Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Аллоҳнинг йўл-йўриғига амал қиляпсизми?

Аллоҳнинг йўл-йўриғига амал қиляпсизми?

Аллоҳнинг йўл-йўриғига амал қиляпсизми?

ИСРОИЛЛИКЛАР ҳам, мисрликлар ҳам ҳали бунақа нарсани кўришмаган эди. Исроилликлар Мисрдан чиқишганда, уларнинг олдида булут устуни пайдо бўлиб, доим улар билан бирга бўлганди. Кечаси эса у аланга устунига айланарди. Нақадар ҳаяжонга солувчи ҳодиса-я! Лекин у қаердан пайдо бўлган ва қайси мақсадда? Қарийб 3 500 йил аввал исроилликлар ушбу «аланга ва булут устунига» қандай муносабатда бўлишганидан нимани ўргансак бўлади? (Чиқ. 14:24).

Худонинг Каломида устун қаердан ва қайси мақсадда пайдо бўлгани очиб берилган: «Эгамиз кундузи булут устуни ичида, кечаси аланга устуни ичида уларнинг олдида юриб, йўлларини ёритиб йўл кўрсатиб борди. Шу тариқа У Исроил халқини ҳамма вақт — кундузи ҳам, кечаси ҳам олиб бора олди» (Чиқ. 13:21, 22). Тангри Яҳова халқини Мисрдан олиб чиқиб, саҳро бўйлаб юришда аланга ва булут устунидан фойдаланган. Улар эса устунга эргашиб, кўчиб юришга тайёр бўлишган. Миср лашкари Худонинг халқини таъқиб қилиб, уларга ҳужум қилмоқчи бўлганда, булут иккала гуруҳнинг ўртасига туриб, исроилликларни ҳимоя қилган (Чиқ. 14:19, 20). Гарчи устун қисқа йўлдан олиб бормаган бўлса-да, исроилликлар унга эргашишсагина ваъда қилинган юртга бора олишарди.

Устун Худонинг халқига, Яҳова улар билан бирга эканидан далолат берарди. Устун ўзида Яҳовани касб этиб, баъзан Аллоҳ булут устунидан сўзлар эди (Саҳ. 14:14; Заб. 98:7). Бундан ташқари булут, Мусо халқни бошқариш учун Яҳова томонидан тайинланган киши эканига ишора қиларди (Чиқ. 33:9). Шунингдек, Яҳова Мусонинг ўринбосари сифатида Ёшуани тайинлаганида, сўнгги маротаба булут пайдо бўлгани тилга олинган (Амр. 31:14, 15). Аслини олганда, исроилликларнинг манзилга эсон-омон етиб келиши Тангрининг йўл-йўриғини кўриб, унга амал қилишларига боғлиқ эди.

Улар йўл-йўриқни назардан қочиришди

Исроилликлар устунни илк бор кўришганда, эҳтиром ҳиссига тўлишганди. Афсуски, бундай мўъжизани доим кўриб туриб ҳам, исроилликлар Яҳовага охиригача таяна олишмади. Улар Худонинг йўл-йўриғидан бир неча марта шубҳаланишди. Миср лашкари уларни таъқиб қилганида, Яҳованинг қутқарувчи қудратига таянишмади. Аксинча, Худонинг хизматчиси Мусони, уларни ўлимга бошлаб бораётганида айблашди (Чиқ. 14:10–12). Қизил денгиз орқали қутқарилишгандан кейин ҳам, улар егулик ва сув йўқлиги туфайли Мусо, Ҳорун ва Яҳовадан нолий бошлашди (Чиқ. 15:22–24; 16:1–3; 17:1–3, 7). Бундан бир неча ҳафта ўтгач, улар Ҳорунни олтин бузоқ ясаб беришга мажбур қилишди. Тасаввур қилинг-а, улар қароргоҳнинг бир томонида Мисрдан олиб чиққан Зотнинг улуғворлигидан далолат берувчи аланга ва булут устунини кўриб туришган бўлса-да, сал нарида жонсиз бутга: «Эй, Исроил! Мана бизни Мисрдан олиб чиққан худойимиз!» — дея сиғина бошлашган. Ахир бу ўтакетган ҳурматсизлик-ку! (Чиқ. 32:4; Нахим. 9:18).

Исроилликларнинг исёнкорона қилмиши Яҳованинг йўл-йўриғини назар-писанд қилишмаганини яққол кўрсатиб турарди. Муаммо уларнинг том маънодаги назарида эмас, маънавий нуқтаи назарида эди. Улар устунни кўриб туришарди-ю, унинг асл маъносининг қадрига етмай қўйишганди. Гарчи уларнинг ишлари «муқаддас Тангрини ранжитган» бўлса-да, исроилликлар ваъда қилинган юртга етгунларига қадар Яҳова раҳмдиллик ила устун орқали уларни бошлаб борган (Заб. 77:40–42, 52–54; Нахим. 9:19).

Бугунги кунда илоҳий йўл-йўриқни кўриш

Бугунги кунда ҳам Яҳова халқини асло аниқ йўл-йўриқсиз ташлаб қўймайди. У исроилликлардан ўз йўлларини топиб олишларини кутмаганидай, биздан ҳам ваъда қилинган янги дунёга элтадиган йўлни ўзимиз топишимизга қўйиб бермаган. Исо Масиҳ жамоатнинг Йўлбошчиси этиб тайинланган (Мат. 23:10; Эфес. 5:23). У муайян раҳбарликни «мойланган» масиҳийлардан ташкил топган ишончли хизматкорга топширган. Ушбу ишончли хизматкор ўз навбатида масиҳийлар жамоати устидан нозирларни тайинлаган (Мат. 24:45–47; Титус. 1:5–9).

Қандай қилиб биз ишончли хизматкорни ёки бошқарувчини танишимиз мумкин? Исонинг ўзи уни қандай тасвирлаганига эътибор беринг: «Хизматкорларига ризқ-рўзни вақтида етказиб туриш учун Хўжайини уларнинг устидан тайинлайдиган ишончли ва ақлли бошқарувчи ким экан? Хўжайин қайтиб келгач, хизматкорни ўз вазифасини бажараётган ҳолда кўрса, бу хизматкор нақадар бахтлидир!» (Луқо 12:42, 43).

Бошқарувчи «ишончли» экан, демак у ҳеч қачон Яҳовага, Исога, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга ёки Аллоҳнинг халқига хиёнат қилмайди ёки улардан воз кечмайди. У «Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни» ваъз қилиш ва «барча халқлардан... шогирд тайёрлашдек» муҳим ишни ақл билан бошқариб келаётгани учун, «ақлли» деб аталган (Мат. 24:14; 28:19, 20). Шунингдек бошқарувчи, фойдали ва тўйимли маънавий ризқ-рўзни «вақтида» тарқатмоқда. Бу Яҳовага маъқул келаётганини халқининг сони ошиб бораётганидан, муҳим қарорларда йўл-йўриқ бераётганидан, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни яхшироқ тушунтираётганидан, душманларнинг ҳалок қилувчи қўлидан асраётганидан ва халқининг қалби ва онгига тинчлик ато этаётганидан кўриш мумкин (Ишаё 54:17; Филип. 4:7).

Худонинг йўл-йўриғига муносабат

Аллоҳнинг йўл-йўриғини қадрлаётганимизни қандай кўрсатсак бўлади? Ҳаворий Павлус: «Орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларга қулоқ солинглар»,— деб айтган (Иброн. 13:17). Бундай қилиш ҳар доим ҳам осон эмас. Мисол учун, ўзингизни Мусонинг давридаги исроилликларнинг ўрнига қўйиб кўринг. Бир мунча вақт юргандан сўнг, устун тўхтаганини тасаввур қилинг. У қанча вақт ўша ерда турар экан? Бир кунми? Бир ҳафтами? Бир неча ойми? «Тугунларимни очаймикин?» — дея нима қиларингизни билмай турибсиз дейлик. Аввалига энг керакли нарсаларингизни чиқарарсиз. Бироқ бир неча кун ўтгач, бирор нарсани излаб тополмай, ҳамма тугунларни ечишни бошлайсиз. Эндигина тугунларни бўшатиб бўлганингизда, устун кўтарилганини кўрасиз. Яна ҳамма нарсани йиғиштириш керак! Бу осон ёки қулай бўлмагандир. Шунга қарамай, исроилликлар тезда «йўлга чиқарди» (Саҳ. 9:17–22).

Хўш, илоҳий йўл-йўриқ олганимизда биз нима қиламиз? Дарҳол қўллашга ҳаракат қиламизми? Ёки одатдагидай йўл тутишни давом эттирамизми? Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш, хориж забон кишиларга ваъз қилиш, оилавий топинишда мунтазам иштирок этиш, Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмиталари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда анжуманларда ўзини қандай тутишга нисбатан сўнгги йўл-йўриқларни биласизми? Маслаҳатга амал қилиш билан ҳам Тангрининг йўл-йўриғини қадрлаётганимизни кўрсатамиз. Муҳим қарорлар чиқараётиб, ўз донолигимизга таянмаймиз, аксинча, Яҳовадан ва Унинг ташкилотидан йўл-йўриқ қидирамиз. Довул бўлганда бола ота-онасидан ҳимоя излаганидек, ушбу дунёдаги муаммолар устимизда момақалдироқ сингари гумбурлаганда, биз ҳам Яҳованинг ташкилотидан ҳимоя излаймиз.

Худо ташкилотининг ердаги қисмида масъулиятни ўз зиммасига олган кишилар, шу қаторда Мусо ҳам номукаммал бўлган. Шундай бўлса-да, устун Мусога илоҳий топшириқ берилганини ва Аллоҳнинг розилигини ҳамиша кўрсатиб турарди. Йўлга қачон чиқиш кераклигини ҳеч бир исроиллик ҳал қилмас эди. Аксинча, улар «Мусо орқали Эгамиз берган амрларига мувофиқ ҳамма талабларни бажаришар эди» (Саҳ. 9:23). Демак, Худо Мусо орқали қачон йўлга чиқишни билдирарди.

Бугунги кунда, Яҳованинг бошқарувчиси қачон йўлга чиқиш кераклигини билдириб турибди. Қандай қилиб дейсизми? «Қўриқчи минораси» ва «Илоҳий хизматимиз»даги мақолалар, янги адабиётлар ва анжуманлардаги нутқлар орқали. Шунингдек йўл-йўриқлар, туман нозирлари ёки хатлар орқали жамоатларга юборилади ёки жамоатдаги масъулиятли биродарлар учун мўлжалланган таълим дастурларида ҳавола этилади.

Илоҳий йўл-йўриқни аниқ кўра оляпсизми? Хавф-хатарга тўлиб тошган саҳрога ўхшаш Шайтоннинг ёвуз дунёсининг охирги кунларида халқига йўл-йўриқ бериш учун, Яҳова ташкилотидан фойдаланмоқда. Бунинг натижасида биз якдиллик, севги ва хавфсизликдан баҳра оляпмиз.

Исроилликлар ваъда қилинган юртга эга бўлишганда, Ёшуа шундай деган эди: «Ҳаммангиз биласиз, Эгангиз Худо сизларга яхши ваъдалар берган эди, шу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, уларнинг бирортаси ҳам бажарилмай қолмади» (Ёшуа 23:14). Худонинг ҳозирги халқи ҳам янги дунёга эришиши шубҳасиздир. Бироқ, у ерда бизнинг бўлиш-бўлмаслигимизда, Аллоҳнинг йўл-йўриғига камтаринлик ила амал қилишимиз катта аҳамиятга эга. Шундай экан, Яҳованинг йўл-йўриғига доим амал қилайлик!

[5- саҳифадаги расмлар]

Яҳова бизга Ўз ташкилоти орқали йўл-йўриқ бермоқда

Анжуманларда

Илоҳий таълим дастурларида

Воизлик хизмати учрашувларида