Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Хушхабарни ваъз этиш хизматини тўлиқ бажаринг

Хушхабарни ваъз этиш хизматини тўлиқ бажаринг

Хушхабарни ваъз этиш билан машғул бўл, хизматингни тўла адо эт. 2 ТИМ. 4:5

1. Нега Яҳовани энг биринчи ва асосий хушхабар Воизи деса бўлади?

ЯҲОВАНИ энг биринчи ва асосий хушхабар Воизи деса бўлади. Илк ота-онамиз Унга итоат қилмай қўйишганидан кўп ўтмай, У илонни, яъни Иблис Шайтонни йўқ қилиши тўғрисида хушхабар айтган (Ибт. 3:15). Асрлар оша, Яҳова қай тарзда Ўз исмини оқлаши, Шайтон етказган зарарни бартараф этиши ва инсоният Одамато билан Момоҳаво қўлдан бой берган имкониятларга эга бўлиши ҳақида тафсилотларни ёзиб олишга садоқатли кишиларни илҳомлантирган.

2. а) Хушхабарни ваъз этиш ишига фаришталар қандай ҳисса қўшишмоқда? б) Исо одамларга қанақа ўрнак кўрсатган?

2 Фаришталар ҳам хушхабар воизларидир. Улар хушхабарни ўзлари эълон қилибгина қолмай, бу ишда бошқаларга ҳам кўмаклашишади (Луқо 1:19; 2:10; Ҳавор. 8:26, 27, 35; Ваҳ. 14:6). Бош фаришта Микоил ҳақида ҳам шундай деса бўладими? У ер юзига инсон қиёфасида келиб, Исо деб танилган ва хушхабарни ваъз этишда одамларга ўрнак кўрсатган. Нима учун Исо бутун умрини хушхабарни ваъз қилишга бағишлаган? (Луқо 4:16–21).

3. а) Биз одамларга қанақа хушхабарни айтяпмиз? б) Хушхабар воизлари сифатида бизни қайси саволлар қизиқтиради?

3 Исо шогирдларига хушхабарни ваъз қилишни буюрган (Мат. 28:19, 20; Ҳавор. 1:8). Ҳаворий Павлус, Тимўтий исмли ҳамкорини: «Хушхабарни ваъз этиш билан машғул бўл, хизматингни тўла адо эт»,— деб рағбатлантирган эди (2 Тим. 4:5). Биз Исонинг издошлари сифатида, одамларга қанақа хушхабарни айтишимиз керак? Самовий Отамиз Яҳова бизни севиши ҳақидаги тасалли бахш этувчи ҳақиқатни (Юҳан. 3:16; 1 Бутр. 5:7). Тангри Яҳова Ўз севгисини, Шоҳлиги орқали намоён этмоқда. Шундай экан, кимки Шоҳлик бошқарувига бўйсунса ва Худога итоат этиб, одил ишларни қилса, У билан дўстона муносабатга эга бўлиши мумкин. Биз бу қувончли хабарни ҳаммага айтиб юрамиз (Заб. 14:1, 2). Гап шундаки, Яҳова барча ноҳақ азобларга чек қўйишни ният  қилган. У ҳатто ўтмишдаги азоблардан қолган аламли хотираларни ҳам ўчириб ташлайди. Бу қандай қувончли хабар-а! (Ишаё 65:17). Биз хушхабар воизлари эканмиз, қуйидаги иккита муҳим саволга жавоб топишимиз керак: «Нима учун бугунги кунда одамлар хушхабарни эшитишлари зарур? Самарали воиз бўлиш учун нима қилишимиз керак?»

НИМА УЧУН ОДАМЛАР ХУШХАБАРНИ ЭШИТИШИ ЗАРУР?

Пухта ўйланган саволлар инсонни нега у ёки бунга ишониши ҳақида ўйлашга чорлайди

4. Одамлар баъзан Худо тўғрисида қандай ёлғон сўзлар гапиришади?

4 Фараз қилинг, кимдир отангиз сизни ва бутун оилангизни ташлаб кетгани ҳақида хабар берди. Эҳтимол, отангизни танийман, деган кишилар, у бепарво, ҳеч кимга сир бой бермайдиган, золим инсон, дейишади. Баъзилар эса ҳатто, отангиз билан бошқа алоқа қила олмайсиз, чунки у ўлган, деб сизни ишонтиришади. Аслини олганда, кўплар Худо тўғрисида шунга ўхшаш гапларни айтишади. Улар, Худо сирли, Уни яқиндан таниб-билиш имконсиз, ёки У шафқатсиз, деб ўргатишади. Мисол учун, айрим дин раҳбарлари, Худо одамларни абадий азобларга гирифтор қилади, дейишади. Бошқалар, табиий офатлар келтирган кулфатларни Худо юборди, деб айтишади. Гарчи бундай бахтсиз воқеаларда яхши ва ёмон одамлар бирдек нобуд бўлса ҳам, уларни Худо жазолади, дейишади.

Саволлар одамнинг қалбини хушхабар учун очиб беради

5, 6. Эволюция назарияси ҳамда сохта таълимотлар одамларга қандай таъсир кўрсатди?

5 Худо йўқ, дейдиганлар ҳам бор. Масалан, эволюция назариясини олайлик. Бу таълимотнинг тарафдорлари, ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлган, деб таъкидлашади. Уларнинг айтишича, ҳеч қандай Яратувчи йўқ эмиш. Айримлар, ҳатто инсон ҳайвоннинг бир тури, ва агар у ўзини ҳайвондек тутса, бунинг ажабланарли жойи йўқ, дейишади. Кучлилар заифларни шафқатсизларча енгса, улар буни шунчаки табиат қонуни, деб аташади. Шунинг учун ҳам кўпчилик, адолатсизлик ҳамиша бўлади, деб ишониши ажабланарли эмас. Дарҳақиқат, эволюция назариясига ишонувчиларнинг келажакка умиди йўқ.

6 Эволюция назарияси ва сохта таълимотлар, ушбу охирзамонда одамларнинг бошига тушаётган бахтсизликларнинг сабабларидан биридир, десак адашмаймиз (Рим. 1:28–31; 2 Тим. 3:1–5). Инсонлар ўйлаб чиқарган бу таълимотларни сира ҳам хушхабар деб бўлмайди. Аксинча, ҳаворий Павлус таъкидлаганидек, уларнинг дастидан одамлар «ақлан зулматда бўлиб... Худодан келиб чиқаётган ҳаётдан йироқлашганлар» (Эфес. 4:17–19). Боз устига, эволюция назарияси ва сохта таълимотлар, одамларга Худодан келган хушхабарни қабул қилишга халақит бермоқда (Эфесликларга 2:11–13 ни ўқинг).

Саволлар фикр юритиб, тўғри хулоса чиқаришга ёрдам беради

7, 8. Хушхабарни тўлиқ англаб етишнинг бирдан-бир йўли қанақа?

7 Инсонларни Худо билан яраштиришни истасак, олдин уларни Яҳованинг мавжудлигига ва Унга яқинлашиш учун жиддий сабаблар борлигига ишонтиришимиз лозим. Биз уларга Худонинг ижодларини ўрганиб чиқиш орқали У ҳақда билим олишга ёрдам беришимиз мумкин. Улар Худонинг ижодларини холисона ўрганиб чиқишса, Унинг донолиги ва қудратини кўришади (Рим. 1:19, 20). Одамларга Парвардигор олдида эҳтиром ҳиссига эга бўлишга ва Унинг қандай ишларни амалга оширгани ҳақида фикр юритишга кўмаклашиш учун, «Ҳаёт яратилганми?» ҳамда «Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» номли рус тилидаги рисолалардан фойдалансак бўлади. Аммо, Худонинг ижодларини ўрганиб чиққандан кейин ҳам, одам: «Нима сабабдан Худо азоб-уқубатларга йўл қўймоқда? Худонинг ер учун нияти қанақа? Худо шахсан менга ғамхўрлик қиладими?» — деган муҳим саволларга жавоб топа олмаганидан ташвишга тушиши мумкин.

8 Худо ва Унинг ниятлари ҳақидаги хушхабарни тўлиқ англаб етишнинг бирдан-бир йўли, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишдир. Одамларни қизиқтирган саволларга жавоб топиб бериш қандай шараф-а! Лекин, тингловчиларимизнинг қалбига йўл топиш учун  уларга бу далилларни келтиришнинг ўзи етарли эмас; биз уларни ишонтира олишимиз лозим (2 Тим. 3:14). Бу мақсадга эришиш учун Исодан ўрнак олишимиз даркор. У нима туфайли бу соҳада муваффақиятли бўлган? Сабабларидан бири, у саволлардан моҳирона фойдаланарди. Биз унга қандай тақлид қилишимиз мумкин?

САМАРАЛИ ВОИЗЛАР САВОЛЛАРДАН МОҲИРОНА ФОЙДАЛАШИНАДИ

9. Одамларга маънан ёрдам бергимиз келса, нима қилишимиз керак?

9 Хушхабарни ваъз этаётиб, нега Исо каби саволлардан фойдаланишимиз зарур? Мана бу вазиятни тасаввур қилинг: шифокорингиз сизга бир хушхабар айтмоқчи. У сизни даволай олар экан, фақат бунинг учун жиддий операцияни бошдан кечиришингиз керак бўлади. Балки сиз унга ишонарсиз. Аммо, у соғлигингиз ҳақида ҳеч нима сўрамай туриб, буни ваъда қилган бўлса-чи? Бундай шифокорга ишонишингиз амримаҳол. Шифокор қанчалик малакали бўлмасин, сизга амалий ёрдам кўрсата олиши учун, аввал у касаллигингизнинг белгилари ҳақида саволлар бериб, сизни тинглаши керак. Шунга ўхшаб, агар биз одамларга Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни қабул қилишга ёрдам бергимиз келса, пухта ўйланган саволлар беришга уста бўлишимиз керак. Уларнинг маънавий аҳволини аниқ тушуниб етгандан кейингина, биз уларга кўмаклаша оламиз.

Тингловчиларимизнинг қалбига йўл топиш учун уларни ишонтира олишимиз лозим

10, 11. Исонинг таълим бериш усулларига тақлид қилиб, қандай мақсадларга эришамиз?

10 Пухта ўйланган саволлар устозга шогирди ҳақида маълумот олишга ёрдам берибгина қолмай, балки тингловчини суҳбатга чорлашини Исо билар эди. Мисол учун, Исо шогирдларини камтарин бўлишга ўргатмоқчи бўлиб, уларга ўйлантириб қўядиган саволлар берган (Марк 9:33). Бутрусни принциплар асосида фикр юритишга ўргатмоқчи бўлганда, Исо унга саволлар бериб, жавобларининг бир нечта вариантини ҳам таклиф этган (Мат. 17:24–26). Бошқа вазиятда, шогирдларининг қалбидаги кечинмаларни юзага чиқармоқчи бўлганда, Исо уларнинг нуқтаи назарини аён қиладиган саволлар берган (Матто 16:13–17 ни ўқинг). Исо саволлар берганда ва бирор нарса гапирганда, шунчаки далиллар келтирмаган. У одамларнинг қалбини ром этиб, уларни хушхабарни қабул қилишга ундаган.

11 Биз Исо сингари саволлардан моҳирона фойдаланиб, камида учта мақсадга эришамиз. Одамларга қандай ёрдам бера олишимизни яхшироқ тушунамиз, гапимиз бўлиниб қолишининг олдини оламиз ва камтарин кишиларга, улар қандай фойда олиши мумкинлигини ўргатамиз. Ҳозир эса учта вазиятни кўриб чиқиб, саволлардан қандай қилиб самарали фойдаланишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

12–14. Фарзандингиз ваъзгўйликда ўзини дадил ҳис қилишига қандай кўмаклаша оласиз? Мисол келтиринг.

12 Биринчи вазият. Фараз қилинг, ўсмир фарзандингиз ўқишдан келиб, сизга мактабда бўлиб ўтганларни айтиб беряпти. Синфдошлари ўликларнинг ҳолати ва гуноҳкорларнинг дўзахда азоб чекиши ҳақида ўзаро суҳбатлашаётганда, у уларга хушхабар айтмоқчи бўлибди-ю, аммо ҳеч нарса дея олмабди. Хўш, сиз болангизга қандай ёрдам беришингиз мумкин? Унга таъна қилишнинг ёки дарҳол маслаҳат беришнинг ўрнига, Исога тақлид қилиб, нуқтаи назарини аён қиладиган саволлар берсангиз яхши бўларди.

13 Масалан, фарзандингиз билан «Таълимотлар» * китобининг 6- бобини ўқиб  чиқишингиз мумкин. Кейин ундан: «Нима деб ўйлайсан, бу бобдаги қайси фикр, ўликлар дўзахда азоб чекмаслигини тасдиқлаяпти?» — деб сўранг. Уни, ўз фикрини бемалол ифодалашга унданг, яъни у нега айнан шу фикр тўғрилигини айтсин (Рим. 12:2). Болангиз, унинг фикри сизникидан фарқ қилиши мумкинлигини тушуниб етсин.

14 Болангизга, синфдоши билан суҳбатлашаётганда сиз кўрсатган усулни қўллаши мумкинлигини тушунтиринг. Яъни, у синфдошига мисол келтириб, унинг нуқтаи назарини аён қиладиган савол берса бўлади. Масалан, «Таълимотлар» китобидаги ўша бобнинг 17- хатбошида келтирилган маълумотдан фойдаланиб, у синфдошидан: «Қайси бир ота, итоатсиз боласини жазолаш учун унинг қўлини олов устида тутиб туради?» — деб сўраши мумкин. Синфдошининг жавобини тинглагандан сўнг, у шундай деса бўлади: «Инсон ўз фарзандига бундай жазони раво кўрмас экан, демак Худо ҳам Ўзи яратган бандаларни абадий оловда қийнамаслиги аниқ». Болангиз бошқалар билан бемалол суҳбатлашишини хоҳласангиз, бундай вазиятларни у билан тез-тез машқ қилиб туринг. Агар фарзандингизга саволлардан фойдаланишни ўргатсангиз, унга воизлик ишини тўлиқ бажаришга кўмаклашган бўласиз.

15. Атеистларга ёрдам бериш учун саволлардан қандай фойдалансак бўлади?

15 Иккинчи вазият. Хушхабар айтиб юрганимизда, Худо борлигидан шубҳаланадиган инсонларни учратиб турамиз. Масалан, одам ўзини атеист дер. Шу билан суҳбат ниҳоясига етишига йўл қўйишдан кўра, ҳурмат ила ундан, қачондан бери ва нима сабабдан атеист бўлганини сўранг. Жавобини тинглаб ва масалага жиддий қарагани учун мақтаб, ундан, ҳаётнинг яратилганини исботловчи далилларни кўриб чиқишга қарши ёки қарши эмаслигини сўрашимиз мумкин. Агар уй эгаси холис инсон бўлса, бундай далилларни кўриб чиқишни рад этиш оқилона эмаслигини айтади. Шунда биз унга «Ҳаёт яратилганми?»  ҳамда «Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол» номли рус тилидаги рисолаларни тақдим этсак бўлади. Хушмуомалалик ила берилган савол калит сингари, инсоннинг қалбини хушхабар учун очиб бериши мумкин.

16. Нега Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган киши адабиётда чоп этилган жавобни ўқиб беришига йўл қўймаслигимиз керак?

16 Учинчи вазият. Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётганимизда, ўрганаётган киши адабиётда чоп этилган жавобларни ўқиб беришига йўл қўйишимиз мумкин. Агар шундай қилаверсак, биз унинг маънан ўсишига халал берамиз. Нега дейсизми? Чунки чоп этилган жавобларни ўйламай ўқиб берадиган киши, маънавий жиҳатдан чуқур илдиз отиши амримаҳол. Қувғинга дуч келганда, у жазирама офтобда қуриган ўсимлик каби, маънан нобуд бўлиши ҳеч гап эмас (Мат. 13:20, 21). Бундай оқибатнинг олдини олишни хоҳласак, тадқиқ қилаётган кишидан, ўрганаётган маълумот ҳақида у қандай фикрда эканини сўрашимиз керак. Таъкидлаб ўтилган фикрга қўшиладими ёки йўқми, шуни аниқлаб олишга ҳаракат қилинг. Энг муҳими эса, нима сабабдан бу фикрга қўшилиши ёки қўшилмаслигини айтишга унданг. Кейин, Муқаддас Китоб асосида фикр юритиб, ўзи учун тўғри хулоса чиқаришига ёрдам беринг (Иброн. 5:14). Саволлардан моҳирона фойдалансак, биздан таълим олган кишилар имонда чуқур илдиз отиб, кимдир уларга қарши чиқса ёки йўлдан уришга ҳаракат қилса, тузоққа тушиб қолмайди (Колос. 2:6–8). Ваъзгўйлик ишини тўлиқ бажара олиш учун яна нима қилсак бўлади?

САМАРАЛИ ВОИЗЛАР БИР-БИРИГА ЁРДАМ БЕРИШАДИ

17, 18. Бирон имондош билан хизматга чиққанингизда, у билан қандай ҳамкорлик қилишингиз мумкин?

17 Исо шогирдларини ваъзгўйликка иккита-иккита қилиб юборган (Марк 6:7; Луқо 10:1). Кейинчалик ҳаворий Павлус, хушхабар учун «елкама-елка туриб кураш олиб борган» ҳамкорлари ҳақида ёзган (Филип. 4:3). Муқаддас Китобда ёзилган ушбу мисолга асосланиб, Шоҳлик воизлари 1953- йилда бошқаларни хизматга тайёрлаш учун махсус таълим дастурини уюштиришган.

18 Бирон имондош билан хизматга чиққанингизда, у билан қандай ҳамкорлик қилишингиз мумкин? (1 Коринфликларга 3:6–9 ни ўқинг). Ҳамкорингиз келтирган оятни қўлингиздаги Муқаддас Китобдан очиб кузатинг. Шеригингиз уй эгаси билан суҳбатлашаётганда, икковини ҳам диққат билан тингланг. Муҳокама қилинаётган мавзуни яхши тушунишга ҳаракат қилсангиз, эътироз билдирилганда, ҳамкорингизга ёрдам бера оласиз (Воиз 4:12). Лекин битта нарсадан эҳтиёт бўлинг: шеригингиз моҳирлик ила фикр юритаётганда, унинг гапини бўлманг. Бундай пайтда ўринсиз ғайрат кўрсатсангиз, ҳамкорингизнинг кўнглини оғритиб, уй эгасини ҳам довдиратиб қўйишингиз мумкин. Балки вақти-вақти билан муҳокамага қўшилсангиз ўринли бўлар. Аммо бирор нарса демоқчи бўлсангиз, қисқача бир-икки оғиз сўз айтиш билан кифояланинг. Сўнгра, шеригингиз суҳбатини давом этишига қўйиб беринг.

19. Нимани унутмасак яхши бўларди ва нега?

19 Шеригингиз билан уйма-уй хизмат қилиб юрганда, бир-бирингизни қандай қилиб қўллаб-қувватлашингиз мумкин? Тайёрлаган муқаддимангизни татбиқ этишнинг усулларини у билан муҳокама қилсангиз бўладими? Ҳудудингизда яшовчи одамлар ҳақида салбий фикр юритишдан эҳтиёт бўлинг. Шунингдек, доим бошқа ваъзгўйларнинг нуқсонларига эътибор қаратишдан ҳам четланинг (Ҳик. 18:24). Биз лойдан ясалган идишлар эканимизни унутмасак яхши бўларди. Яҳова бизга гўё хазинадек қимматбаҳо бўлмиш хушхабарни ваъз қилиш хизматини ишониб топшириб, катта иноят кўрсатган (2 Коринфликларга 4:1, 7 ни ўқинг). Шундай экан, келинглар, ҳаммамиз воизлик ишини тўлиқ бажаришга жон куйдириб, ушбу хазинани қадрлаётганимизни кўрсатайлик.

^ 13- х.б. «Оташли дўзах Худонинг қаримтасими?» номли букламадан ҳам фойдалансангиз бўлади.