Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Олий маълумот ва пул порлоқ келажак гарови бўла оладими?

Олий маълумот ва пул порлоқ келажак гарови бўла оладими?

Кўпчилик олий маълумотли ва бой кишиларнинг келажаги порлоқ бўлади, деб ўйлайди. Уларнинг фикрича, университетда ўқиган инсон яхшироқ ишчи бўлади, оиласи ва жамиятга кўпроқ фойда келтиради. Қолаверса, улар олий маълумот юқори маошли иш топишга ёрдам беради, пули кўп инсон эса бахтли бўлади, деб ҳисоблашади.

КЎПЧИЛИКНИНГ ТАНЛОВИ

Келинг, хитойлик Чжан Ченнинг сўзларига эътибор берайлик. У шундай бўлишди: «Олий маълумот қашшоқликдан қутулишга ёрдам беришига, юқори маошли иш эса бахтли ва фаровон ҳаёт гарови эканига амин эдим».

Порлоқ келажакка эришиш имконини ошириш ниятида кўплар машҳур ва ҳатто бошқа мамлакатлардаги университетларда ўқишга интилади. COVID-19 дастидан саёҳат қилиш чеклангунига қадар аксарият одамлар шундай қиларди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг 2012 йилги ҳисоботига кўра, чет элда таълим олаётган барча талабаларнинг 52 фоизини осиёликлар ташкил этади.

Ота-оналар фарзандлари чет элдаги университетда ўқий олишлари учун кўп ишлашларига тўғри келади. Тайванлик Чешеан шундай бўлишди: «Ота-онам бой эмасди. Лекин тўртта фарзандини, жумладан, мени АҚШга коллежда таълим олиш учун юборишди». Кўпчилик қатори унинг оиласи ҳам ўқишга пул тўлаш учун катта қарзга ботди.

БУНИНГ ФОЙДАСИ БОРМИ?

Олий маълумот ва бойлик пайида бўлганларнинг кўпи умидсизликка учрайди

Олий таълим қайсидир жиҳатдан ҳаётни яхшилаши мумкин бўлса-да, у доим ҳам талабалар кутган натижани бермайди. Масалан, кўп йиллар давомида оғир меҳнат қилган ва ўқишга пул тўлаш учун анча-мунча қарзга ботган инсонларнинг кўпчилиги ўзи истаган ишни топа олмайди. Сингапурдаги бир газетада Рейчел Муи исмли журналист шундай ёзди: «Университет битирувчилари орасида ишсизлик тобора ортиб бормоқда». («The Business Times») Тайванда яшовчи ва докторлик даражасига эга Жейнжей: «Кўпчиликнинг ўз касбига умуман алоқаси бўлмаган ишга рози бўлишдан бошқа иложи қолмаяпти»,— деб айтди.

Аммо ўз соҳаси бўйича иш топа олганларнинг ҳам ҳаёти улар умид қилгандек силлиқ кечмаслиги мумкин. Тайванлик Ниран Буюк Британиядаги университетни тамомлаб, уйга қайтгач, ўз соҳаси бўйича иш топди. У шундай бўлишди: «Кутганимдек олий таълим юқори маошли иш топишимга ёрдам берди. Лекин бу пулларни олиш учун кўп куч ҳамда вақт сарфлашим керак эди. Охироқибат раҳбарият қисқартириш туфайли компаниямиздаги кўп ишчиларни, жумладан, мени ишдан бўшатди. Шуни тушундимки, ҳеч қайси иш порлоқ келажак гарови бўла олмайди».

Ҳатто бой бўлган ва фаровон ҳаёт кечираётгандек кўринган одамлар ҳам оилавий муаммоларга ва касалликларга дуч келишади ҳамда барибир пул ҳақида ташвишланишади. Япониялик Кацутоши қуйидагиларни тан олди: «Пулим кўп бўлса-да, бахтсиз эдим. Чунки бошқалар менга ҳасад қилишарди ва ёмон муносабатда бўлишарди». Вьетнамда яшовчи Лэм шундай деди: «Аксарият одамлар катта маошли ишга киришга интилади. Сабаби шу йўсин беташвиш ва тўкис ҳаёт кечира оламиз, деб ўйлашади. Лекин аслида улар кўпроқ хавотирга берилишади, ҳатто касал бўлишади ва тушкунликка тушишади».

Франклин каби кўпчилик ҳаётда олий маълумот ва бойликдан кўра муҳимроқ нарсалар бор эканини тушунди. Уларнинг айримлари порлоқ келажакка эришиш учун моддий нарсалар кетидан қувмай, яхши инсон бўлишга ва бошқаларга яхшилик қилишга интилади. Лекин бундай ҳаёт тарзи порлоқ келажак гарови бўла оладими? Бу саволга жавобни кейинги мақоладан топамиз.