Олға интилишга кучингиз қолмаганда
ЎЗИНГИЗНИ ниҳоятда ёмон ҳис қилгандан яшашни истамаган пайтларингиз бўлганми? Агар бундай туйғуларни бошдан кечирган бўлсангиз, Адреанани тушуна оласиз. У доимий хавотирда бўлиш, ғам-ғусса ва умидсизликдан азоб чеккан. Адреанага депрессия деб ташхис қўйишган.
Япониялик Каорининг мисолини ҳам кўриб чиқайлик. У қария ва хаста ота-онасига ғамхўрлик қиларди. Каори шундай деди: «Баъзан ишхонадаги кучли босим туфайли ҳолдан тойиб қолардим. Иштаҳам йўқолиб, тузукроқ ухлай олмасдим. Буларнинг баридан қутулишнинг ягона йўли ўлим деган фикрга келгандим».
Нигериялик Ажебоде исмли киши эса қуйидагиларни бўлишди: «Шунчалик ғамга ботган эдимки, кўз ёшларимни тия олмасдим. Жонимга қасд қилиш йўлларини излай бошлагандим». Яхшиямки Ажебоде, Каори ва Адреана жонига қасд қилишмади. Аммо ҳар йили юз минглаб одамлар бунга қўл уряпти.
ЁРДАМНИ ҚАЕРДАН ИЗЛАШ КЕРАК?
Жонига қасд қилганларнинг аксариятини эркаклар ташкил этади, чунки уларнинг кўпи ёрдам сўрашдан уялган. Исо пайғамбар: «Беморлар шифокорга муҳтож»,— деб айтган. (Луқо 5:31) Агар сиз ҳам тушкунликка тушиб, ҳаётингизга чек қўйиш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, илтимос, ёрдам сўрашдан уялманг. Депрессияга чалинган кўпчилик инсонлар тиббий муолажалар туфайли аҳволи анча енгиллашганини ва касаллик билан курашиш осонроқ кечаётганини ҳис қилишган. Ажебоде, Каори ва Адреана ҳам тиббий ёрдам олишди ва ҳозир ўзларини анча яхши ҳис қилишяпти.
Депрессияни даволашда шифокорлар дори-дармон ёки психотерапияни, ё бўлмаса уларнинг иккисини ҳам қўллашлари мумкин. Бу касалликдан азоб чекаётган кишилар оила аъзолари ва дўстлари уларни тушуниши, сабрли бўлиши, ғамхўрлик кўрсатиши ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлишади. Энг яхши дўст эса Худованд Яҳовадир. У Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали беқиёс ёрдам тақдим этмоқда.
УЗИЛ-КЕСИЛ ЕЧИМ БОРМИ?
Депрессиядан азият чекаётган кишилар узоқ вақт мобайнида даволанишига ва ҳаёт тарзини ўзгартиришига тўғри келиши мумкин. Агар сиз ҳам депрессия билан курашаётган бўлсангиз, Ажебоде каби порлоқ келажакка умид қилишингиз мумкин. У шундай дейди: «Мен Ишаё 33:24 да айтилганидай ер юзида ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайдиган вақт келишини интиқиб кутяпман». Худо келажакда «оғриқ бошқа бўлмаслиги» ҳақида ваъда бермоқда. Ажебоде сингари сиз ҳам ушбу ваъдадан тасалли топишингиз мумкин. (Ваҳий 21:1, 4) Бу ваъда барча руҳий ва ҳиссий азоблар тамомила бартараф қилинишини англатади. Сиз азобли туйғулардан бутунлай халос бўласиз. Оғриқли туйғуларингиз «эсга олинмайди, ҳатто кўнгилга ҳам келмайди». (Ишаё 65:17)