Азоб-уқубатлар Худодан юборилган жазоми?
ЛУЗИЯ ЧАП ОЁҒИГА ОҚСАЙДИ. У болалигида полиомиелитга — тананинг нерв системасини зарарлайдиган ўткир юқумли касалликка чалинган. Лузия 16 яшарлигида бир аёлнинг қўлида ишлаган. Ўша аёл унга: «Онангга қулоқ солмаганинг ва унинг жаҳлини чиқарганинг учун Худо сени фалаж билан жазолаган»,— деб айтган. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, Лузия ўшанда қаттиқ тушкунликка тушганини эслайди.
ДАМАРИС МИЯ САРАТОНИ КАСАЛЛИГИГА ЧАЛИНГАНИНИ БИЛГАНИДА, отаси унга шундай деган: «Нима қилган эдингки, бу сен билан юз берди? Бирор ёмон иш қилган бўлсанг керак. Шунга Худо сени жазолаяпти». Отасининг бу гаплари унга жуда оғир ботган эди.
Касаллик Худо томонидан юборилган жазо деган фикрнинг келиб чиқиши ўтмишга бориб тақалади. Бир китобда айтилишича, Исо пайғамбар яшаган даврда кўп одамлар «касалликка хаста одамнинг ёки қариндошларининг гуноҳи сабаб бўлади ва бу, гуноҳ учун юборилган жазо», деб ишонган. («Manners and Customs of Bible Lands») Бошқа бир китобда эса, ўрта асрларда «айрим одамлар Худо ўлатларни уларнинг гуноҳлари учун жазо сифатида юборганига ишонишгани» ҳақида ёзилган. («Medieval Medicine and the Plague») Демак, 14- асрда ўлат туфайли Европа бўйлаб миллионлаб одамлар қирилиб кетганида, Худо ёвузлар устидан ҳукмини ижро этганми? Ёки тиббиёт соҳасидаги изланишлар кўрсатганидай, ўлат тарқалишига юқумли касаллик сабаб бўлганми? Айримларни «Одамлар қилган гуноҳлари учун азоб чексин деб, Худо ҳақиқатан ҳам касалликларни юборадими?» деган савол ўйлантириб қўяди *.
ЎЙЛАБ КЎРИНГ: Агар касаллик ва азоб-уқубатлар Худонинг гуноҳга яраша берган жазоси бўлса, унда нега Унинг азизи бўлмиш Исо касалларга шифо берган? Бу Худонинг адолати ва одиллигига қарши чиқиш билан тенг эмасми? (Матто 4:23, 24) Исо ҳеч қачон Худонинг ишларига қаршилик қилмаган бўларди. У: «Мен доим Унга маъқул бўлган ишни қиламан» ва «Отам менга буюрганидай қиляпман»,— деган. (Юҳанно 8:29; 14:31)
Муқаддас Китобда Тангри Яҳова ҳақида: «Асло ноҳақлик қилмайди»,— деб аниқ айтилган. (Қонунлар 32:4) Масалан, Худо самолётдаги битта одамни жазолаш мақсадида уни ҳалокатга учратиб, ҳеч қачон юзлаб бегуноҳ одамларни ўлимга дучор қилмаган бўларди. Худонинг адолатига мувофиқ равишда Тангрининг садоқатли хизматчиси Иброҳим Худо асло «одил инсонларни ёвузлар билан бирга йўқ қилиб юбормаслигини» айтган. Иброҳимнинг сўзларига кўра, бу «ақл бовар қилмайдиган» иш бўларди. (Ибтидо 18:23, 25) Шунингдек, Муқаддас Китобда: «Худо ёвузларча йўл тутмайди» ва У «ёмонлик қилмайди»,— деб айтилган. (Аюб 34:10–12)
МУҚАДДАС КИТОБДА АЗОБ-УҚУБАТЛАР ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
Азоб-уқубатларни бошдан кечираётганимизнинг сабаби Худо бизни муайян гуноҳимиз учун жазолаётганида эмас. Исо шогирдлари билан туғма кўр кишини кўрганида бу масалага ойдинлик киритган эди. «Шогирдлари ундан сўрашди: “Устоз, кимнинг гуноҳи туфайли бу одам кўр бўлиб туғилган: ўзинингми ёки ота-онасинингми?” Исо жавоб бериб деди: “На унинг ўзи, на ота-онаси айбдор, балки Худонинг қудрати унда намоён бўлиши учун бундай бўлган”». (Юҳанно 9:1–3)
Нотўғри тушунчалар кенг тарқалгани боис, Исо шогирдларига бахтсизликка на ўша кишининг ўзи, на ота-онаси айбдорлигини айтганида, улар роса ҳайрон қолишган бўлса керак. Исо нафақат ўша кишининг кўзларини очди, балки азоб-уқубатлар Худонинг жазоси деган тушунча нотўғри эканини исботлади. (Юҳанно 9:6, 7) Жиддий соғлиқ муаммолари билан курашаётган кишилар касаллигининг сабаби Худо эмаслигини билиб тасалли топишлари мумкин.
Худо одамларни қилган гуноҳи учун касаллик юбориб жазолаган бўлса, Исо уларни соғайтирармиди?!
Оятлар бизни қуйидагича ишонтирмоқда:
-
«Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Унинг Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди». (ЁҚУБ 1:13) Аксинча, инсониятга асрлар мобайнида азоб бераётган «ёмонлик», жумладан, касалликлар, оғриқ ва ўлим тез орада йўқ қилинади.
-
Исо Масиҳ «касалларни даволади». (МАТТО 8:16) Худонинг азизи бўлмиш Исо олдига келган барчани соғайтириб, Худонинг Шоҳлиги бутун ер юзи бўйлаб нималарни амалга оширишини кўрсатди.
-
«Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». (ВАҲИЙ 21:3–5)
АЗОБ-УҚУБАТЛАРГА КИМ АЙБДОР?
Унда нега инсоният шунчалик кўп дард ва азоб-уқубатларни бошдан кечиряпти? Инсонлар асрлар давомида шу савол устида бош қотириб келишяпти. Агар Худо айбдор бўлмаса, унда ким айбдор? Бу саволларнинг жавоби келаси мақолада муҳокама қилинади.
^ абз. 4 Гарчи Худо ўтмишда одамларни маълум бир гуноҳлари учун жазолаган бўлса-да, ҳозирги пайтда Худованд Яҳова касаллик ёки фожиаларни юбориб, одамларни гуноҳлари учун жазолаётгани ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган.