Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳеч қачон Яҳовадан жаҳлингиз чиқмасин!

Ҳеч қачон Яҳовадан жаҳлингиз чиқмасин!

Нодоннинг нодонлиги ҳаётини бузади-ю, Эгамиздан жаҳли чиқади. ҲИК. 19:3

1, 2. Дунёдаги муаммолар кўплигида нима учун Яҳовани айбламаслигимиз керак? Мисол келтиринг.

АЙТАЙЛИК сиз турмуш қуриб, хотинингиз билан бахтли яшаяпсиз. Аммо бир куни уйга қайтиб келсангиз, ҳамма ёқ алғов-далғов бўлиб ётибди. Мебеллар сингган, идиш-товоқлар чилпарчин, гиламлар эса умуман яроқсиз аҳволда. Жонажон уйингиз вайронага айланган. Шунда сиз бехосдан: «Нега хотиним бундай қилди?» — дейсизми ёки кўпроқ: «Буни ким қилди?» — деб айтган бўлардингизми? Шубҳасизки дарҳол хаёлингизга иккинчи савол келади. Нега? Чунки сиз, севимли хотинингиз бундай даҳшатли ишга қўл урмаслигини аниқ биласиз.

2 Бугунги кунда ер ҳам вайрона бўлган. Тупроқ қатлами, сув ва ҳаво ифлосланган. Одамлар эса зўравон ва ахлоқсиз бўлиб кетишган. Биз Муқаддас Китобни ўрганаётганимиз учун бу барча муаммоларда Худованд Яҳова айбдор эмаслигини биламиз. Аллоҳимиз сайёрамизни гўзал жаннат бўлиши учун яратган эди (Ибт. 2:8, 15). Боз устига Яҳова — севги Худосидир (1 Юҳан. 4:8). Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш, бизга дунёдаги кўпгина муаммоларнинг асл сабабчиси кимлигини билишга кўмаклашади. Бу, «дунёнинг ҳукмдори» Шайтон Иблисдан бошқа яна ким ҳам бўлиши мумкин (Юҳан. 14:30; 2 Кор. 4:4).

3. Қандай қилиб нотўғри фикр юрита бошлашимиз мумкин?

3 Лекин бошимизга тушаётган барча кулфатларда Шайтонни айблаш нотўғри бўларди. Нега дейсизми? Чунки баъзан ўзимиз хатога йўл қўйиб, муаммо орттирамиз (Қонунлар 32:5 ни ўқинг) *. Гарчи биз буни тан олсак-да, номукаммаллик фикрлаш тарзимизни бузиб, бизни нотўғри йўл тутишга ундаши ва фалокатга йўлиқтириши мумкин (Ҳик. 14:12). Қандай қилиб? Муаммоларимизда ўзимизни ёки Шайтонни айблашнинг ўрнига, Яҳовани айблашга тушиб қоламиз. Ҳатто Ундан  жаҳлимиз чиқиши ҳам ҳеч гап эмас (Ҳик. 19:3).

4, 5. Қандай қилиб масиҳий Яҳовадан жаҳли чиқиши мумкин?

4 Чиндан ҳам Яҳовадан жаҳлимиз чиқиши мумкинми? Албатта бундай қилиш нодонлик бўларди (Ишаё 41:11). Боз устига бу билан нимага ҳам эришган бўлардик? Бир шоир: «Худо билан муштлашишга қўлинг калталик қилади»,— деб беҳудага айтмаган. Эҳтимол Яҳовадан жаҳлимиз чиққанини оғзаки айтмасмиз. Лекин кўнглимизда Худодан норози бўлишимиз мумкин. Бундай ҳис-туйғу яширинча намоён бўлади. Агар киши Яҳовага нисбатан хафагарчиликни юрагида сақлаб юраверса, эртага у жамоатдан узоқлашиши ёки Яҳовага топинмай қўйиши ҳеч гап эмас.

5 Яҳовадан жаҳлимиз чиқишига нима сабаб бўлиши мумкин? Бу тузоқдан қандай қилиб қочса бўлади? Ушбу саволларга жавоб топишимиз жуда муҳим. Чунки бу, Тангри Яҳова билан бўлган муносабатларимизга тўғридан-тўғри таъсир қилади!

ЯҲОВАДАН ЖАҲЛИМИЗ ЧИҚИШИГА НИМА САБАБ БЎЛИШИ МУМКИН?

6, 7. Мусонинг давридаги исроилликлар нима сабабдан Яҳовага норозилик билдиришди?

6 Худонинг садоқатли хизматчилари Яҳовадан жаҳли чиқишига нима туртки бўлиши мумкин? Келинг, бунинг бешта омилини кўриб чиқайлик ҳамда қадимги хизматчилар қандай қилиб бу тузоққа тушишгани ҳақида мулоҳаза юритайлик (1 Кор. 10:11, 12).

Бошқаларнинг салбий гап-сўзларини тинглаш сизга ёмон таъсир қилиши мумкин (7- хатбошига қ.)

7 Бошқаларнинг салбий гап-сўзлари бизга таъсир қилиш мумкин (Қонунлар 1:28 ни ўқинг) *. Исроилликлар Миср қуллигидан озод этилганидан кўп вақт ўтмаган эди. Яҳова мўъжиза яратиб, мисрликларнинг бошига ўнта фалокат юборди. Сўнг эса фиръавн ва унинг лашкарини Қизил денгизда чўктирди (Чиқ. 12:29–32, 51; 14:29–31; Заб. 135:15). Ваъда қилинган юрт остонасида турган бир пайтда, исроилликлар Яҳовадан норози бўлиб, минғирлашни бошладилар. Уларнинг имони сусайиб қолишига нима сабаб бўлган? Баъзи айғоқчилар ёмон хабар келтиргани учун уларнинг юрагини ваҳима босди (Саҳ. 14:1–4). Оқибатда нима юз берди? Худо бутун халқнинг «яхши юртга» киришига йўл қўймади (Қонун. 1:34, 35). Биз ҳам баъзи пайтда кимнингдир салбий гап-сўзлари дастидан имонимиз сусайишига йўл қўйиб, Яҳова билан бўлган муносабатимиздан норози бўламизми?

8. Ишаёнинг замондошлари мушкул вазиятга тушганда нима сабабдан Яҳовани айблашган?

8 Қийинчилик ва муаммолар дастидан тушкунликка тушишимиз мумкин (Ишаё 8:21 ни ўқинг) *. Ишаёнинг замондошлари жуда мушкул бир вазиятга дуч келишган эди. Душманлар уларнинг атрофини ўраб турарди. Озиқ-овқат масаласи танқис бўлгани учун кўпчилик оч юрган. Аммо уларда бундан-да жиддийроқ муаммо бор эди. Улар Яҳовага қулоқ солмай, У билан муносабатлари дарз кетишига йўл қўйишган (Амос 8:11). Бу муаммоларни ҳал қилишда Яҳовадан мадад сўрашнинг ўрнига, улар шоҳни ва ўз Худоларини «лаънатлашни» бошладилар. Ҳа, муаммоларида улар Яҳовани айблашарди. Мабодо биз ҳам кулфат ёки муаммоларга дуч келсак, кўнглимизда: «Яҳовага муҳтож бўлиб турганимда У қаерда эди?» — деган хаёлга бормаймизми?

9. Нима учун Ҳизқиё давридаги исроилликлар нотўғри фикр юритишни бошлаган?

9 Биз барча тафсилотларини билмаймиз. Вазиятнинг икир-чикирларидан бехабар бўлган Ҳизқиё давридаги исроилликлар, Яҳовадан хафа бўлиб, У «нотўғри иш  тутяпти» деб ўйлашган (Ҳиз. 18:29). Бу сўзлари билан улар адолат борасидаги ўзларининг нуқтаи назарларини Яҳованикидан устун қўйиб ҳамда вазиятни охиригача тушунмай туриб, Уни ҳукм қилмоқчи бўлишган. Баъзи маҳалда биз ҳам Муқаддас Китобдаги воқеаларни ёки бошимизга тушган ҳодисанинг сабабини тушунмай қолишимиз мумкин. Хўш, шунда Яҳова биз билан адолатсизларча, яъни «нотўғри йўл тутяпти» деган фикрга борамизми? (Аюб 35:2).

10. Қандай қилиб баъзилар Одаматонинг ўрнагига эргашишлари мумкин?

10 Ўз гуноҳу хатоларимиз учун жавобгар бўлишни истамасак. Инсоният тарихининг бошидаёқ Одамато қилган гуноҳида Худони айблаган (Ибт. 3:12). Гарчи у Худонинг қонунини бузиш қандай оқибатларга олиб келишини тушунган бўлса-да, гуноҳида Яҳовани айблаган. У, Яҳова менга ёмон хотин берган, дегандай ўзини оқламоқчи бўлган. Ўшандан буён, бошқалар ҳам Одаматодан ўрнак олиб, қилган хатоларида Худони айблаб келишмоқда. Шундай экан, ўзимиздан: «Хато қилиб тушкунликка тушсам, Яҳованинг меъёрларидан норози бўламанми?» — деб сўрасак яхши бўларди.

11. Юнуснинг вазиятидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

11 Фақат ўзимизни ўйлашни бошлаймиз. Яҳова найнаволикларга раҳм-шафқат кўрсатганида, Юнус пайғамбарнинг жаҳли чиққан (Юнус 4:1–3). Нега? У ҳалокат келиши ҳақида эълон қилган эди, лекин бу содир бўлмади. Эҳтимол у, бошқаларнинг назарида қанақа одам бўламан дея кўп ташвишланишни бошлаган. Юнус тавба қилган найнаволикларга раҳм-шафқат кўрсатишдан кўра, кўпроқ ўз обрўси ҳақида қайғурган. Биз ҳам фақат ўзимизни ўйлаб, нега Яҳова ҳалиям бу дунёни йўқ қилмаяпти деб, Ундан жаҳлимиз чиқиши мумкинми? Агар биз кўп йиллар давомида Яҳованинг куни яқинлиги ҳақида ваъз қилиб келаётган бўлсагу, бошқалар бизни Муқаддас Китобдаги хабарни айтиб бераётганимиз учун масхара қилса, Яҳовадан жаҳлимиз чиқадими? (2 Бутр. 3:3, 4, 9).

ЯҲОВАГА ЖАҲЛ ҚИЛИШДАН ҚАНДАЙ ҚОЧСАК БЎЛАДИ?

12, 13. Мабодо гуноҳкор қалбимизда Яҳованинг баъзи ишларидан норозилик пайдо бўлса, нима қилиш мумкин?

12 Мабодо гуноҳкор қалбимизда Яҳованинг  баъзи ишларидан норозилик пайдо бўлса, нима қилиш мумкин? Авваламбор бундай қилиш нодонликдир. Энди келинг, ҳаётимиздаги кўнгилсизликларда Яҳовани айбламаслик учун бизга ёрдам берадиган бешта омилни кўриб чиқайлик.

13 Яҳова билан бўлган муносабатларингизни қадрланг. Агар У билан яқин дўст бўлсак, Ундан жаҳлимиз чиқмайди (Ҳикматлар 3:5, 6 ни ўқинг). Ҳа, Унга таянишимиз жуда муҳимдир. Шунингдек, донолигимизга ишонишдан ёки фақат ўзимизни ўйлашдан эҳтиёт бўлишимиз даркор (Ҳик. 3:7; Воиз 7:16). Бундай нуқтаи назар бизга ёмон ҳодиса юз берганда ҳам, Яҳовани айбламасликка ёрдам беради.

14, 15. Бошқаларнинг салбий гап-сўзидан таъсирланмасликка нима ёрдам беради?

14 Бошқаларнинг салбий гап-сўзлари сизга таъсир қилишига йўл қўйманг. Мусонинг давридаги исроилликларда Яҳова уларни ваъда қилинган юртга олиб киришига ишонишларига барча асослар бор эди (Заб. 77:43–53). Аммо ўнта садоқатсиз айғоқчининг ёлғон гапларини эшитгач, улар «Худонинг қудратини» унутдилар (Заб. 77:42). Агар Яҳованинг ишлари ҳақида мулоҳаза юритсак ва Унинг биз учун қилган барча яхшиликларини ёдда тутсак, У билан муносабатларимиз мустаҳкам бўлади. Шундай йўл тутсак, одамларнинг гап-сўзи дастидан Яҳовадан узоқлашиб қолмаймиз (Заб. 76:12, 13).

15 Мабодо имондошларимиз ҳақида ёмон фикрда бўлсак-чи? Бундай вазиятлар, Яҳова билан бўлган муносабатларимизга салбий таъсир қилади (1 Юҳан. 4:20). Исроилликлар Ҳоруннинг олий руҳоний этиб тайинланганидан норози бўлишганида, Яҳова буни Унга қарши қилинган ҳаракатдай кўрган (Саҳ. 17:10). Шу сингари Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисмини бошқариш учун тайинлаган биродарлардан норози бўлиб минғирласак, биз Яҳовадан нолигандай бўламиз (Иброн. 13:7, 17).

16, 17. Муаммоларга дуч келганда, нимани ёдда тутишимиз муҳим?

16 Яҳова муаммоларимизнинг сабабчиси эмаслигини ёдда тутинг. Ишаёнинг давридаги исроилликлар Яҳовадан юз ўгирган бўлсалар ҳам, У барибир уларга ёрдам беришни истарди (Ишаё 1:16–19). Қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, Яҳова бизга ғамхўрлик қилади ва У бизга ёрдам беришни хоҳлайди (1 Бутр. 5:7). Боз устига У бизга сабр-бардошли бўлишимиз учун куч беришни ваъда қилмоқда (1 Кор. 10:13).

17 Агар, Худонинг садоқатли хизматчиси Аюб сингари адолатсизликдан азоб чекаётган бўлсак, Яҳова бунинг сабабчиси эмаслигини ёдимизда сақлашимиз муҳим. Ахир Яҳова адолатсизликдан нафратланиб, одилликни севади-ку! (Заб. 32:5). Аюбнинг дўсти Элиху: «Худо асло фосиқлик қилмас, Қодир Худо ноҳақлик қилмас», — деб тан олган. Биз ҳам буни тушунишимиз даркор (Аюб 34:10). Яҳова бизга «яхши ва мукаммал ҳадялар» беради. Демак У ҳеч қачон бизга ёмонлик тиламайди (Ёқб. 1:13, 17).

18, 19. Нима учун биз Яҳовадан шубҳаланмаслигимиз керак? Мисол келтиринг.

18 Ҳеч ҳам Яҳовадан шубҳаланманг. Аллоҳ мукаммал шахсдир ва Унинг фикрлари бизникидан анча юқори (Ишаё 55:8, 9). Шундай экан камтаринлик, тушунчамиз чекланганлигини тан олишга ундайди (Рим. 9:20). Аксарият ҳолларда биз вазиятнинг барча тафсилотларини билмаймиз. Сиз ҳам Ҳикматлар 18:17 да айтилган қуйидаги сўзларга қўшилсангиз керак: «Биринчи гапирган одам бошқаси келиб, текширмагунча, ҳақ кўринади».

19 Дейлик яқин дўстимиз бор ва у назаримизда қандайдир нотўғри ёки тушунарсиз бир иш қилиб қўйди. Шунда дўстимизнинг қилган ишини дарҳол қоралашга тушамизми? Ёки уни кўп йиллардан буён таниганимиз учун ниятлари холис эканига ишонамизми? Агар номукаммал дўстларимизни севиб ардоқласак, нега энди самовий  Отамиздан шубҳаланишимиз керак?! Ахир Унинг йўллари ва фикрлари бизникидан анча юқори-ку!

20, 21. Нима учун муаммоларимизда ҳеч қачон Яҳовани айбламаслигимиз керак?

20 Муаммоларимизнинг асл сабаби нимадалигини унутманг. Баъзи муаммоларнинг пайдо бўлишида ўзимиз айбдор эканимизни тан олишимиз даркор (Галат. 6:7). Шунинг учун, Яҳовани муаммоларимизда айбламаслигимиз керак. Бундай йўл тутиш нодонлик бўларди. Нега дейсизми? Келинг бир мисолни кўриб чиқайлик: автомобиль юқори тезликда юриш хусусиятига эга. Тасаввур қилинг, ҳайдовчи кескин бурилиш пайтида тавсия этилган тезликни оширди ва оқибатда аварияга учради. Хўш, энди бу вазият юзага келишида машинани ишлаб чиқарган заводни айблаш тўғри бўладими? Албатта йўқ! Шу сингари Яҳова бизни ирода эркинлиги билан яратган. Аммо шу билан биргаликда У бизга доно қарорлар чиқаришимиз учун йўл-йўриқлар ҳам берган. Шундай экан, қилган хатоларимизда Яратувчимизни айблаш адолатдан бўлармиди?

21 Албатта ҳар сафар ҳам хато ва нотўғри иш қилиб қўйганимизга ўзимиз сабабчи бўлмаслигимиз мумкин. Баъзи ҳодисалар «фурсат ва тасодифга» дучор бўлганимиз учун содир бўлади (Воиз 9:11, ЯДТ). Қандай бўлмасин, келинг, ёвузликнинг асл сабабчиси Шайтон Иблис эканини назаримиздан қочирмайлик (1 Юҳан. 5:19; Ваҳ. 12:9). Ҳа, душманимиз Яҳова эмас, балки Шайтондир (1 Бутр. 5:8).

ЯҲОВА БИЛАН БЎЛГАН МУНОСАБАТЛАРИНГИЗНИ ҚАДРЛАНГ

22, 23. Мабодо муаммолардан тушкунликка тушсак, нимани ёдда тутишимиз керак?

22 Қийинчилик ва муаммоларга дуч келганимизда Ёшуа ва Холибнинг мисолини эслайлик. Ўнта айғоқчидан фарқли ўлароқ, бу садоқатли кишилар яхши хабар билан қайтишган (Саҳ. 14:6–9). Улар Яҳовага ишонишган. Шундай бўлса-да, ҳамма исроилликлар қатори 40 йил саҳрода сарсон бўлиб юришган. Хўш улар буни адолатсизлик деб билиб, норози ёки хафа бўлишганми? Йўқ. Улар Яҳовага таянишган. Бунинг учун улар баракага эга бўлишдими? Албатта! Барча исёнкор исроилликлар саҳрода ўлиб кетишган бўлса-да, лекин уларнинг иккаласи ваъда қилинган юртга киришга муваффақ бўлишди (Саҳ. 14:30). Шу сингари, агар биз ҳам «бўшашмасак», Яҳова албатта бизга мўл-кўл қут-баракалар беради (Галат. 6:9; Иброн. 6:10).

23 Мабодо муаммолар, бошқаларнинг номукаммаллиги ёки ўзимизнинг камчиликларимиздан тушкунликка тушсак, нима қилсак бўлади? Диққатингизни Яҳованинг ажойиб ишларига қаратинг. Унинг сизга берган ваъдаси қандай амалга ошишини кўз олдингизга келтиринг. Ўзингиздан: «Яҳовасиз куним не кечарди?» — деб сўранг. Дўстона муносабатларингизни асранг ва кўнглингизда Унга нисбатан норозилик туйғуси пайдо бўлишига ҳеч қачон йўл қўйманг!

[Изоҳлар]

^ 3- х.б. Қонунлар 32:5: «Аммо сизлар Унга содиқ қолмадингиз! Эй бузуқ ва эгри насл, энди сизлар Унинг фарзандлари, деб аталмайсиз, бу сизларнинг иснодингиздир».

^ 7- х.б. Қонунлар 1:28: «Қаерга кетяпмиз ўзи?! Биродарларимиз юрагимизни ёриб бўлди-ку! У ердаги одамлар биздан кучлироқ, бўйлари ҳам баландроқ эканини айтишди. Уларнинг улкан шаҳарлари осмонўпар деворлар билан ўралган экан! У ерда ҳатто Иноқ авлодини ҳам кўришган экан».

^ 8- х.б. Ишаё 8:21: «Улар бу юрт бўйлаб ўтади, улар оч, изтиробда. Оч қолиб, ғазабланиб, шоҳини ва худоларини лаънатлайди. Юқорига қарайди, ерга қарайди. Ана, кулфат ва зулмат, ғам ва офат. Улар йўқ бўлиб кетади».

Ёшуа ва Холиб Яҳовага таянишгани учун баракаларга эга бўлишди (22- хатбошига қ.)