Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳақиқий умидни қаердан топишингиз мумкин?

Ҳақиқий умидни қаердан топишингиз мумкин?

Ҳақиқий умидни қаердан топишингиз мумкин?

СОАТИНГИЗ тўхтаб қолди. Афтидан, у бузилиб қолган. Уни тузатмоқчи бўласиз ва бир қанча танловга эгасиз. Соат тузатиш рекламалари жуда кўп бўлиши мумкин. Баъзилари ишончлидай туюлар, баъзилари эса унча эмас. Бироқ қўшнингиз моҳир уста эканини ва бир неча йил олдин соатингизни ясаганини билиб қолдингиз. Бундан ташқари, у сизга бепул ёрдам беришга тайёр эканини айтди. Нимани танлашингиз кундай равшан, шундай эмасми?

Энди ўша соатни умид қилиш қобилияти билан таққосланг. Бу қийин замондаги кўплар каби сиз ҳам умидингизни йўқотаётган бўлсангиз-чи? Қаердан ёрдам топишингиз мумкин? Анчагина одамлар муаммони ҳал қила оламиз, деб таъкидлайди. Аммо чеки йўқ маслаҳатлар бизни эсанкиратиб қўйиши ва ҳатто бир-бирига зид бўлиши мумкин. Шундай экан, энг аввало, одамларни умид қилиш қобилияти билан яратган Шахсга мурожаат қиларсиз? Муқаддас Китобда айтилишича, «У ҳар биримизга яқиндир» ва бизга ёрдам беришни жуда ҳам хоҳлайди. (Ҳаворийлар 17:27; 1 Бутрус 5:7)

Умиднинг чуқурроқ маъноси

Муқаддас Китобдаги умид тушунчаси бугунги шифокор, олим ва психологлар орасида кенг тарқалган тушунчага қараганда кенг ва чуқурроқ. Муқаддас Китобнинг асл матнидан «умид» деб таржима қилинган сўзлар интизорлик билан кутиш ва яхшиликка кўз тикиш деган маънога эга. Умуман олганда, умид иккита омилдан иборат. Бу бирон яхши нарсани исташни ва ўша яхши нарса амалга ошишига ишониш учун асосни ўз ичига олади. Муқаддас Китобда айтилган умид шунчаки хомхаёл эмас. У ишончли фактларга ва далилларга асосланади.

Шундай экан, умид имон учун муҳим, чунки у ишонувчанликка эмас, балки далилга асосланиши лозим. (Ибронийларга 11:1) Бироқ Муқаддас Китобда имон ва умиднинг фарқи кўрсатилган. (1 Коринфликларга 13:13)

Айтайлик, яқин дўстингиздан ёрдам сўрадингиз. У сизга йўқ, деб айтмаслигига умид боғлайсиз. Бу умид учун асос дўстингизга бўлган ишончдир. Уни яхши биласиз. Чунки олдинлари у сизга меҳр ва сахийлик ила ёрдам берган. Имон ва умидингиз бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бироқ шу билан бирга, улар фарқ қилади. Худога ҳам худди шундай умид боғлаш мумкинми?

Умид учун асос

Худо ҳақиқий умид манбаидир. Қадимда Яҳова «Исроилнинг умиди», деб аталган. (Еремиё 14:8) Унинг халқи эга бўлган ҳар қандай ишончли умид, Ундан эди. Ҳа, У уларнинг умиди бўлган. Бу каби умид шунчаки орзу бўлмаган. Исроил халқида умид қилиш учун Худо берган мустаҳкам асос бор эди. Асрлар давомида Худо улар билан муомала қилиб, бир қанча ваъдалар берган ва бу ваъдалари устидан чиқиб келган. Исроил халқининг йўлбошчиси Ёшуа шундай деб айтган: «Ўзларингизга яхши маълумки, Худойингиз Яҳова қандай яхши ваъдалар берган бўлса, ҳеч бири бажарилмай қолмади». (Ёшуа 23:14)

Минглаб йиллар ўтган бўлса-да, У амалга оширган ўша ваъдалар ҳанузгача муҳим аҳамият касб этади. Муқаддас Китобда Худонинг ажойиб ваъдалари ҳамда уларнинг амалга ошгани тўғрисида аниқ тарихий далиллар бисёр. Худонинг башоратли ваъдалари шу қадар ишончли бўлганки, ҳатто улар берилганда, баъзида худди амалга ошиб бўлгандай ёзилган.

Шу боис, Муқаддас Китобни умид бахш этувчи китоб деса бўлади. Худо одамлар билан қандай муомала қилганини тадқиқ қилсангиз, Унга умид боғлаш учун сабабларингиз янада кўпаяди. Ҳаворий Павлус шундай деган: «Қадимда Муқаддас Ёзувларда айтилган барча нарсалар насиҳат олишимиз учун ёзилган. Токи улар туфайли сабр-бардошли бўлиб ҳамда тасалли топиб, умидга эга бўлайлик». (Римликларга 15:4)

Худо бизга қандай умид ато этяпти?

Айниқса, қачон умидга муҳтож бўламиз? Ўлимга дуч келганимизда, шундай эмасми? Лекин кўплар ўлим ҳақида, масалан, яқин инсонини йўқотганда, умид ҳақида камдан-кам ўйлайди. Ахир ўлимдан бошқа яна нима шунчалик умидсизликка тушириши мумкин? Ўлим ҳар биримизни шафқатсизларча таъқиб қиляпти. Муайян муддатгагина ундан қоча олармиз, аммо барибир ўлим олдида ожизмиз. Бекорга Муқаддас Китобда у «энг охирги душман», деб айтилмаган. (1 Коринфликларга 15:26)

Ўлим ёқасида турганда қай йўсин умидга эга бўлишимиз мумкин? Ўлим охирги душман дейилган оятда, шунингдек, у «йўқ қилиниши» тўғрисида айтилган. Тангри Яҳова ўлимдан кучлироқ. У буни кўпгина вазиятларда исботлаган. Қандай қилиб? Ўлганларни тирилтириш орқали буни тасдиқлаган. Муқаддас Китобда Худо кучидан фойдаланиб, ҳаётдан кўз юмган одамларни тирилтирган тўққизта турли вазият тилга олинган.

Яҳова Исога у учун азиз бўлган Лазарни тирилтириш қудратини ато этгани бунинг ёрқин мисолидир. Ўшанда Лазарнинг ўлганига тўрт кун бўлган эди. Исо уни яширинча эмас, очиқ-ойдин омма олдида тирилтирган. (Юҳанно 11:38–48, 53; 12:9, 10)

Эҳтимол: «Одамларни тирилтиришнинг нима кераги бор эди? Ахир улар кексайиб барибир ўлди-ку»,— деб ўйларсиз. Ҳа, шундай. Аммо тирилиш борасида бу каби ишончли воқеа туфайли ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз яна яшашини шунчаки истамаймиз, балки бу юз беришига ишониш учун асосимиз бор. Дарҳақиқат, чинакам умидга эгамиз.

Исо Масиҳ: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман»,— деган. (Юҳанно 11:25) Яҳова бутун ер юзи бўйлаб ўлганларни ҳаётга қайтариш учун унга куч ато этади. Исо қуйидагича деган: «Шундай вақт келяптики, мозорларда бўлган ҳамма [Масиҳнинг] овозини эшитиб чиқади». (Юҳанно 5:28, 29) Ҳа, ўлим уйқусида бўлган ҳамма ер юзидаги жаннатда тирилиш каби умидга эга.

Ишаё пайғамбар тирилишни ажойиб тарзда қуйидагича тасвирлаган: «Ўликларинг яшайди. Мурдаларим кўтарилади. Эй, тупроқ ичра ётганлар, уйғониб, қувонч ила ҳайқиринг! Зеро, шабнаминг тонгдаги шудринг кабидир. Ер кучсиз ётган ўликларни яшаш учун қайтаради». (Ишаё 26:19)

Бу тасалли бахш этади, шундай эмасми? Онанинг бачадонида ҳимояланган бола сингари, ўлганлар тасаввур қилиш мумкин бўлган энг хавфсиз жойда. Ҳа, ўлим уйқусида бўлганлар Қодир Тангрининг чексиз хотирасидан ўрин эгаллаган. (Луқо 20:37, 38) Янги туғилган чақалоқни меҳрибон ва уни интизорлик билан кутган оила қарши олганидай, тез орада ўлганлар ҳаётга қайтганида уларни бахтиёрликка тўла дунёда кутиб оламиз. Шундай экан, ҳатто ўлим ёқасида ҳам умидга эгамиз.

Умид сизга қандай фойда келтириш мумкин?

Павлуснинг айтганларидан умиднинг аҳамияти тўғрисида кўп нарсани билиб оламиз. Павлус умидни дубулға билан солиштириб, у маънавий қурол аслаҳаларнинг муҳим қисми эканини айтган. (1 Салоникаликларга 5:8) Бу билан у нима демоқчи бўлган? Қадимда жангда кўпинча аскар темирдан ясалган дубулғанинг тагидан кигиз ёки чармдан тикилган бош кийимни кийган. Дубулға туфайли аскарнинг боши ҳужумлардан ҳимоя қилиниб жароҳат олмасди. Павлус дубулға аскарнинг бошини ҳимоя қилгани каби, умид онгимизни, яъни фикрларимизни ҳимоя қилишига ишора қилган. Агар сиз Худонинг иродасига мувофиқ мустаҳкам умидга эга бўлсангиз, қийинчиликларга дуч келганингизда ваҳима ёки умидсизлик дастидан тебранмайсиз. Ҳар биримиз бундай дубулғага муҳтожмиз, шундай эмасми?

Павлус Худонинг иродаси билан боғлиқ умид ҳақида яна бир ёрқин мисолни келтирган. У: «Бу умид жонимиз учун лангардек ишончли ва мустаҳкамдир»,— деб ёзган. (Ибронийларга 6:19) Бир неча марта кема ҳалокатидан омон қолган Павлус лангар муҳим эканини яхши биларди. Бўрон пайтида денгизчилар лангарни сувга туширарди. Агар у денгиз тубига тушиб, маҳкам жойлашса, кема бўрон пайтида қояларга урилиб парчаланиб кетмасди. Аксинча, омон қолиш эҳтимоли нисбатан юқори бўларди.

Шу сингари, Яҳованинг ваъдаларига нисбатан умидимиз ишончли ва мустаҳкам бўлса, у ҳозирги бўронли пайтлардаги нотинчликларни енгишимизга ёрдам беради. Яҳова одамлар уруш, жиноят, азоб-уқубат ва ҳатто ўлимдан халос бўлишини ваъда қиляпти. («Умид учун сабаблар» номли рамкага қаранг.) Бу умидни маҳкам ушлаш фалокат пайтида мустаҳкам қолишимизга кўмаклашади. Ҳа, у бу дунёда кенг тарқалган тартибсизлик ва ахлоқсизликка қарши туриб, Худонинг меъёрлари бўйича яшашга куч беради.

Яҳова бераётган умид шахсан сизга ҳам тегишли. У сиз учун ният қилган ҳаётдан тотиб кўришингизни хоҳлаяпти. У «ҳар турли одамлар... нажот топишларини истайди». Қанақасига? Аввало, ҳар бир инсон «ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиши» керак. (1 Тимўтийга 2:4) Яҳованинг Шоҳидлари сизни Худонинг Каломи асосидаги ҳаётбахш умидга эга бўлишга ундаяпти. Худо ато этаётган умид, бу дунё сизга тақдим этиши мумкин бўлган ҳар қандай умиддан юксакдир.

Бу каби умид ёрдамида ўзингизни асло чорасиз ҳис этмайсиз. Боиси, Худо Унинг иродасига мувофиқ бўлган ҳар қандай мақсадингизга эришиш учун сиз муҳтож бўлган кучни бера олади. (2 Коринфликларга 4:7; Филиппиликларга 4:13) Бундай умидга эга бўлишни хоҳлармидингиз? Агар унга муҳтож бўлсангиз, уни қидираётган бўлсангиз, таслим бўлманг. Унга эга бўлиш имкони бор. Уни албатта топасиз!

[Рамка/10- саҳифадаги расм]

Умид учун сабаблар

Муқаддас Китобдаги фикрлар умидингизни мустаҳкамлашга кўмаклаша олади:

Худо бахтли келажакни ваъда қиляпти.

Унинг Каломига кўра, бутун ер юзи жаннатга айланиб, бахтли ва якдил оилалар билан тўлади. (Забур 37:11, 29; Ишаё 25:8; Ваҳий 21:3, 4)

Худо ёлғондан холи.

У ёлғоннинг ҳар қандай туридан жирканади. Яҳова буткул муқаддас ва покдир. Шу боис, У алдай олмайди. (Ҳикматлар 6:16–19; Ишаё 6:2, 3; Титусга 1:2; Ибронийларга 6:18)

Худо чексиз қудратга эга.

Яҳова танҳо қодир Аллоҳдир. Ваъдаларини амалга оширишга коинотдаги ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. (Чиқиш 15:11; Ишаё 40:25, 26)

Худо абадий яшашингизни истайди.

(Юҳанно 3:16; 1 Тимўтийга 2:3, 4)

Худо бизга умид кўзлари билан қарайди.

У камчиликларимиз ва хатоларимизга эмас, балки яхши фазилатларимизга ҳамда ҳаракатларимизга диққат қаратади. (Забур 103:12–14; 130:3; Ибронийларга 6:10) У тўғри ишлар қилишимизни кутади ва бундай йўл тутганимизда қувонади. (Ҳикматлар 27:11)

Худо маънавий мақсадларингизга эришишга кўмаклашишни ваъда беряпти.

Унинг хизматчилари ўзларини асло ожиз ҳис этмаслиги керак. Бизга кўмаклашиш учун Худо муқаддас руҳини — энг қудратли кучни сахийлик ила беряпти. (Филиппиликларга 4:13)

Худога умид боғлаб, ҳечам афсусланмайсиз.

Аллоҳга бемалол ишонишингиз ва таянишингиз мумкин. У ҳеч қачон умидингизни пучга чиқармайди. (Забур 25:3)

[12- саҳифадаги расм]

Дубулға бошни асраганидай, умид ҳам онгимизни ҳимоя қилади

[12- саҳифадаги расм]

Лангар сингари асоси мустаҳкам бўлган умид барқарор қолишга ёрдам беради

[Расм манбаи]

Courtesy René Seindal/Su concessione del Museo Archeologico Regionale A. Salinas di Palermo