Асосий материалларга ўтиш

Уларнинг кийиниши ва ташқи кўриниши мени қоқинтирган

Уларнинг кийиниши ва ташқи кўриниши мени қоқинтирган

Уларнинг кийиниши ва ташқи кўриниши мени қоқинтирган

АЙЛИН БРАМБА СЎЗЛАБ БЕРДИ

МЕН қадимги немис баптист биродарларининг оиласида ўсиб-улғайганман. Бу диннинг тарафдорлари амиш ва меннонитларга жуда ўхшаб кетади. Қадимги немис баптист биродарларининг фаолияти Германияда 1708 йили маънавий уйғониш, яъни ўта тақводорликнинг бир қисми сифатида бошланган. Дин энциклопедиясида айтилишича, бу йўналишнинг фарқли томони шундаки, инсоният Масиҳнинг хушхабарини эшитишга муҳтож. («The Encyclopedia of Religion») Бундай қарашлар туфайли мазкур дин тарафдорлари кўплаб мамлакатларда ўзининг миссионерлик фаолиятини муваффақият ила бошлаб юборади.

1719 йили кейинчалик АҚШнинг Пенсильвания штатига айланган ҳудудда Александр Мак томонидан бошқариладиган кичик бир гуруҳ пайдо бўлади. Кейинчалик бу гуруҳ бошқа алоҳида гуруҳларга бўлиниб кетди. Ҳар бир гуруҳ Александр Макнинг таълимотларини ўзича талқин қиларди. Мўъжазгина черковимизда тахминан 50 киши бор эди. Биз Муқаддас Китобни ўқишни ҳамда диний раҳбарларнинг сўзларига амал қилишни муҳим деб ҳисоблардик.

Оиламизнинг камида учта авлоди ушбу динга эътиқод қилган ва шундай ҳаёт тарзини кечирган. 13 ёшимда мазкур черковнинг аъзо бўлдим ва сувга чўмдим. Болалигимдан мени автомобиль, трактор, телефон, радио ва электр қуввати билан ишлайдиган бошқа қурилмаларга эга бўлиб, улардан фойдаланиш нотўғри деб ўргатишарди. Биз, аёллар, узун ва оддий кийимлар кийиб, сочимизни қирқмасдик ва бошимизни ҳамиша ёпиб юрардик. Эркакларимиз эса соқол ўстириб юришарди. Ҳазратимиз Исо Масиҳ «Бу дунёга тегишли эмассизлар» деб айтгани учун, замонавий кийимлар кийиш, пардоз қилиш ва тақинчоқлар тақишни гуноҳ деб ҳисоблардик.

Ота-онамиз бизга маънавий озуқа, яъни Муқаддас Китобга нисбатан ҳурматни пайванд қилишган. Ҳар куни эрталаб нонуштадан аввал меҳмонхонада йиғилардик. Дадам Муқаддас Китобдан битта боб ўқиб, уни тушунтирардилар. Кейин барчамиз тиззаларимизга турардик. Дадам эса ибодат қилардилар. Сўнгра ойим намунали ибодатни айтардилар. Ҳар куни бундай эрталабки топиниш дамларини интизорлик билан кутардим. Чунки бундай пайтларда бутун оиламиз жамулжам бўлиб, маънавий нарсаларга диққат қаратарди.

Биз Индиана штатининг Делфай шаҳри яқинидаги фермада яшардик ва у ерда турли-туман сабзавотларни етиштирардик. Етиштирган сабзавотларимизни шаҳарга от-аравада олиб борардик ва сабзавотларни кўчаларда ёки уйма-уй юриб сотардик. Оғир меҳнат Худога топинишнинг ажралмас қисми деб ҳисоблардик. Якшанбадан ташқари ҳафта давомида ҳар куни бошимиз билан ишга кўмилиб кетардик. Лекин баъзида фермада ишларимиз билан ҳаддан ташқари кўп шуғулланганимиз учун маънавий ишларга вақт топиш қийин бўларди.

Никоҳ ва оилавий ҳаёт

1963 йили 17 ёшга тўлганимда Жеймсга турмушга чиқдим. У ҳам қадимги немис баптист биродарларидан бири эди. Унинг катта бобо бувиси ҳам ушбу динга эътиқод қилишган. Иккаламиз ҳам Худога хизмат қилишни жудаям истардик ва бизнинг эътиқодимиз энг тўғри деб ҳисоблардик.

1975 йилга келиб, олти нафар фарзандимиз бор эди ва 1983 йили еттинчи, охирги фарзандимиз дунёга келди. Ребекка иккинчи фарзандимиз ва ягона қизимиз эди. Биз қаттиқ меҳнат қилардик, кам пул сарфлардик ва содда ҳаёт кечирардик. Фарзандларимизга ота-онамиз ва баптист биродарларимиздан ўрганган Муқаддас Китоб принципларини пайванд қилишга ҳаракат қилардик.

Қадимги немис баптистлари учун ташқи кўриниш катта аҳамият касб этарди. «Ҳеч ким инсоннинг қалбини ўқий олмагани учун унинг кийиниш тарзи ички дунёсини тўлиқ кўрсатади» деб ўйлардик. Шунинг учун ҳам, аёлларимиз сочларини ёйиб олишса, бу мағрурлик белгиси саналарди. Қолаверса, кийимларимизнинг нақшлари ҳаддан ташқари катта бўлса ҳам, бу мағрурликдан дарак берарди. Баъзида бундай масалаларни Муқаддас Китобдан устун қўярдик.

Қамоқда

1960 йилларнинг охирига келиб қадимги немис баптистларидан бўлган қайни укам Жесси ҳарбий хизматни ўташдан бош тортгани учун қамоққа олинади. Қамоқда у Яҳованинг Шоҳидлари билан танишади. Улар ҳам урушда қатнашиш Муқаддас Китоб меъёрларига зид деб ҳисоблашарди. (Ишаё 2:4; Матто 26:52) Жесси Шоҳидлар билан Муқаддас Китоб ҳақида кўп гаплашарди ва улар қандай инсонлар эканини яхши билиб олди. Муқаддас Китобни пухта тадқиқ қилгач, у Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмди ва биз бундан роса хафа бўлдик.

Жесси ўрганганларини эрим билан ўртоқлашарди. Қолаверса, эримга «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларини доимий равишда юбориб турарди. Бу журналларни ўқиш туфайли эрим Муқаддас Китоб билан янада кўпроқ қизиқиб қолди. У Худога хизмат қилишни жуда истарди, аммо ўзини «Худодан анча узоқман» деб ҳисобларди. Шу боис, уни Худога яқинлаштирадиган ҳар қандай нарсага қизиқиб юрарди.

Амиш, меннонит ва бошқа қадимги немис баптист биродарини бу дунёга тегишли деб ҳисоблаган бўлсак ҳам, оқсоқоллар бизни уларнинг диний журналларини ўқишга чорлашарди. Дадам Шоҳидларни унчалик яхши кўрмасдилар ва биз «“Қўриқчи минораси” ва “Уйғонинг!” журналларини умуман ўқимаслигимиз керак» деб ўйлардилар. Шунинг учун ҳам, эрим Жеймс бу журналларни ўқиганида қўрқиб кетардим ва «у сохта таълимотларни қабул қилади» деб хавотирланардим.

Жеймс анча вақтдан бери қадимги немис баптист биродарларининг таълимотлари, хусусан, «якшанба куни меҳнат қилиш мумкин эмас» деган таълимот Муқаддас Китобга зид деб ҳисобларди. Масалан, черковда якшанба куни ҳайвонларга сув бериш мумкин, аммо ўт юлиш мумкин эмас, деб ўргатиларди. Оқсоқоллар Жеймсга бу қоидани Муқаддас Китоб асосида исботлаб бера олишмаган. Шунинг учун ҳам вақт ўтиб, менда бу каби таълимотларга нисбатан шубҳалар уйғонди.

Черков билан алоқамизни узиш осон бўлмади. Чунки черковимиз ягона, ҳақиқий деб ҳисоблардик, аммо черковдан кетсак, бизни нималар кутаётганини ҳам яхши тушунардик. Шу билан биргаликда Муқаддас Китоб меъёрлари бўйича яшамайдиган черковда қолишга виждонимиз йўл қўймасди. Шу боис 1983 йили черковга хат ёзиб, нега кетмоқчи эканимизни айтдик ва хатимизни қавмдагиларга ўқиб беришни сўрадик. Сўнгра бизни черковдан четлатишди.

Ҳақ динни излаб...

Ўшандан сўнг ҳақ динни излашга тушдик. Биз ўргатаётган таълимотларига ўзи амал қиладиган динни қидираётган эдик. Биринчи навбатда урушда иштирок этадиган динларни инкор этдик. Биз асосан «оддий» динларга талпинардик. Боиси оддий ҳаёт ва содда кийиш тарзи дин дунёга тегишли эмаслигининг яққол белгиси, деб ҳисоблардик. 1983 йилдан 1985 йилгача бутун Қўшма Штатларни кезиб чиқиб, турли динларни, шу жумладан, меннонитлар, квакерлар ва бошқа «оддий» оқимларни ўргандик.

Ўша кезлари Яҳованинг Шоҳидлари Индиана штатининг Камден шаҳри яқинидаги фермамизга келиб туришарди. Уларни диққат билан тинглардик ва оятларни Муқаддас Китобнинг «Қирол Жеймс Библияси» таржимасидан ўқиб беришларини сўрардик. Шоҳидлар урушда қатнашмаслигини ҳурмат қилардим. Лекин уларни тинглаш мен учун қийин эди. Чунки Шоҳидлар содда кийиниш тарзи билан дунёдан ажралиб туриш керак деб ҳисоблашмасди. Шу боис, уларнинг дини ҳақиқий эмас деб ўйлардим. «Инсонлар мағрур бўлишгани учун биз каби оддий кийинишмайди» деган фикрда эдим. Замонавий кийимлар кийиш ва мол-мулкка эга бўлиш инсонни мағрур қилади, деб ҳисоблардим.

Эрим Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш залига қатнай бошлади ва баъзида ўғилларимизни ўзи билан оларди. Мен бундан роса хавотирланардим. Эрим у билан бирга боришимни сўрарди. Боришни истамасдим. Бир куни у менга: «Ҳа майли, уларнинг барча таълимотларини қабул қилмасанг ҳам, шунчаки бориб, улар бир-бирига қандай муомала қилишини ўз кўзларинг билан кўр»,— деб айтди. Боиси уларнинг муомаласи унда катта таассурот қолдирганди.

Ахийри, боришга, аммо ўта эҳтиёткор бўлишга қарор қилдим. Йиғилиш залига борганимда эгнимда оддий кўйлагим ва бош кийимим бор эди. Баъзи ўғилларимиз ялангоёқ ва оддий кийимларда келишди. Олдимизга келиб, бизни жуда илиқ қарши олишди. Шунда ўйлаб қолдим: «Биз ҳар хил бўлсак, лекин улар барибир бизни қабул қилишяпти».

Уларнинг севгиси мени лол қолдирганди. Аммо барибир шунчаки кузатишга қарор қилдим. Улар қўшиқ куйлашганида мен ўрнимдан туриб, улар билан бирга қўшиқ куйламасдим. Йиғилиш тугаганидан сўнг, уларни саволлар билан кўмиб ташлаб, менинг фикримча улар қандай хато қилаётганини ва муайян оятларнинг маъносини сўрадим. Гарчи унчалик хушмуомала бўлмасам ҳам, уларнинг ҳар бири менга қизиқиш кўрсатарди. Саволимга турли биродару опа-сингиллар бир хил тарзда жавоб бергани ҳам менда катта таассурот қолдирганди. Баъзида улар жавобларни қоғозга ёзиб беришарди. Бу менга катта ёрдам берди. Чунки кейин ўзим ўша маълумотни мустақил равишда ўқий олардим.

1985 йилнинг ёзида Яҳова Шоҳидларининг Теннесси штати, Мемфис шаҳридаги анжуманини шунчаки томоша қилишга бордик. Жейс ҳалигача соқол билан юрарди ва бизнинг кийимларимиз ҳам жуда оддий эди. Танаффус пайтида бизни ҳечам ёлғиз қолдиришмасди. Биз билан доим кимдир гаплашарди. Уларни севгиси, эътибори ва илиқ муносабати бизга жудаям ёққанди. Қолаверса, улар орасидаги якдиллик ҳам бизда катта таассурот қолдирганди. Чунки учрашувлар қаерда ўтказилмасин, ҳамма ерда бир хил таълимотлар ўргатиларди.

Жеймс Шоҳидларнинг кўрсатган шахсий қизиқишидан таъсирланиб Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлди. У ўрганаётган ҳақиқатлари чин эканига амин бўлиш учун ҳамма нарсани синчковлик билан текширарди. (Ҳаворийлар 17:11; 1 Салоникаликларга 5:21) Вақт ўтиб Жеймс ҳақиқатни топганини тушунди. Менга эса шубҳалар ҳанузгача тинчлик бермасди. Тўғри йўл тутишни истардим-у, замонавий ва дунёвий инсонга айланиб қолишдан қўрқардим. Муқаддас Китоб тадқиқига илк бор рози бўлганимда, битта тиззамда «Қирол Жеймс Библияси», иккинчи тиззамда эса «Янги дунё таржимаси» турарди. Мени алдашмаётганига амин бўлиш учун муҳокама қилинаётган ҳар бир оятни текширардим.

Шубҳаларим тарқалди

Шоҳидлар билан тадқиқ қилиш натижасида самовий Отамиз учлик эмас, ягона Худо эканини, ўзимиз эса жон эканимизни ва бизда ўлмас жон йўқлигини англаб етдик. (Ибтидо 2:7; Қонунлар 6:4; Ҳизқиё 18:4; 1 Коринфликларга 8:5, 6) Қолаверса, дўзах инсонлар азоб чекадиган жой эмас, одамзоднинг умумий қабри эканини тушундик. (Аюб 14:13; Забур 16:10; Воиз 9:5, 10; Ҳаворийлар 2:31) Ҳақиқатни ўрганиш биз учун чинакам бахтга айланди. Боиси, қадимги немис баптист биродарлари дўзах ҳақида умуман бошқача таълимотларни ўргатишарди.

Лекин Шоҳидларнинг дини чин эканига ишонгим келмасди. Чунки улар ҳали-ҳануз дунёга тегишли ва «оддий» ҳаёт кечиришмайди. Мен учун эса бу жуда муҳим эди. Шу билан биргаликда, улар Исонинг Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни барча халқларга эълон этиш вазифасини бажаришаётганди. Шу боис, аросатда қолгандим. (Матто 24:14; 28:19, 20)

Бундай мушкул дамларда Шоҳидлар кўрсатган севги ҳақ динни излаб топишда енгилмасликка кўмаклашди. Бутун жамоат оиламизга қизиқиш кўрсатарди. Баъзи жамоатнинг турли аъзолари шунчаки сут ёки тухум сотиб олишга келдик деб бизникига кириб ўтишарди. Ва аста-секин улар яхши инсонлар эканини тушуниб етдик. Гарчи биз билан битта Яҳованинг Шоҳиди тадқиқ ўтган бўлса-да, бошқа Шоҳидлар ҳам уйимизга бемалол келишарди. Кимдир уйимиз олдидан ўтиб кетаётган бўлса, албатта бизникига кириб ўтарди. Шоҳидлар билан янада яхшироқ танишишга жудаям муҳтож эдик. Вақт ўтиб эса уларнинг самимий севгиси ва қизиқишини қадрлайдиган бўлдик.

Бундай шахсий қизиқишни бизга фақатгина яқин атрофдаги жамоат кўрсатмасди. Кийиш ва ташқи кўриниш борасидаги масалалар менга тинчлик бермаётганини билиб, қўшни жамоатдаги Кей Бриггз исмли опа бизникига келди. У ҳам оддий кийинарди ва пардоз қилмасди. У билан ўзимни бемалол ҳис қилардим ва иккаламиз тезда тил топишиб кетдик. Бошқа куни эса уйимизга Луис Флора исмли биродар келди. У ҳам мен каби «оддий» динда ўсиб улғайганди. У юзимга қараб, мени шубҳалар қийнаётганини сезди ва менга узундан-узун ўн саҳифали мактуб ёзиб юборди. Унинг мактубини ўқиб, ҳатто кўзимга ёш келганди. Ҳанузгача унинг мактубини такрор-батакрор ўқийман.

Бир сафар кўчма нозирлик хизматида банд бўлган биродар О’Деллдан Ишаё 3:18–23 ҳамда 1 Бутрус 3:3, 4 ни тушунтириб беришини сўрадим. Унга шундай дедим: «Бу оятларда Худога маъқул келиш учун содда кийиниш керак деб айтилмаганми?» У эса шундай жавоб берди: «Бош кийим кийиш нотўғрими? Соч ўриш-чи?» Гап шундаки, қадимги немис баптист биродарлари жажжи қизалоқларнинг сочларини ўришарди. Аёллар эса бош кийим кийишарди. Шунда менинг қарашларим бир-бирига қарама-қарши эканини англаб етдим. О’Делл биродаримизнинг сабр-тоқати ва меҳрибонлиги мени жуда таъсирлантирди.

Секин-аста ҳақиқатни топганимга амин бўлдим. Аммо аёллар сочини кесиши мумкинми деган савол мени ҳали-ҳануз безовта қиларди. Масиҳий оқсоқоллар мен билан шундай мулоҳаза юритишарди: «Баъзи аёлларнинг сочи муайян узунликкача ўсиб, тўхтайди. Бошқа аёлларнинг сочи эса узун бўлиб кетиш мумкин. Аёл сочини узун қилиб ўстира олиши уни бошқа аёллардан яхшироқ қилиб қўймайди». Қолаверса, улар менга пардоз ва кийиниш масаласида виждон ҳам аҳамиятга эга эканини тушунишга кўмаклашишди ва мустақил равишда ўқишим учун менга маълумот беришди.

Ўрганганларимиз бўйича йўл тута бошладик

Эрим икковимиз яхши «меваларни» ахтарардик ва уларни топдик. Исо шундай деб айтганди: «Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади». (Юҳанно 13:35) Яҳованинг Шоҳидлари ҳақиқий севгини намоён этадиган инсонлар эканига амин эдик. Аммо шундай бўлса ҳам, ўша кезлари катта фарзандларимиз Натан ва Ребекка учун қийин дамлар эди. Боиси, улар қадимги немис баптист биродарлари сифатида сувга чўмишганди ва улар ўз эътиқодига содиқ бўлишган. Лекин кейинчалик биз улар билан баҳам кўрган Муқаддас Китоб ҳақиқатлари ҳамда Шоҳидлар орасида ҳукм сурган севги уларни ўзига жалб қилди.

Масалан, Ребекка ҳамиша Худо билан яқин муносабатларни ривожлантиришни хоҳлаган. Худо инсонларнинг тақдири ва келажагини олдиндан белгилаб қўймаганини билгач, Унга ибодатда бемалол мурожаат қиладиган бўлди. Қолаверса, у Худо қандайдир жумбоқли учликнинг қисми эмас, балки биз тақлид қилишимиз мумкин бўлган реал Шахс эканини билгач, Унга янада яқинлашди. (Эфесликларга 5:1) Ребекка Худога мурожаат қилганда, эски сўзлардан фойдаланиш шарт эмаслигини тушунганидан ҳам роса хурсанд бўлди. Қандай ибодат қилиш кераклигини ва Худо инсонлар ер юзидаги жаннатда яшашини исташини билиб, Ребекка Парвардигорга янада яқинлашди. (Забур 37:29; Ваҳий 21:3, 4)

Оиламиз билан Яҳовага хизмат қиляпмиз

Жеймс ва мен ҳамда беш нафар катта фарзандимиз — Натан, Ребекка, Жорж, Дэниел ва Жон — 1987 йилнинг ёзида Яҳованинг Шоҳидлари сифатида сувга чўмдик. Харли 1989 йили, Саймон эса 1994 йили сувга чўмди. Бутун оиламиз Ҳазратимиз Исо Масиҳ ўз издошларига топширган вазифани, яъни Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш вазифасини ғайрат ила бажармоқда.

Беш нафар катта ўғлимиз Натан, Жорж, Дэниел, Жон ва Харли ҳамда қизимиз Ребекка Яҳова Шоҳидларининг Қўшма Штатлардаги филиалида хизмат қилишган. Жорж у ерда 14 йилдан бери хизмат қилиб келмоқда. Саймон эса 2001 йили мактабни битирди ва яқинда Байтил оиласининг аъзоси бўлди. Барча ўғилларимиз жамоатларда ё оқсоқоллар ё жамоат хизматкорлари бўлиб хизмат қилишмоқда. Эрим Миссури штати, Таер шаҳридаги жамоатда оқсоқол бўлиб хизмат қилмоқда. Мен ваъзгўйлик хизматида фаол иштирок этиб келмоқдаман.

Ҳозир Жессика, Латиша ва Кейлеб исмли уч нафар набирамиз бор. Уларнинг ота-онаси фарзандларининг мурғак қалбларига Яҳовага бўлган севгини пайванд қилишаётганини кўриб хурсанд бўляпмиз. Яҳова бизни Ўзига яқинлаштирганидан ва меҳридарё халқини топишга ёрдам берганидан жуда хурсандмиз.

Худога чин дилдан маъқул келишни истайдиган, аммо виждони Муқаддас Китоб асосида эмас, улар улғайган муҳит натижасида шаклланган инсонларни яхши тушунамиз. Улар ҳам бир кун келиб уйма-уй озиқ-овқат сотиб юришдан эмас, балки Худонинг Шоҳлиги ҳамда у келтирадиган баракалар ҳақида айтишдан қувонч топишига умид қиламиз. Худонинг исми билан аталувчи инсонлар бизга кўрсатган сабр-тоқатию севгиси ҳақида ўйлаганимда миннатдорчиликдан кўзларим ёшланади!

[19- саҳифадаги расм]

Етти ёшлигимда ва кейинчалик катта бўлганимда

[20- саҳифадаги расм]

Жеймс, Жорж, Харли ва Саймон оддий кийимларда

[21- саҳифадаги расм]

Ушбу газетада чиққан расмда сабзавотларни бозорга олиб бораётганим тасвирланган

[Расм манбаи]

Journal and Courier, Lafayette, Indiana

[23- саҳифадаги расм]

Оиламиз билан бугунги кунда