Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Оқсоқоллар — «толиққан жонга» ором берасизларми?

Оқсоқоллар — «толиққан жонга» ором берасизларми?

Ёши 30ларда бўлган, турмушга чиқмаган синглимиз Фарида * сал ҳаяжонланяпти. У оқсоқолларни кутиб ўтирибди. Улар у билан нима ҳақда гаплашишмоқчи? Ҳа, у бир неча марта йиғилишларга бормаган. Аммо у кун бўйи ишлаб — қарияларга ғамхўрлик қилавериб, ҳолдан тойган. Бу ҳам етмагандек, у онасининг соғлик муаммолари дастидан жуда қайғуда.

Агар сиз Фариданикига ташриф буюрганингизда, бу «толиққан жонга» қандай далда берардингиз? (Ерм. 31:25). Авваламбор, далдали ташрифга қандай тайёргарлик кўрардингиз?

ИМОНДОШЛАРИНГИЗНИНГ ШАРОИТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАНГ

Баъзан дунёвий ишдан ёки жамоатдаги масъулиятдан ҳаммамиз толиқамиз. Масалан, Дониёр пайғамбар ҳам кўрган ваҳийнинг маъносини тушунмай, «тоби қочиб» қолган (Дон. 8:27). Ўшанда Жаброил фаришта келиб, унга мадад берган. У Дониёрга ваҳийнинг маъносини тушунтириб, Яҳова унинг ибодатларини эшитганига ва уни Ўзининг «суюкли бандаси» деб ҳисоблаётганига ишонтирган (Дон. 9:21–23). Кейинчалик, бошқа бир фаришта пухта танланган сўзлари билан ҳолдан тойган пайғамбарни қўллаб-қувватлаган (Дон. 10:19).

Далдали ташриф қилишдан олдин, имондошингизнинг вазияти ҳақида ўйлаб кўринг

Шунга ўхшаб, сиз ҳам толиққан ёки тушкунликка тушган имондошингизникига ташриф буюришдан олдин, унинг шароити ҳақида ўйлашга вақт ажратинг. У қанақа муаммоларга дуч келган? Бу муаммолар уни қай йўсин ҳолдан тойдирган бўлиши мумкин? Унинг қандай фазилатлари бор? «Менинг фикр-хаёлим имондошимни мустаҳкамлаш билан банд  бўлади»,— дейди 20 йилдан кўп оқсоқол бўлиб хизмат қилган Давлат. «Ташриф буюришдан олдин уларнинг шароити ҳақида ўйлаш, уларнинг муайян эҳтиёжларига яраша далда бериш йўлларини топишга ёрдам беради»,— деб қўшиб қўйди у. Агар бошқа оқсоқол билан ташрифга борадиган бўлсангиз, биргалашиб имондошингизнинг вазиятини кўриб чиқсангиз айни муддао бўларди.

ИМОНДОШЛАРИНГИЗ ЎЗИНИ ЭРКИН ҲИС ҚИЛСИН

Шахсий ҳис-туйғуларни бировга айтиш осон эмаслигини ўзингиз ҳам биларсиз. Мисол учун, имондошингиз уникига келган оқсоқолларга юрагини очгиси келмас. Шунда сиз унинг юрагидаги музни қандай эрита оласиз? Самимий табассум билан кўнгилни кўтарадиган сўзлар яхши самара бериши мумкин. 40 йилдан кўп оқсоқол бўлиб хизмат қилган Маъруф кўпинча ташрифини шундай сўзлар билан бошлайди: «Биласизми, оқсоқол учун имондошларининг уйига бориб, улар билан яқинроқ танишиш катта шараф. Шу сабабли, бугунги ташрифни мен сабрсизлик билан кутганман».

Сиз эса балки ташрифингизнинг бошида чин юракдан ибодат қиларсиз. Ҳаворий Павлус ибодатида имондошларининг имони, севгиси ва сабр-бардошини алоҳида таъкидлаб ўтган (1 Салон. 1:2, 3). Ибодатда имондошингизнинг гўзал фазилатларини қадрлаётганингизни айтиб, ўзингизнинг ҳам, унинг ҳам юрагини мазмунли суҳбатга тайёрлайсиз. Сизнинг сўзларингиз унинг юрагига малҳамдай бўлади. «Баъзида ҳаммамиз бировга яхшилик қилганимизни унутиб юборамиз,— дейди Салим исмли тажрибали оқсоқол.— Кимдир буни бизга эслатганда эса, кўнглимиз тоғдай кўтарилади».

ХУДО АТО ЭТГАН ИНЪОМ БИЛАН БЎЛИШИНГ

Павлус каби, сиз ҳам Муқаддас Китобдан битта бўлса-да оят келтириб, «Худо ато этган инъом» билан бўлишсангиз яхши бўлади (Рим. 1:11). Масалан, тушкунликка тушган имондошимиз ўзини «тутунда қорайиб, бужмайган меш» билан таққослаган  сано ижодкори сингари кераксиздек ҳис қилаётган бўлиши мумкин (Заб. 118:83, 176). Ушбу иборани қисқача тушунтириб берганингиздан кейин, у Худонинг фармонларини «унутмаганига» амин эканингизни айтсангиз бўлади.

Худди шундай, йўқолган кумуш танга ҳақидаги масал, жамоатдан узоқлашиб қолган ёки маънан сусайган синглимизнинг руҳини кўтариши мумкин (Луқо 15:8–10). Эҳтимол, ўша йўқолган танга, кўпгина кумуш тангачалардан иборат қимматбаҳо мунчоқнинг бир қисми бўлгандир. Ушбу масални муҳокама қилиб, сиз синглимизга у масиҳийлар жамоатининг қимматбаҳо аъзоси эканини кўришга ёрдам беришингиз мумкин. Муҳокама қилаётганингизда, Яҳова у каби қўзичоқлари учун нақадар қайғуришини алоҳида таъкидлаб ўтсангиз бўлади.

Имондошларимиз кўпинча Муқаддас Китобдан билиб олган фикрлари билан бўлишишни яхши кўришади. Шунинг учун нуқул ўзингиз гапиравеманг! Уларнинг вазиятига тегишли оятни ўқиганингиздан сўнг, муайян сўзни ёки иборани ажратиб, уни шарҳлаб беришини илтимос қилинг. Мисол учун, 2 Коринфликларга 4:16 ни ўқигач, ундан: «Яҳова сизни янгилаганини ўзингизда ҳис қилганмисиз»,— деб сўрасангиз бўлади. Бу эса, ўзаро далда олишингизга катта ҳисса қўшиши мумкин (Рим. 1:12).

Бундан ташқари, ўша имондошингиз каби бир хил вазиятга тушган Муқаддас Китобдаги кишилардан бири ҳақида суҳбатлашсангиз бўлади. Руҳан эзилган имондошингиз ўзини Ханна ёки Эпафродит каби ҳис қилиши мумкин. Улар иккови ҳам баъзида тушкунликка тушган бўлишса-да, Худонинг кўзида қадрини йўқотишмаган (1 Шоҳ. 1:9–11, 20; Филип. 2:25–30). Агар вазиятга тўғри келса, Муқаддас Китобдан яна бошқа яхши мисолларни келтирсангиз ҳам бўлади.

ҚИЗИҚИШ КЎРСАТИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

Ташрифдан сўнг ҳам имондошларингизга самимий қизиқиш кўрсатаверсангиз, уларга бефарқ эмаслигингизни билдирасиз (Ҳавор. 15:36). Ташрифингиз якунида, биргаликда хизмат қилишга келишиб олсангиз яхши самара беради. Бахтиёр исмли тажрибали бир оқсоқол, ўзи ташриф буюрган имондошини яна учратганда, эҳтиёткорлик билан ундан: «Айтингчи, бу сиз учун фойдали бўлдими?» — деб сўраб қўяр экан. Сиз ҳам шу каби шахсий қизиқиш кўрсатсангиз, инсоннинг яна қандай ёрдамга муҳтож эканини аниқлай оласиз.

Ака-укаю опа-сингилларимиз, ҳозир кимдир уларни тушунишига ва ғамхўрлик қилиб, севишига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ муҳтожлар (1 Салон. 5:11). Шундай экан, далдали ташрифга боришдан олдин, имондошингизнинг вазияти ҳақида ўйлашга вақт ажратинг. Буни ибодатларингизда ҳам айтинг. Мос келадиган оятни топиб қўйинг. Шунда сиз «толиққан жонга» ором бериш учун тўғри сўзларни танлай оласиз!

^ 2- х.б. Исмлар ўзгартирилган.