Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | БОЛА ТАРБИЯСИ

Болаларни итоаткорликка ўргатиш

Болаларни итоаткорликка ўргатиш

ҚИЙИНЧИЛИК

Сиз ва тўрт яшар фарзандингиз ўртасида бошқарувни қўлга олиш учун ҳамиша кураш кетади ва бу курашда доим фарзандингизнинг қўли баланд келгандек туюлади.

  • Фарзандингиздан у истамайдиган бирон нарсани қилишни сўрасангиз, у буни рад этади.

  • Болангизга у истайдиган нарсани қилмасликни айтсангиз, у инжиқлик қилади.

«Балки бу ўтиб кетар, шунчаки катта бўлишини кутишим керакдир» деб ўйлаётгандирсиз.

Болангизни итоаткорликка ўргата оласиз. Лекин буни қандай қилиш мумкинлигини кўриб чиқишдан олдин нега бола итоатсиз бўлиши мумкинлигининг сабабларидан бирини кўриб чиқайлик.

САБАБ

Фарзандингиз дунёга келганда асосий вазифангиз унга ғамхўрлик қилишдан иборат бўлган. У учун доим ҳозиру нозир бўлгансиз. Унинг ҳиқиллашини эшитибоқ олдига шошилгансиз ва керакли барча эҳтиёжларига ғамхўрлик қилгансиз. Албатта, бундай ҳаракатларингиз ўринли ва керакли бўлган. Чунки чақалоқ ёки ёш бола ота-онасининг доимий ғамхўрлигига муҳтож.

Бу жараён кўп ойлар давом этганидан кейин, табиийки, бола уйда ўзини энг муҳим шахс деб билиши ва ота-онасини унинг буйруқларини бажаришга мажбур бўлган хизматкор каби кўриши ҳеч гап эмас. Лекин бола одатда тахминан икки ёшга тўлганида аччиқ ҳақиқатни қабул қилишига тўғри келади: унинг «бошқаруви» ўз ниҳоясига етади. Энди ота-она унинг буйруқларини бажармайди, аксинча, бола ота-онасига қулоқ солиши керак бўлади. Бундан бола шокка тушади! Шунинг учун уларнинг айримлари инжиқлик қилса, бошқалари ота-онаси сўзида қанчалик қатъий туришини текшириш учун уларнинг айтганларига бўйсунмайди.

Шундай қийин пайтларда ота-оналар янги вазифасига киришишига тўғри келади, яъни энди улар боласига нима қилиш кераклигини айтади, бола эса уларга қулоқ солади. Бироқ мақоланинг бошида айтилганидек, бола ота-онасига қулоқ солмаса-чи, нима қилса бўлади?

НИМА ҚИЛИШИНГИЗ МУМКИН?

Бошчиликни қўлингизга олинг. Фарзандингиз ота-она сифатида эга бўлган ҳокимиятдан фойдаланаётганингизни кўрмас экан, буни қабул қилмайди. Шунинг учун ундан мувозанатни сақлаган ҳолда фойдаланинг. Охирги ўн йиллар ичида ўзини мутахассис деб биладиган айримлар «ҳокимият» сўзини қўпол сўзлар қаторига киритишди. Ҳатто улардан бири ота-она эга бўлган ҳокимият ҳақидаги тушунча одоб-ахлоқ меъёрларига зид эканини айтди. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор: болага ҳамма нарса рухсат этилса, у нима қилишни билмаслиги, эркатой бўлиб қолиши ва кўнгли тусаганини қилиши мумкин. Бундайлар келажакда масъулиятни ҳис қиладиган шахс сифатида етишиши амримаҳол. (Муқаддас Китобдаги принцип: Ҳикматлар 29:15)

Тарбия беринг. Бир луғатга кўра, тарбия «итоаткорликка ёки ўзини тута билишга ўргатувчи таълим бўлиб, кўпинча қоидаларни ва улар бузилган тақдирда бериладиган жазони ўз ичига олади». Албатта, ота-оналар фарзандларига тарбия бераётганда буни доим мулоҳазакорлик ва меҳр ила қилишлари керак. Қолаверса, тарбия бераётиб, улар фарзандига уни тузатишаётганини ва қилган ишининг оқибати бўлиши мумкинлигини аниқ тушунтиришлари керак. Акс ҳолда, бола ундан нима кутилаётганини тушунмайди ва ўзгаришни истамайди. (Муқаддас Китобдаги принцип: Ҳикматлар 23:13)

Талабларингизни аниқ ифода этинг. Баъзи ота-оналар фарзандларидан илтимос қилиб, масалан, шундай дейишади: «Хонангни тозалаб қўя олмайсанми, болажоним?» Шу йўсин улар хушмуомала бўлишга ҳаракат қилишади. Бироқ бу ота-она ролининг аҳамиятини пасайтириб, бола ўз фойдасини кўзлаган ҳолда қулоқ солиш-солмаслик қарорини ўзи чиқаришига олиб келиши мумкин. Шунинг учун сизга берилган ҳокимиятдан фойдаланиб, фарзандингизга аниқ йўл-йўриқ беринг. (Муқаддас Китобдаги принцип: 1 Коринфликларга 14:9)

Қатъиятли бўлинг. Агар «йўқ» десангиз, сўзингизда туринг ва умр йўлдошингиз билан фикрларингиз бир жойдан чиқаётганига амин бўлинг. Агар болангизни итоатсизлиги учун жазоламоқчи бўлсангиз, фикрингиздан қайтманг. У ёки бу қарорни нега чиқарганингиз устида тортишиб ўтирманг ва буни узоқ муҳокама қилманг. «“Ҳа” деган сўзингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деган сўзингиз “йўқ” бўлсин» деган маслаҳатга амал қилсангиз, ҳам болангизга, ҳам сизга анча осонроқ бўлади. (Ёқуб 5:12)

Севги кўрсатинг. Оила бу демократия ёки диктатура эмас. Аксинча, Худо бу тузумни ота-оналар фарзандларига масъулиятни ҳис қиладиган шахс сифатида етишишга севги ила кўмаклашиши учун яратган. Тарбия ушбу жараённинг муҳим бир қисми бўлиб, фарзандингизга итоаткорликка ўрганишга, ўзини хавфсиз ва севикли ҳис қилишга ёрдам беради.