Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яхши инсон бўлиш порлоқ келажакни кафолатлайдими?

Яхши инсон бўлиш порлоқ келажакни кафолатлайдими?

Асрлар давомида кўпчилик яхши инсон бўлиш порлоқ келажакка етаклайди, деб ҳисоблаган. Масалан, Шарқда файласуф ва устоз бўлган Конфуцийнинг (мил. авв. 551–479 й.) мана бу сўзлари жуда машҳур: «Сен нимани орзу қилмасанг, уни бошқаларга раво кўрма».

КЎПЧИЛИК ТАНЛАГАН ЙЎЛ

Аксарият одамларнинг ўйлашича, яхши хулқатвор порлоқ келажакка етаклайди. Улар ҳурмат кўрсатишга, одобли бўлишга, жамиятдаги ўрнини тушунишга ва шунга мувофиқ йўл тутишга ҳамда виждонини тоза сақлашга интилишади. Тайванлик Лин исмли аёл шундай бўлишди: «Ростгўй ва самимий бўлсам, барака олишимга доим ишонардим».

Баъзиларни яхшилик қилишга диний эътиқодлари ундайди. Тайванда яшовчи Шу Юн исмли киши шундай деди: «Менга шуни ўргатишганки, агар инсон яхшилик қилса, ўлганидан кейин бахтли бўлади, ёмонлик қилса, азоб чекади».

БУНИНГ ФОЙДАСИ БОРМИ?

Тўғри, бошқаларга яхшилик қилиш анча фойда келтиради. Аммо бошқаларга чин дилдан яхшилик қилганларнинг кўпи одамлар ҳамиша уларга яхшилик билан жавоб қайтаравермаслигини тушунди. Гонконгда яшовчи Сю Пинг исмли аёл шундай бўлишди: «Яхшилик қилганларга доим ҳам яхшилик қайтавермаслигини ўз тажрибамда кўрдим. Мен оилам учун қўлдан келганча қайғуриб, яхшилик қилишга интилардим. Бироқ турмушим барбод бўлди ва эрим ўғлим иккимизни ташлаб кетди».

Кўпчилик диндор инсонларнинг ҳаммаси ҳам яхши инсон эмаслигига амин бўлди. Японияда яшовчи Эцуко исмли аёл шундай бўлишди: «Мен бир диний ташкилотга қўшилдим ва унга аъзо бўлган ёшлар учун тадбирлар уюштирардим. Аммо ушбу черковда пуллардан нотўғри фойдаланишаётганини ва ахлоқсизлик ҳамда ҳокимият учун курашни кўриб ҳайрон қолдим».

«Мен оилам учун қўлдан келганча қайғуриб, яхшилик қилишга интилардим. Бироқ турмушим барбод бўлди ва эрим ўғлим иккимизни ташлаб кетди». (СЮ ПИНГ, ГОНКОНГ)

Динга ўта берилган айрим одамлар яхшилик қилишганига қарамай, улар билан барибир ёмонлик юз бергани учун хафа бўлишган. Вьетнамлик Вэн исмли аёл ҳам буни ўзида ҳис қилган. У қуйидагича сўзлаб берди: «Келажакда баракалардан баҳраманд бўлиш ниятида ҳар куни мевалар, гуллар ва озиқ-овқат сотиб олиб, уларни ўлган аждодларим руҳига бағишлардим. Йиллар давомида бошқаларга яхшилик қилганим ва диний амалларни бажарганимга қарамай, эрим қаттиқ касал бўлиб қолди. Буниси етмагандек, чет элда ўқийдиган 20 ёшли қизим оламдан ўтди».

Агар яхши инсон бўлиш порлоқ келажакни кафолатламаса, унда нима бунинг гарови бўлиши мумкин? Ушбу саволга жавоб топиш учун бизга ишончли маълумотларни тақдим эта оладиган манба керак. У ерда саволларимизга жавоб ва порлоқ келажакка эришиш йўли ёзилган бўлиши лозим. Бу қандай манба экан?