Қай йўсин Парвардигор меҳр ила берган ваъдаларини ошкор этмоқда?
Инсоният ибтидосидан бошлаб Яратувчимиз одамларга Ўз хабарларини фаришталар ва пайғамбарлар орқали етказган. Бундан ташқари, Худо Ўз хабари ҳамда ваъдалари ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган. Ушбу ваъдалар келажагимиз билан боғлиқ. Шундай экан, Аллоҳнинг бу ваъдаларини қаердан топишимиз мумкин?
Худонинг бизга аталган хабари Муқаддас Китобда қайд этилган. (2 Тимўтийга 3:16) Бу хабарни ёзишда Аллоҳ пайғамбарлардан фойдаланган. Қизиқ, қандай қилиб? У Ўз фикрларини пайғамбарларнинг онгига солган. Улар эса бу фикрларни қаламга олишган. (2 Бутрус 1:21) Буни тушуниш учун бир мисолни кўриб чиқайлик. Агар корхона раҳбари ўзининг номидан хат ёзиш учун котибидан фойдаланса, биз хатнинг муаллифи котиб эмас, раҳбар эканидан шубҳаланмаймиз. Шунга ўхшаб, Аллоҳ Муқаддас Каломни ёзишда одамлардан фойдаланган бўлса-да, бу Каломнинг асл Муаллифи Унинг Ўзидир.
ХУДОНИНГ КАЛОМИ КЕНГ ТАРҚАЛГАН
Худонинг хабари жуда муҳимдир ва Аллоҳ уни барча инсонлар ўқиб, тушунишини хоҳлайди. Бугунги кунда «ҳар бир миллат, қабила, тил» вакиллари Худонинг «абадий хушхабарини» эшитиш имконига эга. (Ваҳий 14:6) Аллоҳнинг баракаси билан ҳозирда Муқаддас Ёзувлар тўлиқ ёки қисман 3 000 дан зиёд тилга ўгирилган бўлиб, ер юзидаги энг кўп тарқалган китобга айланган.