Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳақиқий ҳаётга қандай эриша оласиз?

Ҳақиқий ҳаётга қандай эриша оласиз?

ҲОЗИРГИ пайтда ҳаёт Худо ният қилганидан батамом фарқ қилади. Яратувчининг ниятига кўра, ер юзи Унинг ҳукмдорлигини ҳурмат қиладиган, йўл-йўриғига амал қилиб фойда оладиган ва севгига тўла шахсиятини ўзида акс эттирадиган инсонларга тўлиши керак эди. Улар фарзандларини катта қилишда, янги нарсаларни кашф этишда ва бутун ер юзини жаннатга айлантиришда бир-бири билан ҳамкорлик қилиб, қувонч топишлари мумкин эди.

ХУДО ЎЗ НИЯТИГА КЎРА ЕР ЮЗИДАГИ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРИШНИ ВАЪДА БЕРЯПТИ

  • «У ер юзи бўйлаб жангларга барҳам беради». (Забур 46:9)

  • «Ерни хароб этувчиларни хароб қилиш учун белгиланган вақт келди». (Ваҳий 11:18)

  • «Ҳеч ким: “Мен касалман”,— демайди». (Ишаё 33:24)

  • «Танлаганларим ўз қўллари меҳнатининг роҳатини кўради». (Ишаё 65:22)

Мазкур башоратлар қай йўсин амалга ошади? Худо азизи бўлмиш Исони осмондан туриб ер юзи устидан бошқариш учун тайинлаган. Муқаддас Китобда бу бошқарув «Худонинг Шоҳлиги» деб аталган. (Дониёр 2:44) Шунингдек, унда айтилишича, Худо Исони тахтга ўтқазади ва у Шоҳ сифатида бошқаради. (Луқо 1:32, 33)

Ер юзида бўлганида Исо кўплаб мўъжизалар яратган. Бу билан у келажакда Шоҳ сифатида бошқарганида ҳаётимизни ҳозиргидан бутунлай яхши томонга ўзгартиришини кўрсатган.

ИСО ИТОАТКОР ИНСОНЛАР УЧУН ЭЗГУ ИШЛАР ҚИЛИШИНИ КЎРСАТГАН

  • Одамларнинг ҳар турли касалликларини даволаб, уларни дармонсизликдан бутунлай халос этишини кўрсатган. (Матто 9:35)

  • Денгизни тинчлантириб, табиат кучларини назорат қилиш орқали одамларни ҳимоя қилишини намоён этган. (Марк 4:36–39)

  • Минглаб одамларнинг қорнини тўйдириб, уларнинг кундалик эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишини кўрсатган. (Марк 6:41–44)

  • Тўйда сувни шаробга айлантириб, инсонлар ҳаётдан завқ олиб яшашига ёрдам беришини амалда намоён қилган. (Юҳанно 2:7–11)

Худо Уни яхши кўрадиган инсонлар учун тайёрлаб қўйган ҳаётга қандай эга бўлишингиз мумкин? Бунинг учун муайян бир «йўлдан» юришингиз керак. Муқаддас Китобда ҳаётга олиб борадиган йўл борлиги ва «бу йўлни топадиганлар оз» экани тўғрисида айтилган. (Матто 7:14)

ҲАҚИҚИЙ ҲАЁТГА ОЛИБ БОРАДИГАН ЙЎЛНИ ТОПИШ

Ҳаётга олиб борадиган йўл нима дегани? Бу йўл Худо бизга бераётган барча кўрсатмаларни билдиради. Худо шундай деган: «Мен Яҳова, сенинг Худойингман, сенинг манфаатингни кўзлаб таълим бераман, юришинг керак бўлган йўлдан етаклайман». (Ишаё 48:17) Бу йўлдан юриш ҳаётнинг энг яхши йўлидир.

Исо пайғамбар: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман»,— деб айтган эди. (Юҳанно 14:6) Исо ўргатган ҳақиқатларга ишониш, унинг ўрнагига тақлид қилиш орқали Худога яқинлаша оламиз ва бу бизга фойда келтиради.

Ҳаётга олиб борадиган йўлни қандай топиш мумкин? Бугунги кунда кўплаб динлар мавжуд, аммо Исо шундай дея огоҳлантирган: «Менга: “Ҳазратим, Ҳазратим”,— деб мурожаат қилгани билан, ҳар ким ҳам Самовий Шоҳликка киролмайди, фақат осмондаги Отамнинг хоҳишини бажарган кишигина бунга эришади». (Матто 7:21) Шунингдек, у: «Уларни ишларидан билиб оласизлар»,—деб айтган. (Матто 7:16) Муқаддас Китоб ёрдамида ҳақ топинишни сохта топинишдан фарқлай олишингиз мумкин. (Юҳанно 17:17)

Қандай қилиб ҳаётга олиб борадиган йўлдан юришингиз мумкин? Бу ҳаёт манбаи бўлмиш Зотни таниб-билишни ўз ичига олади: У ким? Унинг исми нима? У қандай шахс? У биз учун нима қиляпти? У биздан нима қилишимизни кутади? *

Худо биздан шунчаки ишлаш, еб-ичиш, ўйин-кулги қилиш ва фарзанд ўстиришдан кўра кўпроғини кутади. Биз Яратувчимизни таниб-билишимиз ва Унинг дўсти бўлишимиз мумкин. Унинг иродасини бажариш орқали Унга ўз севгимизни намоён эта оламиз. Исо шундай деган: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони... таниб-билиш керак». (Юҳанно 17:3)

ХУДО МАНФААТИНГИЗНИ КЎЗЛАБ, МУҚАДДАС КИТОБ ЁРДАМИДА СИЗГА ТАЪЛИМ БЕРАДИ (ИШАЁ 48:17)

ҲАҚИҚИЙ ҲАЁТГА ИЛК ҚАДАМ

Ҳақ Худога маъқул келиш учун муайян ўзгаришлар қилишимиз керак. Бу қийин туюлиши мумкин. Аслида эса ҳаётга олиб борадиган йўлдан юришни бошлаганимизда ҳаётимиз яхши томонга ўзгаради. Худо ҳақидаги муҳим саволларга жавоб топишингизга ёрдам бериш учун Яҳованинг Шоҳидлари сизга қулай вақт ҳамда жойда Муқаддас Китобни бепул ўрганишни таклиф қилишади. www.pr418.com сайтимизга кириб, биз билан боғланишингиз мумкин.