Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Келажагингизни аслида нима белгилайди?

Келажагингизни аслида нима белгилайди?

Аксарият одамлар кўринмас кучлар уларнинг келажагига таъсир ўтказишига ишонади. Шунга улар келажагини яхшилаш мақсадида турли удумларга амал қилишади.

КЎПЧИЛИК НИМАГА ИШОНАДИ?

МУНАЖЖИМЛИК. Айримлар инсон туғилганида юлдузлар жойлашуви қандай бўлгани унинг келажагини белгилайди, деб ишонади. Шу боис, улар келажагини билиш ва тўғри қарор чиқариш учун мунажжимлар башоратига мурожаат қилишади.

ФОЛБИНЛИК. Бошқалар муайян нарсалар нега улар билан юз бераётганини ва қандай йўл тутиш кераклигини аниқлаш учун фолбинлар билан маслаҳатлашади. Бунинг сабабини аниқлаш уларга бошига тушиши мумкин бўлган қийинчиликлардан қочишга, муаммоларнинг ечимини топишга ва муваффақиятга эришишга ёрдам беради, деб ўйлашади.

АЖДОДЛАРГА СИҒИНИШ. Яна кимдир ўлган аждодларнинг ёки турли худоларнинг ҳимояси ва баракасига эга бўлиш учун уларга маъқул келиш керак, деган фикрда. Вьетнамда яшовчи Ван * исмли аёл шундай деди: «Мен ва фарзандларим ҳозир яхши ҳаёт кечиришимиз ҳамда келажагимиз порлоқ бўлиши учун ота-боболаримизнинг руҳини шод этишимиз кераклигига ишонардим».

РЕИНКАРНАЦИЯ. Кўпчилик одам ўлганидан сўнг қайта туғилишига ва бу жараён у билан такрор-такрор содир бўлишига ишонади. Улар инсон ҳозир ҳаётида бошдан кечираётган яхши ва ёмон ҳодисалар у олдинги ҳаётида қилган ишларнинг оқибати, деб ҳисоблашади.

Аксарият инсонлар юқоридаги нарсаларга ишонмаслигини айтишса-да, барибир мунажжимлар башоратини ўқишади, карталар, қаҳва қуйқаси ё кафтдаги чизиқлар орқали фол очишади ёки шу кабилар билан шуғулланишади. Чунки бу уларга келажагини аниқлашга ёрдам бериши мумкин, деб ўйлашади.

БУНИНГ ФОЙДАСИ БОРМИ?

Юқорида тилга олинганларга ишонган ва амал қилган инсонларнинг ҳаёти яхшиландими?

Келинг, Вьетнамда яшовчи Хаонинг мисолини кўриб чиқайлик. У бир пайтлар мунажжимлик ва фэн-шуйга ишонган ҳамда отабоболарининг руҳини шод этишга интилган. Бу унга муваффақият келтирганми? Хао қуйидагича деди: «Бизнесим касодга учради, қарзга ботдим, оиламда келишмовчиликлар юзага келди ва қаттиқ тушкунликка тушдим».

Тайванлик Чоминг ҳам мунажжимлик, реинкарнация, тақдир ва фэн-шуйга ишонган ҳамда аждодларига сиғинган. Бу таълимотларни ва удумларни яхшилаб тадқиқ қилиб, у шундай деди: «Ушбу ақидалар бир-бирига зид ва чалкаш эканини англадим. Қолаверса, мунажжимларнинг башоратлари кўп ҳолларда нотўғри бўлиб чиқишини кўрдим. Реинкарнацияни оладиган бўлсак, агар инсон олдинги ҳаётини эслай олмаса, қандай қилиб у келгуси ҳаётида ўзини ўзгартириб, муваффақиятга эриша олади?!»

«Ушбу ақидалар бирбирига зид ва чалкаш эканини англадим». (ЧОМИНГ, ТАЙВАНЬ)

Хао, Чоминг ва кўплаб бошқа одамлар келажагимиз тақдирга, юлдузларга, ўлган аждодларимизга ёки қайта туғилишга боғлиқ эмаслигини тушунишди. Бу биз келажагимизга умуман таъсир қила олмаслигимизни англатадими?

Аксарият инсонлар олий маълумотли ва бой бўлишни порлоқ келажак гарови деб ҳисоблайди. Бундай танлов қилганлар истаганига эришдими?

^ абз. 6 Бу ва кейинги мақолаларда баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 16 Бу сўзлар Муқаддас Китоб таркибига кирган Галатияликларга йўлланган мактубнинг 6- боби, 7- оятидан олинган. Шунга ўхшаш фикр «Арпа эккан арпа олар, буғдой эккан буғдой олар» деган мақолда ҳам акс этган.