҚ БАЖО БЎЛАДИ!

Эҳтимол, бу сизга эртакдай туюлаётгандир? Кўп инсонлар Муқаддас Китобда ваъда қилинган ҳаёт айнан исталгандай эканига қўшилса-да, аксарияти турли сабабларга кўра, абадий яшаш мумкинлигига ишониш қийин, деб ҳисоблайди. Бундан ҳайратланмаса ҳам бўлади, боиси ҳеч бир инсон бундай шароитларда яшамагани учун бизга бу ҳақда айтиб бера олмайди.

Инсоният узоқ вақтдан буён гуноҳ ва ўлимнинг қули бўлиб, дард, азоб-уқубат ҳамда адоват дастидан қийналиб яшаётгани учун кўпчилик бундай ҳаётга оддий ҳолдек қарайди. Бу эса Парвардигоримиз — Худованд Яҳованинг одамзод учун қилган ниятидан кескин фарқ қилади.

Ушбу ваъдаларнинг бари амалга ошишига ишонтириш учун Худо қуйидаги сўзларни айтган: «Оғзимдан чиққан сўз ҳам натижасиз Менга қайтмайди. Хоҳлаган нарсамни албатта амалга оширади, қайси мақсадда юборган бўлсам, тўлиқ бажо келтиради». (Ишаё 55:11)

Муқаддас Китобда Яҳова «ёлғондан холи бўлган Худо» деб таърифланган. (Титусга 1:2) У келажакка нисбатан бу каби ажойиб ваъдаларни берган экан, қуйидаги саволлар туғилиши табиий: Ҳақиқатан ҳам одамлар ваъда қилинган ер юзидаги жаннатда абадий яшайдими? Худонинг ваъдалари амалга ошадиган пайтни кўриш учун нима қилишимиз керак? Ушбу адабиётнинг кейинги саҳифаларида бу саволларга жавоб топасиз.