Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ноҳақ дунёда ҳалол бўлиш

Ноҳақ дунёда ҳалол бўлиш

Ноҳақ дунёда ҳалол бўлиш

БИЗ нафас олаётган ҳаво каби, ноҳақлик дунёда кенг тарқалиб кетган. Зеро, одамлар алдашади, икки баравар устига қўйиб нарса сотишади, қарзларини тўламайди ва шубҳали шартномалар тузиб мақтанишади. Бундай муҳитда яшаб, ҳалоллигимиз тез-тез синалиб турадиган вазиятларга дуч келамиз. Хўш, ноҳақлик тузоғига илиниб қолмаслигимизга нима кўмаклашади? Келинг, бунда ёрдам берадиган учта нарсани кўриб чиқайлик. Худотарслик, пок виждон ва қаноат қилиш.

Худотарслик

Ишаё пайғамбар Яҳова тўғрисида қуйидагича ёзган: «Эгамиз ҳукмронлик қилади, Унинг Ўзи қонун-қоидани ўрнатади. Эгамиз бизнинг шоҳимиздир» (Ишаё 33:22). Яҳова ҳокимият Эгаси эканини тан олсак, худотарс бўламиз. Бу эса, ҳурматсизлик руҳига қарши туриш қароримизни мустаҳкам қилади. Ҳикматлар 16:6 да: «Эгамиздан қўрқиш ёмонликдан узоқлаштиради»,— деб айтилган. Бундай қўрқув, гўё қасоскор Аллоҳнинг олдида даҳшатдан титраш кераклигини эмас, балки бизнинг фойдамизни кўзлаётган самовий Отамизни ранжитиб қўйишдан қўрқиш демакдир (1 Бутр. 3:12).

Ҳаётий мисоллардан бундай қўрқув ижобий таъсир қилишини кўриш мумкин. Рикардо ва хотини Фернанданинг мисолини олайлик *. Улар банкдаги ҳисобидан етти юз долларни (АҚШ) ечиб, пулни санамай ҳамёнга солишибди. Хотини харажат қилгандан кейин уйга қайтибди ва ҳамёнида яна анча пули қолганини кўриб, эр-хотин таажубланибди. «Банк ходими бизга кўпроқ пул бериб қўйибди»,— деган хулосага келишибди. Яна бошқа қарзларимиз бор дея, улар аввалига ўша пулни ўзларига қолдирмоқчи бўлибди. Рикардо шундай деб бўлишди: «Пулни қайтариб бериш учун Яҳовадан куч сўраб ибодат қилдик. Ҳикматлар 27:11 даги ундов, бизда Худога маъқул келиш хоҳишини уйғотди ва биз пулни қайтариб бердик».

Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждон

Виждонни тарбиялаш учун Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, билимларга риоя қилишимиз даркор. «Худонинг каломи жонли бўлиб, кучли таъсирга эга» экан, у нафақат онгимизни, балки қалбимизни ҳам забт этади. Бу эса бизни «ҳар нарсада ҳалол бўлишга» ундайди (Иброн. 4:12; 13:18).

Мана Жуаннинг мисоли. Унинг беш минг доллар (АҚШ) қарзи бор экан. Қарзини бера олмагани учун, у бошқа шаҳарга кўчиб кетибди. Саккиз йилдан сўнг Жуан ҳақиқатни билгач, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждони уни қарзини узишга чорлабди. Жуан кичкина ойлигига хотини ва тўрт фарзандини зўрға боқаётгани учун, қарз берган киши Жуан пулни ҳар ой оз-оздан қайтаришига рози бўлибди.

Қаноат қилиш

Ҳаворий Павлус қуйидагиларни ёзган: «Художўйлик ва борига қаноат қилиш — бу кўп нарсаларга эга бўлиш имконидир. [...] Егулик, кийим ва бошпанамиз бўлса, шулар билан қаноат қилайлик» (1 Тим. 6:6–8). Ушбу доно маслаҳатга қулоқ солиш, бизни очкўзликдан, ноқонуний ишлардан ёки тез бойиб кетиш мақсадида пуч режалар тузишдан асрайди (Ҳик. 28:20). Павлуснинг бу маслаҳати шунингдек, зарурий эҳтиёжларимиз қондирилишига ишониб, Худонинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўйишга ёрдам беради (Мат. 6:25–34).

Бойлик «алдамчи» экан, очкўзлик ва тамагирлик тузоғига тушиб қолиш хавфи борлигини инобатга олишимиз зарур (Мат. 13:22). Охун билан юз берган ҳодиса эсингиздами? У, исроилликлар мўъжизавий тарзда Иордан дарёсидан ўтишганига шоҳид бўлган. Шундай бўлса-да, у тамагирлик туфайли Ерихо шаҳридан ўлжа қилиб олинган кумуш, олтин ва қимматбаҳо кийим-кечакни ўғирлашдан тоймаган. Оқибатда, Охун ҳатто ҳаётидан маҳрум бўлган (Ёшуа 7:1, 20–26). Асрлар оша Исо: «Ўзингизни ҳар турли тамагирликдан сақланглар»,— дея бежиз огоҳлантирмаган (Луқо 12:15).

Иш жойида ҳалол бўлиш

Энди келинг, баъзи бир воқеаларни кўриб чиқиб, ҳар нарсада ҳалол бўлишга тайёр эканимизни текшириб кўрайлик. Иш жойида ҳалол бўлиш, ҳатто бошқалар учун бу табиий бўлган тақдирда ҳам, «ўғрилик қилмасликни» ўз ичига олади (Титус. 2:9, 10). Давлат идорасида ишлайдиган Журандир исмли киши ҳалоллик билан йўл харажатларини ҳисоблаб берган. Унинг бошлиғи ишчиларининг қилмишларига кўз юмгани учун, ҳамкасблари ўз харажатларини кўпайтириб ёзишарди. Ўша бошлиқ Журандирга ҳалоллиги учун танбеҳ бериб, хизмат сафарларига юбормай қўйган. Идорада текшириш ўтказилганда эса, Журандир ҳалоллиги учун мақтовга сазовор бўлган. Бундан ташқари у юқорироқ лавозимга эга бўлган.

Андре исмли киши сотувчи бўлиб ишлар экан. Унинг хўжайини, сотиладиган нарсанинг нархини икки бараварга ошириб сотишга ундабди. Биродаримиз, Муқаддас Китоб меъёрларига амал қилиш учун жасорат сўраб, Яҳовага ибодат қилибди (Заб. 144:18–20). Бунинг устига, Андре нега бундай қилишга рози эмаслигини ҳам хўжайинига тушунтиришга ҳаракат қилибди. Бироқ, бундан ҳеч нарса чиқмабди. Шунда Андре яхши маошли ишидан бўшашга қарор қилибди. Қарийб бир йилдан кейин, хўжайини Андрени ишга қайта чақириб, ҳалол ишлашига розилик билдирибди. Буни қарангки, Андре бошқарувчи ҳам бўлибди.

Қарзларни тўлаш

Ҳаворий Павлус масиҳийларга: «Ҳеч кимга ҳеч нарса қарздор бўлманглар»,— деган маслаҳат берган (Рим. 13:8). Тўғри, қарз берган одамнинг етарлича пули бор деб, қарзимизни тўламасликка баҳона излашимиз мумкин. Муқаддас Китобда: «Фосиқ қарз олиб уни тўламайди»,— деб ёзилган (Заб. 36:21).

Агар «фурсат ва тасодиф» туфайли қарзни тўлай олмасак-чи? (Воиз 9:11, ЯДТ). Мана бир мисол. Франсиско банкдан гаровга олган пулини бериш ниятида Алфредодан етти минг доллар (АҚШ) қарз олибди. Иши юришмагани боис, Франсиско вақтида қарзини узолмабди. Бундан сўнг у ташаббус кўрсатиб, Алфредонинг олдига борибди ва вазиятни тушунтирибди. Франсиско бир неча ой ичида қарзини узишига Алфредо рози бўлибди.

Сохта таассурот қолдиришдан узоқлашиш

Биринчи асрдаги жамоат аъзолари бўлган Ҳанания ва Саффира исмли жуфтликнинг ёмон мисоли ёдингиздами? Даласини сотгандан кейин, улар пулнинг бир қисмини ҳаворийларга бериб, пулнинг ҳаммасини бердик деб айтишган. Гап шундаки, улар бошқаларга сахий бўлиб кўринишни хоҳлашган. Ҳаворий Бутрус, Худонинг муқаддас руҳи таъсирида уларнинг ёлғонини фош этган. Натижада, Яҳова уларни ўлимга маҳкум этган (Ҳавор. 5:1–11).

Бу жуфтликдан фарқли равишда, Муқаддас Китоб ёзувчилари содиқ ва ростгўй эдилар. Мисол учун, Мусо пайғамбар жаҳл устида айтган гапи сабабли, ваъда қилинган ерга кира олмагани ҳақида яширмай ёзган (Саҳ. 20:7–13). Юнус пайғамбар ҳам, найнаволикларга ваъз қилишдан олдин ва бундан кейин қилган хатоларини яширмаган. Аксинча, уларнинг барини баён этган (Юнус 1:1–3; 4:1–3).

Албатта, ҳатто оқибатлари аянчли бўладиган пайтда ҳам ҳақиқатни айтиш учун жасорат талаб этилади. 14 яшар Наталья исмли битта синглимиз билан мактабда ажойиб бир воқеа юз берибди. У ёзма имтиҳон топшираётганда, келтирилган жавоблар орасида ўқитувчиси нотўғри жавобни тўғри белгилаб қўйган экан. Гарчи буни айтиш унинг оладиган баҳосига таъсир қилишини билса-да, Наталья бу ҳақда тортинмай ўқитувчисига айтибди. Наталья ўқитувчисига: «Биласизми, ота-онам Тангри Яҳовага маъқул келиш учун, ростгўй бўлишга мени доим ўргатишади. Агар буни сизга айтмаганимда, виждоним мени қийнаган бўларди»,— дебди. Натальянинг ўқитувчиси, уни ростгўйлиги учун ўта қадрлайди.

Ҳалоллик Яҳовага шарафлар келтиради

Жизел исмли 17 ёшли бир қиз, ичида ҳужжатлар ва 35 доллар (АҚШ) бўлган ҳамённи топиб олган экан. Кейин уни эгасига қайтариб бериш мақсадида, мактаб маъмуриятига мурожаат қилибди. Бир ой ўтгач, директор муовини бутун синф олдида туриб, Жизелнинг ҳалоллиги мақтаб ёзилган бир хатни ўқиб бериб, унга яхши тарбия берган ҳамда художўй қилиб ўстирган ота-онасига ташаккур билдирибди. Жизелнинг «яхши ишлари» Яҳовага шарафлар келтирди (Мат. 5:14–16).

«Ўзини севадиган, пулпараст, ўзига ортиқ даражада ишонган, кеккайган... садоқатсиз» одамлар орасида яшар эканмиз, ҳалол бўлиш учун анча-мунча уринишлар талаб этилади (2 Тим. 3:2). Шундай бўлсада, Яҳовани ранжитиб қўйишдан қўрқиш, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждон ва қаноат қилиш, бу ноҳақ дунёда ҳалол бўлишимизга ёрдам беради. Келинг, бундан буён ҳам Яҳова билан қалин дўст бўлайлик. Зеро, Аллоҳимиз «барҳақдир, У ҳаққоний ишларни севар» (Заб. 10:7).

[Изоҳ]

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.

[7- саҳифадаги расмлар]

Худотарслик ҳалол бўлиш истагимизни кучайтиради

[8- саҳифадаги расм]

Ҳалоллигимиз Яҳовага шарафлар келтиради