Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Доно қарорлар чиқариб, меросингизни ҳимояланг

Доно қарорлар чиқариб, меросингизни ҳимояланг

Ёмонликдан жирканиб, яхшиликка ёпишиб олинглар. РИМ. 12:9

1, 2. а) Худога хизмат қилиш қарорини чиқаришга сизни нима ундаган? б) Яҳова ваъда қилган мерос борасида қандай саволларни кўриб чиқамиз?

МИЛЛИОНЛАБ инсонлар Тангри Яҳовага хизмат қилиш ва Исо Масиҳнинг ўрнагига эргашишга қарор қилиб, оқилона йўл тутишган (Мат. 16:24; 1 Бутр. 2:21). Биз, ўзимизни Худога бағишлаш борасида чиқарган қароримизга юзаки қарамаймиз. Чунки ушбу танловни, шунчаки бир неча оятларга асосланиб қабул қилмаганмиз. Аксинча, Худонинг Каломини чуқур тадқиқ қилиб, Яҳова ваъда қилган меросга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаганмиз. Аллоҳ ушбу меросни Ўзи ва Исо Масиҳ ҳақида билим олаётганларга ато этади (Юҳан. 17:3; Рим. 12:2).

2 Яҳова билан яхши муносабатларни сақлаб қолишни истасак, Уни хушнуд этадиган доно қарорлар чиқаришимиз даркор. Ушбу мақолада қуйидаги муҳим саволларни кўриб чиқамиз: «Меросимиз нимадан иборат? Унга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Нима учун унга эриша олишимизга амин бўлишимиз мумкин? Доно қарорлар чиқаришимизга нима ёрдам беради?»

МЕРОСИМИЗ НИМАДАН ИБОРАТ?

3. а) Мойланганлар қандай меросга эга бўлишади? б) «Бошқа қўйлар» ҳақида нима деса бўлади?

3 Масиҳийларнинг фақат оз қисмигина «чиримас, нуқсонсиз ва ўлмас меросга» эга бўлади. Улар Масиҳ билан биргаликда осмонда ҳукмронлик қилиш шарафига муяссар бўлишади (1 Бутр. 1:3, 4). Бу меросга эга бўлиш учун, улар «қайтадан туғилиши» керак (Юҳан. 3:1–3). Мойланганлар билан биргаликда Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилаётган Исонинг  «бошқа қўйларига» тегишли мерос борасида нима деса бўлади? (Юҳан. 10:16). Улар, гуноҳкор Одамато билан Момоҳаво эга бўла олмаган меросга, яъни ер юзидаги жаннатда абадий ҳаётга эга бўлишади. У ерда азоб-уқубат, ўлим ва ғам-ғусса бўлмайди (Ваҳ. 21:1–4). Исо азоб устунида бўлганида, ёнидаги кишига бу меросни ваъда қилган эди. У: «Бугуннинг ўзида сенга айтяпманки, сен мен билан бирга Жаннатда бўласан»,— деб айтган (Луқо 23:43).

4. Ҳозирнинг ўзида қандай баракаларга эгамиз?

4 Ҳозирнинг ўзида меросимизнинг айрим қут-баракаларидан баҳраманд бўляпмиз. Масалан, «Исо Масиҳ берган тўловга» ишонч ҳосил қилганимиз боис, хотиржамликка ва Аллоҳ билан яқин муносабатларга эгамиз (Рим. 3:23–25). Худонинг Каломида қайд этилган ажойиб ваъдалар борасида аниқ тушунчамиз бор. Бундан ташқари, халқаро биродарликнинг бир қисми бўлиш, қувончимизга қувонч қўшмоқда. Яҳованинг Шоҳиди бўлиш эса улуғ бир шарафдир. Шубҳасизки, меросимиз учун миннатдор бўлишга кўп сабабларимиз бор.

5. Шайтон, Худонинг халқини йўлдан оздириш учун нима қиляпти ва унинг ҳийлаларига қарши туришга нима ёрдам беради?

5 Ажойиб меросимизни қўлдан бой бермаслик учун, Шайтоннинг ҳийлаларидан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Шайтон, Худонинг халқи нотўғри танлов қилиб, ўз меросидан маҳрум бўлиши учун йўлдан оздиришга уриняпти (Саҳ. 25:1–3, 9). Иблис куни битганини билиб, бизни ёмон йўлга оғдиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қиляпти (Ваҳий 12:12, 17 ни ўқинг). Агар «Иблиснинг ҳийла-найрангларига қарши туришни» хоҳласак, меросимизни доим қадрлашимиз керак (Эфес. 6:11). Бу борада, Исҳоқнинг ўғли Эсов меросга қандай муносабатда бўлганидан муҳим сабоқ олишимиз мумкин.

ЭСОВ КАБИ БЎЛМАНГ

6, 7. Эсов ким бўлган ва уни қандай мерос кутаётган эди?

6 Қарийб 4 000 йил илгари, Исҳоқ ва Ривқодан Эсов билан Ёқуб деган эгизак ака-ука дунёга келди. Бу эгизакларнинг феъл-атворию танлаган йўли бир-биридан жуда фарқ қиларди. «Эсов — дала-даштни яхши кўрадиган моҳир овчи, Ёқуб эса уйда ўтиришни ёқтирадиган, беозор одам бўлди» (Ибт. 25:27). Муқаддас Китоб таржимони Роберт Алтернинг айтишича, «беозор» деб таржима қилинган ибронийча сўз «бенуқсонлик ёки ҳатто беғуборликни англатади».

7 Эсов билан Ёқуб 15 ёшлигида уларнинг бобоси Иброҳим вафот этди. Аммо Яҳованинг Иброҳимга берган ваъдаси ўз кучини йўқотмади. Кейинчалик Яҳова, ҳамма халқларга Иброҳимнинг насли орқали барака бериши ҳақидаги ваъдасини Исҳоққа эслатди (Ибтидо 26:3–5 ни ўқинг). Ушбу ваъдага кўра, Ибтидо 3:15 даги садоқатли «зот» ёки зурриёт, яъни Масиҳ Иброҳимнинг наслидан келиб чиқиши керак эди. Исҳоқнинг тўнғич ўғли Эсов бу ваъдага алоқадор бўлишга ҳақли эди. Уни ажойиб бир мерос кутаётганди. Лекин Эсов унинг қадрига етдими?

Маънавий меросингизни хавф остига қўйманг

8, 9. а) Эсов ўз меросига нисбатан қандай танлов қабул қилди? б) Йиллар ўтиб, Эсов қилган танлови борасида нимани англаб етди ва ўзини қандай тутди?

8 Бир куни Эсов даладан қайтганида, Ёқуб «ясмиқ шавла пишираётганини» кўриб, шундай дейди: «Менга ана шу қизил овқатингдан бергин, ўлгудай қорним очди». Шунда Ёқуб: «Бўпти, лекин бунинг эвазига менга тўнғичлик ҳуқуқингни сот»,— деб айтади. Қизиқ, Эсов қандай йўл тутар экан? У: «Тўнғичлик  ҳуқуқимдан менга нима фойда?» — дейди. Ҳа, Эсов бир коса овқатни тўнғичлигидан устун қўяди! Эсов чиндан ҳам тўнғичлигини сотганлигига амин бўлиш учун Ёқуб унга: «Олдин менга қасам ич»,— деб айтади. Эсов ҳеч иккиланмай, тўнғичлигидан воз кечади. Шундан кейин «Ёқуб Эсовга нон билан ясмиқ шавла беради. Эсов еб-ичиб, ўрнидан туради-да, ўз ишлари билан чиқиб кетади. Шундай қилиб, Эсов ўзининг тўнғичлик ҳуқуқини менсимайди» (Ибт. 25:29–34).

9 Йиллар ўтиб, Исҳоқ ўлим тўшагида ётганида, Ривқо ўғли Ёқуб акасининг тўнғичлик ҳуқуқига тўлиқ эга бўлиши учун ҳаракат қила бошлади. Ниҳоят Эсов қанчалар аҳмоқона қарор қабул қилганини англаб, отаси Исҳоққа: «Мени ҳам дуо қилинг, отажон!.. Наҳотки менга биронта ҳам дуо қолдирмаган бўлсангиз?!» — дея ёлворади. Исҳоқ Ёқубга берган дуосини ўзгартира олмаслигини айтганида, Эсов «дод солиб йиғлай бошлайди» (Ибт. 27:30–38).

10. Аллоҳ Эсов билан Ёқуб тўғрисида қандай фикрда бўлган ва нега?

10 Эсовнинг кўрсатган муносабатидан қандай сабоқ олсак бўлади? У мероси келтирадиган қут-баракалардан кўра, жисмоний эҳтиёжларини қондиришни устун қўйган. Эсов тўнғичлик ҳуқуқини қадрламаган ва чинакамига Худони севмаган. Бундан ташқари, Эсов тутган йўли авлодига таъсир қилишини инобатга олмаган. Ёқуб бўлса, меросини жуда қадрлаган. Мисол учун, умр йўлдош танлашда ота-онасининг йўл-йўриғига қулоқ солган (Ибт. 27:46–28:3). Сабр-тоқат ва фидойилик талаб этадиган бундай қарорни қабул қилгани учун Яҳова унга Ўз баракасини ёғдирган ва натижада Масиҳ унинг наслидан келиб чиққан. Аллоҳ Эсов билан Ёқуб тўғрисида қандай фикрда бўлган? Яҳова: «Мен Ёқубни яхши кўриб, Эсовдан нафратландим»,— деб айтган (Мал. 1:2, 3).

11. а) Эсов тўғрисидаги ҳикоядан қандай фойда олсак бўлади? б) Нега Павлус Эсовнинг қилмишини тилга олганда, зино ҳақида ҳам айтиб ўтган?

11 Эсов тўғрисидаги ҳикоядан қандай фойда олсак бўлади? Ҳаворий Павлус, масиҳийларнинг орасида «бирорта зинокор ҳам, битта овқатни деб ўзининг тўнғичлигини сотган Эсов каби муқаддас нарсаларни қадрламайдиган ҳам бўлмасин», дея огоҳлантирган (Иброн. 12:16). Бу сўзлар ҳозирги вақтга ҳам тегишли. Васвасаларга берилиб, маънавий меросимизни йўқотмаслик учун, доим муқаддас нарсаларни қадрлашимиз керак. Нега Павлус Эсовнинг қилмишини тилга олганда, зино ҳақида ҳам айтиб ўтган? Боиси, агар биз ҳам Эсов сингари йўл тутиб, тана истакларимизни устун қўйсак, зино каби гуноҳга  қўл уриб, меросимиздан маҳрум бўлишимиз ҳеч гап эмас.

ҚАЛБИНГИЗНИ ҲОЗИР ТАЙЁРЛАНГ

12. а) Қай йўсин Шайтон бизни йўлдан оздирмоқчи бўлади? б) Васвасага дуч келганимизда, Муқаддас Китобдаги қайси мисоллар бизга ёрдам беради?

12 Яҳованинг хизматчилари сифатида биз, ахлоқсизликка олиб борадиган вазиятлардан қочишга ҳаракат қилишимиз керак. Кимдир бизни йўлдан урмоқчи бўлганда, васвасага қарши туриш учун Яҳовага ибодат қилишимиз даркор (Мат. 6:13). Ушбу булғанган дунёда бенуқсонликни сақлашга уринганимиз сайин, Шайтон маънавийлигимизни синдиришга ҳаракат қилади (Эфес. 6:12). Шайтон ушбу ёвуз дунёнинг худоси бўлгани сабаб, инсонлар тана истакларига берилишлари учун васвасаларни қандай қўллашни билади (1 Кор. 10:8, 13). Масалан, муайян истагингизни ахлоқсиз йўл билан қондириш мумкин бўлган вазиятга дуч келдингиз, дейлик. Шунда нима қиласиз? Васвасага дарров берилган Эсов каби йўл тутасизми? Ёки Пўтифарнинг хотини йўлдан оздирмоқчи бўлганда қочиб кетган Юсуф сингари, васвасага қарши турасизми? (Ибтидо 39:10–12 ни ўқинг).

13. а) Бугун қандай қилиб кўплар Юсуф сингари, айримлар эса Эсов каби йўл тутмоқда? б) Эсов каби йўл тутганларнинг мисоллари, нима қилиш ўта муҳимлигини кўрсатяпти?

13 Кўп биродару опа-сингилларимиз, Эсов каби ёки Юсуф сингари йўл тутишни танлайдиган вазиятларга дуч келишган. Улардан аксарияти доно қарор чиқариб, Яҳованинг қалбини қувонтиришган (Ҳик. 27:11). Аммо айримлари васвасага йўлиққанда Эсов каби йўл тутиб, маънавий меросларини хавф остига қўйишади. Оқибатда, ҳар йили кўплар жинсий ахлоқсизлик туфайли жамоатдан четлатилади. Шундай экан, бенуқсонлигимиз синаладиган вазиятлар юзага келмай туриб, ҳозирнинг ўзида қалбимизни тайёрлашимиз ўта муҳим (Заб. 77:8). Келинг, васвасаларга қарши туриш ва доно қарорлар чиқаришга ёрдам берадиган иккита омилни кўриб чиқайлик.

ЎЙЛАНГ ВА ТАЙЁРЛАНИНГ

Аллоҳнинг Каломини тадқиқ қилиш, васвасага қарши туришга кўмаклашади

14. Қайси саволлар устидан мулоҳаза юритиш, «ёмонликдан жирканиб, яхшиликка ёпишиб олишга» ёрдам беради?

14 Биринчи омил, гуноҳ ишнинг оқибатлари тўғрисида ўйлашдан иборат. Яҳовани қанчалик чуқур севсак, шунчалик маънавий меросимизни қадрлаймиз. Агар биз бирон кимни яхши кўрсак, унга ёмонликни раво кўрмаймиз. Аксинча, унга ёқишга ҳаракат қиламиз. Шундай экан, гуноҳ ишнинг оқибатлари тўғрисида ўйлашга вақт ажратишимиз, яъни агар васвасага берилсак, ўзимизга ва бошқаларга зиён етказишимиз мумкинлиги ҳақида фикрлашимиз лозим. Ўзимизга шундай саволлар берсак бўлади: «Худбинларча қилган ишим, Яҳова билан муносабатларимга қандай таъсир қилади? Оиламга ва имондошларимга-чи? Қилган гуноҳим бошқаларни қоқинтирмайдими?» (Филип. 1:10). Шунингдек, қуйидаги саволлар устидан ўйлаб кўрсак бўлади: «Бир неча лаҳзали ноўрин ҳузур-ҳаловат, кейин руҳан азоб чекишимга арзийдими? Нима қилиб қўйганини англаб етгач, дод солиб йиғлаган Эсов каби бўлишни истайманми?» (Иброн. 12:17). Бундай саволлар устидан мулоҳаза юритиш, «ёмонликдан жирканиб, яхшиликка ёпишиб олишга» ёрдам беради (Рим. 12:9). Яҳовага бўлган чинакам севгигина меросимизни жон-жаҳдимиз билан ҳимоялашга ундайди (Заб. 72:28).

15. Васвасаларга қарши туриш ва Яҳова билан муносабатларимизни ҳимоялашга нима кўмаклашади?

15 Иккинчи омил, ўзимизни васвасага қарши туришга тайёрлашдан иборат.  Яҳова, ўзимизни васвасаларга қарши туришга тайёрлаш ва У билан бўлган муносабатларимизни ҳимоялашда асқатадиган кўп нарсаларни тақдим этмоқда. Бунга, Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш, йиғилишларга қатнаш, ваъз қилиш ва ибодат киради (1 Кор. 15:58). Ҳар доим Яҳовага қалбимиздагини тўкиб солиш ҳамда ваъзгўйликда мунтазам қатнашиш орқали, ўзимизни васвасага қарши туришга тайёрлаймиз (1 Тимўтийга 6:12, 19 ни ўқинг). Бундай тайёргарлик, тиришқоқликни талаб этади (Галат. 6:7). Бу, Ҳикматлар китобининг иккинчи бобида муҳокама қилинган.

УНИ ИЗЛАНГ

16, 17. Доно қарорлар чиқаришимизга нима ёрдам беради?

16 Ҳикматлар китобнинг 2- боби, донолик ва фикрлаш қобилиятига эга бўлишга рағбатлантиради. Бу фазилатлар, яхшиликни ёмонликдан ажратишга ҳамда хоҳиш-истакларимизни нотўғри йўл билан қондириш ўрнига, уларни назорат қилишга ёрдам беради. Зўр бериб ҳаракат қилсаккина, бунга эриша оламиз. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ўғлим, насиҳатларимни қабул қилиб, амрларимни юрагингда сақласанг, доноликка қулоқ солиб, қалбингни фаҳм-идрокка очсанг, фаросатга ташна, идрокка чанқоқ бўлсанг, уни кумуш излагандай изласанг, яширин хазина қидиргандай қидирсанг, Эгамиздан қўрқиш нималигини тушунасан, Худо кимлигини биласан. Чунки доноликни Эгамиз беради, билим ва идрок Унинг оғзидан чиқади» (Ҳик. 2:1–6).

17 Дарҳақиқат, ушбу оятлардаги сўзларга амал қилсаккина, доно қарорлар чиқара оламиз. Агар Яҳова бизнинг ички дунёмизни ўзгартиришига йўл қўйсак, агар Ундан йўл-йўриқ сўраб ибодат қилсак ва агар Унинг билимларини яширин хазинани қидиргандай изласак, васвасаларга қарши тура оламиз.

18. Нима қилишни давом эттиришингиз керак ва нега?

18 Билим, фаҳм-идрок, фаросат ҳамда доноликнинг манбаи бўлмиш Эгамиз Яҳова, бу фазилатларни излаганларга беради. Уларни қўллаганимиз сайин, Тангри Яҳовага янада яқинлашамиз. Бу ўз навбатида, васвасаларга дуч келганимизда бизни ҳимоялайди. Яҳовага яқинлашиш ва Уни ранжитиб қўйишдан қўрқиш, ёмон ишларга қўл уришдан бизни асрайди (Заб. 24:14; Ёқб. 4:8). Яҳова билан дўстлигимиз ва донолик, Унинг қалбини қувонтирадиган ҳамда меросимизни ҳимоялайдиган тўғри қарорлар чиқаришимизга ёрдам беради.