Ҳеч қачон умидингизни йўқотманг!
Мана, неча йилдирки Яҳованинг Шоҳидисиз-у, аммо турмуш ўртоғингиз билан бирга Яҳовага топинишни истаётгандирсиз?
Ёки ўрганаётган киши аввалига ҳақиқат томонига қадамлар ташлаган-у, кейин эса тўхтатиб қўйгани учун тушкунликка тушаётгандирсиз?
Буюк Британияда бўлган бир нечта ҳаётий воқеалар умидни йўқотмасликка ёрдам беради. Шунингдек, бу мақоладан Муқаддас Китобдаги «нонингни сувга ташла» ибораси остида ҳақиқат йўлида қилган саъй-ҳаракатлар назарда тутилиб, улар самара келтиришини ва ҳақиқат тарафини эгалламаганларга ёрдам беришини билиб оласиз (Воиз 11:1).
САБР-БАРДОШЛИ БЎЛИШ МУҲИМ
Яҳовага топинишда сабр-бардошли бўлиш муҳим. Бунинг учун эса ҳақиқатга ёпишиб олишимиз керак (Қонун. 10:20). Жоржина исмли аёл худди шундай йўл тутади. 1970- йилда у Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганида, унинг турмуш ўртоғи Кирякос унга тўсқинлик қилади. У тадқиқни тўхтатишга уриниб, Яҳованинг Шоҳидларини уйига киргизмайди ва топиб олган адабиётларни ташлаб юборади.
Жоржина жамоат йиғилишларига боришни бошлаганида, Кирякоснинг роса жаҳли чиқади. Бир куни у Йиғилиш Залига бориб у ерда баҳслашади. Кирякос инглиз тилига қараганда грек тилини яхши билгани учун опамиз бошқа жамоатдаги грек биродарга қўнғироқ қилиб ёрдамга келишини сўрайди. Кирякосга ўша биродарнинг хулқ-атвори яхши таъсир қилади. Шунинг учун Кирякос бир неча ой мобайнида Муқаддас Китобни тадқиқ қилади. Лекин кейинчалик у тадқиқни тўхтатиб қўяди.
Уч йилдан ортиқ Жоржина қаршиликларга дуч келади. Кирякос унга, агар у сувга чўмса уни ташлаб кетишини айтади. Сувга чўмадиган куни Жоржина эри уни ташлаб кетмаслигини Яҳовадан ёлвориб сўрайди. Шуни қарангки, Жоржинани анжуманга олиб кетиш учун келганларга Кирякос: «Сизлар бораверинглар. Биз орқангиздан ўз машинамизда етиб борамиз»,— дейди. Шундай қилиб, унинг ўзи ҳам анжуманнинг эрталабки дастурида иштирок этиб, рафиқаси сувга чўмганининг гувоҳи бўлади!
Натижада Кирякос камроқ қаршилик кўрсатиб, секин-аста ўзгаришни бошлайди. Яҳованинг Шоҳидларини илк бор учратганидан деярли 40 йил ўтиб Жоржина уни сувга чўмганини кўради! Қизиқ, бундай йўл тутишга Кирякосни нима ундади? Унинг ўзи: «Жоржина Яҳовага топинишда қатъий бўлганидан жуда хурсандман»,— дейди. Жоржина эса шундай деб бўлишди: «Эримнинг қаршилигига қарамасдан Худойимга топинишни давом эттирганман. Яҳовага ибодат қилиб, ҳеч қачон умидимни узмаганман».
ЯНГИ ШАХСГА АЙЛАНИШ
Турмуш ўртоғингизга ёрдам беришнинг усулларидан бири Худога маъқул келадиган фазилатларни ривожлантиришдир. Ҳаворий Бутрус художўй аёлларга шундай маслаҳат берган: «Сиз — хотинлар ҳам эрларингизга бўйсунинглар. Токи Худо Каломига қулоқ солмайдиган эрларингиз сўзларингиз орқали эмас, хулқ-атворингиз орқали забт этилсинлар» (1 Бутр. 3:1). Кристина исмли аёлга эрининг қалбини забт этиш учун кўп вақт талаб қилинган бўлса ҳам, ушбу маслаҳатга риоя этиб келган. Кристина йигирма йил олдин Яҳованинг Шоҳиди бўлган. Ўшанда унинг эри Худога ишонмасди. У динга алоқадор бўлишни ҳам истамаган, бироқ Кристинанинг янги дини у учун қанчалик муҳим эканини кўрган. «Бу уни бахтиёр қилаётганини кўрардим»,— дейди Жон. «Кристина иродаси кучли инсонга айланди ва бу менга қийин вазиятларни енгиб ўтишимга ёрдам берди».
Кристина ўз эътиқодларини ҳеч қачон эрига зўрлаб ўтказмасди. Эри ҳам буни тасдиқлаб шундай дейди: «Кристина бошиданоқ менга дин ҳақида гапирмасликни маъқул топган. У сабр-тоқат билан ўзим қадам ташлашимга ва ўрганишимга йўл қўйиб берган». Кристина «Қўриқчи минораси» ёки «Уйғонинг!» журналларидан Жонни қизиқтирадиган мавзуларни, мисол учун илм-фан, табиат ҳақидаги мақолаларни кўриб қолса, эрига бериб: «Бу сизга ёқади деган умиддаман»,— дерди.
Жон нафақага чиққач, уйдаги боғ ишларини қилиб юради. Энди унинг вақти кўп бўлади ва «Биз тасодифан пайдо бўлганмизми ёки аниқ бир мақсад билан яратилганмизми?» каби муҳим саволлар ҳақида ўйлашни бошлайди. Бир куни Жон битта биродар билан суҳбатлашаётганда, биродар ундан: «Тадқиқ борасида нима дейсиз?» — деб сўрайди. Худога ишона бошлагани боис Жон тадқиқ қилишга рози бўлади.
Кристина умидини узмагани қанчалик муҳим бўлган. Ҳа, йигирма йил давомида у ибодат қилиб келгани учун, охир-оқибат Жон ҳақиқат тарафини эгаллаб сувга чўмди. Ҳозир улар Яҳовага биргаликда ғайрат ила хизмат қилишяпти. Жон шундай деб бўлишади: «Яҳова Шоҳидларининг меҳрибонлиги ва дўстона муносабатидан лол қолгандим. Агар сизнинг турмуш ўртоғингиз Яҳованинг Шоҳиди бўлса, унда сиз садоқатли, ишончли ва фидойи умр йўлдошни топгансиз». Дарҳақиқат, Кристина 1 Бутрус 3:1 даги маслаҳатга риоя қилгани учун бахтга эришди!
ЭКИЛГАН УРУҒ ҚАЧОНДИР МЕВА БЕРАДИ
Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, сўнг турли сабабларга кўра қизиқишини йўқотган кишилар борасида нима дейиш мумкин? Доно шоҳ Сулаймон шундай деган: «Уруғларингни эрталаб эккин, кечқурун ҳам қўлларинг бўш ўтирмасин, чунки сен қайси бири — унисими ёки бунисими яхши ўсишини билмайсан, балки иккаласи ҳам яхши ўсар» (Воиз 11:6). Баъзида ҳақиқат уруғи одамларнинг қалбида ўсиши учун кўп йиллар талаб қилинади. Охири киши Худога яқинлашиш муҳим эканини тушуниб етиши мумкин (Ёқб. 4:8). Ҳа, бир кун эмас, бир кун кутилмаган хушхабар эшитишингиз ҳеч гап эмас.
Ҳиндистондан Англияга кўчиб ўтган Элиснинг мисолини кўриб чиқайлик. У 1974- йили Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган эди. Элис ҳинд тилида гаплашган ва инглиз тилини ўзлаштиришни истаган. У бир неча йил давомида Муқаддас Китобни тадқиқ қилган ва ҳатто инглиз жамоатига ҳам бир неча марта борган. Элис ҳақиқатни ўрганаётганини биларди, лекин бунга худди севимли машғулотга қарагандай муносабатда бўлган. У пулга ружу қўйиб, зиёфатларга боришни ёқтирарди. Охир-оқибат Элис тадқиқни тўхтатиб қўйган.
Тахминан ўттиз йил ўтгандан сўнг, Элис билан Муқаддас Китобни ўрганган Стелла ундан хат олади. У ерда шундай ёзилган: «1974- йилда сиз менга Муқаддас Китобни ўргатгансиз. Мана вақт ўтиб, мен охирги туман анжуманида сувга чўмдим. Ишончим комилки, буни билиб хурсанд бўласиз. Сиз менинг ҳаётимда жуда ҳам муҳим роль ўйнадингиз. Ҳаётимни Худога бағишлашга тайёр эмаслигимга қарамай, ҳақиқат уруғини эккансиз. Ушбу ҳақиқат уруғини шу йиллар мобайнида онгимда ва қалбимда сақлаб келгандим».
Қизиқ, нима рўй берди? 1997- йилда унинг турмуш ўртоғи вафот этгани боис Элис тушкунликка тушганини айтади. Ўшанда у Аллоҳга ибодат қилади. Ўн дақиқадан кейин панжоби тилида гаплашадиган иккита Яҳованинг Шоҳиди унинг уйига келади ва «Ўлган яқинларимиз учун қандай умид бор?» номли букламани қолдириб кетишади. Элис ибодатига жавоб олганини ҳис этиб, Яҳованинг Шоҳидлари билан боғланишга қарор қилади. У Стелла унга берган панжоби жамоатининг манзилини эски ён дафтарчасидан топиб олади. Элис Йиғилиш Залига боради. У ерда панжоби тилида гаплашадиган биродару опа-сингиллар уни илиқ кутиб олишади. «Менга намоён этилган севги тушкун аҳволдан чиқишимга ёрдам берди ва мен енгилликни ҳис этдим»,— дейди Элис.
Элис йиғилишларга мунтазам равишда бориб, Муқаддас Китобни қайтадан тадқиқ қила бошлайди ва панжоби тилида тутилмай ўқишни ҳамда гапиришни ўрганади. 2003- йили у сувга чўмади. Стеллага ёзган хати шундай сўзлар билан тугайди: «29 йил аввал менга ҳақиқат уруғини экиб, ўрнак кўрсатганингиз учун сизга катта раҳмат».
«29 йил аввал менга ҳақиқат уруғини экиб, ўрнак кўрсатганингиз учун сизга катта раҳмат». Элис
Бу мисоллардан қандай сабоқ олишингиз мумкин? Кўп кутишингизга тўғри келиши мумкин, лекин киши маънан чанқоқ, ростгўй ва камтарин бўлса, Яҳова унга ҳақиқатни тушунишга ҳамда уни қабул қилишга ёрдам беради. Исонинг масалини ёдга олайлик. «Уруғ бўлса униб-ўсаверади. Аммо бу киши унинг қандай ўсаётганини билмайди. Ер ўз-ўзидан аста-секин ҳосил бера бошлайди: аввал кўкат униб чиқади, кейин бошоқ чиқаради ва ниҳоят бошоқ донга тўлади» (Марк 4:27, 28). Бундай ўсиш жараёни «ўз-ўзидан аста-секин» юз беради. Дарҳақиқат, ҳар бир ваъзгўй бу жараён қандай содир бўлишини билмаслиги мумкин. Шундай экан, мўл экаверсангиз, мўл ҳосил ўраверасиз.
Қолаверса, ибодат қилиш муҳим эканини унутманг. Жоржина ва Кристина доимо ибодат қилиб туришган. «Нонингни сувга ташла, бир неча кундан кейин уни яна топасан». Яъни сиз ҳам доимо ибодат қилиб, ҳеч қачон умидингизни йўқотмасангиз, қилган меҳнатингизнинг натижасини ўриб оласиз (Рим. 12:12; Воиз 11:1).